Янгиликлар: Ўпиш ёки ўпмаслик – жамоат жойда севгини кўрсатиш керакми? Dunyo

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Сандип Рой
- Role, Колката
- Published
Замонавий Ҳиндистондаги кондиционерли ва қулай поезд - Деҳли метроси одамлар ўз туйғуларини ошкор кўрсатадиган жойга айланиб бормоқда.
Ўтган ҳафта метро поездида ўпишиб турган ёшларнинг ижтимоий тармоқда тарқаган видеоси баҳсларга туртки берган.
Йигитнинг тиззасига бошини қўйиб ётганча ўпишиб турган қиз видеосидан сўнг Деҳли Метро Корпорацияси (ДМК) йўловчилардан "номақбул ҳаракатлар"ни кўрганда хабар беришни сўраган.
Корпорация яна бу каби ҳолатларни назорат қилиш учун "тезкор гуруҳ сонини ошириш"га ҳам ваъда берган.
Видео ва унда тасвирланган ҳолатнинг қораланиши мамлакатда ахлоқий полиция ва жамоат жойда беҳаёлик масаласида қизғин тортишувларга туртки берди.
Аммо "номақбул ҳаракат" тушунчасининг ўзи мавҳум.

Алоқадор мавзулар:

Масалан, ДМКнинг чорасига нисбатан берилган жавоблардан айримлари анча оддий - дейлик, бир аёл бошини эркакнинг елкасига қўйиб кетяпти. Нима қилиш керак?
Айни пайтда, ҳеч ким поезд вагонини мастурбация учун мос жой деб ҳисобламайди. Ўтган ой бир эркак ана шундай қилаётгани тасвирланган видео тарқалганда Аёллар масаласи бўйича Деҳли комиссияси жиддий огоҳлантириш эълон қилди.
Аксар одамлар жамоат жойлари мастурбация учун эмас деб ҳисобласа ҳам, аммо жинсий акт ва туйғуларни кўрсатиш ўртасидаги чегара аниқ эмас.
2018 йили Ҳиндистон шарқидаги Калкутта шаҳрида ғазабнок йўловчилар қучоқлашиб турган ёшларни калтаклаган эди. Бу воқеа ижтимоий тармоқларда шов шув бўлган, аксар одамлар фуқароларни ёшлар кетидан "ахлоқ полицияси бўлиш"ни тўхтатишга чақирган эди.
2019 йили камерага тушиб қолган ёшлар видеоси порно сайтда тарқалган эди.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳисларни оммавий кўрсатиш масаласи Ҳиндистонда узоқ ва нотекис тарихга эга. Бир томондан бу мамлакат эротик муҳаббат ҳақидаги қадимий китоб - Камасутрани дунёга берган бўлса, бошқа томондан, экранларда кўринадиган ўпишишларни ҳазм қила олмайди.
1981 йили шаҳзода Чарльз Ҳиндистондаги фильм суратга олиш павильонига ташриф буюрганда актриса Падмини Колҳапуре кутилмаганда унинг юзидан ўпган эди. Шундан сўнг у "Шаҳзода Чарльзни ўпган аёл" сифатида танилган, аммо кейинчалик ўзи бу ҳақда унчалик "аҳамиятли воқеа эмас", деб айтган эди.
Аммо шундай бўлиши мумкин эди. 2007 йили Ҳолливуд юлдузи Ричард Гир ОИТСдан хабардорликни ошириш бўйича тадбирда актриса Шилпа Шеттининг юзидан ўпиб қўйганида уни ҳинд маданиятини ҳақоратлашда айблашган эди.
Гир бу билан ўпиш хавфсиз эканини кўрсатиш учун шундай қилган эдим деб ўзини оқлади, аммо бу иш жамоат жойда Шеттига қарши "ҳақоратли ҳаракат" деб баҳоланди.
2022 йили Шетти ниҳоят айбловлардан оқлангач, суд уни Гирнинг "қурбони" бўлгани ҳақида ҳукм чиқарди.
Ўтган бир неча йилда Ҳиндистон фильмлари ва веб шоуларида интим ҳаракатлар ва ўпишиш тасвирлари анча кўпайди.
Аммо аксар ёшлар ўз оилалари билан яшайдиган сераҳоли Ҳиндистонда шахсий даҳлсизлик ва холилик қийин масаладир.
Жуфтлар боғлар, ҳатто қадимий ёдгорликларда учрашишга мажбур.
Қиролича Викториянинг Калкутта шаҳридаги мармардан қурилган кошонаси ошиқ жуфтлар учун бошпана бўлиб келган. Оқшом тушиши билан бу ерда полиция хуштаги янграйди. Буталар орасида ўтирган жуфтлар қувиб солинади.

Сурат манбаси, Getty Images
Аммо яқин муносабатларга киришмоқчи бўлган жуфтлар бошқа тўсиқларга ҳам дуч келади - мамлакатдаги баъзи меҳмонхоналар жуфтларга хоналарни ижарага беришдан олдин никоҳ гувоҳномаларини кўрсатишни талаб қилади.
Ажабланарлиси шундаки, бир жинсли жуфтлар одатда гетеросексуал жуфтлар каби меҳмонхонага жойлашишда муаммога дуч келмайди. Ҳиндистонда ҳеч қачон қўл ушлашиб юрган эркаклар Ғарбдагичалик эътибор тортмаган. Ҳиндистонликлар, эркак ва аёл ўртасидаги ҳислар жамоат жойда кўрсатилишини маъқулламаса ҳам, бир жинсдагиларнинг ўзаро ҳиссий муносабатларига парво қилишмасди.
Ҳиндистон Жиноят кодексининг 294-моддасига кўра, жамоат жойида беҳаё ҳаракатлар қилган, шу жумладан, беҳаё қўшиқлар куйлаб, бошқаларни безовта қилган ҳар қандай одам жазоланади.
Аммо муаммо беҳаёликнинг аниқ таърифи йўқлигидадир.
Буюк урду ёзувчиси Садат Ҳасан Манто мустамлака даврида ҳам, мустақил Ҳиндистонда ҳам олти марта беҳаёликликда айбланган. 2017 йилда актёр Милинд Соман ўзининг 55 ёшини нишонлаш учун соҳилда яланғоч югуриб тушган суратини эълон қилгани кетидан 294-модда бўйича айбланган эди.
Бу йил бошида Ҳиндистондаги беҳаёлик ғояси ҳатто Калкуттадаги гомосексуал муносабатларга бағишланган машҳур "Оммавий беҳаёликлар" спектакли мавзусига айланди.
Сарлавҳа Ҳиндистон Жиноят кодексининг 292-моддасидан олинган. Пьеса муаллифи Шаёк Миша Чоудҳури қонунга кўра нима беҳаёлик ҳисобланиши, "нима табу ва нима эротик экани" ва "шахсийлик ва оммавийлик ўртасидаги чегара нотайинлиги" масаласига қизиққанини айтди.
Машҳур шахсларнинг ишлари ҳамманинг эътиборида бўлса ҳам, ҳисларни жамоат жойларга кўрсата олиш масаласи ўз эркинликларини ҳимоя қилишга уринаётган ёшлар учун кураш майдони бўлиб келган.
Бу севишганлар кунида Ченнай шаҳридаги Мадрас муҳандислик институти талабаларининг ахлоқий полицияга қарши туриш учун ўтказилган "Севги байрами" тадбири каби намойишларга сабаб бўлди.
Бир нечта суд қарорларида жамоат жойлардаги ўпишиш номақбул ҳаракат эмаслиги таъкидланган. 2008 йилда эр хотинни ҳимоя қилган адвокатнинг айтишича, агар бу "бузуқликни рағбатлантирса ёки жамоатчиликни безовта қилса", беҳаёлик деб аталиши мумкин.
Аммо қонуний равишда беҳаёликка аниқ таъриф бериш қийин. Ҳуқуқшунос Саураб Кирпал "Секс ва Олий суд" антологиясида таъкидлаганидек, "Ҳуқуқ жамият томонидан шакллантирилади ва ўз навбатида жамиятнинг ўзи ҳам шаклланади... Қонунни ўзгартириш билан боғлиқ муаммо шундаки, қонунни айнан жамият вакили бўлган одамлар яратади".
Бу бизни тўғридан-тўғри Деҳли метросига олиб боради, у ерда бир кишининг ўз ҳисларини оммавий намойиш қилиши бошқаси учун оммавий беҳаёлик бўлиши мумкин.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002






























