Украин келин, инглиз куёв ва $250 минг доллар пул - dunyo yangiliklar

- Author, Жона Фишер
- Role, BBC, Киев
- Published
Британ хайрия ташкилоти ишчиси украин қизга унаштирилганда Одессада янги ҳаёт бошлайман деб умид қилганди - аммо қаттиқ янглишди.
Жеймснинг машинаси Отрада вилласи олдига келиб тўхтади. Британия хайрия ташкилотининг 52 ёшли ишчиси бу кунни ойларча кутганди.
У бўлажак рафиқаси Ирина Украина Қора денгиз соҳилидаги ресторан олдида кутиб турганини кўрганда ҳаяжонланиб кетди. Ундан нақ йигирма ёш кичик бўлган Иринанинг кўриниши жозибали, сочлари эндигина турмакланган эди.
Жеймс бу ердан сал нарида Иринанинг ота онаси ва 60 нафар меҳмон башанг кийиниб уларни кутиб тургани ҳақида ўйлади.
Жеймс машинадан тушди, кутиб турган одамлар унга қараб чапак чала бошлади.
2017 йил июли, Одессада жазирама ёз бошланган маҳал, Отрада вилласининг денгизга қараган айвонидаги столлар терилган.

Бироз ўтиб, Ирина ва Жеймс гуллар аркаси остида ўз аҳд паймонларини қилдилар.
Энг ҳаяжонли дақиқалар бўлиши керак бўлган фурсат кутилгандек бўлмади. Ярим тунда Жеймс ичкилик таъсириданми, хуллас бетоб бўлиб, касалхонада бир ўзи ётарди. У уйланганди, аммо ўзи севган аёлга эмас, унинг дугонасига уйланиб қўйганди.
Бу британ эркак қандай қилиб бутун йиққан терганинию, ҳурматини бой бергани ва Украина суд тизими унинг устидан қандай кулгани ҳақидаги ҳикоядир.
Жеймс унинг асл исми эмас.
Бу воқеа унинг учун шу қадар уятли бўлган эдики, Британияда бу ҳақда ҳеч кимга айтмади, ҳатто ўз оиласига ҳам. Би би си унинг айтганлари қанчалик тўғрилигини банк ҳужжатлари, расмий қайдлар ва воқеага бевосита алоқадор бўлган шахслар билан суҳбатлашиш орқали текширди.
Шерлок Холмс?
Одесса марказидаги Ланжероновский кўчасидаги пиёдалар йўлкасида лабига трубка қўндирган, бошида шляпаси бўлган эркакнинг силуэти туширилган белги турибди.

Қорамтир сариқ кўрсаткичлар бўйлаб юриб, арка ва ҳовлидан ўтгач, хусусий изқувар Роберт Папинян идорасига етасиз.
У сочлари қорага бўялган, дид билан кийинган собиқ полициячидир. Ҳаммаси бренд учун. Шерлок Холмс блакноти, Шерлок Холмс ташриф қоғозлари ва ҳатто унинг телефон қўнғироқ овози ҳам Шерлок Холмснинг совет ТВсидаги мусиқасидир.

Аммо жаноб Папиняннинг иш услуби унинг Бейкер Стритдаги қаҳрамониникига унчалик ҳам ўхшамайди.
"Биз полиция билан ишламаймиз, биз психологик усуллардан фойдаланамиз, - дейди у жилмайиб. - Бу пуллар ноқонуний йўл билан олиб қўйилган ва ҳам айни ўша ноқонуний йўл билан уни қайтиб оламиз."
Жаноб Папиняннинг Одессадаги идорасидан бир уй нарида Дерибасовкая кўчаси ўтган. У шаҳарнинг кўнгилочар масканидир - ресторану барларга тўла.
Оқшом маҳали у ерга борсангиз, украин қизлар билан чақчақлашиб, таом еб ўтирган ғарблик эркакларни учратасиз, ёнларида, стол четида эса қимматбаҳо совға турган бўлади.
Украина Европанинг энг қашшоқ давлатларидан биридир, ўртача ойлик маош 350 доллар. Бу ерда жуфт топиш саноати роса қиёмига етган. Турлича хизматлар кўрсатишади - ҳар бир электрон мактуб учун тўловдан тортиб, юзма юз учрашувни ташкил қилиш - "ишқий турлар" ўтказишгача. Ғарблик эркаклар бўлғуси украин "аёллари"ни учратиш учун минглаб доллар сарфлашади.
Аммо Жеймс Одессага ишқ ахтариб келмагандим дейди.
У Британиядаги хайрия ташкилотида ишларди. 2015 йили унинг дўсти шарқий Украинадаги урушдан қочган болаларга кўмак бериш учун мўлжалланган янги лойиҳага ёрдам беришни сўради. Европанинг иккинчи энг катта мамлакати яқиндагина инқилобни бошдан кечирган ва Россия исёнчиларни қўллаб қувватлаётган эди.
Бу Жеймснинг хориждаги биринчи тажрибаси бўлди. Ишга киришаётганда Жулия исмли таржимон унга ёрдам берди. Бир неча ой давомида у Одессадаги кўнгилли ишини Британиядаги асосий ишига улаб, бўзчининг мокисидай Украинага қатнаб юрди.
Сўнг ўша йилги қиш оғир келиб, Одессадаги иш вақтинча тўхтаб қолди. Қиладиган тайинли иш йўқ эди. Жулия унга дугоналаридан бири билан учрашишни таклиф қилиб қолди.
Унинг дугонасининг исми Ирина экан, 32 ёшли донецклик қиз. Бу шаҳар Россия қўлловида бўлган жангарилар эгаллаган шарқий Украинадаги шаҳарлардан биридир. Қизнинг қайғули ўтмиши фақат уруш сабабли эмаслиги тезда ойдинлашди.
"У менга аввалги икки турмуши ҳақида гапирди ва бошқа украин эркакка тегмаслигини айтди", дейди Жеймс.

Уларнинг ёшларидаги фарқ 20 йил эди, аммо Жеймснинг айтишича, улар "оловда қолган уй мисоли аланга олганлар". Оқшомлари сайр қилишар, Одесса тунидан завқ олишарди.
Жеймс Ирина билан вақтини чоғ ўтказди, аммо улар ҳеч қачон ёлғиз бўлишмаган. Ирина инглизчани яхши билмасди, Жеймс эса украин ёки русчани тушунмасди. Одессадаги "учрашув" манзарасига хос шаклда, таржимон, яъни Жулия уларга доимий ҳамроҳ бўлди, бунинг учун эса кунига 150 доллардан олди.
"Айтилган гапни такрорлаб турувчи кимдир ўртада бўлиши жуда ғалати эди. Аммо биз бир биримизга интилардик", дейди Жеймс.
Ғалати томони улар юзма юз бўлмаганда яхшироқ гаплашишар эди. Улар таржимонлик функцияси бўлган "Viber" иловаси орқали бир бирларига изҳори дил қилишарди.
"Сен мени эртаклар оламига олиб кирдинг, бунинг учун катта раҳмат... Сенга ишонаман. Сен менга шунчаки бу бахтни бера оласан. Сени севаман", деб ёзади у Жеймсга.
Кейинги олти ой давомида Жеймс қачон Одессага келса, Ирина билан кўришарди. Қиммат ресторанда тановул қилишар, Опера уйига боришарди.

Аммо интим, ҳатто ўпишиш мумкин эмасди. Таржимон Жулия доимий уларга ҳамроҳ эди. Ирина эса унга никоҳдан олдин секс бўлмаслиги керак дерди.
"Бу жуда юксак ахлоқий стандарт, у яхши тарбия кўрган дея ўйладим, - дейди Жеймс.
Иринага унаштирилиш
Тўйдан саккиз ой олдин жуфтлар Отрада вилласидаги айни ўша жойда унашув зиёфатини ўтказдилар. Зиёфатдан олинган видеода Жеймс ва Иринанинг рақс тушаётганини кўриш мумкин.
Уитни Ҳюстоннинг "Could I Have This Kiss Forever" қўшиғи зал бўйлаб янграганда, тепадан ёғду таралади. 11 ноябрь, улар илк марта учрашганларидан 11 ой ўтган эди.

Жеймс Жулия ва Ирина иккисининг қатъий ишораларидан сўнг унга турмушга чиқишни таклиф қилди. Унинг айтишича, у Иринани севиб қолганди, аммо Иринанинг севгиси қанчалик эканини билмасди.
"У ўзини Украинага банди қилингандек ҳис қиларди", дейди Жеймс.
"У жуда ақлли эди ва ўз келажагини Украинадан ташқарида қуришни истарди. Ўртамиздаги муносабат қандайдир муштарак манфаатга асосланганди."
Жеймс Иринанинг инглиз тили курси учун пул тўлай бошлади. Бу унга бўлажак қайлиғини Британияга ўзи билан олиб кетишни осонлаштиради деб умид қилди. Аммо элчихона расмийлари билан гаплашгач, чучварани хом санаганини тушунди, бир дунё бюрократик тўсиқлар бор экан.
"Бир неча йил керак бўларкан", дейди Жеймс.
Шундай қилиб, у Украинага кўчиш ва ўша ерда Ирина билан янги ҳаёт бошлашга қатъий қарор қилди. Ишини ташлади, уйини сотди ва Иринанинг ундови билан Одессада бирга яшаш учун жой қидира бошлади.
"Уй сотиб олмоқчи эдик, - дейди у. - Чунки бу муносабатларимизга барқарорлик берарди. Британиядаги дўстларим бу жуда катта қадам бўлишини, аммо келажагим борлигидан хурсанд эканликларини айтишди."
Аслида эса Жеймснинг муаммолари энди бошланаётганди.
Квартира
Британиядан Украинага пул ўтказиш ҳеч қачон осон кечмаган. Украина Европанинг энг коррупциялашган давлатларидан бири ва бир неча марта юқори даражадаги банклар турли можароларга аралашиб қолган. Пул ювишни назорат қилиш ўтказиладиган маблағ ҳажмига чекловни англатарди, катта рақамлар дарров эътибор тортарди.
Шу боис, Жеймс квартира учун 200 000 долларни Украинага ўтказиш бўйича Иринанинг ғалати таклифига ҳайрон бўлмади.
Пулни Иринанинг шахсий банк ҳисобига ўтказиш ўрнига Жеймсга унинг дугонаси, тўйлар ташкилотчиси Кристинага қарашли компания ҳисобига ўтказишни айтишди.

Айрим хавотирларга қарамай, Жеймс пулни Кристинага ўтказди. Пул Украинага ўтгач, воқеалар кутилмаган тус олди.
Ирина Жеймсга агар у Кристинага уйлансагина банкдан пулларни олиши мумкинлигини айтди. Бу шунчаки расмиятчилик, эрталаб никоҳ рўйхатдан ўтказилади, кечқурун уни бекор қилиш мумкин, деди Ирина.
Жеймс жуда мураккаб аҳволга тушиб қолганди. Кунлар ўтиб, Ирина агар пуллар банкдан олиниб, уй сотиб олинмаса, тўйни бекор қилиш билан таҳдид қила бошлади.
"Мен умуман гангиб қолдим, - деб ёзди унга Ирина "Viber" орқали. - Сен мени қариндошларим олдида фоҳишага ўхшатиб қўйаяпсан."

"Мени 60 нафар меҳмон ва унинг қариндошлари тўпланадиган тўй қўрқувга соларди, - дейди Жеймс. - Мен Иринани ноқулай аҳволга қўйганим учун улар тўйга рози бўлмасам аҳволимни танг қилишлари мумкин эди."
"Кристинадан ажрашиб, Иринага уйланиш осон деб менга айтишди."
Шундай қилиб, 2017 йил 10 июли, жума куни бўлажак қайлиғи Иринанинг ундови билан Жеймс Кристина Стаховага уйланди.
Ирина "хурсандлигидан сакрарди", дейди Жеймс.
Бу бежизга эмасди. Пулни банкдан олишди, ўша куни кечқурун Кристина ва Ирина 200 минг долларга квартира сотиб олинганини эълон қилишди. Жеймсга кейинчалик маълум бўлишича, квартира аслида 60 минг турган. Ва уй нафақат унга, балки қонуний хотини бўлмиш Кристинага ҳам тегишли эди.
"Мен шунчаки аҳмоқ эдим", дейди Жеймс кейинчалик.
Тўй
Кристинага уйлангач, Жеймснинг таксиси Отрада вилласига Иринанинг олдига олиб борди. Унинг режаси расмиятчиликдан бошқа ҳамма нарсани қилиш эди - Кристина билан ажрашмай туриб, Ирина билан тўйни ўтказиш ва расмийлаштиришни кейин қилиш.
Одатдагидек ҳаммаси учун Жеймс тўлади.
Украина Европа стандартига кўра арзон давлат, аммо бундан Кристинанинг тўй учун 20 минг долларни ҳисоблаб берганини тахмин ҳам қилолмайсиз.

Ҳозир эслар экан, Жеймс тўй учун бўлган барча ишлар фирибгарликдан иборат бўлган дейди.
Нархлар ошириб кўрсатилган, 60 нафар меҳмон ҳам катта эҳтимол билан пул тўланган одамлар, ҳатто Иринанинг "онаси" таржимон Жулиянинг онаси бўлиб чиқди. Бу ишларга ҳақиқатда ишонган ягона одам Жеймснинг ўзи эди.
Жеймс ўша вақтда билмасди, аммо унинг бўлажак қайлиғи бўлмиш Иринанинг аллақачон эри бор эди. Би би си кўрган расмий қайдларга кўра, у 2015 йил августидан, яъни Жеймс билан танишишидан уч ой илгари Андрей Сиков билан никоҳдан ўтган бўлган.
Тўй ташкилотчиси Кристинанинг ҳам эри бўлган - Денис. Кристина Жеймс билан расмий никоҳдан ўтишдан уч ҳафта бурун Денис билан расман ажрашади ва сохта тўй ўтгач, у билан тағин никоҳланади.
Тўй ўтган оқшом, Жеймс ва Ирина ўртасидаги яқинлик бўладиган тунда жиддий ўзгаришлар бўлиб кетди. Жеймснинг ишонишича, ўша кеча уни Иринанинг онаси наркотик билан заҳарлаган.
"У мени ўшанда ичимликлар билан роса меҳмон қилди, ҳозир аминманки, бу ичимликларга дори аралаштирилган бўлган, бошим айлана бошлади, сўнг олиб кетишди."
Ўша тун Жеймс касалхонага тушди. Ирина у билан боришни истамади, келаси куни эса уни кўп ичганликда айблади ва оиласи олдида изза қилди.
Кейинги бир неча ҳафтада ҳам Ирина ўзини олиб қочиб юрди ва ўзининг ҳам соғлиғида муаммоси борлигини, аммо Жеймс касалхонага унинг олдига келолмаслигини айтди.
"Касалхонадаман, сиз келолмайсиз, чунки эрим эмассиз, - деб ёзди Ирина Жеймсга. - Паспортингизда сизнинг хотинингиз Кристина. Шунинг учун ёнимда фақат онам бўлиши мумкин."
Жеймс унинг "даволаниш харажатлари" учун 12 минг доллар ўтказиб берди.
Ниҳоят аҳмоқгарчилик тугади. Яхши бир украин ўртага аралашди ва Жеймсга квартиранинг асл нархи у тўлаганидан анча оз - 63 минг эканини айтди.

Жеймс ниҳоят аёллар фирибгарлик билан 250 минг долларни ухлатганини тушунди, бу унинг бир умрлик жамғармасининг учдан икки қисми эди.
"Юрагим оёғимга тушиб кетди, - дейди у. - Бу одамларнинг бундай ишни бемалол қилиши ва бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмаслигини тушуниш ниҳоятда қийин эди."
Татьяна расмий таржимон бўлиб, Жеймсга фирибгарлик тузоғига тушгандан кейин ёрдам беришга ҳаракат қилди.
"Ҳар йили Одессада чув тушурилган одамлар ҳақидаги ҳикояларни эшитамиз. Аммо Жеймснинг ҳолати бошқача эди", дейди у.
Адолат йўқ
Жеймс оғир тушкунликка берилишдан ўзини асрай олди. Бор эътиборини пулларини қайтариб олишга қаратди - адолатни тиклашга.
"Трансферлар бўйича барча банк ҳужжатлари, "Viber"даги ёзишмалар бор эди. Бу масалани ҳал қилишимга амин эдим", дейди у.
Аммо у Украина суд тизимидаги номувофиқликлар ҳақида ўрганиши керак эди.
У тўрт марта Одесса полициясига борди, уларга нималар рўй берганини айтди ва далилларни тақдим қилди.
"Баъзида улар олдимда устимдан кулдилар", дейди у.
Украина полицяси, хусусан, Одессаники жиноятчиликка қарши курашда бир қадар хароб обрўга эга. Никоҳ фирибгарликлари, ҳатто бу каби ноодатийлари улар учун унчалик эътиборли бўлмаган ишлардир.
"Бу ерда шундай ишлар бор, полиция ҳеч нарса қилмайди, қимирлаб ҳам қўймайди, - дейди Жеймснинг адвокати Анна Козерга. - Биз уларни ҳаракат қилишга доимий ундаяпмиз."
Полицияни ишлатиш учун одатда пора берилади, Жеймс эса бундай қилишни истамайди.
Ирина ва Кристинани сўроқ қилишган, аммо Жеймснинг ҳужжатлари ва Козерганинг ҳаракатларига қарамай, уларга қарши ҳеч қандай чора кўрилмади.
Биз Одесса полициясига қўнғироқ қилдик, аммо улар Жеймс иши бўйича изоҳ беришдан бош тортди.
Фақат бир нарсада силжиш бўлди - Жеймснинг Кристина билан никоҳи сохта бўлгани фош қилинди ва 63 минг долларлик квартиранинг ягона эгаси бўлди. Жеймс бу квартирадан умид қилди, Ковид пандемияси унинг нархини кўтарди. Аммо нарх у тўлаган 200 мингга кўтарилишига кўзи етмайди.
Ўйин
Полициядан иш чиқишидан умидини узган Жеймс Одессанинг "Шерлок Холмс"и Роберт Папинянга мурожаат қилди.
"Биз имкон қадар тўғри йўллар билан полицияни ишга солишга уриндик", дейди Жеймс.
"Афсуски, бу ўйинни ўйнашингиз керак."
"Ўйин" терговчига аввалдан уч минг доллар бериш, сўнг қайтариб олинган пулнинг 30 фоизини унга беришни англатади.
Жаноб Папиняннинг усулларида сирли жиҳат йўқ. У бизга "қўрқитиш" унинг усулларидан бири эканини бемалол айтди.

Унинг идорасига борганимизда учта барзанги кираверишда ўтирганди. Жаноб Папинян бу аёллар фирибгарлик ортида турганига ишонади, аммо улар билан эрлари орқали гаплашди.
Жаноб Папинян бизга уларнинг контактини берди. Кристинанинг икки каррали эри Денис бизга бир машина суратини юборди, уни шу машинада кузатиб юришганини айтиб, жаноб Папиняннинг одамларини "зўравонлар" деб атади.
Иринанинг эри Андрей жавоб бериб, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор деб, контактларимизни хотинига беришини айтди. Ирина бизга қайтиб боғланмади, аммо биз унинг танишув сайтидаги профилини топдик. У ўзини ажрашган энага эканини ва "менинг юрагим фақат бир эркакка тегишли" деб ёзиб қўйган экан.
Ҳозир Жеймс Британияда туриб Ирина билан эмас, жаноб Папинян билан "Viber"нинг таржима хизмати орқали ёзишмоқда. У ҳамон йўқотган пулининг бир қисмини қайтариб олиш илинжида.
"Менинг йигитларим икки ҳафта аввал Черноморск шаҳрида (Одесса яқинида) бўлишди", деб ёзади хусусий изқувар "Viber" орқали.
"Иринани уй олдида топдик, биз унга 20 июнгача қарзини қайтариш учун муҳлат бердик."
Жеймс умидини сўндирмаслик учун кўп ҳаракат қилди. У ҳозир бошқа бир хайрия ташкилотида ишламоқда, ҳаётини давом эттирмоқда. У ўз шахсини яшириши сабаби иш берувчиларини қўрқитиб юбормасликдир. Чорак миллион долларни фирибгарларга бой бериб қўйиш таржимаи ҳолга қора доғ бўлиб тушиши турган гап.
"Оиламга нима бўлганини айтмадим, бу уларни хафа қилиши мумкин."
Кимдир сиз ҳақингиздаги бу ҳикояни ўқиб, "қандай аҳмоқлик" деса, нима деб жавоб берасиз?
"Тўғри гапирган бўлади", дейди у.
Жеймс Украинада романтика қидираётганларни огоҳлантириш учун буларни Би би сига айтишга қарор қилган.
Британия Ташқи ишлар вазирлиги Украинага сафар қилувчилар учун тавсияларига ўзгартириш киритгани, унда Жеймснинг оғриқли ва кўпга тушган тажрибаси ифода этилгани унга бир мунча таскин берди.
"Сохта никоҳлар ва хорижликларни фирибгарлик йўли билан алдаб шилиш ҳолатлари кузатилган, - дейилади вазирлик вебсайтида. - Афсуски, бундай фирибгарлар тузоғига тушсангиз, пулларингизни қайтиб олишингиз эҳтимоли жуда оз."
Романтик алдов нима?
"Action Fraud"га кўра, романтик фирибгарликда қурбонлар жиноятчиларга пул юбориши учун узоқ вақт давомида уларнинг ишончига киришга, муносабатлари чиндан самимий эканига ишонтиришга уринилади. Уларнинг илтимослари ўта ҳиссиётли, масалан, фавқулодда тиббий ёрдам учун пулга муҳтожлик, агар хорижда бўлсалар, қурбоннинг олдига етиб боришлари учун йўлга пул сўрашлари мумкин. Фирибгарлар узоқ вақт давомида ўз қурбони билан муносабатни яқинлаштириб боради.
- Пул сўраб қилинган илтимослардан эҳтиёт бўлинг, айниқса, интернет орқали яқинда танишган бўлсангиз.
- Оилангиз, дўстларингиз билан маслаҳатлашинг.
- Профилдаги суратлар ҳақиқий бўлмаслиги мумкин. Сурат қаердан олинганини аниқлаш учун уни тескари қидирув орқали интернетдан излаб кўринг.
Агар бирор романтик фирибгарлик қурбони бўлиб қолсангиз, бундан уялманг, сиз бу борада ёлғиз эмассиз.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek






























