Янгиликлар: Москвадаги ўзбек таксичини ким ўғирлаган? Rossiya O‘zbekiston Yangiliklar

Qo'llari kishanlangan odam

Сурат манбаси, Getty Images/Illyustrativ

Сурат тагсўзи, 24 март куни ўғирлаб кетилган Собир Рустамов Самарқандга олиб кетилгани ва қамоққа ташлангани айтилмоқда.
Published

Ўзбекистонлик қочқин Москвада ўғирлаб кетилди, дея хабар берди Россиядаги "Фуқаровий кўмак" қўмитаси.

24 март куни ўғирлаб кетилган Собир Рустамов Самарқандга олиб кетилган ва қамоққа ташлангани айтилаётир.

Россияда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи "Фуқаровий кўмак" ташкилотига кўраЎзбекистон фуқароси бўлган 57 ёшли қочқинни ўз ватанида экстремизмда айбланади.

Қўмита вакиллари Собир Рустамовни 6 йил олдин ҳам ўғирлашга уриниш бўлганини айтишади ва унда Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли бор, деган фараздалар.

Аммо Ўзбекистон Давлат Хавфсизлик хизматининг бу хусусда бирор бир билдиришнома билан чиққани ҳалича кўзга ташланмайди.

Алоқадор мавзулар:

Экстрадицияга қонуний асос бўлмаган

"Фуқаровий кўмак" қўмитасига мурожаатчи бўлган Собир Рустамов 24 март куни Москвада ўғирлаб кетилган.

"Эркак экстрадиция текширувларисиз Самарқандга олиб кетилган ва қамоққа жойлаштирилган", - дейилади ташкилот маълумотида.

Россиядаги ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Ўзбекистон хавфсизлик кучлари уни "Ҳизб ут-Таҳрир"га аъзоликда айблайди.

"Фуқаровий кўмак" вакилларининг ёзишича, Собир Рустамовнинг ўғли уларга сўнгги маълумотларни берган.

Қўмита раиси Светлана Ганнушкина бўлиб ўтган воқеани ҳуқуқий меъёрларнинг қўпол бузилиши, деб ҳисоблайди.

Унга кўра, Россияда Рустамовни Ўзбекистон ҳукуматига экстрадиция қилиш учун қонуний асос бўлмаган.

Svetlana Gannushkina

Сурат манбаси, .

"Давлат одам ўғирлашга кўмаклашган"

"Собир Рустамов айнан қайси вақтда ўғирлаб кетилгани номаълум. 2023 йилнинг 23 мартида у Москвада бўлган ва адвокат Роза Магомедова билан боғланган. 24 март куни кечқурун ўзбекистонлик адвокат Рустамовнинг ўғилларидан бирига қўнғироқ қилиб, Собир Самарқанд қамоқхонасида эканлигини айтди. Бир неча кундан кейин ўғли Қўмита билан боғланишга муваффақ бўлди" - маълум қилди "Фуқаровий кўмак" қўмитаси.

"Биз улар Россия ҳукуматининг хабарисиз Россия Федерацияси ҳудудини тарк эта олмаганига ишонамиз. Демак, ҳуқуқ-тартибот идораларимиз бу одамни ўғирлашга ёрдам беришган. Хорижий давлатларнинг махсус хизматларининг Россия ҳудудида худди ўз уйидагидек ҳаракат қилишига йўл қўйиб бўлмайди" - дейди Светлана Ганнушкина.

Қочқин ҳайдовчи ким эди?

Қўмитада мавжуд маълумотларга кўра, самарқандлик меҳнат муҳожири Собир Рустамов 2005 йилдан буён Москва вилоятида яшаган ва такси ҳайдовчиси бўлиб ишлаган.

Унинг олти фарзанди бор, улардан иккитаси Россияда туғилган. Собирнинг рафиқаси 2021 йилда саратон касаллигидан вафот этган.

Қўмита берган маълумотларга биноан, 2009 йилнинг ёзида Рустамов Ўзбекистонда "Ҳизб ут-Таҳрир" ташкилотига аъзоликда айбланиб, қидирувга берилганини билган. Шундан сўнг Россияда қочқин мақомини олиш учун ариза беришга қарор қилган. Бунда унга Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси ва "Фуқаровий кўмак" қўмитаси ходимлари ёрдам кўрсатган.

2010 йилнинг февралида эса Ўзбекистон расмийлари Россияга Рустамовни экстрадиция қилишни талаб қилиб сўроқ юборгани айтилади.

Шундан сўнг Собир Рустамов қўлга олиниб, "Медведково"даги 4-сонли тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган ва текширув бошланган.

"Фуқаровий кўмак" қўмитаси адвокати бу борада вақтинчалик чоралар қўллашни талаб қилиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲБЕС)га мурожаат қилган.

Суд аралашуви билан 2011 йил август ойида Собир Рустамов озодликка чиққан.

2012 йилнинг ёзида ИҲБЕС Рустамов иши бўйича қарор чиқаради ва унда Россия расмийлари қийноқларга қарши қонунни бузишгани тан олинган.

Европа суди қарорига кўра, Россия суди қочқинни Ўзбекистонга мажбурий экстрадиция қилишга рухсат берган барча қарорларини бекор қилиши керак эди. Яъни, ИҲБЕС Собир Рустамовни ватанига экстрадиция қилишни тақиқлаган.

Европа суди аралаша олмагач...

"Рустамовнинг иши (қочқинлик мақоми - таҳр.) ҳали кўриб чиқилаётган эди ва унинг экстрадиция текширувисиз Россиядан олиб чиқилиши жуда катта қоидабузарликдир. У қандай асосда олиб кетилгани, қайси суд томонидан бу қарорга санкция берилганини билмаймиз. Улар уни Самарқандга олиб кетишди"- дейди "Фуқаровий кўмак" қўмитаси раиси Светлана Ганнушкина.

Шунингдек, қўмита Рустамов оиласига Ўзбекистонда адвокатлик хизматларини тўлашда ёрдам бераётганини ва вазиятни кузатишда давом этаётганини айтмоқда.

"Фуқаровий кўмак" ташкилоти аралашуви билан 2016 йили Собир Рустамовнинг Ўзбекистонга экстрадиция қилинишини тўхтатиб қолингани билдирилади.

Россияда ўзбекистонлик қочқинларнинг таъқиб қилиниши, турли йўллар билан қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб кетилиши ҳоллари 2010-2018 йилларда кузатилган.

Жумладан, андижонлик қочқин Ҳавасбек Алижоновни ҳам ўғирлашга уриниш ҳоллари ҳақида бир неча бор хабарлар чиққан эди.

Россиянинг Украинага 2022 йил февраль ойидаги босқини халқаро судларнинг Россияга босимини кучсизлантиради, деган хавотирлар бор.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.