Янгиликлар: Урушда аёллар бошига нималар тушади? Украина, Россия

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Диана Куришко
- Role, Би-би-си
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Уруш украин аёллари учун доимий қўрқув ва стрессга сабаб бўлмоқда: болалар мактабдан соғ омон қайтиб келармикан ёки ракета ҳужумига йўлиқармикан, ҳар куни ўлимлар ортиб бораётган урушдан эрлар, акалар, укалар, оталар омон қайтармикан, умуман ўзлари тирик қолишармикан? Муттасил хавотирларга қарамай, ҳаёт давом этмоқда, аёллар болалари учун таом пиширмоқда (электрлар ўчиб турса ҳам), украин ҳарбийлари учун пайпоқ тўқимоқда, сомса пиширмоқда, паркка боришяпти, тирноқларини маникюр қилдирмоқда, совғалар харид қилмоқда. Би- би-си 100 аёл лойиҳаси етти нафар украиналик аёл билан уларнинг урушдаги ҳаёти ҳақида суҳбатлашди.
Мавзуга алоқадор видео -
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"У кучли эди, биз уни шундай эслаймиз"

Сурат манбаси, Goodwine
26 ёшли Виктория Ковалчук жасади вайроналар остидан топилганида, у севимли эри Богданни қучоқлаб ётарди. Ёнларида мушук бор эди.
Дрон ҳужуми бошланганда бу оила Киевдаги уйда хотиржам тинч ухлаётган эди. Улар бирга вафот этдилар. Вика ҳомиладор эди.
Урушнинг 10 ойи давомида Россия Украина узра юзлаб ракета ва дронлар учирди, ўн минглаб одамлар ҳалок бўлди.
Ҳужумга учраган объектлар - турар-жой бинолари, мактаблар ва савдо марказлари, баъзан эса шунчаки кўчалар эди.
Баъзи қурбонлар ишга, дўконга ёки мактабга кетаётганлардир; баъзилари эса ўз уйида тинч ухлаётганлар.
"Вика шаробни ва соқийлик ишини яхши кўрарди. Биз уни ақлдан озгандек севардик", деб ёзди Виканинг Goodwine чакана савдо компаниясидаги ҳамкасблари.
"У қийин синовлардан қўрқмади. У кучли эди. Биз уни шундай эслаймиз. Абадий шундай".
"Бомбапаноҳлар томон югураётганимизда ҳам ўғлимни эмизаман"

Сурат манбаси, Iryna Nemyrovych
33 ёшли Ирина Немировичнинг тўрт ҳафталик ўғли бор. Ўғли туғилганидан уч кун ўтиб, 21 ноябрь куни рус қўшинлари Украинага йирик ҳужумда 70 та ракета отди.
Киев ва бошқа шаҳарлар зулматга ботди, совуқ қиш Украинага эрта келди.
Оила 13-қаватдаги ўз квартирасида яшай олмайди, чунки электр узилганда лифт ишламайди.
«Уруш пайтида фарзанднинг онаси бўлиш дегани болани керак бўлганда эмас, балки электр токи бўлганда чўмилтириш демакдир. Кўпинча электрсиз қолганимиз учун қўлларимни кўп ювишим керак. Қоп қоронғи уйда тагликларни алмаштираман, овқатланаман.
Ҳатто бомбапаноҳга югураётганимизда ҳам ўғлимни эмизаман.
Ҳар куни бизни ҳимоя қилаётган Украина кучларидан миннатдорман. Чунки бу даҳшатларга қарамай, мен ўз юртимда, севикли эрим ва оилам билан, русларсиз яшаяпман.»
«Ўша чой учун ҳамон ўзимни кечиролмайман»

Сурат манбаси, Natalya Stepanenko
Наталья Степаненко қизи билан чой ичамиз деб турганида Украина шарқидаги Краматорск шаҳридаги темир йўл вокзалига ракеталар келиб тушди.
40 ёшли бу аёл 8 апрель куни ўз фарзандлари - 11 ёшли эгизаклар Яна ва Ярославни урушдан узоқроққа олиб кетаётган, станцияда уларни Ғарбий Украинага олиб кетувчи эвакуация поездини кутишаётган эди.
Ўша куни Россиянинг ракета зарбаси оқибатида 50 киши ҳалок бўлди, улардан беш нафари бола.
Наталья оёғини йўқотди. Қизи икки оёғидан айрилган.
"Ўрнимдан турмоқчи бўлдим, лекин қандай қилиб? Мен Янага қарадим, у туфлисиз эди. Мен ҳали ҳам бу чой учун ўзимни кечира олмайман», дейди Наталья.
Ҳозир у ва унинг қизи АҚШда реабилитациядан ўтмоқда. Улар протез оёқларда юришни ўрганяпти, уруш тугагач, уйга қайтишмоқчи.
"Мен унинг қандай ўлдирилганини кўрдим ва эшитдим"

Сурат манбаси, Alyona Lapchuk
Алена Лапчук ўз кўз олдида эри Виталийнинг қандай қийноққа солинганини айтиб берди.
Руслар жанубдаги Херсон шаҳрини эгаллаб олгач, ЕХҲТ расмийлари улар украинапараст қарашдаги одамларни нишонга олаётганини эшитган.
Унинг полиция ходими ва ўқитувчи бўлган эри Виталий улар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди. У қаттиқ калтакланган ва ўғирлаб кетилган.
Алена ҳам бошига қоп кийгазилиб ўғирлаб кетилган, аммо у босиб олинган шаҳардан қочишга муваффақ бўлган. Эри қоча олмади.
Бир неча ой ўтгач, Виталийнинг жасади қийноқ белгилари билан дарёдан топилди. Алена дафн маросимида қатнаша олмади, чунки ўша пайтда шаҳар ҳали ҳам руслар назоратида ва у хавф остида эди.
Ҳозир Херсон озод қилинган ва Алена эрининг ўлимига алоқадор бўлганларнинг барчаси жавобгарликка тортилишига умид қилмоқда.
"Мен унинг қандай ўлдирилганини кўрдим ва эшитдим, - дейди у. - Бу уруш жинояти. Россия ҳамма нарса учун жавоб бериши керак".
«Руслар уларнинг эрлари, ўғиллари ва оталари украинларга қанчалик азоб бераётганини билишини истайман»

Сурат манбаси, Lyudmila Mymrykova
Людмила Мимрикова 75 ёшли аёл. Нафақага чиққунга қадар Миролюбовка қишлоғида тарих ўқитувчиси бўлиб ишлаган.
Украина жанубидаги бу сокин деҳқон жамоаси руслар томонидан босиб олингандан сўнг дўзахга айланди.
«Одамларда овқат йўқ эди. Улар оч қолаётганди, лекин охирги нонларини ҳам баҳам кўришарди», деб эслайди Людмила.
Бир куни кечаси атиргул ва мевали дарахтлар билан ўралган Людмиланинг уйига рус аскари бостириб кирди. Людмила ўз уйида калтакланган, пичоқланди ва зўрланди.
Ҳужумдан бир неча кун ўтгач, у бир амаллаб қочишга муваффақ бўлди. Кузда украиналиклар Миролюбовкани қайтариб олди.
Людмила ўзи билан бўлган воқеа ҳақида гапиришга журъат этди: "Мен бутун дунёга буларнинг барчаси тўхташи учун, бу қонли уруш имкон қадар тезроқ тўхташи учун ҳайқирмоқчиман.
Мен русларга уларнинг эрлари, ўғиллари ва оталари украиналикларни қандай қийноққа солаётганини билишларини истайман."
"У қайтиб келганида, мен унинг бошидаги ҳар бир оқ сочидан ўпаман"

Сурат манбаси, Olya Taranenko
"Мен уйни жуда соғиндим", дейди Олья Тараненко. У Азов денгизи соҳилидаги Бердянскда яшаган, у ерда инглиз тилидан дарс берар, бир қизини улғайтирган. У яқинда турмушга чиқди.
Ольянинг ҳаёти, кўплаб украиналикларники сингари, 2022 йил 24 февралда ўзгарди. Рус қўшинлари унинг шаҳрига кирди. Олья уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Унинг эри, акаси ва отаси урушда.
Олья уларни кутяпти, дарс беряпти, кўнгиллилик қилишда давом этмоқда. У қочқинларга ёрдам бериш учун генератор, машина учун пул тўплаяпти.
"Баъзи кунлари телефонимни ёмон кўраман. Мен битта хабарни кутаман, лекин у жим. Телефонимни деворга отиб синдиргим келади, ўзимни жуда ночор ҳис қиламан - гўё барига телефон сабабчи ю, эримда айб йўқ. У қайтиб келганида, мен унинг бошидаги ҳар бир оқарган сочини ўпаман, бармоқ учлари билан ҳар бир янги ажинни текислайман. Кутяпман, бир хабардан кейин иккинчисини кутиб яшаяпман."
"Ҳеч ким урушдан қайтмайди"

Сурат манбаси, Tata Kepler
"Бир қишлоқда 40 нафар тинч аҳоли асирга тушиб, Россияга олиб кетилган. Бошқа бирида, болалар ҳар бир сирена товушига йиғлай бошлайди. [Учинчида] бир аёл ўз уйининг ҳовлисида боласини яширади.»
Тата Кеплер ўзининг Facebook'даги кўплаб постларидан бирини шундай бошлайди.
Тата кўнгилли. У ўз жамоаси билан биргаликда Россия босқинининг бошидан бери 100 га яқин аҳоли пунктларига борди.
У руслардан озод бўлган шаҳар ёки қишлоққа биринчилардан бўлиб дори-дармон, озиқ-овқат ва ҳайвонлар учун озуқа олиб боради.
Унинг фикрича, қайтариб олинган қишлоқларнинг кўплаб аҳолиси психологик ёрдамга муҳтож: улар руҳан синдирилган, қўрқитишган, психологик босимга учраган, қариндошлари ўғирланган, ўлдирилган ва майиб қилинган.
"Бу урушдан ҳеч ким қайтмайди. Биз абадий бу урушдан омон қолган одамлар бўлиб қоламиз", дейди у.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































