Деразадан тушиб ўлди: Россиялик яна бир магнат сирли шароитда нобуд бўлди Dunyo Yangiliklar

Павел Антов Владимир шаҳрида кўпларнинг ҳурматига сазовор тадбиркор ва сиёсатчи эди.

Сурат манбаси, PAVEL ANTOV/VK

Сурат тагсўзи, Павел Антов Владимир шаҳрида кўпларнинг ҳурматига сазовор тадбиркор ва сиёсатчи эди.
Published

Россиянинг "сосиска магнати" Павел Антов Ҳиндистондаги меҳмонхонада ўлик ҳолда топилган. Икки кун аввал унга ҳамроҳлик қилаётган дўсти жон берганди.

Улар Ҳиндистон шарқидаги Одиша штатида саёҳат қилаётган эдилар. Россиялик миллионер тадбиркор ва сиёсатчи шу кунларда ўз туғилган кунини нишонлаган эди.

Антов - Москва яқинидаги Владимир шаҳрида номи чиққан шахс.

Ўтган ёз у Россиянинг Украинадаги урушини танқид қилганини рад қилганди.

Антовнинг ўлими Украинадаги уруш бошланганидан бери босқинчиликни қоралаган россиялик таниқли бойларнинг изоҳсиз ўлимларидаги охирги ҳолат бўлмоқда.

Россия матбуоти хабарларига кўра, 65 ёшга кирган жаноб Антов якшанба куни Раягада шаҳридаги меҳмонхонанинг деразасидан тушиб кетган.

Тўрт россияликдан иборат гуруҳнинг яна бир аъзоси Владимир Буданов ҳам шу меҳмонхонада оламдан ўтганди.

Одиша полицияси бош терговчиси Вивекананда Шарманинг айтишича, Буданов миясига қон қуйилиши оқибатида ўлган. "Сўнг унинг дўсти тушкунликка тушган ва у ҳам ўлган", деди у.

Колкатадаги Россия консули Алексей Идамкиннинг Тасс хабар агентлигига айтишича, полиция "бу фожиали ҳодисаларда жиноий таркибни кўрмади".

Павел Антов гўштни қайта ишлаб чиқарувчи "Владимир Стандард" заводига асос солган. 2019 йилда Форбс уни Россиянинг энг бадавлат сиёсатчилари ва депутатлари рўйхатида биринчи ўринга қўйиб, бойлиги 140 миллион доллар эканини хабар қилганди.

У Владимир шаҳрининг қонун чиқарувчи кенгашида муҳим роль ўйнаб келган.

Ўтган июнь ойида у Россия Киевнинг Шевченкивский мавзесидаги турар жойга ҳаводан зарба бериб, бир эркакни ўлдириши, ҳамда етти яшар қизи ва онасини яралашига муносабат билдирган эди.

Унга тегишли экани айтилган WhatsApp ёзишмасида Антов ҳаробалар остидан олиб чиқилган оила ҳақида "буни террордан бошқа нарса деб тасвирлаш ўта қийин", деб айтган.

Бу ёзишма кейин ўчирилган, Антов эса сўнгра ижтимоий тармоқларда президентни қўллаб-қувватлашини айтиб, урушга дастагини изҳор қилганди.

Уруш бошланганидан бери Россияда қатор бадавлат шахслар сирли шароитларда жон бердилар. Сентябрь ойида Лукойлнинг раҳбари Равиль Маганов Москвадаги касалхона деразасидан тушиб кетиб ўлганди.

BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek