Руслар Украинада кекса онахонларни ҳам зўрламоқда - Rossiya, Putin, Urush

shifoxona
    • Author, Жереми Бовен
    • Role, BBC News
  • Published

Ойларча давом этаётган урушдан чарчаган бўлса ҳам, украиналиклар Россия ҳужумидан синиб қолгани йўқ. Мухбиримиз ўз уйида душман аскари томонидан калтакланган, пичоқланган ва зўрланган 75 ёшли бувининг, шунингдек, аскарлар ва тинч аҳоли вакилларининг таъсирли ҳикояларини эшитиш учун мамлакат шарқига сафар қилди.

Short presentational grey line

Украина шарқидаги Бахмут шаҳридаги ҳарбий госпиталь олдида қон теккан замбил уюмлари тайёр турибди.

Таътилда бўлган шифокорлар ва ярадор ўртоқларини олиб келган аскарлар эшик олдида чекиб турибди, кучли куз ёмғирининг тинимсиз ноғораси, ўткир портлашлар ва бўғиқ снарядлар овози янграб турибди.

Кўчада кўплаб автомобиллар ва фургонлар ёниб кетган. Шикастланган бинолар ёнида синган шиша ва синган тошлар тўпланиб қолган.

Бир вақтлар уй ҳайвони бўлган бир жуфт ит, одамлар билан мулоқот истаб айвон бурчакида турибди. Улардан бири қалтираб ётибди, аскарлар таклиф қилган қолдиқларга қарамайди ҳам.

Бахмутдаги тинч аҳолининг аксарияти анча олдин хавфсизроқ жойга кўчиб ўтган. Ҳали ҳам олов остида бўлган тирик мавжудотлар ҳамжиҳат. Ҳолдан тойган касалхона ходимларидан бири бу ит портлашлар овозидан шикастланганини тушунтиради.

Шарқдаги Донбассдаги Бахмутдан Херсон вилоятидаги фронт чизиғининг нариги томонига борсангиз, йўлда чарчаган, калтакланган, оғир уруш тартибига тушиб қолган, аммо барибир русларга қарши курашишга қарор қилган украинларни кўрасиз.

Россия президенти Владимир Путиннинг февраль ойидаги ишғол қилиш ва ўзи рус ҳисоблаган украинларни бостириш қарори уларнинг миллий туйғусини янада кучайтирди.

Жарроҳ

Бахмутдаги ҳарбий госпиталь жарроҳларидан бири Владимир Пигулевский суҳбатга рози бўлди. У 24 март куни сафарбар бўлгунга қадар фуқаролик шифохонасининг тез ёрдам бўлимида ишлаган.

Биз иккита столли вақтинчалик операция хонасида гаплашдик. У тоза ва яхши жиҳозланган, аммо ундаги мониторлар ва реанимация ускуналари жуда оддий эди.

Бахмут устида муаллақ турган булутдан ёмғир ёғар, шифохона тинч эди - бу об-ҳаво одатда отишмаларни камайтиради. Владимир гаплашишга вақт топди.

"Яхшиямки, бугун эрталаб жароҳатланганлар кўп эмас. Аммо ярадорлар кўп бўлган кунлар ва ҳафталар бўлди, улар орасида ракета парчалари, ўқ отиш ёки мина портлашлари натижасида шикастланган оёқлар ампутацияси, шунингдек, ўқ жароҳатлари бор эди.

Биз кунига 24 соат ишлашимиз керак эди, ҳатто икки кун кетма-кет, ҳатто ўтиролмай ҳам қолдик, овқатланишни ҳам тўхтатдик, ҳожатга бориш ҳам муаммо".

baxmut

Владимир фронтда ярадорларга зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатишга навбатчилик қилади.

«Бу жуда қийин эди. Баъзан ўз ҳаётингни ёки ярадор йигитларнинг ҳаётини хавф остига қўйишни танлашга тўғри келади. Мен ҳеч ўлимдан қўрққан одамни кўрмадим. Отишма вақтида ҳам ҳеч ким ўтириб, унинг тугашини кутмайди. Ҳамма ярадорларни олиб кетишга кетади, аввал ёрдам беришади, кейин уларни машинада, бу ерга олиб келамиз.

«Бу қўрқитадиганчалик психологик жиҳатдан қийин эмас ... фақат руҳий касаллиги бўлган одамларда қўрқув бўлмайди.»

Жарроҳнинг айтишича, улар босқиндан олдин бир неча йилда фақат бир ёки икки марта кўриш мумкин бўлган яраларни ҳозир ҳарбий госпиталда ҳар куни кўриш керак.

«Тез ёрдам шифохонасида ишлаганимда кўп ўлимларни кўрдим. Лекин бу тинчлик даврида эди. Мана мен йигитларимиз қандай курашаётганини кўряпман. Улар олган жароҳатлар ҳаётларини расво қилади. Бу мени ҳамма нарсадан кўра тушкунликка соляпти."

«Аскарларимиз азобини кўриш даҳшатли. Уларнинг бу урушда олган жароҳатларини кўриш. Энг ёмони, юртимиз азобини кўриш. Бу энг ёмони. Қолганлари ўз ишимиз».

Бир неча дақиқадан сўнг снайпер ўқи қўлини майдалаворган бир аскар тез ёрдам машинасидан тушиб кириб келди. Яна бири лой ва қонга ботган, кўплаб портлаш парчалари билан замбилда келтирилди. Владимир тезда ишга киришиш учун саралаш майдонига борди.

Бу ерда ТВ мини-сериаллардаги тез ёрдам хоналарини кўраман деб ўйлаган одамнинг ҳафсаласи пир бўлади. Владимир ва Бахмутдаги шифокорлар хотиржам эдилар, жимгина гаплашар ва фронтдан кўпроқ одамлар келтирилмасдан бурун беморларнинг аҳволини барқарорлаштириш учун тезкор ҳаракат қилардилар.

Артиллериячи

Жангга бориш учун поёнсиз далалар оша чуқур лойга ботган йўлларда юриш керак.

Бизнинг Би би си гуруҳимиз водийдаги тор ўрмонли ҳудудда яширинган артиллерия бўлинмасига боришга рухсат олган эди. Биз уларнинг лагери Донбасснинг олдинги қаторларидан бирида жойлашганидан ташқари, уларнинг ҳандақ жойлари ҳақида ҳеч нарса айтмасликка ваъда бердик.

Артиллерия отишмаси доимий саундтрек эди - баъзида руслар билан яқин, баланд овоздаги шиддатли тўқнашувлар, баъзан узоқ ва фаол қарама-қаршилик чизиғи бўйлаб узоқдан келган бас ноталар янграйди.

Бўлинма иккита БМ-21 Град ракеталари билан қуролланган эди. Улардан бирига масъул бўлган шахс ўзининг ҳақиқий исмини айтишни истамади. Мени Кал деб атанг, деди у.

kal

2019 йилда ҳарбий шартнома имзоланишидан олдин бу артиллериячи квартираларни таъмирлаш билан шуғулланган уста эди. Энди у 1950 йиллар охирида Совет Иттифоқидаги муҳандислар кучли юк машинасига 40 та ракета ўрнатган юқори вайрон қилувчи кучга эга қурол тизимини бошқаради. БМ-21 - синовдан ўтган ва ҳақиқий ўлим машинаси. У тахминан бир гектар (10 000 кв.м) майдонни вайрон қилиши мумкин, бошқача айтганда, техника ва қўшинларнинг катта майдони.

Кал 30 ёшдан бироз ошган. У «Град»га ўқ юклаш ва отиш ишларини тажрибали одамдек бошқаради. Бу юқори технология эмас. Унинг жамоаси қўл билан ракеталарнинг олд қисмидаги портлатгичларни бураб, уларни жойида ушлаб туриш учун кичик маҳкамлагични қотиришади. Кейин ракеталарни қўлда ўрнига киритишади. Улардан бири жойига тушмагач, Кал тиззагача бўлган изоляцияланган резина этик билан уни туртиб юборди. Ҳамма эркаклар шу этикларда юришибди, чунки кузги лой жуда чуқур ва ёпишқоқ.

Артиллериячи босқиндан кейинги ҳаёти ҳақида бепарво гапирди.

«24 февраль куни эрталаб соат 4:20 да уйғондим. Ўшандан бери урушдаман. Ҳаммаси бошида қандай бўлса, худди шундай. Жуда монотон. Биз бир жойдан иккинчи жойга кўчиб ўтамиз.

Нима қиламиз? Бориб бизга берилган нишонларга ракета отамиз. Биз урушдамиз. Ҳеч ким бу осон бўлади, деб айтмаган. Лекин биз уддалаймиз.»

Иккита БМ-21 ракетаси тоғ ёнбағрига бульдозер билан очилган чуқурларга жойлаштирилган. Улар ўз лагеридан ўқ отмайди.

Нишон жойлашган координаталар келгач, бу машиналар жойидан жилади, унинг шиналари ярмигача лойга ботган. «Град» лойдан ўтиб, баланд ердаги кенг очиқ майдонга чиқди, бу ерда у жуда очиқ кўринади, айниқса рус снарядлари туша бошлаганда.

Кал ва унинг одамлари 90 метр узоқликка урилган зарбаларни эътиборсиз қолдириб, тезда ҳаракат қилишди ва иккита ракета отишди. Кейин руслар яна ҳужум қилмасидан, тезда ҳаракат қилишлари керак. Яна бир нечта рус снаряди портлаганда тутун ва алангани кўрдим.

Улкан БМ-21га эргашган Hyundai 4x4 машинамиз мағлуб бўлди. Ҳеч бўлмаганда лой снарядлар кучининг бир қисмини ўзига сингдирарди. Рус ўқотарлари масофани топа олгунча, Кал ва унинг одамлари биз уларнинг БМ-21ларига чиқиб олишимиз учун тўхташди. Улар бизни хавфсизроқ жойга олиб боргач, олов остида қолган 4х4 ва унинг ҳайдовчисини қутқариш учун қайтишди.

Йўлтанламаслар Украинада етарли эмас.

Лагерга қайтгач, Кал ўзларига кўпроқ замонавий жиҳозлар кераклигини айтди, лекин у қадимий Град БМ-21га боғланиб қолган.

«Менинг машинам 52 ёки 53 ёшда. Биз уни ўзимиз таъмирлаймиз, унга иккинчи ҳаёт берамиз, чунки ҳаётимиз хавф остида.»

Биз гувоҳи бўлган операция ҳақида нима дейиш мумкин: ўқ ёғилиб турганда ракета отиш, ёши ярим асрдан ошган машинада лойга ботиб, снарядлар портлаб турган майдонда юриш.

«Албатта, ҳамма қўрқади. Лекин биз қўрқувимизни енгиб, урушга борамиз. Отишма. Ҳеч қандай бошқа драматик нарса йўқ. Биз ўқдан қочдик. Бизга эски машинамиз ёрдам берди».

Ўқитувчи

Людмила Мимрикова ўз қишлоғини яхши кўради. Ҳозир у деярли вайронага айланган, аммо Миролюбовка урушдан олдин Херсон шаҳри атрофидаги қишлоқ хўжалик ерлари орасида осуда воҳа бўлганини сезиш қийинмас. Ҳамма уйларда ўз томорқаси. Ёввойи қушлар ҳашаротларни қидириб шохлар уюми устида ўтирибди. Бир неча ой олдин эгалари қочган бу боғларда ўрдаклар, товуқлар ва ғозлар кезиб юрибди.

Сентябрь ойида Херсонга қарши ҳужум уюштириб, қишлоқни қайтариб олган украин аскарлари деворлари ва томлари бузилмаган бир неча уйга жойлашишди. Улардан бири Людмиланики бўлиб, унинг томорқасида мевали дарахтлар ва атиргуллар қаторлари жойлашган.

Мен уни хавфсизроқ шаҳарда, қарийб икки соат узоқликда, қариндошлари берган кичкина уйда учратдим. Невараси, деярли гўдак Анатолий қўшни хонада ўйнаб юрганида, Людмила менга ўз уйига қайтишни истаганини ва март ойида руслар уни босиб олганида севган қишлоғи дўзахга айланганини айтиб берди. У қандай қилиб ойлар давомида даҳшатдан омон қолгани, қандай қилиб ўз яшаш хонасида калтаклангани, пичоқлангани ва зўрлангани ҳақида сўзлади.

Людмилла (ўнгда) қизи Олҳа билан
Сурат тагсўзи, Людмилла (ўнгда) қизи Олҳа билан

Людмила 75 ёшли вазмин аёл, бева, нафақага чиққунча ўқитувчи бўлиб ишлаган ва қишлоқ тарихчиси сифатида вилоятда яхши танилган. Йил бошида у президент Путин ўз одамларига бундай шафқатсиз оқибатларга сабаб бўлиб, Украинага бостириб киришга буюриши мумкинлигига ишонмаган эди.

«Биз уларни қардош халқ деб билдик. Мен [улар] одамларга шундай қилишлари мумкинлигини тасаввур ҳам қила олмасдим.»

Руслар 24 март куни етиб келишди. Людмиланинг айтишича, биринчи келганлар Қримдан келган ва ўзларини яхши тутган. Кўпинча урушда олдинги сафдаги аскарлар ўзларига эргашган орқадагиларга қараганда кўпроқ интизомли бўлишади.

Энг ёмони, шарқдан, Луганск ва Донецкдаги бўлгинчи, москвапараст Украина тузумлари қуролли кучлардан келган. Улар қишлоқни даҳшатга солиб, ароқ ва вино талаб қилишган, машина ва ёқилғи ўғирлашган, уйларни талон-тарож қилишган. Улар каскадаги одамларни олиб кетган ва камида уларни ўлгунча қийноққа солган.

Людмиланинг айтишича, етарлича даҳшатли деб ҳисобланган рус ҳарбийлари «бу жангариларни одам ҳисобламаган». Гўё иттифоқчи ҳисобланган бу аскарлар жанжаллашиб, маст ҳолда бир-бирлари билан тортишган, ҳатто отишган ҳам.

Бир ойлик ишғолдан сўнг, Людмила қизи Олга билан украиналиклар эгаллаб турган ҳудудга кетишга муваффақ бўлди. Аммо у Олганинг хавфсиз жойга бориш ҳақидаги илтимосларини рад этди, чунки у ўз мулкини, айниқса, қишлоғи ва оиласи тарихи ҳақида тўплаган ҳужжатлар тўпламини сақлаб қолишни ўйларди.

Олга ва унинг яқин дўсти жўнаб кетганидан сўнг, Людмила ёлғиз қолди, доимо қўрқиб, юқори қон босими учун дори-дармонларни қабул қилди, шу билан узоқ ёлғизлик кунларидан ўтишга куч топди. Бир куни унинг итлари нотаниш одамлар яқинлашганда ҳуриди. 13 июлга ўтар кечаси: «Соат ўн яримларда деразамнинг қаттиқ тақиллаганини эшитдим.

Қотиб қолдим. Бу ким бўлиши мумкин? Юзим, танам, оёқларим, қўлларим фалаж бўлиб қолгандек эди. Мен ҳамма ойналарни ёпдим, лекин улардан бири ҳали ҳам очиқ эди. У ерда бир аскарни кўрдим. Нима қилишим керак? Уни ураман десам, қўлимда ҳеч нарса йўқ, ундан қандай қутуламан?

«Эшикни очганимда, у дарҳол юзимга мушт туширди. Иккита тишимни ва бурнимни синдирди. Мен қонга беланган эдим. У милтиқнинг қундоқи билан кўксимга, бошимга урди, мен нима ёмон иш қилганимни тушунмасдим.

У сочимдан тортди. Ошхонада қоронғи бўлгани учун у қаердалигини кўрмади ва мебель атрофида гандираклаб юрди, кейин мени диванга ётқазим бўға бошлади. Икки ҳафта сув юта олмадим.

Кейин кийимимни ечиб зўрлади. Қорнимни пичоқ билан кесворди. Ичимдаги чандиқлар ҳамон бор. Чуқурлари ҳали тузалгани йўқ, майда яралар битди».

o'q

Людмила олтмиш ёшлардаги одамни таниди, у алкоголь ҳидини сезди. Унинг айтишича, у бўлгинчи жангарилардан бўлган. У аввал ҳам унинг уйига келган, дизель ёқилғисини ўғирлаган, кейин аскарларни олиб келган. Людмила уларни бир амаллаб кўндириб, жўнатиб юборган эди.

У одам уни зўрлаган, тамаки талаб қилган, топиб беролмагач, қуроли билан яна урган. У хона бўйлаб ўқ узган. Людмила ўламан деб ўйлади, оиласи ҳақида ўйлади.

«Фарзандларим, невараларим билан хайрлашдим, тирик қоламан деб ўйламагандим.»

Унинг айтишича, у эртаси куни тонгда соат 05:20 га қадар кетмаган ва агар русларга бўлган воқеа ҳақида хабар берса, уни ўлдиришини айтган. У қўшнилари олдида қолган, олган жароҳатларини ертўлага йиқилиб тушдим деб изоҳлаган.

Телефон орқали Людмиланинг овозидаги титроқни сезган қизи Олга даҳшатли воқеа содир бўлганлигини билди, нима бўлганини айтишни талаб қилди, охирида Людмила бор гапни яширишга ҳожат қолмаганини ҳис қилди.

Зўрлашдан тўрт кун ўтгач, у ҳали ҳам руслар назоратида бўлган, аммо ўзига ҳужум қилган одамдан олисдаги бошқа украинлар олдига кетди ва у ердан қизи ва оиласи билан учрашиш учун олдинги чизиқни кесиб ўтишга муваффақ бўлди.

Ижарага олинган уйнинг ошхонасида Олга билан бирга ўтирган бева аёл Людмила Мимрикова нима учун ўз бошидан кечирганлари ҳақида гапирмоқчи эканлигини тушунтирди. Тахминан бир соат давом этган суҳбат унинг кўзлари ёшга тўлган ягона вақт эди. У қўлида ўша эркак унинг уйидан чиқмасдан олдин ташлаб кетган ўқни ушлаб турарди.

«Мен бутун дунёга буларнинг барчаси тўхтасин, бу қонли уруш имкон қадар тезроқ тўхтатилсин, деб бақирмоқчиман. Мен руслар эрлари, ўғиллари, ота-оналари украиналикларни қандай қийнашаётганини билишларини хоҳлайман. Бизнинг айбимиз нима? Биз кимга озор бераётган эдик?»

Мен Людмиладан дўзахдан ўтиб қандай омон қолганини сўрадим.

«Қандай қилиб мустаҳкам туриш керак? Юртимизга, она қишлоғимизга, халқимизга муҳаббат билан. Биз қишлоғимизда тинч ва меҳнаткашмиз, ишғол пайтида бир-биримизни қўллаб-қувватлаганмиз. Сўнгги бир бўлак нонни ҳам бўлишдик. Кофе майдалагичда бўғдой бошоқларини ун қилдик ва нон пиширдик, чунки овқатланадиган бошқа ҳеч вақо йўқ эди.

Бу даҳшат эди, бу шунчаки даҳшат эди», деди у.

"Путин ва россияликлар умрининг охиригача украиналикларга қилган ишлари учун кечирилмайди. Ҳеч қандай кечирим бўлмайди".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek