Францияда сайлов: Тобора кўпроқ фуқаролар исломофобия, мигрантларга қарши кучайиб бораётган кайфиятлардан норози бўлишмоқда - янгиликлар

Марин Ле Пен сайловчилар билан учрашувда

Сурат манбаси, Getty Images

Published
Ўқилиш вақти: 2 дақ

Амалдаги президент Эммануэль Макрон ва унинг ўта ўнг қарашларга эга рақиби Марин Ле Пен бугун сайловдан олдинги телебаҳсда қатнашади.

Якшанба куни бўладиган сайлов арафасида бор эътибор иқтисодиёт ва ошаётган нарх-наволарга қаратилган. Шундай бўлса-да, Марин Ле Пен қудратга келса мусулмонларнинг жамоат жойларида ҳам ҳижоб кийишини тақиқлашини айтган.

Мамлакатдаги дунёвийлик, исломофобия ва мигрантларга қарши риторика сабаб ўзларини ажратиб қўйилгандек ҳис қилаётганларнинг сони ортиб бормоқда. Бу уларни сиёсатдан узоқлаштирмоқда.

Шулардан бири ота-онаси тунислик бўлган Надия Парижда туғилиб ўсган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

У икки йил олдин Францияни тарк этиб Британияга кўчди. Чунки Франциянинг 2004 йилги дунёвий қонунлари хусусий соҳаларни ҳам қамраб олишидан жиддий хавотирга тушганди.

"Ҳар куни эрталаб ишхонага киришдан олдин ҳижобимни ечишга мажбурланардим. Бу ақлга сиғмасди. Бу ҳақда Британиядаги ҳамкасбларимга айтганимда, улар ҳайратланишди. "Эй худойим, шунақасиям бўладими" дейишди. Бироқ бу биз учун оддий ҳол эди. Ватанимни севаман, чунки шу ерда туғилдим. Ҳамма дўстларим шу ерда, оилам шу ерда. Жон-жон деб қайтардим. Аммо ҳижобим билан иш тополмаганим учун мени боримча қабул қилмайдиган юртга қайтолмайман", дейди Надия.

Бу каби кучли қарашларга қарамай, Президент сайловининг иккинчи босқичида Ислом мавзуси муҳим масала эмаслиги бироз ажабланарли.

Сайлов мавзуси долзарб бўлиб турган вақти Би-би-си мухбири Нора Факим Францияга йўл олди.

Охирги босқичга чиққан номзодлар Марин Ле Пен ва амалдаги президент Эммануэль Макроннинг қарашлари ўтмишда муҳожирлик ва Исломнинг француз жамиятидаги ўрни масаласида баҳсу мунозараларга сабаб бўлганди.

Бироқ бу сафар нарх-наволар баҳсларда устунлик қилмоқда.

Бу айрим мусулмонлар учун сайловда қатнашмасликни англатади.

"2017 йил қатнашган бўлсам-да, бу йилги сайловда қатнашмадим. Франциялик мароқаш сифатида ҳеч бир номзодда ўзимни кўрмадим", дейди Фарида Камолий.

Бор эътибор иқтисодиёт ва яшаш нархларига қаратилаётган бўлса-да, Марин Ле Пен агар ҳокимиятни қўлга киритса, жамоат жойларида ҳижоб ўраган аёлларни жаримага тортишни жорий қилишини таъкидлади.

Ўз навбатида, Эммануэль Макрон ўтмишда "Ислом инқироздаги дин" деган. Бироқ сайловолди дастурида мусулмонлар борасида ҳеч қандай режа эълон қилмади.

Гарчи сиёсатчилар бу сафар Ислом ҳақида гапирмаётган бўлса-да, баъзи таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу иккига бўлинган Францияда долзарб масала бўлиб қолмоқда.

"Урушдан сўнгги миграция ва Франциянинг мустамлакачилик ўтмиши нима учун иммиграция, Ислом ва мусулмонлар сўнгги 40 йил давомида янгиликлар ва очиқ баҳслар бош мавзусига айланганига жавоб бўлади", дейди сиёсатшунос Филип Марлиер.

Ислом Францияда иккинчи йирик дин. Янги президент 6 миллион мусулмон аҳолиси бор Француз жамиятини бирлаштириши керак бўлади.

Гап шундаки, сайлов натижалари Мусулмонлар ва бошқа диний жамоатларнинг келажагига қандай таъсир қилади?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek