Нон, сув, пул қани - Кобулда ҳозир нималар бўлмоқда? Afg‘oniston Tolibon dunyo yangiliklar

Афғон аёллари

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сўнгги 20 йил ичида илк бор хорижий қўшинларнинг ҳозирлигисиз уйқудан кўз очган одамлар ташвишда
Published

Сўнгги АҚШ ҳарбийси ҳам Кобулни тарк этди. Афғонистон пойтахти энди тўлиқ Толибон қўлида. Ҳозир шаҳарда ҳаёт қандай?

Шаҳарда бўлган Би-би-си мухбири Секундер Керманийнинг айтишича, сўнгги 20 йил ичида илк бор хорижий қўшинларнинг ҳозирлигисиз уйқудан кўз очган одамлар ташвишда.

Улар энди нималар бўлишидан хавотирга тушиб қолишган.

"Толибон ҳали янги ҳукуматини, янги бошқарув тизимини маълум қилгани йўқ. Манбаларимнинг менга айтишича, улар худди 90-йиллардагидек Исломий Амирлик барпо этганликларини ҳам эълон қилиб қолишлари мумкин", - дейди мухбиримиз BBC World News га берган интервьюсида.

Одамлар ҳисобларидан бирозгина пул олиш учун ҳам эрта тонгдан навбатга туришади, соатлаб кутишмоқда

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Одамлар ҳисобларидан бирозгина пул олиш учун ҳам эрта тонгдан навбатга туришади, соатлаб кутишмоқда

Мухбиримизнинг айтишича, ҳозир Кобулда нақд пул тақчил. Банкоматлар қаршисида одамлар тиқилиб кетган.

Талаб кучайиб бораётганидан олинаётган пулга ҳам чеклов киритилган.

Одамлар ўз ҳисобларидан ана шу озгина пулни олиш учун ҳам эрта тонгдан навбатга туришади, соатлаб кутишмоқда.

Уларнинг аҳволлари ҳақиқатан танг бўлиб бораётир, дейди мухбиримиз.

Бир кишининг менга айтишича, ҳозир болаларининг қорнини қандай қилиб тўйдириш қайғусига тушиб қолган.

Яна бир аёл суҳбатдошим эса, ҳеч кўзларидан ёшларини тия олмайди, дейди у.

Мухбиримизга кўра, эвакуация жараёни тугаган бўлса-да, кетаман, деган одамнинг сони ҳануз кўп.

Кетаётганларининг аксарияти эса, бунинг асосий сабабини айнан иқтисодий аҳволнинг ёмонлиги билан боғлашган.

Пойтахт Кобулдаги бугунги ҳаёт

Сурат манбаси, AFP

Кўпчилик мухбиримизга яна Толибон бу гал ўзини анча яхши тутаётганини ҳам айтишган.

Қўрқувлари ҳозирча ўзини оқламаганини билдиришган.

Аммо кейинчалик ҳам шундай бўлишига кўзлари етмаётганини ҳам яширишмаган.

Улар хорижий қўшинлар кетгач, Афғонистон халқаро эътибордан тушиб, толибларнинг яна ўзгариб қолишидан хавотирдалар.

Рейтер ахборот агентлиги билан суҳбатида эса, кобулликлардан бири "ўз ватанидаги хорижий ишғолнинг якун топгани, хавфсизлик таъминланганидан хурсанд" эканини айтган.

Аммо ўзларига ҳозир "нон ва сув керак"лигини таъкидлаган.

Бошқалари эса, пулсиз яшаб бўлмаслигига урғу беришган.

Толибон ҳукумати банкларни очиши, одамлар ишлай олишлари лозимлигини айтишган.

Улардан бирига кўра, "17-18 кундан бери уйда ишсиз ўтирибди ва бу осон эмас".

"Тўлаб қўйиши керак бўлган уйининг ижара ҳаққи, электр токи учун тўловлар ва яна бир талай бошқа харажатлари бор".

Пойтахт Кобул Афғонистоннинг энг йирик шаҳри бўлади.

Мамлакатнинг аҳолиси сони 1 миллиондан ошувчи ягона шаҳри саналади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek