Афғонистон: Шимол нотинч, Толибон кучаймоқда, Дўстум нима қила олади? Ўзбекистон ва Марказий Осиё - video O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Толибон сўнгги ҳафталарда Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб вилоятида кетма-кет уч туман назоратини ўз қўлига олган. Куни-кеча Тожикистон билан чегарадаги яна бир туманни босиб олганини иддао қилган. Шимолдаги вазият Афғонистон парламентида қайта кун тартибига чиққан.
Афғонистондаги айрим етакчи нашрлар эса, шу кунларда ўз манбаларига таяниб, Толибон сўнгги икки ой ичида бутун мамлакат бўйлаб йигирмага яқин туманни тасарруф этгани ҳақида ҳам ёзишган.
Шимолдаги маҳаллий депутатлар эса, ҳозир яна қатор туманларнинг толиблар назорати остига ўтиш хавфи остида эканидан хавотирда.
Мамлакат парламентида чиқиш қилган айрим депутатлар афғон ҳукуматидан ҳарбий амалиётларга бошчилик қилишни маршал Абдулрашид Дўстумга топширишни талаб қилишган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳозир Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош биргина шимоли ва шимоли-шарқидаги толиблар ўзининг сони минглаб экани тахмин қилинади.
Улар аксариятининг маҳаллий ўзбеклар, туркманлар ва аймоқлардан иборат экани айтилади.
Бу одамларнинг толиблар сафига ёлланишига сабаб бўлаётган асосий омиллар ўлароқ эса, минтақада чуқур илдиз отган қашшоқлик, ишсизлик ва ҳаракат томонидан олиб борилаётган ташвиқот ишлари тилга олинади.
Ҳозир Афғонистоннинг айнан шу минтақаларида жойлашган аксарият вилоятларнинг нотинч экани кузатилади.
Сўнгги йилларда у ерларга Покистондан ўнлаб ўзбекистонлик жангарилар оилаларининг ҳам келиб ўрнашишганига оид хабарлар олинган.
Мавжуд вазиятга орада Афғонистон шимолидаги энг қудратли ўзбек қўмондони саналувчи, мамлакатнинг собиқ вице-президенти, ҳозирда маршал Абдулрашид Дўстум ҳам эътибор қаратган.

Дўстум бундан бир неча ой аввал "Ўзбекистон исломий ҳаракати"нинг собиқ етакчиси ва ҳамасосчиси Тоҳир Йўлдошнинг қизи Афғонистоннинг Бадахшон вилоятида террорчи гуруҳларга раҳбарлик қилаётганини иддао қилган.
Уларни ҳимоя қиладиган "эгалари" борлигини ҳам таъкидлаган, аммо ўз даъвоси манбаси ва тафсилотларини очиқламаганди.
Бадахшон эса, Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош вилоятларидан бири бўлади.
Маршалнинг худди шу чиқишидан оз ўтмай, ўтган йилнинг ноябрь ойида Афғонистон Мудофаа вазирлиги айнан шимолий Фарёб вилоятидаги жангларда Тоҳир Йўлдошнинг ўғли ўлдирилгани, набирасига тан жароҳати етказилганини расман маълум қилган.
Вазирлик ўз баёнотида Абдул Азиз Йўлдош ўғлининг Фарёбдаги қатор террорчилик ҳужумларида қўли бўлганини ҳам айтиб ўтган.
Фарёб вилоятининг ўша пайтдаги ҳокими ҳарбий амалиёт ортидан Абдул Азиз Йўлдошнинг Афғонистонда энг хатарли "террорчи"лардан бири сифатида кўрилганини таъкидлаган.
Ҳозирда собиқ ҳоким Нақибуллоҳ Фойиқ Тоҳир Йўлдош ўғлининг ИШИД сафларида бўлганини айтган.
Абдул Азиз Йўлдош Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Имом Бухорий катибасига етакчилик қилгани маълум бўлган.
Аммо ўлдирилганига оид хабар ортидан, унинг қўл остида қанча жангариси бўлгани, қачондан бери, Афғонистоннинг айнан қайси минтақаларида фаолият олиб боргани, таянч нуқталари ва мақсади борасидаги тафсилотлар ноаёнлигича қолган.
Орада кечган вақт давомида етакчисининг "ўлдирилгани"га оид Афғонистон томонининг расмий баёнотига Ўзбекистон Исломий ҳаракати Имом Бухорий катибасининг бирор бир муносабат билан чиққани ҳалича кўрилмаган.
Фарёб

Сурат манбаси, Screenshot/video
Марказий Осиёга бевосита чегарадош Фарёб Афғонистон ичкариси ва ташқарисида бирдек стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд сифатида кўрилади.
Афғонистоннинг ўзбеклар зич яшовчи вилояти бўлади, имконли бўлган очиқ манбаларда аҳолисининг сони бир миллионга яқин экани айтилади.
Аммо Фарёбда сўнгги йилларда хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиққан, жорий пайтда Афғонистоннинг энг беқарор иккита шимолий вилоятидан биттаси бўлади.
Ҳатто вице-президент мақомида бўлганида ҳам, Фарёбни жангарилардан тозалашга қаратилган ҳарбий амалиётларга орада шахсан Абдулрашид Дўстумнинг ўзи бошчилик қилган.
Афғон ҳукумати ва Хавфсизлик Кенгаши расман маъқулламаган эса-да, Фарёбда бир эмас, бир неча бор ҳарбий амалиётлар ўтказган.
Айнан Фарёбдаги нотинчликлар боис, Афғонистон шимолидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият ҳали бундан бир неча йил аввал ҳам мамлакат парламентида кун тартибига чиққан.
Парламентда кечган қизғин баҳсу мунозаралар, эътирозлар ва талаблар ортидан, мамлакат президенти минтақага ҳукуматнинг махсус ҳайъатини юборишга ҳам мажбур бўлганди.
Толибларнинг янада кучаяётгани билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожи эса, бошқа томондан, Фарёб вилоятига ҳали-ҳануз ҳоким тайинланмаган бир пайтга тўғри келган.
Ўтган ой ҳукуматнинг янги номзоди Фарёбда аҳолининг жиддий норозилигига сабаб бўлиши ортидан, у янги вилоятга ишга олинган.
Фарёбнинг бошқаруви эса, вилоят ҳокимининг муовини зиммасига юклатилганича қолган.
Афғонистон раҳбарияти нега амалдаги ҳокимни ишдан олгани сабабини расман очиқламаган.
Шимол

Би-би-си Ўзбек хизматининг Кобулдаги бош мухбири Фазл Аҳмад Ёлғузнинг айтишича, ҳозир айнан шимол Афғонистоннинг толиблар ўз ҳужумларини янада шиддатлаштирган минтақаси бўлиб турибди.
Мавжуд ҳолат куни-кеча яна Афғонистон парламентида муҳокама мавзуларидан бирига айланган.
Қатор миллат вакиллари Афғонистон ҳукуматини яна мамлакат шимолидаги вазиятга бефарқ қараётганликда айблашган.
Депутатлар жанг жабҳаси тўғри бошқарилмаётганидан шикоят қилишган.
Минтақаларнинг кетма-кет толиблар қўлига ўтаётгани, хавфсизлик кучлари бераётган талафотлар сонининг ортиб бораётганидан жиддий хавотирларини билдиришган.
Шу кунларда ўзаро ҳужумлар оддий аҳоли орасида ҳам талафотларга сабаб бўлаётганига оид хабарлар бўй кўрсатган.
Парламентдаги сўнгги йиғин чоғида айрим миллат вакиллари ҳукуматни мухолифи сифатида кўрмай, ҳарбий амалиётларга бошчиликни маршал Абдулрашид Дўстумга топширишни талаб қилишган.
Уларнинг бу талабига маршалнинг ўзи баробарида афғон ҳукуматининг ҳам муносабати ҳозирча маълум эмас.
Хавотирлар

Сурат манбаси, Getty Images
Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқидаги хавфсизлик билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани хорижий иттифоқ қўшинлари мамлакатни буткул тарк этиш ҳаракатида бўлган бир пайтда тўғри келган.
Худди шуниси билан аллақачон ҳатто экспертлар ўзларининг ҳам жиддий хавотирларига сабаб бўлиб улгурган.
АҚШ ҳарбийлари ва Нато бошчилигидаги хорижий иттифоқ қўшинлари шу йилдан қолмай Афғонистондан буткул чиқиб кетишмоқчи ва ёки мамлакатдаги ҳозирликларини кескин қисқартиришмоқчи.
Шимолдаги вазиятнинг жиддий издан чиқаётгани, бундан ташқари, Афғонистон Толибон ҳаракати ҳалича ўзининг баҳорги амалиётларини эълон қилмаган ва мамлакатда коронавируснинг янги тўлқинига оид хавотирлар жиддий кучайган бир пайтга тўғри келаётгани билан ҳам алоҳида хавотир касб этган.
Толибон ҳужумларининг янада кучайиб бораётгани манзарасида Нато Бош котиби бундан кейин ҳам Афғонистон хавфсизлик кучларини ташлаб қўймасликлари, уларни ҳар томонлама дастаклашларини баён қилган.
Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош вилоятларида толиблар ҳужумларининг бунчалик шиддатлашаётганига ҳозирча минтақа давлатлари расман ўз муносабатларини билдиришмаган.
Худди шу манзарада шу кунларда бир неча ҳафталик танаффус ортидан, Толибон ва Афғонистон ҳукумати ҳайъати орасидаги афғонлараро мулоқотларнинг қайта бошланишига оид хабарлар ҳам олинган.
Ҳаракат ўз тарихида илк бор киришишга рози бўлган мазкур мулоқотлар иш берса, толиблар бу гал коалицион ҳукумат таркибида Афғонистонда яна қудратга қайтишлари мумкин бўлади.
Толибон яқинда қўшни минтақа давлатларига ҳам мурожаат билан чиққан, уларни ўз ҳудудларидан Афғонистонга қарши фойдаланилишига изн бермасликка чақирган, акс-ҳолда бунинг оқибатлари учун ўзлари масъул эканликлари билан ҳам огоҳлантирган.
Маҳаллий экспертлар эса, ўз ҳужумларини бунчалик шиддатлаштираётгани сабабини Толибоннинг музокаралар чоғида қўлининг баланд келиши истаги билан изоҳлашган.
Афғонистондаги тинчлик жараёнига расман ва фаол бош қўшган Ўзбекистон бу мулоқотларни ҳам дастаклаб келади.
Ўзбекистон расман аъзоси бўлмаган Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномасининг шу йил апрель ойида Тожикистон пойтахтида бўлиб ўтган йиғилиши чоғида эса, ҳарбий хавфсизлик, таҳдидларга қарши туриш ва уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилиниши айтилган.
Худди шу йиғилиш ортидан Бухорода экан, Ўзбекистон ва Россия Мудофаа вазирларининг беш йиллик ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорликка оид битимни ҳам имзолашгани маълум бўлган.
Сергей Шойгунинг Ўзбекистонга ана шу ташрифи дастуридан халқаро ва минтақавий хавфсизлик муаммолари ҳам ўрин олгани хабар берилганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































