Дунё ва Ўзбекистон: Яна ковид, аммо бу сафар кутилмаган ва яхши хабар O'zbekiston dunyo yangiliklar

Коронавирус текшируви

Сурат манбаси, Getty Images

    • Author, Николай Воронин
    • Role, Илм-фан масалалари бўйича мухбир
  • Published

Коронавирус билан касалланган беморларда иммунитет бир умрга қоладими? Америкалик олимлар бир-биридан мустақил ўтказган икки тадқиқотлари ортидан кутилмаган хулосага келишди.

Ковид-19ни бошдан кечирган одамларда коронавирусга нисбатан барқарор иммунитет ривожланади, бу эса инфекция нисбатан енгил шаклда бўлса, соғайган беморни бир неча ўн йиллар давомида вирусни қайта юқтиришдан ҳимоя қилади, демоқда баъзи олимлар.

Ушбу кутилмаган хулоса америкалик олимларнинг иккита бир-биридан мустақил тадқиқотидан келиб чиқди. Биринчиси - Миссури штатининг Сент-Луис шаҳридаги Вашингтон Университети иммунологлари томонидан ўтказилган бўлиб, бу ҳафта "Nature" журналида чоп этилди. Иккинчиси - Нью-Йоркдаги Рокфеллер университети молекуляр биология лабораторияси жамоаси томонидан бажарилган бўлиб, ҳали илмий жамоатчилик томонидан синовдан ўтказилмаган ва ҳозирча нашр этилиш арафасида турибди.

Яқин вақтгача коронавирус инфекциясига қарши иммунитет узоқ давом этмайди деб ишонилаётган эди. Олимлар кўпгина беморларнинг қонида улар соғайгандан кейин махсус антитанача концентрацияси (улар вирусдан ҳимоя қилади) бир неча ой ичида тезда пасая бошлаганини кўрсатган кўплаб тадқиқотлар натижаларига асосланиб бундай хулосага келишган.

Кўплаб мутахассислар иммунитетни самарали ҳимоя қилиш муддатини тахминан 1.5-2 йил дейдилар, шунинг учун янги тадқиқотлар хулосалари улар учун ёқимли кутилмаган натижа бўлди.

Бироқ Би-би-си билан суҳбатлашган мустақил экспертлар янгиликларга эҳтиёткор некбинлик билан муносабатда бўлишга ва тўйдан олдин ноғора чалмасликка чақирмоқдалар. Ахир Ковид-19 қайта юқтирилишининг бир нечта тасдиқланган ҳолатлари аллақачон илмий адабиётларга кирган ва умрбод иммунитет версияси бугунги кунда назария бўлиб қолмоқда - ҳатто жуда ишонарли бўлса ҳам.

Душманни бирдан таниш

Танамиздаги махсус иммунитетни (яъни маълум бир касалликдан ҳимояни) нафақат қонда эриган оқсил молекулалари - антитаначалар, балки хотира Т ҳужайралари ҳам таъминлайди.

Янги, номаълум инфекциянинг қўзғатувчиси билан учрашиб, унинг калитини топганда лимфоцитлар зараркунандаларни эслаб қолади, улар қайта юқтирилганда тез ва самарали иммунитетни таъминлайдиган керакли нейтраллаштирувчи антитаначаларни ишлаб чиқаришни бошлайди.

Коронавирус

Сурат манбаси, Science Photo Library

Сент-Луисдаги Вашингтон университети Тиббиёт мактаби олимлари деярли бир йил давомида Ковид-19ни асосан енгил шаклда бошдан кечирган 77 беморнинг (улардан фақат олтитаси касалхонага ётишига тўғри келган) аҳволи ва қонидаги ўзгаришларни кузатдилар.

Бу вақт давомида беморга касалликни енгишга ёрдам берган ҳимоя антитаначаларнинг концентрацияси пасайишда давом этди: дастлаб жуда тез, кейин (соғайишдан ўртача тўрт ой ўтгач) - бироз секинроқ.

Аммо тадқиқотнинг асосий муаллифи, иммунология профессори Али Эллебеди айтганидек, бирмунча вақт антитаначаларнинг даражаси пасайишдан тўхтаб, бир маромга тушган. Коронавирус ҳақида маълумот сақлайдиган хотира ҳужайралари эса фаолликни сақлаб қолган ва бемор учун зарур бўлган минимал ҳимоя молекулалари концентрациясини таъминлаб турган.

"Биз симптомлар пайдо бўлганидан 11 ой ўтгач, собиқ беморларда [Sars-Cov-2] вирусга қарши антитаначалар ишлаб чиқарадиган ҳужайраларни топдик, - дейди профессор Эллебеди. - Ушбу ҳужайралар собиқ беморнинг танасида бир умр яшайди ва керакли антитаначаларни ишлаб чиқаради, демак, иммунитет узоқ вақт сақланиб қолади."

Мунтазам қон тестларидан ташқари, тадқиқотчилар ўн тўққиз бемордан суяк илиги намуналарини икки марта олишди: биринчисини инфекциядан 7-8 ой ўтгач, кейин эса бир йил ўтгач. Ковид антитаначаларини ишлаб чиқариш учун дастурлаштирилган махсус хотира Т-лимфоцитлари 19 намунадан 15 тасида топилган.

Назорат гуруҳи таҳлилларида (яъни вирусга чалинмаган одамлар) вирусни таниб олишга "ўрганган" ҳужайралар топилмади.

"Муддатсиз"

Агар Ковид-19 беморга енгил шаклда ўтса, тестлар инфекциядан 2-3 ҳафта ўтгач унинг танасида вирус мавжудлигини ортиқ кўрсатмайди, деб эслатади профессор Эллебеди. Шундай қилиб, аниқланган хотира ҳужайралари "янги" иммунитет реакцияси бўлиши мумкин эмас.

Коронавирус

Сурат манбаси, Getty Images

"Суяк илиги тўқималарида улар уйқу ҳолатида, аммо маълум миқдорда антитаначалар ишлаб чиқаришни давом эттиради, - деб тушунтиради профессор. - Бу бемор тузалгандан бери улар қилаётган ишдир ва у муддатсиз давом этади.

"Nature"даги мақола муаллифлари фикрига кўра, эмлаш натижасида олинган иммунитет ҳам шу қадар узоқ сақланади деб мантиқан тахмин қилиш мумкин. Ковид-19 касаллигини ҳеч қандай аломатларсиз ўтказган беморлар ҳам узоқ муддатли ҳимояга умид қилишлари мумкин.

Бироқ аввал коронавирусни оғир шаклда ўтказганганлар қанчалик ҳимояланганини аниқлаб олиш керак. Касалликни оғир кечирган беморларда инфекцияга гипертрофик реакция кузатилади ва бу автоиммун касалликка олиб келади (цитокин бўрони деб аталади), бу эса организмни заифлаштириши ва узоқ муддатли иммунитет шаклланишига тўсқинлик қилиши мумкин, деган версия ҳам мавжуд.

Тадқиқотга алоқаси бўлмаган мустақил экспертлар "Nature"даги мақола муаллифлари далилларига қўшилади, аммо ундан катта хулосалар чиқариб юбормасликка чақирган.

Лондон Империал коллежи иммунология профессори Дэнни Олтманнинг сўзларига кўра, америкалик олимларнинг ишлари иммунитет хотираси жуда нозик ва мураккаб нарса эканлигини яхши эслатади.

"Бир томондан, биз қон зардобидаги антитаначаларнинг даражаси тез пасайиб бораётганини кўрамиз ва бу бизни иммунитет ҳимояси узоқ давом этмайди деб тахмин қилишга мажбур қилади, - деди у. - Бошқа томондан, биз вирусни таниб олишга ўргатилган, ушбу антитаначаларни ишлаб чиқариш учун ҳаётий кучга эга ва керакли вақтда жараённи қайта бошлашга қодир ҳужайраларни топамиз.

"Улар ҳақиқатан ҳам ишга туширилса, буни қила оладими, яъни биз бу гипотеза ҳақиқий жанг синовидан ўтмагунча буни билмаймиз. Агар бу назария тўғри бўлса, масалан, эмлашлар орасидаги муддат узоқроқ бўлиши мумкин", дея тушунтиради у.

Олтманнинг ҳамкасби, Рединг университети қошидаги фармацевтика мактабидан профессор Александр Эдвардс унчалик некбин эмас. Охир-оқибат иммунитет ҳимоясининг самарадорлиги нафақат антитаначалар даражасига ёки уларни ишлаб чиқарадиган ҳужайралар мавжудлигига, балки вируснинг ўзига ҳам боғлиқдир. Вирус эса мутацияга учрайверади.

"Афсуски, иммун тизимининг ҳеч қандай ҳужайраси бизни инфекциялар қайта пайдо бўлишини, улар қанчалик тез бошланиши ва қанчалик тез-тез пайдо бўлишини ва касаллик қанчалик оғир ўтишини аввалдан айтишга имкон бермайди", деб таъкидлайди профессор Эдвардс.

Эҳтиёт чоралари

Сурат манбаси, Getty Images

"Албатта, иммунологларнинг маълумотлари муҳим ва бу ажойиб янгилик, аммо бу бизга эпидемия қандай ривожланади, деган саволга жавоб бермайди, - дея хулоса қилади профессор. - Фақат тузалиб кетган беморларни кузатадиган эпидемиологик тадқиқотлар ва уларни ҳали касал бўлмаганлар билан таққосланг ва шу пайтгача олиб борилган ишлар эса такрорий юқтириш мумкинлигини кўрсатмоқда."

Коронавирус янгиликлари

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek