Шагуфта ва Шафқат Муҳаммад пайғамбар(с.а.в)ни ҳақорат қилганмиди? Dunyo yangiliklar

Шагуфта Кавсар ва Шафқат Эммануэль 2014 йилда Ислом дини пайғамбарини ҳақорат қилишда айбдор, деб топилишган

Сурат манбаси, FAMILY HANDOUT

Сурат тагсўзи, Шагуфта Кавсар ва Шафқат Эммануэль 2014 йилда Ислом дини пайғамбарини ҳақорат қилишда айбдор, деб топилишган
Published

Насроний эр-хотиннинг ишини Покистонда Олий маҳкама кўриб чиқди. Покистонда шаккоклик учун ўлим жазоси кўзда тутилган.

Шагуфта Кавсар ва Шафқат Эммануэль 2014 йилда Ислом дини пайғамбарини ҳақорат қилишда айбдор, деб топилишган.

Маҳкама ўшанда уларни ўлим жазосига ҳукм этган.

Кеча, пайшанба куни эр-хотиннинг ишини Лаҳор Олий маҳкамаси қайта кўриб чиққан.

Далиллар етарли эмаслигини айтиб, икковлонга қарши чиқарилган дастлабки маҳкама ҳукмини бекор қилган.

Адвокати Сайф ул Маликнинг айтишича, суд уларни оқлаган.

Шагуфта Кавсар

Сурат манбаси, Family handout

Сурат тагсўзи, Шагуфта маҳаллий насроний мактабларнинг бири қоровул бўлиб ишлаган, эри эса ногирон, қисман фалаж

Аммо қоралов томони Лаҳор Олий маҳкамаси ҳукмидан норози ва апелляцияга бермоқчи.

Шаккоклик учун Покистонда ўлим жазоси кўзда тутилган эса-да, шу пайтгача маҳкама ҳукми билан бирор бир киши қатл этилмаган.

Аммо суд томонидан шаккокликда айбдор, деб топилишлари ортидан ғазабнок оломон томонидан ўлдирилганлар сони ўнлабдир.

"Мен жамиятимиздаги энг ҳимоясиз одамлардан бўлган бу жуфтликни озод этишга муваффақ бўлганимиздан жуда бахтиёрман", - деб айтган насроний эр-хотиннинг адвокати.

У суд қарори эълон қилиниши ортидан, мижозларининг келаси ҳафта қўйиб юборилишига умид қилмоқда.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш гуруҳлари ҳам суд ҳукмини олқишлаб чиқишган.

"Бугунги қарор, энг аввало, на-да судланиши ва на-да олий жазога ҳукм этилиши керак бўлган жуфтнинг етти йиллик азобларига чек қўйди", - деб айтган, жумладан, Amnesty International ташкилотининг Жанубий Осиё бўйича вакиласи.

Эр-хотин нимада айбланишган?

Покистон Олий маҳкамаси

Сурат манбаси, AFP/GETTY

Икковлон 2014 йилда Шагуфтанинг номига олинган уяли телефондан маҳаллий имомларнинг бирига Муҳаммад пайғамбар (с.а.в)ни ҳақорат қилувчи шакконона пайғомлар юборишда айбдор, деб топилишган.

Аммо ўтган йили унинг акаси Би-би-сига уларнинг бегуноҳ эканликлари, ҳатто бу каби ҳақоратомуз пайғомлар ёзиш даражасида саводли эмасликларини айтган.

Шагуфта маҳаллий насроний мактабларнинг бири қоровул бўлиб ишлаган, эри эса ногирон, қисман фалаж.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш гуруҳларининг айтишларича, шаккокликка оид иддаолар аксаран шахсий адоват заминида бировдан ўч олиш ва диний озчиликларни нишонга олиш мақсадида қўллаб келинади.

Эр-хотиннинг адвокати ҳам ўтган йил Би-би-си билан суҳбатида худди шунга ўхшаш тахминни илгари сурган.

У суд жараёнида уришиб қолган насроний қўшнилари Шагуфта номидан SIM карта олиб, бу ишни атайдан уюштирган бўлиши мумкин, деган фаразни илгари сурганликларини айтган.

Шу йил апрель ойида Покистондаги бу насроний эр-хотиннинг суд ишига Европа Парламенти ҳам эътибор қаратган.

Парламент Покистонни диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қила олмасликда расман айблаган.

Аммо Покистонда шаккокликка оид чиқарилган кўплаб ҳукмлар, одатда, апелляциядан сўнг бекор қилинади.

Asia Bibi

Ўтган йили Покистон Олий маҳкамаси ўн йилдан ортиқ умрини қамоқхонада ўтказган насроний аёли Осиё Бибини ҳам оқлаган.

У озод қилиниши ортидан Покистонни тарк этган.

Олий маҳкаманинг мазкур ҳукми Покистондаги диний мутаассиб гуруҳларнинг зўравон норозилик намойишларига ҳам сабаб бўлмай қолмаганди.

Protesters outside Pakistan Supreme Court

Сурат манбаси, AFP/Getty

Сурат тагсўзи, Бир неча гуруҳлар Олий суд қарорига норозилик сифатида намойиш уюштирдилар

Покистон дунёнинг аксарият аҳолиси мусулмон давлати бўлади.

Исломий бу мамлакат аҳолисининг 2 фоизга яқинини насронийлар ташкил этишади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek