Афғонистон: АҚШ ҳарбий базалари яна Марказий Осиёга қайтадими? - Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Фрэнк Гарднер
- Role, Хавфсизлик масалалари бўйича мухбир, Би-би-си
- Published
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
АҚШ, Британия ва НАТО ҳарбий кучлари шу ёзда Афғонистондан чиқиб кетмоқчи. Толибон кучайиб бормоқда, айни пайтда, "ал-Қоида" ва ИШИД янада каттароқ хунрезликларни амалга оширмоқда. Мамлакатда Ғарбнинг ҳарбий ҳозирлигисиз, бу гуруҳларни қандай қилиб тийиб туриш мумкин?
Ғарбнинг жосуслик бўйича мулозимлари худди Усома бин Ладен 9/11 воқеларини уюштиргани каби Афғонистондан туриб халқаро террор ҳужумлари амалга оширила бошлаши мумкин, деб ҳисоблайди.
АҚШ президент Жо Байден белгилаган қўшинларни олиб чиқиб кетиш муддати - 11 сентябрь яқинлашар экан, бу муаммо Британия сиёсатдонларини хавотирга сола бошлаган.
Британия Мудофаа штаби бошлиғи генерал сэр Ник Картер яқинда айтганидек, "биз умид қилган самара бўлмади".
Афғонистон келажаги номаълум бўлиб борар экан, 20 йил давомида катта қурбонликлар билан қилинган аксилтеррор тадбирларида қўлга киритилган ютуқлар жиддий хавф остида қолмоқда.
"Муаммо шундаки, - дейди Стратегик тадқиқотлар халқаро институтида минтақавий хавфсизлик бўйича эксперт Жон Рейн, - вазият тезда ўзгариб кетиши ва афғон ҳукумати, ҳатто узоқдан АҚШ қўлловини олиб турса ҳам, бунга мослаша олмаслиги мумкин."
Шунга қарамай, Президент Жо Байден учун бу доимий режа бўлган.
У Обама маъмуриятида вице-президент бўлган вақтда, 2009 ва 2011 йилларда бу мамлакатга келган чоғда Афғонистонда давлатчиликни қарор топтириш вақтни беҳуда совуриш бўлишини, бунинг ўрнига АҚШ террорчиликка қарши четда туриб курашиш йўлини танлаши, ҳаво ҳужуми ва Махсус кучлар рейдларини амалга ошириши кераклигини айтган эди.
Пентагон бу фикрга қўшилмаган ва АҚШнинг собиқ Мудофа вазири Роберт Гейтс ўз хотираларида Жо Байден ҳақида "ўтган 40 йил давомида муҳим ташқи сиёсат ва миллий хавфсизлик масалаларида ҳар жиҳатдан адашган", деган эди.
Хўш, сентябрдан сўнг Ғарбнинг Афғонистондаги аксилтеррор кураши қандай кўриниш олади?
Дрон ҳужумлари
Бундай ҳужумлар сони ошиши мумкин. Дронлардан ёки тўлиқ номи билан айтсак, узоқдан бошқарилувчи учоқ ёки учувчисиз ҳаво машиналаридан кенг фойдаланиш Жо Байден вице- президент бўлган Обама маъмурияти томонидан маъқулланган эди.
Узоқ минтақаларда, Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош ва Яман ҳудудида - ҳар икки ерда ҳам "ал-Қоида" етакчилари яширинган эди - кетма-кет амалга оширилган дрон ҳужумлари террорчи гуруҳлар ҳаракатланишига "аччиқ таъсир" қилган эди, дейди жосуслик бўйича расмийлар.

Сурат манбаси, Getty Images
Бу уларнинг қўмондонларини доимий қочиб юришга, бир жойда бир ёки икки тундан ортиқ қолмасликка мажбур қилган, уларнинг аъзолар билан алоқа ўрнатишини қийинлаштириб қўйган эди.
Аммо дрон ҳужумлари баҳсли масала саналади. Улар жуда хавфли - ҳужумни амалга оширувчилар учун эмас, улар минглаб километр наридаги Невада ёки Линколнширда жойлашган ҳаво кучлари базаларидаги кондиционерли юк контейнерларида ўтиришади. Хавф ҳужум қилинган ҳудуддаги тинч аҳолигадир.
Операторнинг консолларида ҳужум қилинадиган жойнинг аниқ деталлари кўриниб турса ҳам, кутилмаган оқибатлар хавфи ҳамиша мавжуд.
Масалан, Ироқ ва Суриядаги ҳужумда охирги дақиқада оддий фуқаролар келиб қолган эди.
ИШИДнинг жаллоди Муҳаммад Эмвазий ёки "Жиҳадий Жон" бир неча марта америкаликлар нишонига айланган, аммо унинг яқинида тинч фуқаро пайдо бўлиб қолгач, ҳужум бекор қилинган.
Дрон ҳужумлари Яманда инсон ҳуқуқлари фаолларининг, айниқса, норозилигига сабаб бўлган, чунки оддий безарар қабилавий йиғинлар ҳам кўп марта қуролли исёнчилар билан адаштирилган.
Аммо Қизил денгизнинг нариги томонидаги Жибути Ташқи ишлар вазири менга Сомалидаги аш- Шабобга қарши дрон ҳужумларини оқлашини камерага қараб айтишга ҳам рози бўлган эди.
Жосуслик тармоқлари
Ўтган 20 йил давомида Марказий разведка бошқармаси, MI6 ва бошқа жосуслик агентликлари Афғонистоннинг Миллий хавфсизлик директорати (МХД) билан яқин ҳамкорлик ўрнатган, унга хавфларни аниқлаш ва бартараб қилиш, айрим шахсларнинг янада шафқатсиз усулларни қўллашдан тийилишига ёрдам бериб келади.
"Биз бундан кейин ҳам МХДга керакли ёрдамни бера оламиз, - деди шу ҳафта Ғарбнинг бир хавфсизлик расмийси. - Шунчаки бизнинг иш режимимиз мослашиши керак."

Сурат манбаси, EPA
Толибон келажакда афғон ҳукумати таркибида бўлишини асосли тахмин қилиш мумкин. Шундай экан, Ғарб уларга қарши шунча йил курашгандан кейин улар билан жосуслик маълумотлари алмашишга тайёрми? "Буни тасаввур қилишнинг ўзи қийин", дейди расмий.
Бу ерда муҳим масала шуки, Толибон Доҳада ўтган тинчлик музокараларида айтгандек "ал-Қоида" билан муносабатларни чиндан узганми?
Бу алоқалар 11 сентябрь воқеаларига қадар бир неча йил давомида баъзида тарихий, баъзида қабилавий, баъзида эса оила никоҳ алоқалари кўринишини олган.
Толибон агар улар келажакда афғон ҳукумати таркибида бўлса, халқаро тан олинишини билади, демакки, террор гуруҳи сифатида таснифланган бир гуруҳ билан битта лагерда кўринишни истамасликлари тайин.
Шундай бўлса ҳам, Британиядаги "Eden Intelligence" ақл маркази директори Гэвин МакНикол уларга ишониш соддалик бўлишини айтади.
"АҚШ маъмурияти, - дейди у, - имконсиз хаёлий дунёда яшаётганга ўхшайди, гўёки Толибон "ал-Қоида ва ИШИД билан алоқани узган ва мамлакатга уларни киритмайди. Ундай эмас, бўлмайди ҳам, улар айтаётгандек ҳеч қачон бўлмайди."
Махсус кучлар рейдлари
Британиянинг SBS ёки АҚШнинг Махсус кучлари кичик гуруҳлари томонидан аниқ текширилган жосуслик маълумотлари асосида ўтказилган тунги рейдлар исёнчи қўмондонлар ва уларнинг тармоқларига катта зарба берган. Кўпинча ярим кечаси вертолётларда учиб келган, пиёда ҳаракатланувчи бу "тут ва ўлдир" гуруҳлари Афғон махсус кучлари билан яқин ҳамкорликда ишлаган ва бир қанча ҳужумлар олдини олган.
Аммо сентябрдан кейин бу рейдлар - агар давом этса - мамлакат ташқарисида режалаштирилиб, ташқаридан амалга оширилиши керак бўлади. Вақтни тўғри белгилаш қийинлашади, вақт чўзилганда эса маълумотлар ташқари чиқиб кетиш эҳтимоли ортади. Қай томондан ҳужум қилишни эса битта тунда белгилаб бўлмайди.
Янги базаларни топиш
АҚШ Махсус кучлари "муҳим нишонларга қарши" амалиётлар учун трамплин сифатида фойдаланиб келган Афғонистон шарқидаги махфий база ёпилади.
Бу ярим тунда пайдо бўладиган, катта ва оғир қуролланган америкаликларнинг кутилмаган ташрифларидан энди камроқ қўрқадиган "ал-Қоида" ва ИШИД учун хушхабардир. Бу ҳудудда муқобил жойни қаердан топиш мумкин?
Покистон географик жиҳатдан энг яхши номзод, аммо Ғарбда Покистоннинг жосуслик хизматларида тожовузкор исломий гуруҳлар билан алоқа қиладиган унсурлар борлигига ишонишади.
Марказий Разведка бошқармаси 2011 йилда Усома бин Ладенни тутиш ва йўқ қилиш учун "Нептун найзаси" операциясини ўтказганда, АҚШ махсус кучлари Покистон ҳаво ҳудудига кирганда бу мамлакатни бохабар қилмаслик қарорига келганди. Улар кимдир бин Ладенга хабар бериб қўйишидан хавотир олишган.
Уммон ҳам яна бир эҳтимолий номзод. Ғарбга мойил барқарор ҳукумати бўлган бу султонлик Британиянинг бир нечта катта базасига мезбонлик қилади.
Энг охиргиси Ҳинд океани соҳилидаги Дуқм базасидир. Дуқм афғон чегарасидан минг милдан ортиқ масофа олисда жойлашган ва қўшин ташувчи исталган учоқ Покистон устидан ўтиши керак.
Баҳрайн яна бир вариант бўлиб, у ерда Британиянинг кичик денгиз кучлари базаси жойлашган, АҚШнинг 5 флоти энг катталаридандир.
Афғонистонда яна уруш бошланадими? - Дунё, янгиликлар BBC News O'zbek
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Сўнг Афғонистон билан шимолдан чегарадош Марказий Осиё бор.
11 сентябрь воқеаларидан сўнг АҚШ ҳарбийлари эски совет базаси бўлмиш Хонободдаги базадан фойдаланди.
Аммо 2005 йилда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашиши ортидан ҳарбийлар олиб чиқиб кетилган.
Аммо ҳозир ҳатто таклиф билан бўлса-да, у ерга қайтиш анча баҳсли масала, чунки база хабарларга қараганда турли кимёвий ва радиоактив моддалар билан зарарланган.
Очиқ факт шуки, Афғонистоннинг овлоқ ҳудудларида "ал-Қоида" ва ИШИДни жиловлаш анча оғир масала.
Афғонистоннинг ўзидаги ресурслар ва улардан керак бўлганда қисқа фурсатда фойдаланиш ўрнига муқобил топиш осон эмас.
Ҳозир кўп нарса афғон ҳукуматининг трансмиллий террор гуруҳи, дея таснифланганларга қарши самарали ва қатъий тура олишига боғлиқ.
Британия ҳукуматида юқори лавозимларда ишлаган Жон Рейн ўзгаришларнинг пессимистик манзарасини чизади: "Афғонистондаги террорчилик миқёсини ҳисобга олмаганда ҳам, халқаро ўйинчиларнинг у ерда террорчилик учун имкониятлар кўра олиши мамлакатни террорчилар учун қулай иссиқхонага айлантириб қўйиши мумкин."

Сурат манбаси, Reuters
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































