АЭС ҳалокати ва тадқиқот: Радиация Чернобилга ташланганлар болаларига ўтганми? Rossiya AES dunyo yangiliklar

Илк тадқиқот натижалари умидбахш
Сурат тагсўзи, Илк тадқиқот натижалари умидбахш
    • Author, Виктория Гилл
    • Role, Илм-фан масалалари бўйича мухбир, BBC News
  • Published

Чернобиль атом электр станцияси ҳалокати оқибатларини бартараф этишда қатнашганларнинг болалари ДНКси ўзгарганми ёки йўқ? Дунёнинг олти давлати олимлари илк бор бу хусусда ўз хулосаларини эълон қилишди.

Тадқиқотларга Россия ва украиналик олимлар ҳам бош қўшишган.

Олимлар тарихда илк бор Чернобиль ҳалокатида нурланган одамларнинг болалари генини ўрганишди.

Тадқиқот учун АЭС ҳалокатидан кейин, 1987-2002 йиллар оралиғида туғилган болалар танлаб олинган.

Уларнинг геномлари муфассал, тўлиғича ўрганилган.

АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этиш учун жуда кўп одам ташланган

Сурат манбаси, G LAPTEV

Сурат тагсўзи, АЭС ҳалокати оқибатларини бартараф этиш учун жуда кўп одам ташланган

Маълум бўлишича, болаларда ота-оналарининг нурланиши билан боғлиқ мутациялар топилмаган.

Тадқиқот натижалари нуфузли Science журналида чоп этилган.

Лондон Империал коллежи профессори Жерри Томас ўнлаб йиллар давомида радиация таъсирига боғлиқ саратон хасталикларини тадқиқ қилиб келади.

Олимнинг сўзларига кўра, янги тадқиқотдан мақсад: "одамлар одатдагисидан кучли нурланишга дучор бўлишганида ҳам, бу уларнинг келажакдаги фарзандларига таъсир қилмаслигини исботлаш" бўлган.

Тадқиқот гуруҳига АҚШ Миллий саратон институти профессори Мередит Йегер бошчилик қилган.

Улар Чернобиль атом электр станцияси атрофидаги ифлосланган ҳудудни тозалашда қатнашган ишчиларнинг фарзандлари, шунингдек, АЭСдан 70 км радиусда жойлашган Припять шаҳри ва бошқа аҳоли пунктларидан эвакуация қилинганларнинг геномларини ўрганишган.

Миллий саратон институтидан доктор Стивен Чанокнинг айтишича, ота, она ва боланинг ДНКсини солиштириш учун тадқиқотга бутунбошлик оилалар жалб қилинган.

"Бу гал биз ҳалокат пайтида она қорнидаги болага нима бўлганини эмас, таъбир жоиз, de novo мутацияларини изладик", - дейди у.

Яъни сўз болада бор, аммо ота-онада йўқ мутациялар ҳақида кетмоқда. Улар тухум ёки сперма ҳужайрасида тасодифан пайдо бўлади.

Мутация бола ДНКсининг қаерида юз берганига қараб, у ҳеч қандай оқибатга олиб келмаслиги ёки ирсий касалликка сабаб бўлиши мумкин.

АЭС ҳалокатигача Припятда 50 минг одам яшаган
Сурат тагсўзи, АЭС ҳалокатигача Припятда 50 минг одам яшаган

"Ҳар бир янги авлодда бундай мутациялар тахминан 50-100 тачани ташкил қилади ва улар тасодифан рўй беради", деб тушунтиради доктор Чанок. - Бу маълум маънода эволюциянинг қурилиш материалидир. Бу ҳар бир кейинги авлод билан популяцияда ўзгаришлар юз берадиган механизм.

"Биз ота, она, кейин боланинг геномларини ўрганиб чиқдик ва қўшимча равишда тўққиз ой кутдик, баъзи бир сигналлар, ота-оналарнинг нурланиши билан боғлиқ мутациялар сонининг ўзгаришини кутдик. Аммо бунга гувоҳ бўлмадик", - дейди у.

Олимларнинг айтишларича, бу нурланишнинг ота-она танасига таъсири уларнинг бўлажак фарзандларига зиён етказа олмаслигини англатади.

"Кўп одамлар (Нагасаки ва Хиросима) бомбардимон қилинганидан кейин болали бўлишдан қўрқишди", дейди профессор Би-би-сига. "Фукусимадаги атом электростанциясидаги авариядан кейин ҳам худди шундай бўлди, чунки одамлар радиациянинг ўз фарзандларига қандайдир таъсири бўлиши мумкинлигидан чўчишган".

"Бу жуда ачинарли. Агар биз бундай эффект йўқлигини исботласак, бу қўрқувни енгишимиз мумкин деган умид бор."

Айрим кексалар ҳали-ҳануз тақиқ остидаги ҳудудда яшашади
Сурат тагсўзи, Айрим кексалар ҳали-ҳануз тақиқ остидаги ҳудудда яшашади

Профессор Томас халқаро тадқиқотда қатнашмаган, аммо у ҳамкасблари билан биргаликда Чернобиль фожеаси билан боғлиқ саратон касалликларини алоҳида ўрганиб чиққан.

Улар асосан қалқонсимон без саратонига қизиқишган, чунки АЭСдаги авариядан кейин у камида беш минг одамда аниқланган, уларнинг аксариятини даволашган.

Ҳалокатдан кейин Совет ҳукумати нурланган сутни сотувдан олмаган; болалар уни ичиб, реактордан ташланган катта дозадаги радиоактив йодни қабул қилишган.

"Биз нурланиш оқибатида пайдо бўлган қалқонсимон без саратони ва бошқа аъзолардаги ҳар қандайининг орасида бирор бир фарқ кўрмадик", - дейди у.

Профессорнинг хулоса қилишича, "даволаб бўлмайдиган қандайдир ваҳшатнок Чернобиль ўсимтаси йўқ".

"Уларнинг ҳаммасини худди қолганлари каби даволаш мумкин".

Чернобиль АЭСидаги авариядан бери 4000 кв. км майдон ташландиқлигича қолмоқда
Сурат тагсўзи, Чернобиль АЭСидаги авариядан бери 4000 кв. км майдон ташландиқлигича қолмоқда

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek