Арманлар геноциди тортишуви - ўшанда ўзи нима бўлган? Савол ва Жавоб - Turkiya dunyo yangiliklar

Арманлар қатлиоми

Сурат манбаси, BULENT KILIC/AFP

Published

Жо Байден арманлар геноцид, қилинган деб чиққан сўнгги дунё лидери бўлди. Бунгача 20 дан ортиқ давлат ҳам худди шундай йўл тутишган. Туркия буни рад этади. Тарихчилар бу масала устида тинмай тортишишади. Ўзи нима бўлган?

Биринчи Жаҳон уруши вақтида арманларнинг Усмонли турклари империяси томонидан оммавий қирғин қилиниши ҳануз ўта нозик масала саналади.

Туркия 1915-1916 йиллардаги қирғинни геноцид сифатида тан олиш чақириқларини тан олишдан бош тортиб келади.

Тарихчилар эса бу масала устида тинмай тортишади.

Ўша вақтда туркларнинг арманларга қарши зўравонлиги ҳақида бир қанча хабарлар тарқалган.

Нима бўлган эди?

Усмонли турклари 1915-1916 йилларда арманларни Анатолиядан Сурия чўлларига оммавий кўчирганда юз минглаб арманлар ўлгани борасида ҳамма якдил фикрда.

Улар очлик ва касалликдан ўлган.

Хорижлик гувоҳлар, жумладан, журналистлар, миссионерлар ва дипломатлар зўравонликлар ҳақида ўша вақтда хабар берган.

Ўлган арманлар сони эса баҳсли. Арманларнинг ўзлари 1.5 миллион дейди, Туркия эса жами 300 000, деган даъвода.

Геноцидни ўрганувчи олимлар халқаро ассоциациясига (ГОХА) кўра, ўлганлар бир миллиондан ошиқ бўлган.

ГОХА 2005 йили ўша вақтдаги Туркия Бош вазири Режеп Таййип Эрдўғанга йўллаган мактубида шундай дейилади: "Шуни таъкидлашни истардикки, арман геноцидини нафақат арманларнинг ўзлари, балки геноцид масалаларини ўрганувчи олимларнинг аксариси тан олган."

Геноцид нима?

БМТнинг Геноцид тўғрисидаги 1948 йилги конвенцияси иккинчи моддасида "геноцид миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни бутунлай ёки қисман йўқ қилишнинг қасддан амалга оширилишидир", деб таърифланган.

Ўлдиришлар мунтазам эдими?

Аксарият турк зиёлилари арманлар қатлиомини тан олишади

Сурат манбаси, BULENT KILIC/AFP

Сурат тагсўзи, Аксарият турк зиёлилари арманлар қатлиомини тан олишади

У чиндан ҳам геноцид бўлгани ёки йўқлиги унинг қанчалик аввалдан махсус режалангани - ўлдиришлар қасддан режали амалга оширилгани масаласига боғлиқ.

Аксарият тарихчилар, ҳукуматлар ва арманлар ўшанда ўлдиришлар шундай бўлганига ишонади. Аммо бир қанча олимлар буни савол остига олади.

1943 йили "геноцид" атамасини илк марта қўллаган польяк яҳудий юристи Рафаэль Лемкин ўз тадқиқотларида арманларга қарши зўравонликлар ва нацистларнинг яҳудийларни қирғин қилишини мисол тариқасида келтирган.

Турк расмийлари зўравонликлар бўлганини тан олади, аммо насроний арманларни йўқ қилиш учун тизимли уриниш бўлганини инкор қилади.

Туркия уруш вақтида кўплаб мусулмон турклар ҳам ўлганини айтади.

Сиёсий контекст қандай эди?

1908 йили ҳокимиятни қўлга олган ҳарбийлар ҳаракати - Ёш турклар урушда Усмонли турклари империяси қақшатқич зарбаларга учраётган пайтда арманларга қарши қатор тадбирларни амалга оширди.

Ўзларини Иттифоқ ва тараққиёт қўмитаси (ИТҚ) деб атовчи Ёш турклар 1914 йили Германия томонда урушга кирди.

Ўша вақтдаги турк пропагандаси арманларни бузғунчилар ва Россиянинг "бешинчи колоннаси" қилиб кўрсатар эди.

Арманлар 1915 йил 24 апрелни геноциднинг бошланиши деб белгилайди.

Ўша куни Усмонли салтанати ҳукумати 240 нафар атрофидаги арман зиёлилари ва жамоа етакчиларини ҳибсга олади.

Улар кейинчалик қатл қилинган.

Усмонли армиясидаги арманлар қуролсизлантирилиб, сўнг ўлдирилган.

Арманлар мол- мулклари мусодара қилинган.

Кимдир жавобгарликка тортилганми?

1919-1920 йилларда бир нечта юқори мартабали Усмонли мулозимлари маҳкамага тортилган.

Маҳаллий ҳоким Меҳмед Кемал марказий Анатолия тумани Ёзгатда арманларни оммавий ўлдирганликда айбдор, деб топилиб, дорга осилган.

Ёш туркларнинг уч триумвири - "Уч пошшо" аллақачон мамлакатдан қочиб кетган эди. Улар сиртдан ўлимга ҳукм қилинган.

Тарихчилар бу суд жараёнларидаги юридик процедуралар, уларда келтирилган далиллар ва турк расмийларининг ғолиб иттифоқчи давлатларни тинчлантириш истаги қанчалик бўлганини савол остига олади.

Ким геноцид дейди ва ким тан олмайди?

Америка арманлари учун қатлиомнинг тан олиниши асосий талаб эди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Америка арманлари учун қатлиомнинг тан олиниши асосий талаб эди

24 апрель куни қатлиомнинг 106 йиллигида шундай қилган энг охирги дунё лидери АҚШ президенти Жо Байден бўлди.

Арманларга қарши қатлиомни геноцид деб расман тан олган 20 дан ортиқ давлат орасида Аргентина, Бразилия, Бельгия, Канада, Франция, Германия, Италия, Нидерландия, Португалия, Россия ва Уругвай бор.

Айрим ҳолатларда тан олиш парламент резолюциялари билан бўлган, ҳукуматлар томонидан эмас.

Улар ичида энг муҳими 2019 йили АҚШ Конгрессиники бўлди.

АҚШ ҳукуматлари ўн йиллар давомида бу ишдан тийилиб келган, чунки Туркия НАТОдаги иккинчи энг катта ҳарбий қудрат ва Ғарб учун стратегик муҳим давлат саналади.

АҚШда Россиядан кейинги энг катта арман диаспораси яшайди - бир миллиондан ортиқ.

Европа Парламенти ва БМТнинг Озчиликларни ҳимоя қилиш ва камситилишига йўл қўймаслик бўйича суб комиссияси шафқатсизликларни геноцид, деб тан олган.

Қатлиомнинг юз йиллигига яқин Папа Фрэнсис уни "20-асрдаги илк геноцид", деб атаганида Туркия ғазаб билан жавоб қайтарган эди.

Туркия Ватикандаги элчисини чақириб олган ва Папани "одамлар азоб-уқубатлари борасида нохолислик"да айблаган эди.

Папа "Биринчи Жаҳон уруши вақтида турк ва мусулмонлар чеккан азобни эътибордан четда қолдирди, насронийлар, хоссатан, арманлар азобларига урғу берди", деди Туркия Ташқи ишлар вазирлиги.

Францияда катта арман диаспораси бор ва 2019 йилдан бери 24 апрелда "Арман геноциди"ни расман хотирлайди, Париждаги ёдгорликда маросим тадбир ўтказилади.

Жанжалнинг сиёсий таъсири қандай?

Арманлар қатлиоми

Сурат манбаси, LIBRARY OF CONGRESS

Сурат тагсўзи, Биринчи Жаҳон уруши вақтида арманларнинг Усмонийлар томонидан оммавий қирғин қилиниши ҳануз ўта нозик масала саналади

Мазкур воқеалар диаспораларни бирлаштирган замонавий арман тарихининг бошланиши сифатида қаралади. Арманлар дунёнинг энг тарқоқ яшовчи халқларидан биридир.

Туркияда бу борадаги ижтимоий баҳслар бўғиб қўйилган. Мамлакат Жиноят кодексининг 301-моддаси "туркликни ҳақоратлаш" ҳақида бўлиб, бу модда арманлар қатлиоми масаласини кўтарадиган машҳур ёзувчиларни айблаш учун қўлланган.

Улар орасида Нобель лауреати Ўрхон Памуқ ва икки тилли турк арман газетаси муҳаррири, 2007 йили отиб кетилган Ҳрант Динк бор.

Ультра миллатчи ўсмир Огун Самаст, Динкни ўлдиришда айбланиб, 2011 йили 23 йилга қамалди.

2021 йил мартида икки собиқ турк полиция ходими худди шундай айблов билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Европа Иттифоқи Туркиянинг арман геноцидини тан олиши унинг иттифоққа аъзо бўлиши учун шарт эмаслигини айтган.

Арманлар қатлиоми

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, 1915 йил. Арманистоннинг вайрон қилинган Шайхалан қишлоғи. (Сурат: Арман геноциди музей-институти)

Арман-турк муносабати ҳамон совуқми?

Ҳа. Уларда дипломатик алоқалар йўқ. Ўн йилларча давом этган адоватлардан сўнг, бироз юмшаш кузатилди, аммо 2009 йилдан бери бирор ижобий силжиш бўлмади.

2020 йилда Тоғли Қорабоғда олти ҳафта давом этган уруш арман-турк муносабатини янада ёмонлаштирди.

Туркия 1990-йиллардаги урушдан бери этник арманлар назорат қилиб келган ҳудуд Тоғли Қорабоғ масаласида Озарбайжонни дастаклади.

Озарбайжон катта ҳудудларни қўлга киритиб, арман кучларини қўшни ҳудудлардан суриб чиқарди.

2020 йил сентябрида уруш бошланмасидан бир неча ҳафта бурун, Туркия Озарбайжон билан катта миқёсда ҳарбий машғулотлар ўтказган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek