Россия Афғонистон ичидаги жангариларга АҚШ аскарларини ўлдириш учун мукофот таклиф этганини рад қилди

АҚШ бошчилигидаги қўшинлар 18 йил аввал Толибонни йўқ қилиш учун Афғонистонга кириши ортидан 13 минг Ғарб аскари ҳали ҳам мамлакатда қоляпти
Сурат тагсўзи, АҚШ бошчилигидаги қўшинлар 18 йил аввал Толибонни йўқ қилиш учун Афғонистонга кириши ортидан 13 минг Ғарб аскари ҳали ҳам мамлакатда қоляпти
Published

Россия Афғонистонда Толибонга алоқадор жангариларга Америка ва бошқа НАТО қўшинларини ўлдириш учун мукофот пули таклиф қилганини «асоссиз» дея рад этди.

The New York Times ва Washington Post газеталари АҚШ расмийларига таяниб хабар беришларича, Европадаги суиқасд ҳаракатларига алоқадор Россия ҳарбий хавфсизлик бўлими ўтган йил шундай мукофотларни таклиф қилган.

Россиянинг АҚШдаги элчихонаси бу каби иддаолар ортидан ўз дипломатларига таҳдидлар бўлаётганини билдирди.

Толибон ҳам Россия махфий хизматлари билан бундай келишув бўлганини рад қилди.

Бу хабарлар Америка Афғонистондаги 19 йиллик урушни якунлашга уринаётган бир вақтда юзага чиқмоқда.

New York Times хабарига кўра, Президент Доналд Трамп март ойида бу ҳақида хабардор этилган, аммо Оқ Уй буни рад этяпти.

New York Times газетасига маълумот берган ва исми сир тутилаётган расмийларга кўра, АҚШ махфий хизматлари бир неча ой аввал Россиянинг ГРУ ҳарбий жосуслик агентлиги коалицион қўшинларга қарши муваффақиятли ҳужумлар учун мукофот таклиф этаётганини аниқлаган.

Исломий жангарилар ёки уларга алоқадор жиноий гуруҳлар маълум миқдорда бу каби мукофот пулларини қабул қилиб олганлар, дейилади газетада.

Россиянинг АҚШдаги элчихонаси бир қатор Твиттер постлари орқали Америкадаги газетани сохта хабарлар тарқатишда айблади.

Twitter

Сурат манбаси, Twitter

2019 йилда Афғонистонда 20 нафар америкалик аскар ҳалок бўлган, аммо New York Times уларнинг айнан қай бирлари учун пул берилгани номаълум демоқда.

Мақолада айтилишича, Оқ Уйнинг Миллий хавфсизлик кенгаши Россияга қандай жавоб бериш ҳақида бош қотириб, унга қарши янги санкцияларни киритишни ҳисобга олган.

Россиянинг ГРУ бўлими 2018 йил мартида Англиянинг Солсбери шаҳрида Россиянинг собиқ жосуси Сергей Скрипал ва унинг қизи Юлияни заҳарлаб ўлдиришга уринишга ҳам алоқадорлиги айтилган.

Толибон воизи ҳам мукофот пули ҳақидаги айбловларни «асоссиз» деб атади.

«Бизнинг нишонли қотилликларимиз ва суиқасд амалларимиз йиллар оша давом этиб келарди, биз буни ўз заҳираларимизга таяниб қилганмиз,» - деди Забиҳулло Мужоҳид New York Times газетасига.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ ва НАТО ўз қўшинларини босқичма-босқич Афғонистондан олиб чиқиши ва санкцияларни тугатишига февраль ойида рози бўлиши ортидан Толибон уларнинг аскарларига ҳужумларни тўхтатган.

Бунинг эвазига Толибон ўз назорати остидаги ҳудудларда экстремист гуруҳларга фаолият юритишни тақиқлашни ваъда қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek