Дунё, мусулмонлар: Веганлигимни нега оиламдан яшириб келдим?

BBC
Сурат тагсўзи, Сумая веганга айланганини олти ой оиласидан яшириб юрган
Published

Бир вақтнинг ўзида ҳам мусулмон, ҳам веган бўлиш мумкинми? Сумая ва Мара шундай, деб ўйлайди.

"Нима?! Веганмисан?... ВEГАН?... Кейин нима қилмоқчисан?... Ҳижобингни ечасанми?!"

Сумаянинг онаси унинг гўшт емаслигини билиб қолганида шундай муносабат билдирган.

18 яшар Сумая Лондонда истиқомат қилади.

У кўплаб замонавий британияликлар каби турли инсоний сифатларга эга эканидан фахрланади. Британиялик. Ҳижобли мусулмон аёл. Сомалилик. Ва яқинда веганга айланган.

Веганлар Жамиятининг 2019 йилдаги маълумотига кўра, Британияда 600 минг инсон гўшт истеъмол қилмайди.

Мамлакатдаги мусулмон веганлар тўғрисида маълумотлар йўқ.

Веганлик ва мусулмон бўлиш бир-бирига мос бўлмаган тушунчалар эканидан кўп мусулмон веганлар танқидга юз тутадилар.

Айрим мусулмонлар Аллоҳнинг сўзи билан ҳалол қилинган гўштдан воз кечиш мўминга ярашмайдиган иш эканига ишонадилар.

Сирнинг фош бўлиши

Сумая веганга айланганини олти ой оиласидан яшириб юрган.

Бир куни тўпиғини синдириб олиб, уйда ётиб қолган 16 яшар Сумаяга дадаси кўнгил кўтариш учун совға олиб келади.

Бу бир халта қовурилган товуқ эди.

«Дадам мени чақириб, сенга ёқтирган нарсангни олиб келдим, деди», эслайди у.

Товуқ гўштини кўрган Сумаянинг қорнида бирдан оғриқ туради ва у бор гапни яқинларидан ортиқ сир тутмасликка қарор қилади.

Сумая сомалилик мусулмонлар оиласида ўсган ва гўшт оиланинг асосий истеъмол маҳсулоти бўлган.

«Нонушта, тушлик ва кечки овқат - ҳамма вақт ейишимиз гўшт, гўшт ва яна гўшт эди», сўзлайди у.

Мусулмонлар Британия аҳолисининг 4,6 фоизини ташкил этади ва Қўшма Қиролликда етиштирилган қўй гўштининг 20 фоиздан зиёдини айнан улар истеъмол этадилар.

15 ёшга кирганда, Сумая тановул қилаётгани гўшт миқдоридан ташвишга туша бошлаган. Интернетда ўсимлик маҳсулотларига асосланган овқатланиш тартибининг афзалликларини ўрганишга тушган.

У гўштдан воз кечиш саломатлигига ижобий таъсир кўрсатганини айтади.

Аксарият одамлар учун веганга айланиш чоғидаги энг қийин дамлар гўштдан тайёрланган қовурдоқ ёки кабоб каби ширин таомларни қўмсаш бўлади.

Бироқ Сумая учун энг қийин вақт веганлигини оиласидан яшириш бўлган.

У ярим йил давомида ота-онасига кўпроқ сабзавот ейишни хоҳлаётганини айтиб келган.

Аммо дадаси олиб келган товуқни кўргач, ҳаммасини очиқлашга азм қилган.

Сумаяни интернет орқали қўллаган диндошлари талайгина.

Улар қизга соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб этаётгани учун ташаккурлар жўнатадилар.

Лекин веганлиги учун кўплаб мусулмонлар томонидан қарғишга ҳам учраган.

BBC

"Бор истагим - соғлом ҳаёт кечириш. Мусулмон ва веган бўлиш бир-бирига халал бермайди", таъкидлайди у.

Дунё бўйлаб миллионлаб мусулмонлар бир кунда катта миқдорда гўшт истеъмол қиладилар.

Бундан ташқари мусулмонлар учун муқаддас байрам - Қурбон ҳайитининг асосий белгиси ҳам гўштдир. Бу байрамда қурбон келтирилган ҳайвон гўшти ёр-биродарлар ва мискинларга улашилади ҳам.

Веган бўлиш «оқларнинг иши»

Марага кўп бор гўштдан воз кечиш «оқларга хос амал» эканини айтишган, аммо унинг ўзи бундай қарашни «мутлақо аҳмоқона» ҳисоблайди.

Исломдаги муҳим байрамлардан бирининг асосида ҳайвонни қурбонликка келтириш турганда веганлик ва мусулмон бўлиш бир-бирига ёт тушунча бўлиб қолмайдими?

23 яшар Мара йўқ, деган жавобни беради.

«Мусулмон сифатида биз сўйишдан аввал ҳайвонларга яхши қараймиз. Замонавий дунёда эса ҳайвонларнинг беозор етиштирилишига кафолат йўқ бўлган пайтда гўштдан воз кечишимиз лозим», таъкидлайди у.

Покистонликлар оиласида ўсган Мара веганлик тўғрисида фильм томоша қилиши ортидан гўшт ейишни тўхтатган.

BBC
Сурат тагсўзи, Мара веганлик тўғрисида фильм томоша қилиши ортидан гўшт ейишни тўхтатган

Бироз вақт ўтиб, ҳайвонлар ҳуқуқи билан ҳам қизиқа бошлаган.

«Ҳайвонларга зулм қилиш Исломга тўғри келмайди. Мен қурбонлик ўрнига бошқаларга кўмак ёки хайрия улашишни маъқул кўрадиган баъзи мусулмонларни биламан. Ўзим ҳам шундай қилмоқчиман».

Маранинг оиласи унинг қарорини ҳурмат қилган бўлсада, қизни диний эътиқодига қарши чиқишда айблаганлар ҳам топилган.

«Пайғамбаримиз гўшт еган, нима сен гўштни рад этиб, у ноҳақ бўлган, демоқчимисан?» каби саволларни ҳам беришган Марага.

«Шунда мен уларга пайғамбар тутган парҳезни ўрганиб чиққаним ва у тановул қилган таомларнинг 90 фоизи хурмо ва арпадан иборат бўлганини айтдим», сўзлайди Мара.

Олимлар иқлим исишига қарши кураш йўлида гўшт истеъмол қилишни камайтириш заруриятига урғу берадилар.

Веганлик бўйича Исломнинг қараши қандай? Илм аҳли бу ҳақида нима дейди?

33 яшар Сайфул Аҳмад Буюк Британиядаги энг ёш имомлар сирасига киради.

У веган бўлиш Исломга зид эмаслигини таъкидлайди.

Мара веганлик тўғрисида фильм томоша қилиши ортидан гўшт ейишни тўхтатган.
Сурат тагсўзи, Мара ҳайвон ҳуқуқлари бузилишига қарши намойишда

"Фақат ўсимлик маҳсулотларидан иборат парҳез тутиш динга қаршими, деган саволга фақат "йўқʼ жавобини бериш мумкин. Исломда тановул қилаётган таомингиз ҳалол нарсалардан тайёрланган бўлиши талаб этилади. Веганларнинг парҳези бу талабга жавоб беради".

Сумая ота-онаси унинг веган бўлиш қарорини қабул қилгани ва, ҳатто, оила унинг таъсири остида истеъмо қилинаётган гўшт миқдорини камайтиргани борасида гапиради.

Бироқ Маранинг фикрича, веганликни мусулмон жамияти кенгроқ қабул қила олиши учун ҳали кўп ишга қўл урилиши лозим.

"Эски авлод веганлик тўғрисида кўп нарса ўрганмаган. Биз катталарнинг гапини ҳурмат қиладиган жамиятда нега улар танлаб берган эмас, балки ўз йўлимизни ўзимиз мустақил танлаш ҳуқуқига эга эканимизни тушунтириш қийин кечади".

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek