Хавфли йўл: Ўзбекистондан Америкага Мексика орқали

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Линда Прессли
- Role, BBC News, Сан-Луис-Рио-Колорадо
- Published
АҚШнинг жанубий чегараси орқали ўтадиган муҳожирлар оқими АҚШ президентлик сайловларида ҳал қилувчи омилга айланган. Аммо Мексика бўйлаб ушбу хавфли сафарларни уюштирувчи наркотик картелларининг роли унчалик маълум эмас.
Сан-Луис-Рио Колорадо ўзининг стриптиз клублари, тако стендлари ва сершовқин мототцикллари билан Мексика чегарасига яқин шаҳарларнинг одатий намунасидир.
Шаҳарни АҚШнинг Аризона штатидан ажратиб турувчи баланд зангбосган қизил панжарадан унча олис бўлмаган муҳожирлар бошпанасида Эдуардо дам олмоқда.
Алоқадор мавзулар:
- Америка: Ўзбек ўзбекни алдаяптими? Мексика орқали борганлар ишлатиб пули берилмаяпти
- Ўзбекистон фуқаролари АҚШ-Мексика чегарасида: Америка орзуси илинжидаги ўта хатарли йўл
- "Олабўжи" мигрантлар масаласи: Байден ва Трамп АҚШ - Мексика чегарасига йўл олишди
- Америка ўзбеклари ва американча орзу - 2-қисм: Диний эркинлик, қуролга эгалик ва терминатор ҳайдовчилар - Видео
Деворда катта ёғоч хоч турибди. Ёши 50 дан ошган Эдуардо Эквадорда фастфуд ресторанини бошқарган. Аммо уюшган жиноятчилик унинг Жанубий Америкадаги собиқ, асосан тинч-осойишта ватанида ҳаётни оғирлаштириб қўйди.
"Биз, тадбиркорларни талашди", дейди у. Эдуардо жиноий гуруҳга «солиқ» тўламаса, ўлим билан таҳдид қилинган. "Нима қила олардик? Жонимизни сақлаб қолиш учун кетишга мажбур бўлдик".
Эдуардо кўчиб кетишни хоҳламаган, лекин қўрқиб кетган ва бошпана излаш учун АҚШга боришга қарор қилган.

Унинг ҳикояси дунёнинг турли бурчакларидан келган, Қўшма Штатларда янги ҳаёт излаётган минглаб одамлар тақдирини ҳам акс эттиради.
2023 йил охирида рекорд даражадаги муҳожирлар оқимидан сўнг, президент Жо Байден иммиграция бўйича қатъий чоралар кўришни таклиф қилди, шу жумладан, чегара тўлиб кетганида чегарани ёпиш. Унинг республикачи рақиби Доналд Трамп ноябрь ойида сайланса, оммавий депортацияни амалга оширишини айтди.
Қўшма Штатларга оммавий миграция бўйича баҳсларда марказий мавзу Мексикадаги гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноий ташкилотлардир.

Сурат манбаси, .
Эдуардо ўз сафарини Эквадор пойтахти Китодан Мехико шаҳрига парвоздан бошлади. Кейин у шимолга, АҚШ чегарасидаги Сонойта шаҳрига автобусда келди, йўл 30 соатдан кўпроқ вақтни олди.
Йўловчилар асосан мигрантлар ва мексикаликлар бўлган. Аммо Эдуардо ҳисобга олмаган нарса шу эдики, унинг саёҳати Мексиканинг энг шафқатсиз наркотик картеллари назорат қиладиган ҳудудлардан ўтиши эди.
Биринчи марта автобус эрта тонгда, соат 6 лар атрофида тўхтатилди. Ўнта қуролланган ва ниқобланган киши чиқди.
Автобус асосий йўлдан ташқарида тоғлар томон кетаётган эди. Улар йўловчилардан ҳужжатларни кўрсатишни сўрашди. Муҳожирлар кимлигини аниқлагандан сўнг, уларнинг ҳар биридан 90 доллар талаб қилишган, акс ҳолда, улар ҳибсга олинарди.
Муҳожирлар пул йиғиб берган, аммо 200 песо (12 доллар) етмай қолган. Қуролланганлар уларни 11 соат ўтгач қўйиб юборишди.
Эдуардо етиб келган Сан-Луис-Рио Колорадо шаҳарчаси ҳам муҳожирлар ўғирланиши билан машҳур.
Ўтган йил май ойида шаҳар чеккасидаги замонавий икки қаватли уйнинг қўшнилари ноодатий келди-кетдилар ҳақида хабар беришган. Мексика полицияси келганда, беш киши ҳибсга олинган, 100 дан ортиқ муҳожир қўйиб юборилган. Улардан баъзилари уч ҳафта давомида уйда сақланган экан.
"Уларда овқат ҳам, сув ҳам йўқ эди, улар жисмоний ва руҳий зўравонликка дучор бўлишганди", дейди операцияда иштирок этган маҳаллий полициячи Тереза Флорес Муньос.
У ҳиндистонлик бир аёлни эслайди. "Чақалоқни қўлида ушлаб йиғларди. У чақалоқни менга бериб, уни олиб кетишим кераклигини айтди, чунки улар уни ўлдириши мумкин эди. Бу ҳақиқий умидсизлик эди."

Асирлар орасида 23 давлатдан муҳожирлар, жумладан Ўзбекистон, Бангладеш, Хитой, Мавритания ва Сенегал фуқаролари бор эди.
Маҳаллий матбуот ёзишича, ўғирлаганлар ҳар бир муҳожирдан 2500 доллар, ҳомиладор аёллардан эса икки баробар кўп пул талаб қилган.
Агар муҳожирларда пул бўлмаса, жиноий тўдалар уларнинг қариндошларидан пул талаб қилади.
Бу товламачилар ва гаровга олувчилар нафақат профессионал жиноятчилар, балки ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамдир. Эдуардонинг автобуси Мексиканинг Синалоа ва Сонора штатлари орқали шимолга қараб кетаётганида, улар олтита полиция назорат пунктида тўхтатилган. Унинг айтишича, у ерда полициячилар муҳожирлардан пул талаб қилган.
"Агар сизда нақд пул бўлмаса, олдиларига чақиришарди. "Шимингни еч, ечин", дейишарди, уларга ҳамма нарсани, масалан, чамадонингизни беришингиз керак. Агар пулингиз бўлмаса, ҳужжатларингизни олиб қўйишади, мен баъзи ҳужжатларни ўшанда йўқотдим."

Сурат манбаси, Submitted
Автобус талон-тарожлари ноодатий ҳол эмас. Сан-Луис-Рио Колорадода биз маҳаллий мексикалик журналист билан ишладик. У бизни тарк этганидан сўнг, уйига кетаётган автобус бир гуруҳ ниқобланган бандитлар томонидан қадай тўхтатилиб, таланаётганини яширинча видеога олиб жўнатди.
"Автобусдагиларнинг ҳаммаси улар гиёҳванд моддалар ва муҳожирлар савдоси мафиясининг одамлари эканини билар эди", дейди у.
Ниқобли одамлар фақат мексикаликка ўхшамаган - ёмон кийинган, юзларидан қўрқаётгани кўринган одамларни сўроқ қилишди. Автобусдан туширилган беш-олти муҳожирнинг ҳар биридан 50 АҚШ долларидан ундирилган.
Уларнинг юк машинаси эшигида Сонора штат прокуратураси логотипи кўриниб турарди. Журналист ҳамкасбимиз буни сохта деб ҳисоблайди.
Эдуардонинг Мехико шаҳридан шимолий чегарагача бўлган сафари пайтидаги энг қайғули тажрибаси ҳам Сонора штатида, Соноитадан уч соатча узоқликда содир бўлган.
Автобусни яна қуролланган одамлар тўхтатган. Трансфер учун пул етарли бўлмагани учун, икки колумбиялик оила, жумладан, беш нафар болани автобусдан туширишиб, юк машинасида олиб кетишган.
"Ҳаммани қутқариш учун пулимиз йўқ эди", дейди Эдуардо овози қалтираб.
Ҳозир унинг сариқ чақаси ҳам йўқ, 3000 долларлик йиққан пули йўлда таланган. У Сонойтада контрабандачига чегарадан АҚШга олиб ўтиши учун пул тўлай олмайди.
Автобус ҳайдовчиси Эдуардога, агар у ўша ерда қолса, уни ўғирлаб кетишлари хавфи борлигини айтиб огоҳлантирган ва Сан-Луис-Рио Колорадода қолдирган, Эдуардо бу ерда муҳожирлар бошпанасига келганди.

Ўғирланган муҳожирлар ёки қуролланганларга пул тўлашдан бош тортганлар даҳшатли тақдирга дучор бўлиши мумкин. Чегара бўйлаб ғарбий томонда Тихуана шаҳри жойлашган бўлиб, у ўнлаб йиллар давомида Қўшма Штатларга ноқонуний кирмоқчи бўлган одамлар учун сакраш нуқтаси бўлиб келган.
Яқинда шаҳар шарқидаги тепаликларда муҳожирлар жасадлари топилган, улар бошига отиб ўлдирилган экан. Тахминларга кўра, булар Америка тупроғига чегаранинг бу қисмини назорат қилаётган жиноий тўдага пул тўламай ўтишга уринишган.
Картеллар ўз иқтисодий фаолиятини диверсификация қилган, ҳозир талончилик, одам ўғирлаш ва одам контрабандаси билан шуғулланишмоқда, дейди Сан-Диего штат университети профессори, доктор Виктор Кларк Альфаро.

"Мен уларни«наркокоётлар» деб атайман, чунки улар нафақат одамларни, балки Қўшма Штатларга гиёҳванд моддаларни ҳам олиб ўтишади", дейди у. Унинг айтишича, улар айнан муҳожирлар ёрдамида наркотикни олиб ўтишга уринишади.
Тихуанада Синалоа картели одам контрабандаси гуруҳларини, шунингдек, Халиско Янги авлод картелини назорат қилади.
"Зўравонлик уюшган жиноятчиликнинг асосий элементларидан биридир, - дейди доктор Кларк. - Зўравонлик ўз ҳудудини назорат қилиш учун ва бегуноҳларга қарши ишлатилади."
Сан-Луис-Рио Колорадода Эдуардо дам олди, бироз ўзини яхшироқ ҳис қила бошлади, ишга жойлашди. Аммо Мексика бўйлаб ўзининг дўзахли сафаридан сўнг, АҚШга ўтиш учун яна ўзини хавфга қўймасликка қарор қилди.
Бунинг ўрнига у АҚШ ҳукуматининг CBP One деб номланган бепул онлайн платформасига рўйхатдан ўтди, бу муҳожирларга АҚШга кириш портида учрашув тайинлаш имконини беради.

Сурат манбаси, Getty Images
Агар улар хавфсизлик текширувидан ўтишса, АҚШга шартли равишда киритилиши ва иммиграция бўйича ишлари кўриб чиқилгунга қадар ишлашга рухсат берилиши мумкин. Бу Байден маъмуриятининг картеллар кучини заифлаштириш учун кўрган чораларидан биридир.
Икки нарса Эдуардони Қўшма Штатларга кўчиб ўтишга яна ундади. Улардан бири унинг католик эътиқоди. Иккинчидан, унинг Эквадордаги дўстини жиноятчилар талагани ҳақидаги хабар.
Эдуардо дўсти иккиси шимолга сафар қилишларини истарди. Аммо унинг дўсти оилани тарк этишни истамади - у Эдуардога жиноий тўда билан келишиб олишини айтганди. Аммо келиша олмади.
"Улар дўстимнинг дўконига боришган. Уни ўша ерда ўлдиришган, - дейди Эдуардо йиғлаб. — Демак, агар Эквадорда қолганимда... Хўш, Худога шукур... Қийналдим, лекин тирикман.
Март ойида Эдуардо қонуний равишда АҚШга кирди.
Би-би-си фото суратлари муаллифи Тим Мансел
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002































