Ўзбекистон: Қарийб 1 миллион долларлик сайт камбағал ўзбекларга қандай ёрдам бермоқчи? O'zbekiston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot/Dima Qayum
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш мақсадида ташкил этилган тузилманинг қарийб 1 миллион АҚШ долларига тенг маблағни веб-сайт яратишга сарфлагани ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва оммавий ахборот воситаларининг эътиборига тушди.
Баъзи IT мутахассислари бир онлайн-платформани яратиш бунча пулга тушмаслигини исботлаб беришга қарор қилдилар.
Ўзбекистондаги давлат харидлари электрон тизимига республика Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги билан "Realsoft" Масъулияти чекланган жамият ўртасида тузилган шартнома жойлаштирилган.
Мухбирлар Ўзбекистон қонунлари бўйича бундай шартномани тузишдан олдин тендер ўтказилиши талаб этилишига эътибор қаратмоқдалар, унинг 2022 йил 18 май куни имзолангани кўринади.
Алоқадор мавзулар:
Тендер ўтказилмаганига платформани зудлик билан ишга тушириш талаб қилингани ва бу республика Вазирлар Маҳкамаси қарорида ифодалангани хабар қилинди.
Маҳаллабай агентлиги "Realsoft" МЧЖдан "Онлайн маҳалла" ахборот тизимини яратишни сўраган, бунинг учун 8,4 млрд сўм ажратган.
Бу 750 000 АҚШ долларидан зиёд деганидир.
Шартнома аксилкоррупция ва гендер экспертизасидан ўтказилгани хабар қилинган.
Оммавий ахборот воситаларида "Онлайн маҳалла" ахборот тизимини яратиш баҳоси шубҳа остига олинган мақолалар эълон қилинганидан кейин бу оддий веб-сайт эмас, деди "Realsoft" МЧЖ раҳбари Ҳаётжон Насруллоев.
"Онлайн маҳалла" ахборот тизими оддий "сайт" эмас балки 20 дан ортиқ функционал модулларга эга бўлган ҳамда 35 та вазирлик идоранинг ахборот тизимлари билан интеграция қилинган йирик электрон платформа ҳисобланади. Ушбу тизим республика бўйича ҳоким ёрдамчиларининг кундалик фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг иш унумдорлиги ва натижадорлигини ошириш, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига кўрсатадиган хизматларини электрон шаклда олиб бориш имкониятини беради. Мазкур тизимдан республика миқёсидаги ўн мингдан ортиқ масъуллар, ҳар кунлик иш жараёнида фойдаланади", деди Ҳаётжон Насруллоев.
"Бу шунчаки оддий сайт эмас, ахборот тизими. Шартномада платформа деб кўрсатилган, одатда кўп вазифали ва бирор бир жараёнларни электронлаштиришга хизмат қиладиган тизимларни "платформа" термини билан аташади. Стандарт сайтларнинг ўртача бозор нархи бўлиши мумкин, лекин ахборот тизимларининг ўртача нархи у бажарадиган вазифалардан, тизимнинг мураккаблигидан келиб чиқади", дейди ахборот технологиялари бўйича мутахассис, дастурчи Шавкат Ҳамиджонов.
Ушбу хабар тарқалганидан кейин онлайн платформани қисқа вақт ичида яратиб бериш талаби қўйилгани унинг баҳосини ошириб юборган бўлиши мумкинлиги эҳтимоли ҳам илгари сурилди.

Сурат манбаси, Dima Qayum - Facebook
"Бу каби тизимларни қуришда Техник топшириқ деб номланган ҳужжат бўлади. Бу ҳужжатда яратиладиган тизим қандай функционаллардан иборат, қанақа ахборотлар алмашади ёки қайта ишланади, қандай фойдаланувчи ва роллар бор, тизим дастурий ва техник таъминотига қўйиладиган талаблар, ишлаб чиқиш ҳамда қўллаб-қувватлаш муддатлари кўрсатилади. Шу техник топшириқ асосида нарх шакллантирилади. Ҳозир техник топшириқни кўрмай нарх борасида бирор фикр айтиш қийин" - деди Ҳаётжон Насруллоев.
Унга кўра, агар биз сайт ёки ахборот тизимини бирор бир бинога қиёсласак, техник топшириқ шу бинонинг лойиҳа-чизмаси, архитектура-қурилиш сметаси ҳисобланади.
"Энди тасаввур қилинг, бино чизмаси бўлмай туриб унинг нархини ҳисоб-китоб қилиш жуда ҳам қўпол ва нотўғри ҳисобланади. Лекин шундай бўлсада қуйидаги асосларга кўра ушбу дастурий тизим нархи мутахассисларда, шахсан менда шубҳа уйғотмоқда"
Суҳбатдоши бу борадаги сабабларни келтиради.
"Тизимнинг қисқа муддатда ишлаб чиқилганлиги. Агентлик 2021 йил декабрда ташкил топган, унинг вазифа ва тузилмалари 2021 йил декабрь ойларида тасдиқланган. Тизим домени online-mahalla.uz 2022 йил январь ойида маҳаллий регистратор томониндан рўйхатга олинган. Тизим ишлаб чиқиш учун шартнома май ойида қилинган ва бир ой муддатда ишга тушириш белгиланган" - таъкидлайди у.
"Яъни авваламбор бирор бир йирик дастурий тизим ишлаб чиқиш учун аввал унинг Техник-иқтисодий асоси (ТЕО) ва Техник топшириғи номли ҳужжатлар ишлаб чиқилиши керак. Буларни ишлаб чиқиш учун эса бир нечта тажрибали мутахассисларнинг бир неча ой давомида шу давлат органининг иш жараёнлари ва бизнес процессларини тўлиқ ўрганиб тахлил қилиб чиқишига тўғри келади" - дейди дастурчи Шавкат Ҳамиджонов.
"Realsoft" раҳбари Ҳаётжон Насруллоев маълум қилишича, ширкат бундан кейин ҳам online-mahalla.uz платформасини кенгайтириб, қўллаб-қувватлаб боришни ўз зиммасига олган.
"Шартномага кўра, тизим икки йил давомида компаниямизнинг 45 нафар мутахассиси томонидан доимий кенгайтирилиб, такомиллаштириш ишлари олиб борилиши ва техник қўллаб-қувватланиши кўзда тутилган. Тизимни ишлаб чиқиш ва маълумотлар базасини шакллантириш жараёнида лицензиявий софлик тўлиқ таъминланган бўлиб, жумладан тизимнинг логотипидаги график элементлар халқаро электрон бозордан расман сотиб олинган", деди Ҳаётжон Насруллоев.
Ўзбекистонлик дастурчи Юнусжон Юсупов ушбу портални бепул тайёрлаб беришга қарор қилди, бу ҳақда LinkedIn тармоғида эълон бериб, бошқа дастурчилар билан ишлашни бошлаганини хабар берди.
"Мақсадимиз компания ёки лойиҳани ерга уриш эмас. Бу лойиҳа учун бунча катта пул сарфланмаслигини кўрсатиб бермоқчимиз. Айни пайтда бизга 500 та дастурчи қўшилди", деди Би-би-сига Юнусжон Юсупов.
Фейсбукда дастурчи Темур Ҳакимов шундай пост қолдирди:
Ҳақиқаттан ҳам кичик иш эмас, лекин 8.4 миллиардлик ҳам эмас. Фикримни тушунтираман. Гап шундаки, мен ҳам бир IT ташкилот таъсисчисиман. Яқинла яратилган платформа каби 1,5 йилча олдин Бухоро вилояти маҳаллалари ва ёрдамчилари учун темир дафтар, аёллар дафтари ва бошқаларни ўзида қамраб олган платформа яратиб бердик. Кичик платформа деб бўлмайди. Шу ишга жами 150 000 000 сўм калькуляция тақдим этдик ҳам. Ўшанда ҳам вой-дод, шугина ишга шунчами деган саволлар берилган. Тест жараёнидан ҳам ўтди, платформа ишлаб турувди. Лекин платформа тайёр бўлгандан кейин пулини сўраганимизда, "республика миқёсида платформа яратиляпти, дастурингизга эҳтиёж йўқ" мазмунида жавоб қайтаришди. Биз мажбур платформани ўчириб қўйдик, бир қисм пулимизни суд орқали тўлаб беришди. Бу гап 1,5 йил олдин бўлган. Платформа устида 7 киши 4 ой давомида ишлаган.
Энди агарда шу биз ишлаб берган платформага бир оз ўзгартириш киритиб масштаблаштириш зарур бўлганида, нима деб ўйлайсиз, неча баравар кўп пул талаб қилинар эди? Аниқки, 56 баравар эмас. Нари борса қўшимча ўзгаришлар, барча мутахассислар хизматлари билан 10 баравар бўлар, келингки 15 баравар. 8,4 млрд бу иш учун жуда кўп. Бу - менинг фикрим.
Менимча ҳаммани ўйлантирган масала шартнома суммасида ҳам эмасдир, балки нима сабабдан ушбу иш тендер орқали ўтказилмаганлигида деб ўйлайман. Хўш, нима учун тендер эълон қилинмади? Ёки Адҳам ака бериши мумкин бўлган нархдан қўрқишганми?) Конкурент сифатида эмас, балки шу соҳада ҳалол нон ейишга ҳаракат қилган инсон сифатида ўз фикримни билдирдим. Реалсофтдагиларнинг кўпчилигини танийман. Айтганча, электр энергияси платформаси билан бу платформанинг ҳамда Реалсофт ва Адҳам ака ўртасида жуда катта фарқ бор)".

Сурат манбаси, Онлайн Маҳалла сайти скриншоти
Интернет ўқувчилари охирги бир неча кун давомида "Онлайн маҳалла" сайти очилмаётганининг гувоҳи бўлаяптилар.
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek
































