Ўзбекистон: Мирзиёев Мўйноқда нима деди? Қозоғистонда ўзбеклар нега ҳибсга олинган? Россия депортация учун яна қандай асосларни киритди? Янгиликлар, O'zbekiston, Dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, President.uz
- Шавкат Мирзиёев Мўйноқда: у ерда нималар бўлаяпти?
- Россиядаги ўзбекистонликлар сони қанча?
- Қозоғистонда 14 ўзбекистонлик нега ҳибсга олинган?
- Энди ичкилик ва пора учун ҳам депортация бўлиш мумкин;
Алоқадор мавзулар:
Мўйноқ бир йилда ўзгарадими?

Сурат манбаси, President.uz
Президент Мирзиёев Қорақалпоғистонга уч кунлик сафарини Мўйноқдан бошлади.
Минтақадан олинган хабарларга кўра, Тошкентдан борган бир гуруҳ расмий делегация Мўйноқ туманини ривожлантириш борасидаги режалар ва чора-тадбирларни муҳокама этишмоқда. Жумладан, туманни бир йил ичида иқтисодий, маданий ва экологик жиҳатдан яхшилаш учун бу ердаги вазият, ҳудуддаги муаммоларнинг ечимлари учун таклифлар ўрганилмоқда.
Президент Мирзиёев бу ишларни амалга ошириш учун Мўйноққа зарур маблағ билан боргани, туманнинг Тошкент вилоятига бириктирилганини билдирган.
Делегация таркибида бўлган Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Мўйноққа 32 млрд сўм ажратилишини билдирган.
Россияда қанча ўзбекистонлик бор?

Ўзбекистон Иқтисодий ривожланиш ва қамбағалликни қисқартириш вазирлиги расмий сайти 2021 йилда хорижга ишлашга кетган ўзбекистонликлар сонига оид статистикани тақдим этди. Мазкур рақамлар Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги маълумотларига таянилгани билдирилган.
Вазирликка кўра, 2021 йилда Россияда 1 036 305 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожири ишлаган, бу хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар умумий сонининг 67,3 фоизини ташкил этган.
Ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигига энг кўп йўл олган давлатларга Қозоғистон - 246,17 минг (16 фоиз) ва Жанубий Корея - 39,848 минг (2,6 фоиз) киритилган.
Мустақил таҳлилчилар Россиядаги мигрантлар борасидаги статистика айни ҳолатдагидан катта фарқ қилиши, нолегал ишлаб юрган муҳожирлар ҳисобига бу рақамлар икки баробар кўп бўлиши ҳақидаги тахминларни илгари суриб келишади.
Ўзбекистонликлар нега ҳибсга олинган?
Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Элвира Азимова мамлакатдаги тергов изоляторларида 18 нафар хорижлик сақланаётганини маълум қилган.
Мамлакатда тергов изоляторлари ва вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида мониторинг ташрифини амалга оширган омбудсман ҳибсга олинган хорижликларнинг 14 нафари Ўзбекистон, 2 нафари Россия ва 2 нафари Қирғизистон фуқаролари эканлигини очиқлаган.
Бу хорижликлар Қозоғистонда жорий йилнинг январь ойида юз берган оммавий тартибсизликлар ортидан тергов изоляторларига келтирилгани билдирилган.
Мазкур хабар ОАВ да тарқалиши ортидан Ўзбекистон ТИВ Қозоғистонга нота юборганини маълум қилди.
"Бу хабарга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари, улар сақланаётган жойлар, жавобгарликка тортилиш сабаблари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш ҳамда Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун консуллик учрашувини ташкил этишни сўраб тегишли нота юборди", - дея хабар қилди Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов.
Расмийга кўра, Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси, шунингдек, Олма-ота ва Ақтау шаҳарларидаги Бош консулхоналари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг жойлардаги вакиллари билан доимий алоқада бўлиб турибди.
Депортация учун янги асослар

Россия эндиликда мигрантларни маст ҳолда автомобил бошқаргани ва пора учун мамлакатдан чиқариб юбориши мумкин.
Россия Ички ишлар вазирлиги хорижий фуқароларни нафақат миграция, балки янги маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс лойиҳасида белгиланадиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик доирасида Россиядан чиқариб юборишни таклиф қилмоқда.
Ҳуқуқбузарликларнинг тўлиқ рўйхати маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги лойиҳасида белгиланади.
Департамент матбуот марказининг хабар беришича, янги лойиҳада маст ҳолатда содир этилган йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, шунингдек, коррупсия билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар ҳам бўлиши мумкин.
Шунингдек, Ички ишлар вазирлиги муҳожирларнинг мамлакатда бўлишини назорат қилишнинг янги механизмларини ўрнатишни таклиф қилувчи кенг қамровли қонун лойиҳасини тайёрлагани хабар қилинган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































