Ўзбекистон: Импорт автомобиллар божи пасайтирилди ва Алишер Усмонов синглисининг пуллари ҳақида нима деди? – O'zbekiston, yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
- Усмонов синглисининг банк ҳисоби ҳақида хабарларга муносабат билдирди;
- Импорт автомобиллар учун бож икки баробарга пасайтирилди;
- Фирдавс Абдухолиқов 8 миллион сўм жаримага тортилди;
- Ўзбекистонлик олимлар коронавирусга қарши сут олиш йўлини топди;
Усмоновнинг жавоби
"Алишер Усмоновнинг синглисига тегишли Швейцария банкидаги ҳисоб-рақамдаги пуллар тўғрисидаги маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди".
Асли ўзбекистонлик миллиардернинг матбуот хизмати Ўзбекистон маҳаллий нашрларига юборган билдиришда шу ҳақда сўз боради.
Алоқадор мавзулар:
- Алишер Усмонов Медведевга уй ва ер совға қилганми?
- Ўзбекистон: Сиёсий йиғин ўтказишга уйидан жой берган 74 яшар онахон судга тортилди
- Ўзбекистонда "иномаркалар" божи бекор бўладими? Россияда мигрантлар полиция нишонида ва Таркан нега сиёсий баҳслар ичида қолди? Дайжест
- Эксклюзив: Худога ҳеч қачон ишонмаганман – Ўзбекистон атеистлари билан илк суҳбат, видео
Куни кеча шов-шувли суриштирувлари билан танилган Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тадқиқ қилиш лойиҳаси (OCCRP) Швейцариянинг Credit Suisse банкидан сиздирилган маълумотларни эълон қилган эди.
Лойиҳа банкдаги 18 мингдан зиёд ҳисоб-рақамларига оид сиздирилган маълумотлар орасидан ўнлаб таниқли шахсларга тегишли шубҳали, жиноий йўллар билан топилгани гумон қилинган пуллар жойланган ҳисоб-рақамлар аниқланганини билдирган.
Шубҳали кўрилган ҳисоб-рақамлардаги маблағлар миқдори $8 миллиарддан кўпроқни ташкил этади, дейилади лойиҳа суриштирувида.
Шубҳали шахслар рўйхатида миллиардер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиева билан бир қаторда яна уч ўзбекистонликнинг ҳам номи тилга олинган.
Суриштирув муаллифлари Нарзиева номига Credit Suisse банкида 2004 йилдан бери ўнга яқин ҳисоб-рақам очилгани, улардан биридаги маблағлар миқдори маълум вақт ичида 1,8 миллиард Швейцария франки ($2,02 миллиард)га етгани ҳақида ёзган.
"Тиббиёт соҳасида ўттиз йилдан кўп тажрибага эга акушер-гинеколог. Нарзиева банк ҳисоб-рақамдаги пуллар унинг бизнес тарихи билан изоҳланмайди", таъкидланади суриштирувда.
Ушбу хабар зудликда Ўзбекистон маҳаллий нашрлари эътиборига тушган.
Бироқ ҳеч қанча вақт ўтмай, Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати миллиардернинг синглисига оид бу маълумотларни рад этиб чиққан.
"Маблағлар ва Нарзиеванинг шахсий ҳисоб рақами тўғрисидаги мазкур маълумотлар мутлақо ҳақиқатга мос келмайди ва шубҳасиз, Алишер Усмоновнинг номига доғ тушириш, унга соя солиш мақсадида тарқатилмоқда, "қовурилган факт" ихлосмандлари эса журналист одоб-ахлоқ меъёрларини менсимай, уларга таяняпти", дейилади Daryo.uz нашри келтирган баёнотда.
Усмоновнинг матбуот хизмати, шунингдек, "ғаразли туҳмат тарқатувчиларни жавобгарликка тортиш, жабрланганларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун қонунда назарда тутилган барча чоралар кўрилиши"ни ҳам маълум қилган.
Пасайтирилган бож

Сурат манбаси, Gazeta.uz
Президент Шавкат Мирзиёев 21 февраль куни импорт автомобиллар учун божхона божини икки баробарга пасайтириш тўғрисидаги қарорга имзо чеккан.
Аммо ушбу тартиб фақат янги - Ўзбекистонга кириб келган вақтда ишлаб чиқарилганига 1 йил тўлмаган автомобилларга нисбатан амал қилади.
Қарорга кўра, келаси йил 1 январга қадар янги импорт автомобиллар учун 15 фоиз бож ставкаси (аввал 30 фоиз) қўлланилади ва автомобиль двигатели қувватининг ҳар бир куб сантиметри учун белгиланган қўшимча коэффициентлар ҳам ўртача икки баробар ёки ундан кўпроққа камайтирилади.
2023 йил 1 январдан бошлаб, бож ставкаси ўзгаришсиз қолган ҳолда, коэффициентлар яна бир бор икки баробар ва ундан кўпроққа пасайтирилади.
Ишлаб чиқарилганига 1 йилдан 3 йилга қадар бўлган (30 фоиз) ва 3 йилдан ошган (40 фоиз) автомобиллар импорти учун бож ставкаси ва қўшимча коэффициент миқдори ўзгармаган.
14 февраль куни президент Мирзиёев импорт автомобиллар учун бож ставкалари миқдорини икки баробарга пасайтиришга кўрсатма берган эди.
Кейинроқ, давлат раҳбари шу кунги йиғилишда божхона тўловлари вақт ўтиши билан ноль қийматда бўлиши кераклиги ҳақида гапиргани маълум бўлганди.
8 миллионлик жарима
Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов 8,1 миллион сўм жаримага тортилган.
21 февраль куни жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди Абдухолиқовга нисбатан очилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш бўйича ўз қарорини эълон қилган.
Суд қарорига кўра, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 175-8-моддаси (давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 4-қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган, деб топилиб, унга БҲМнинг 30 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Абдухолиқов январь ойида манфаатлар тўқнашувига оид можаро марказига тушиб қолган эди.
Ўтган ой охирида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Абдухолиқов ўзи раҳбарлик қиладиган агентлик орқали ўз оила аъзолари таъсисчилик қиладиган Севимли ТВ "манфаатларини кўзлаб, давлат бюджетидан жуда кўп миқдордаги пул маблағларининг ажратилишига эришгани" ва "қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйгани" аниқланганини маълум қилганди.
Коронавирусга қарши сут

Сурат манбаси, Mininnovation.uz
Ўзбекистонлик олимлар коронавирусга қарши оммавий иммунитетни шакллантиришга ёрдам берувчи сут олиш йўлини топганликларини айтишмоқда.
БиоРхив портал орқали олимлар ҳамжамияти эътибори учун ҳавола этилган тадқиқотда сигир ва эчкини коронавирусга қарши эмлаш орқали COVID-19'ни келтириб чиқарувчи вирусга қарши антитаначаларга бой сут олиш йўли ҳақида сўз боради.
Муаллифлари Ўзбекистон Инновацион ривожланиш вазирлиги тадқиқотчилари бўлмиш тадқиқотда эчкилар ва сигирлар одамларга мўлжалланган ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан уч марта эмлангани, биринчи эмлашдан икки ҳафта ўтгач, зардобда нейтраллаштирувчи антитаначалар аниқлангани айтилади.
Тадқиқотчилар шу йўл билан олинган антитаначали сут ёрдамида жамиятда иммунитетни жадаллаштиришга умид қилганлар.
Қўлга олинган блогер

Сурат манбаси, Qashqadaryo viloyat IIB
Қашқадарёлик блогер 3 сотих ерни олиб бериш эвазига 7 миллион сўм олган вақт қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалган.
Вилоят ИИББ блогерлик билан шуғулланувчи ғузорлик ушбу шахс "шаҳар ва туман ҳокимиятларида танишлари кўплиги"ни иддао қилганча, "мансабдор танишлари орқали ер майдонларини олиб беришни ваъда қилиб, вилоятда яшовчи фуқаролар ишончига кирган"ини маълум қилган.
Расмий хабарда у 21 февраль куни Чироқчи тумани ҳокимлигидаги таниши орқали маиший хизмат кўрсатишга ажратилган манзилдан 3 сотих ерни олиб бериш эвазига фуқародан 7 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтда ушланган, деб айтилмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































