Москва, Тошкент ва Душанбе энг ёмонига тайёр турмоқчими? Афғонистон ва Толибон - O'zbekiston Rossiya Tolibon dunyo yangiliklar

Термездаги қўшма ҳарбий ўқув машғулотлари

Сурат манбаси, official

Published

Россия, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Афғонистон чегараси яқинидаги қўшма ҳарбий машқлари бу яқин ўртада кузатилмагани билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган. Москва Афғонистондан келаётган таҳдидни "ўта жиддий қабул қилаётгани"га оид таҳлил ва талқинларга сабаб бўлган. Хавф шунчалик жиддийми?

Иштирокчи томонлар ҳарбий-ўқув машқларининг Россия билан ҳарбий ҳамкорлик доирасида ўтказилаётганини айтишган.

Россия эса, Афғонистонга чегарадош Ўзбекистон ва Тожикистоннинг энг йирик ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкори ҳисобланади.

Шу йил апрель ойида Ўзбекистон ва Россия томонининг беш йиллик ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорликка оид битимни имзолашгани ҳам хабар берилган.

Тожикистонда, бундан ташқари, Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси ҳам жойлашган.

Тожикистон яна Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам киради.

Афғонистон дунёнинг аксарият Марказий Осиё давлатларига чегарадош мамлакати бўлади.

Россия эса ҳозирга қадар бу ҳудудларни ўзининг жанубий сарҳадлари сифатида кўриб келади.

Афғонистон, минтақа ва Россия

Толиблар

Сурат манбаси, AFP

Ўтган икки ой ичида Афғонистонда вазият кескин ёмонлашган.

Толибон ўз ҳужумларини шиддатлаштириб, саноқли ҳафталарнинг ичида Афғонистоннинг ярмидан кўпроғини босиб олган.

Ҳаракатнинг ўзи эса, Афғонистон ҳудудининг 85 фоизини назорат қилишаётганини иддао қилиш даражасига борган.

Воқеаларнинг бу каби ривожи сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишга киришган бир манзарада кузатилган.

Улар ўзларининг 11 сентябрдан кейин Афғонистонда ортиқ қолиш ниятларини ошкора ва расман баён этиб бўлган бир пайтга тўғри келган.

Сўнгги 20 йил ичида Афғонистонда етакчи сўз ва мавқеъга эга бўлиб келган АҚШ ҳарбийлари эса, 31 августга қолмай, мамлакатдан чиқиб кетишларини айтишган.

Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош минтақалари ҳозир деярли тўлиғича Толибон назорати остида, улар бу ҳудудларни энг аввалида қўлга киритишган.

Мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги аксарият туманлар баробарида Афғонистон ва минтақа давлатлари ўртасидаги айрим энг муҳим назорат-ўтиш нуқталари, савдо, транзит йўллари ва халқаро аҳамиятга молик постларни ҳам босиб олишган.

Қисқа вақтнинг ичида Афғонистонда вужудга келган бу каби вазият унга қўшни бўлганлари қолиб, бўлмаган Марказий Осиё давлатларини ҳам жиддий хавотирга солмай қўймаган.

Россия эса, худди шу фонда Тожикистонга ҳам икки томонлама ва ҳам Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида ёрдам беришни ваъда қилган биринчи дунё давлати бўлган.

Орада, агар сўраса, Ўзбекистонга ҳам кўмак беришга тайёр эканликларини ошкора ва расман баён қилган мамлакат экани ҳам кўрилган.

(Аммо айнан қандай кўмакни назарда тутаётгани тафсилотларига тўхталмаган -таҳр.).

Россия томонининг айни мазмундаги баёнотига расмий Тошкентнинг муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.

Ўзбекистон Қуролли кучлари минтақадаги "энг жанговари" бўлади ва расмий Тошкент Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан фаол мулоқотда бўлган, тинчлик музокаралари олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати экани кўрилади.

Қўшма ҳарбий машғулотлар

Ўзбекистон ҳарбийлари

Сурат манбаси, official

Шу кунларда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида Россия ҳарбийлари иштирокида бошланган икки ва уч томонлама қўшма ҳарбий машғулотлар Афғонистондаги вазият ўтган 20 йил ичида кузатилмаган бир даражада хавотирли тус олиб бораётган манзарада ўтказилаётган биринчиси бўлган.

Ўзбекистоннинг Афғонистонга бевосита чегарадош Термез шаҳрида кечаётган беш кунлигига ҳар икки томондан жами 1500 ҳарбий ташлангани хабар берилган.

5-10 август кунлари Тожикистонда уч давлат ҳарбийлари иштирокида бўлиб ўтиши айтилаётган янада йиригига эса, Россия дастлаб режа қилганидан кўра ҳам кўпроқ аскар ва ҳарбий техника жўнатишга қарор қилган.

Россия қўшма ўқув машғулотлари учун Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси яқинига 1000 та эмас, 1800 та ҳарбийсини ташлаган, икки баробар кўп - жами 400 дан ошиқ ҳарбий техникасини юборган.

Бунинг ортидан уч томонлама ҳарбий машғулотларда жами 2500 ҳарбий, юзлаб зирхли машина, қирувчи самолёт, вертолёт ва артиллериянинг ҳам ишга солиниши маълум бўлган.

Россия томонининг кутилмаган бу қарори кўпчилик таҳлилчиларнинг ҳам эътиборларини ўзига қаратмай қолмаган.

Уларга кўра, расмий Москва Афғонистондаги бугунги вазият ўзининг жанубий сарҳадларидаги вазиятни беқарорлаштириши, узоқ йиллар давомида ўзининг "томорқаси" сифатида кўриб келган Марказий Осиё давлатларига қочқинлар оқимини кучайтиришидан хавотирда.

Россия Афғонистонда Толибоннинг қудратга келиши минтақа ва ўзларига исломий мутаассибликни кириб келишига йўл очишидан ташвишда.

Россия ва Афғонистон таҳдиди

Россия Ташқи ишлар вазири

Сурат манбаси, RIA NOVOSTI

Россия аллақачон минтақа давлатлари ва халқаро ҳамжамиятни Афғонистондаги бугунги вазият юзасидан бир эмас, бир неча бор расман ва ошкора огоҳлантиришга ҳам улгурган.

Афғонистон шимоли "янги қайноқ нуқта"га айланаётгани даъвоси билан чиққан, толиблар амалда Тожикистон билан чегарани тўлиқ назорат қилишаётгани, кўп сонли халқаро террористик ташкилотлар, жумладан, ИШИД ва ал-Қоида яна ўз мавқеъларини мустаҳкамлаётганини иддао қилган.

"Бу каби ташкилотлар сафига Марказий осиёликларни ёллаш фаол босқичда" экани, "содир бўлаётган бу воқеалар Марказий Осиё давлатларига тўғридан-тўғри таҳдид" эканини таъкидлаган.

Ўзи расман "террорчи ташкилот", деб эълон қилган ва мамлакатда фаолиятини тақиқлаган эса-да, Толибон сиёсий қаноти билан музокараларини тўхтатмаган.

Толибон сиёсий қанотининг юқори мартабали ҳайъати эса, айнан Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиқиб бораётган бир манзарада Россияга қилган сўнгги ташрифи чоғида расмий Москвани Марказий Осиё давлатлари чегараларини бузиш ниятлари йўқлигига ишонтирган.

Бу ҳақда шу ой бошида амалга ошган ташриф ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ўзи расман маълум қилган.

Бошқа томондан, Афғонистонда ҳатто ўзининг Исломий Амирлигига асос солган 90-йиллар охирларида ҳам Толибон ҳаракатининг мамлакат чегарасидан ташқарига ҳужум қилгани кўрилмаган.

Афғонистон Сурия ва Ироқ билан бирга дунёнинг ўзбек жангари гуруҳлари бошпана топган, жанг қилган ва жон сақлаб келаётган учта давлатидан биттаси бўлади.

Ўз вақтида минтақадаги энг йириги, деб ҳисобланган ва орада Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтирганини эълон қилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларида қолган айрим Марказий осиёликлари қаторида Тожикистон фуқаролари ҳам жанг қилишгани ишонилган.

Ўнлаб ва юзлаб Афғонистон ҳарбийлари, улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуролли гуруҳлар вакиллари ва оддий афғонлар ўз чегараларини бузиб ўтишга улгурган ўтган ойнинг ўзидаёқ Ўзбекистон ва Тожикистон ўз ҳарбийларининг жанговар тайёргарлигини синаб кўрган.

Аммо Россия билан биргаликда ўтказишаётгани Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жадал издан чиқиб бораётгани манзарасида ўтказилаётган биринчиси бўлган.

Афғонистон, хавфсизлик ва геосиёсат

Толибон музокарачилари

Сурат манбаси, Reuters

Толибон сиёсий қаноти юқори мартабали ҳайъати расмий Теҳрон ва Москванинг таклифи билан Эрон ва Россияда экан, Афғонистонни "қуролли йўл билан босиб олиш ниятлари йўқ"лигини айтишгани ҳам хабар берилган.

Маҳаллий ва минтақавий таҳлилчилар Толибоннинг фаоллигини Афғонистон ҳукумати билан музокаралари чоғида имкон қадар устун мавқеъда бўлиш, қудратнинг энг катта улушини қўлга киритиш истаги билан изоҳлашган.

Россия томонининг худди шу манзарада одатдагисидан ҳам кўра кўпроқ янграётган огоҳлик мазмунидаги устма-уст баёнот ва ваъдалари эса, ҳозир аксарият минтақавий таҳлилчиларнинг диққат-эътиборини ўзига тортган воқеъликка айланган.

Россия Тожикистондаги ҳарбий базасини янада кучайтириш, у ерга қўшимча ҳарбий техника ташлаш ниятини изҳор этган.

Агар Афғонистондаги вазият тақозо этса, унинг имкониятларини ҳам ишга солишини айтган.

Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлашда Тожикистонга кўмаклашиш ҳаракатига тушган.

Буларнинг барчаси, бошқа томондан, Марказий Осиё ҳарбийлашувининг кучайишига олиб келишига оид фаразларни ҳам пайдо қилган.

Бугунги Афғонистон ва Толибон омили Россиянинг Марказий Осиёдаги йирик геосиёсий амбициялари ижроси йўлидаги энг қулай ва имконли воситага айланаётганлиги ҳақидаги таҳлил ва талқинларга йўл очган.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчилар расмий Кремлнинг сўнгги йилларда империалистик амбицияларини қанчалик кучайтирганини назарда тутаркан, қудрат алмашинувини фурсат билиб, Ўзбекистонни ҳам йирик геосиёсий лойиҳалари орқали ўзининг сиёсий орбитасига тортиш ҳаракатида эканини айтишади.

Қолган қудратлардан фарқли тарзда, Россия Марказий Осиёда ўзининг энг кўп ҳарбий иншоотлари ва четдаги энг йирик ҳарбий базасига эга давлат бўлади.

АҚШ ҳарбийлари ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг Афғонистонни тарк этиши Марказий ва Жанубий Осиё атрофидаги мавжуд геосиёсий курашни янада кучайтиришига оид жиддий хавотирлар бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek