Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтадими? Мигрантлар Россия учун ташвишми ё фойда? Rossiya O'zbekiston yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтадими?
- Энг кўп сонли ҳужжатсиз болалар - ўзбекистонликлар
- Қоидабузар ҳайдовчи мигрантларга 3 соат вақт берилади
- Ковидга қарши эмланган муҳожирлар 68 мингдан ошди
- 5 ойда 550 мингга яқин патент сотилган
Тошкентдаги брифинг

Сурат манбаси, official
"Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтмайди".
Маълум бўлишича, Афғонистондаги сўнгги вазият манзарасида бу савол Ўзбекистон президенти матбуот котибининг ҳафталик брифинги чоғида кўтарилган.
Афғонистондаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон ташқи сиёсатида рўй бериши мумкин бўлган ўзгаришлар ҳақида сўралган.
Хабарларга кўра, kun.uz мухбири бунинг эҳтимоли ҳақида Шерзод Асадовдан сўраган.
Матбуот котиби бунинг эҳтимолини назардан соқит этган.
Кўрилишича, Шерзод Асадов ўз жавобида Ўзбекистон ташкилотдаги аъзолигини расман тўхтатган "Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қонунга таянган.
Худди шу қонун "Ўзбекистоннинг ҳарбий-сиёсий блокларда қатнашмаслиги, ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга йўл қўймаслиги"ни таъкидлаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг "Мудофаа тўғрисида"ги қонуни 4-моддасида ҳам бу ҳақда сўз боришини айтган.
Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги бу ташкилотдаги аъзолигини ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида, 2012 йилда расман тўхтатган.
Kun.uz келтирган иқтибосига таянилса, Шерзод Асадов, "ҳозирги кунда шерик давлатларнинг Ўзбекистондан КХШТдаги аъзолигини тиклаш масаласини кўриб чиқиш бўйича таклифлари бўйича маълумотлар ўзларида йўқ"лигини маълум қилган.
Брифинг тафсилотларидан ўтган ой толибларнинг ҳужумларидан қочиб, Ўзбекистон томонига ўтган 150 га яқин афғон ҳарбийсининг барчаси Афғонистонга қайтарилгани ҳам англашилган.
"Ўзбекистон келгусида ҳам афғон ҳарбийларининг ўз ҳудудига ноқонуний кириш ҳолатларига йўл қўймаслиги" яна бир бор такрорланган.
Ўзбекистон президентининг матбуот котиби "Афғонистоннинг ички ишларига аралашмаслик тамойилига содиқ қолишлари"ни айтган.
Шерзод Асадовнинг билдиришича, "Ўзбекистон Афғонистонда кучайиб бораётган зўравонликлардан хавотирда ва қарама-қарши курашаётган томонларни куч ишлатишдан тийилишга чақиради".
Gazeta.uz интернет нашрининг мазкур брифингда бўлиб қайтган мухбирига таяниб, хабар беришича, Ўзбекистон президентининг матбуот котиби АҚШ томонидан афғон ҳукумати аскарларини қабул қилиш бўйича ҳам ўзларига таклиф келиб тушмаганини билдирган.
Мигрант болаларнинг ҳужжати муаммоси

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Россиядаги Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари болаларининг ҳужжатлари учун энг кўп мурожаат қилувчилардир.
ИИВнинг таъкидлашича, асосан мамлакатда патент ёки ишлаш учун рухсатнома асосида ишлайдиган талабалар ва меҳнат муҳожирлари Россияда болаларнинг ҳуқуқий ҳолатини тартибга солиш муаммосига дуч келишмоқда.
"Ҳозирда Россия Президенти топшириғига биноан Ички ишлар вазирлиги чет эл фуқароларининг вояга этмаган болаларининг вақтинча қолиш муддатини узайтириш бўйича Россия Федерацияси қонунчилигига ўзгартиришлар киритмоқда", - дея таъкидлади департамент.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин аввал Россия Ички ишлар вазирлиги раҳбари Владимир Колоколсевга 1 ноябрга қадар Россияда чет эллик вояга этмаганларнинг вақтинчалик яшаш муддатини узайтириш билан боғлиқ ҳуқуқий тартибга солиш тўғрисида буйруқ берган эди.
Жаримангиз борми, кета олмайсиз!

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Йўл ҳаракати қоидаларини бузган хорижий рақамли автомобил эгалари жарималарни тўламагунча Россия ҳудудидан чиқарилмайди.
Россия Федерациясининг "Халқаро автомобиллар ташувлари устидан давлат назорати ва уларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида"ги қонунига биноан 2021 йил 7 июлдан ҳайдовчи чегарага келгач, унга уч соат муддат берилади. Ушбу вақт давомида жарима тўланмаса, унга Россиядан чиқиб кетишга рухсат берилмайди.
Янги тартиб бўйича чет эл транспортларининг 2020 йил 8 декабрдан кейинги жарималари инобатга олинади.
Чет эллик ҳайдовчи тўланмаган жарима бор ёки йўқлигини Госавтоинспекция расмий веб сайтидаги "Проверка штрафов ГИБДД" хизмати орқали мустақил аниқлаши мумкин.
1300 рублли "Спутник-Лайт"

Сурат манбаси, official
Москвада муҳожирларни коронавирусга қарши эмлаш кампанияси бошланганидан бери 68 мингдан зиёд мигрант вакциналанди. Бу ҳақда пойтахтнинг коронавирусга қарши тезкор штабида маълум қилинди.
Москвада мигрантлар бир компонентли "Спутник Лайт" вакцинаси билан эмланмоқда. Чет эл фуқаролари учун вакциналаш хизмати пулли бўлиб, унинг нархи 1300 рублни ташкил қилади.
Бу маблағ расман ишловчи муҳожирлар учун иш берувчи томонидан, норасмий ишловчилар эса ўз ҳисобларидан тўланади.
Москвадаги меҳнат муҳожирларини эмлаш 28 июнда бошланди. Аввалига чет эл фуқароларини вакциналаш Сахарово қишлоғида жойлашган Москва кўп тармоқли миграция маркази ва "Садовод" савдо маркази ҳудудидаги пунктларда амалга ошираётган эди.
Ўтган хафтада пойтахтда яна 25 та поликлиникада мигрантлар учун эмлаш пунктлари очилди.
Патент тезроқ ва кўпроқ сотилиши учун

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM
Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг беш ойида Россияда ишлаш учун 540 мингга яқин чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар патент олишган.
Мигрантларга Россияда ишлаш учун патент олиш жараёнини тезлаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги бир қатор лойиҳалар устида ишлаётганини вазирлик матбуот хизмати билдирган.
Хусусан, муҳожирларни текширишда "Россия Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ресурсларидан фойдаланиш" режалаштирилган. "Россия Федерациясига потенциал бузғунчиларнинг кириб бориши" ҳолатларини истисно қилиш билан бир қаторда, бу "ноқонуний воситачилик тузилмалари сонини минималлаштиришга" имкон беради ", деб ҳисоблайди департамент.
Ички ишлар вазирлиги Россияга асосий миграция оқими МДҲ мамлакатларидан келаётганини таъкидлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































