Тожикистон ва Афғонистон чегарасида вазият шунчалик тангми ва Ўзбекистон яқинидаги Ҳайратон портига толиблар таҳдиди ариди O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Толиблар

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Сўнгги ютуқлари ортидан, Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасининг катта қисми - 70 фоиздан ортиқроғининг назорати ҳозир толиблар қўлида экани айтилади
Published

Тожикистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан расман ёрдам сўради. Ўзбекистон Россия шамсияси остидаги бу ташкилотга кирмайди. Аммо Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош икки туманида толибларга қарши янги ҳарбий амалиётлар ўтказилгани айтилмоқда.

Тожикистон Ўзбекистон ва Туркманистон билан бирга Марказий Осиёнинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Толибон сўнгги бир неча ҳафтанинг ичида Афғонистоннинг айнан шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган.

Ҳозирга келиб, Афғонистоннинг ҳар уч Марказий Осиё давлатига бевосита чегарадош вилоятларидаги туманлар барчасини ҳам эгаллаб бўлган.

Уларнинг назорати остига ўтмаган фақат вилоят марказлари қолган.

Орада кечган вақт давомида Толибон уларни ҳам эгаллашга бир неча бор уриниб кўрган ва бу шаҳарлар барчасининг ҳозир жангарилар қуршовида экани айтилади.

Ҳозир ўзининг асосий эътиборини айнан шаҳарлар ҳимоясига қаратаётган афғон ҳукумати у ерларга юзлаб сондаги қўшимча мадад кучлари ва ҳарбий техника ҳам юборган.

Тез орада толибларга қарши ҳарбий амалиётларини бошлашини ҳам эълон қилган, аммо ҳалича бунга киришмаган.

Ёрдам сўрови

Виртуал йиғин

Сурат манбаси, official

Минтақадан олинаётган расмий хабарларга кўра, Тожикистон Афғонистондаги мавжуд вазият сабаб, алал-оқибат Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан расман ёрдам сўраган.

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тезкор кучларини юбориш ҳуқуқига эга.

Ташкилотнинг амалдаги раиси эса, айнан Тожикистон бўлади.

Кеча, 7 июль куни Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Доимий Кенгаши сиртдан йиғилган.

Унда мазкур ташкилот Бош котиби Станислав Зась ҳам иштирок этган.

Маълум бўлишича, ушбу йиғин чоғида Тожикистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти қошидаги доимий ва мухтор вакили уларни тожик-афғон чегарасидаги ҳозирги вазиятдан бохабар этган.

Ҳасан Султонов ўз чиқишида чегараолди туманларидаги аҳвол ва Афғонистондан Тожикистонга қочиб ўтган афғон ҳарбийлари сонига тўхталиб ўтган.

"Мамлакати раҳбарияти инсонийлик ва яхши қўшничилик тамойилларидан келиб чиқиб, уларни ўз ҳудудига қўйгани"ни айтган.

Афғон ҳарбийлари орасида "тўрт нафар яралангани ва ҳалок бўлган яна бирининг ҳам бўлгани"ни қўшимча қилган.

Тожикистон ва Ўзбекистон Толибоннинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги ҳужумлари манзарасида афғон ҳарбийлари ва улар билан бир сафда жанг қилган маҳаллий қуроллилар қочиб ўтгани расман хабар берилган икки Марказий Осиё давлати бўлишади.

Аммо бир ярим мингдан ошгани назарда тутилса, давлат чегарасини энг кўп сондаги афғон ҳарбийси бузиб ўтгани Тожикистон экани кўрилади.

Кеча, чоршанба куни Тожикистон аксарияти хотин-қиз, болалар ва кексалардан иборат мингдан ошиқ афғонга муваққат бошпана бергани ҳам маълум бўлган.

Бунақаси эса, ҳалича Афғонистонга бевосита чегарадош бирор бир Марказий Осиё давлати мисолида кўрилмаганди.

Афғонистон ва Марказий Осиё

Тожикистонга қочиб ўтган қочқинлар

Сурат манбаси, official

Тожикистон Туркманистон билан бирга Афғонистон билан чегараси энг узун иккита минтақа давлатидан биттаси бўлади.

Бу икки давлат ўртасидаги чегаранинг узунли 1350 километрдан ортиқроқни ташкил этади.

Бундан ташқари, давлат чегарасининг айрим қисмлари бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан ўтади.

Устига устак, иқтисоди, йилларки, асосан четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбораётган маблағларга таяниб келган Тожикистон минтақанинг энг камбағал давлатларидан бири бўлади.

Худди шу боис ҳам, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси ҳимояси ҳатто халқаро миқёсда хавотирларга сабаб бўлиб келади.

Тожикистонлик вакил ҳам КХШТ Доимий Кенгашининг кечаги йиғини чоғида вазиятни назорат остида тутиш, Афғонистондан келаётган таҳдид ва чақириқларга қарши туриш учун мамлакати қўлидан келганча ҳаракат қилаётганини айтган.

Аммо айнан юқоридаги айрим омилларни назарда тутиб, бу иш осон бўлмаётганини таъкидлаган.

Ҳасан Султонов, "мавжуд вазият жанубий чегаралари ҳимоясини кучайтириш дохил ўзларидан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти доирасида муқобил чоралар кўришни тақозо этиши"ни билдирган.

Тожикистоннинг доимий ва мухтор вакили худди шу нуқтаи назардан Коллектив Хавфсизлик Кенгашининг 2013 йил 23 сентябрги махсус қарорининг ижроси долзарблик касб этишини айтган.

Бу қарор Афғонистон билан чегараси ҳимоясини мустаҳкамлашда Тожикистонга кўмак беришни кўзда тутади.

Ҳасан Султонов сўзи якунида ташкилотга аъзо давлатларни қарор ижросини тўлиқ таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшишга чақирган.

Сўнгги ютуқлари ортидан, Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасининг катта қисми - 70 фоиздан ортиқроғининг назорати ҳозир толиблар қўлида экани айтилади.

Тожикистон президенти Шавкат Мирзиёев билан сўнгги телефон мулоқоти чоғида ҳам Афғонистон томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолларига эътиборни тортган.

Худди шу нуқтаи назардан, томонларнинг чегарадаги вазиятни "ўта кескин", деб баҳолашгани маълум бўлган.

Россиянинг ваъдаси

Ўзбекистон ва Россия президентлари

Сурат манбаси, official

Эмомали Раҳмон билан 5 июль кунги телефон мулоқоти чоғида Россия президенти Тожикистонга ҳам икки томонлама ва ҳам КХШТ доирасида кўмак беришга тайёр эканликларини айтган.

Бунинг ортидан, Россия Ташқи ишлар вазири ҳам ўзларининг КХШТ доирасида зиммаларига олган масъулиятлари "тўлиқ куч"да эканини яна бир бор такрорлаган.

Аммо расмий Кремль бундан аввал Афғонистон билан чегарадаги вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани боис, Тожикистонга Россия ҳарбийларининг киритилиши эҳтимолини назардан соқит этган, бу масала ҳалича кун тартибига чиқмаганини билдирган.

Ўзбекистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кирмайди.

Қолган икки Марказий Осиё давлатиники билан қиёсланганда, Ўзбекистоннинг Афғонистон билан давлат чегараси энг қисқаси бўлади.

Афғонистонга хавфсизлик призмаси орқали қараб келган ҳозирда марҳум Ислом Каримов президентлиги даврида бу чегаранинг мина ва токли симлар билан қўриқланишига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.

Аммо ҳали муваққат президент экан, Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан ҳам ўзаро ҳамкорликларини ҳар томонлама кучайтириш ва мустаҳкамлаш режасини изҳор этган, бунинг ортидан ўзаро борди-келди ҳам енгиллашган.

Аммо афғон ҳарбийлари ва маҳаллий қуроллиларининг ўз чегарасини бузиб ўтиши билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожи манзарасида Афғонистон томонига устма-уст кескин огоҳлик билан чиққан.

"Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса, энг кескин чоралар кўрилиши" билан огоҳлантирган.

5 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам Путин билан Афғонистон шимолидаги вазиятни муҳокама этиб олгани расман хабар берилган.

Суҳбат тафсилотларидан икковлон Ўзбекистон ва Россиянинг ваколатли идора ва ташкилотлари ўртасидаги мунтазам мулоқотларни давом эттириш ва яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олишгани маълум бўлган.

Ўзбекистон ва Афғонистон

Ҳайратон

Сурат манбаси, Screenshot

Минтақада армияси энг жанговари ва қудратлиси бўлган Ўзбекистон 21 июнь куни Афғонистон билан чегарасини ёпган.

Буни Афғонистонда кескинлашаётган коронавирус билан боғлиқ вазият билан изоҳлаган.

Аммо худди шу куни, режага мувофиқ эканини айтиб, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркибини синовдан ўтказишни бошлаган.

Шу кунларда Самарқандда ҳам Россия ҳарбийлари билан қўшма машқлар бошланганига оид хабарлар олинган.

Ўзбекистон Афғонистонга фақат шимолий Балх вилояти орқали чегарадош.

Толиблар сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида Ўзбекистонга бевосита чегарадошлари илова бу вилоятдаги барча туманларни ҳам босиб олган.

Орада Балх маркази Мозори Шариф шаҳрига ҳам яқинлашишга уринган, аммо Афғонистон хавфсизлик кучлари уларнинг ҳужумларини бартараф этишга муваффақ бўлишган.

Бунинг ортидан Толибон Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги Термезга яқин Ҳайратон портини ҳам босиб олишга ҳаракат қилган.

Портни Ўзбекистонга бевосита чегарадош ўз назорати остида бўлган Шўртепа ва Кардол туманлари орқали ҳужумга тутган, аммо олишга муваффақ бўлмаган.

Минтақадаги мухбирларимизга кўра, кеча маҳаллий вақт билан кечга яқин маҳаллий полиция кучлари афғон ҳарбийлари билан бирга бу икки туманда янги ҳарбий амалиётларга қўл уришган.

Шўртепа ва Калдордаги толиблар Ҳайратон портига таҳдид солиши мумкин бўлган ҳудудларни жангарилардан тозалаганликларини айтишган.

Толибоннинг босиб олиши уринишидан сўнг бир неча кун ёпиқ қолган портнинг ҳозир тўлиқ фаолиятда экани айтилади.

Сўнгги вазият

Қалъаи-Нав

Сурат манбаси, official

Кеча, 7 июль куни эса, Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош ғарбий Бодғиз вилояти маркази Қалъаи-Нав Толибон сўнгги ҳафталарда илк бор кириб боришга муваффақ бўлган шаҳар бўлган.

Аммо Афғонистон хавфсизлик кучлари бир неча соатлик жанглар ортидан ўша куннинг ўзида Қалъаи-Навни толиблардан деярли тозалашга муваффақ бўлганликларини эълон қилишган.

Қалъаи-Навдаги барча давлат идораларини яна ўз қўлларига олишганини айтишган, аммо шаҳарда жангларнинг ҳануз давом этаётганига оид хабарлар ҳам олинмоқда.

Аммо минтақадаги мухбирларимизга кўра, бу вилоятдаги барча туманлар ҳам аллақачон толиблар қўлига ўтган.

Толибон шу кеча-кундузда Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош бошқа бир ғарбий вилояти - Ҳиротда ҳам жами тўрт туман назоратини қўлга киритганини даъво қилган.

Афғонистоннинг ўзларига бевосита чегарадош шимолий ва ғарбий вилоятларидаги сўнгги вазият юзасидан Туркманистоннинг бирор бир расмий баёнот билан чиққани эса, ҳозирча кўрилмаган.

Расмий Ашхободнинг Афғонистон билан чегараси ҳимоясини кучайтириш борасида бирор бир чора-тадбирга қўл урганига оид расман тасдиқланган хабарлар ҳам кўзга ташланмайди.

Туркманистон Марказий Осиёнинг расман мавқеи нейтрал давлати бўлади.

Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан тўғридан-тўғри ва фаол мулоқотлар олиб бораётган ягона Марказий Осиё давлати экани кўрилади.

Туркманистон ҳам орада бир неча бор тинчлик музокараларига мезбонлик қилиш таклифи билан чиққан, шу ой бошида Толибон юқори мартабали ҳайъатининг пойтахт Ашхободга боргани ҳам хабар берилган, аммо томонларнинг айнан нималар ҳақида сўз юритишгани тафсилотлари кенг матбуотга имконсизлигича қолганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek