Афғонистон шимолидаги вазият ўта тангми? Тожикистон президенти чегарага қўшин ташламоқчи. Мирзиёев ҳам Путин билан гаплашди O‘zbekiston Afg‘oniston dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Reuters
Мирзиёев-Раҳмон мулоқоти чоғида Тожикистон ва Афғонистон чегарасидаги вазият яна "ўта кескин", деб баҳоланган. Тожикистон раҳбари Тоқаевга ҳам сим қоққан. Бунинг ортидан Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинини чақирган. Шу куннинг ўзида Мирзиёев ва Раҳмон Путин билан ҳам гаплашиб олган. Бунақаси эса, шу пайтгача кузатилмаганди.
Бу уч Марказий Осиё давлатлари президентларининг сўнгги икки ҳафта ичида иккинчи бор Афғонистон масаласини муҳокама этиб олишлари бўлган.
Толибон Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини шиддатлаштирган сўнгги тўрт ҳафта ичида эса, Россия президентининг бу масалада Ўзбекистон ва Тожикистон лидерлари билан тўғридан-тўғри мулоқотда бўлгани кўрилмаган.
Аммо матбуот котиби Россия Ғарб қўшинларининг чиқиб кетиши ортидан, Афғонистондаги воқеалар ривожи ва тожик-афғон чегарасида янги кескинлик ўчоғи пайдо бўлишидан хавотирда эканини билдирганди.
- Толибон жиддий огоҳлантирди, мингдан ошиқ афғон ҳарбийси яна Тожикистонга қочиб ўтди, толиблар сафида тожик, чечен ва уйғурлар ҳам борми?
- Афғон ҳукумати олти ойда қулайдими? Ўзбекистонга таҳдид қанчалик муқаррар? Афғонистон ва Толибон
- Ўзбекистон чегараси яқинида яна ҳужум, толиблар энди Ҳайратонни нишонга олишган - Афғонистон ва хавфсизлик
Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош уч давлати бўлишади.
Худди шу манзарада Тожикистон президентининг кеча, 5 июль кунги кун тартиби энг кўп ва устма-уст сарлавҳаларга чиққани бўлган.
Эмомали Раҳмон Афғонистон масаласини бир куннинг ўзида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Россия президентлари билан гаплашиб олган.
Худди шу кетма-кет телефон мулоқотлари орасида Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинини ҳам чақирган, унга шахсан ўзи раислик қилган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи толибларнинг Афғонистон шимоли-шарқидаги ҳужумларидан қочиб, яна мингдан ошиқ афғон ҳарбийсининг Тожикистонга қочиб ўтишидан саноқли соатлар ўтиб кузатилган.
Бу Тожикистоннинг ўзи ва Афғонистонга бевосита чегарадош қолган минтақа давлатлари назарда тутилганда ҳам, таъбир жоиз, сўнгги тўрт ҳафта ичидаги энг йирик сондаги "ўтиш" бўлган.
Айрим таҳлилчилар мавжуд ҳолатни Афғонистондаги вазиятнинг қанчалик шиддат билан ёмонлашиб бораётгани далолатига ҳам йўйишган.
Кескинлашаётган вазият

Сурат манбаси, facebook
Сўнгги хорижий иттифоқ қўшинлари ҳам Афғонистонни тарк этишни бошларкан, мамлакатнинг, айниқса, Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида вазият жиддий издан чиққан.
Толибон бу ерда саноқли ҳафталарнинг ўзида ўттиздан ортиқ туман назоратини қўлга киритган.
Уларнинг ярмига яқини Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош туманлар экани маълум бўлган.
Толиблар шу пайтгача Афғонистоннинг Тожикистонга бевосита чегарадош шимолий Таҳор вилоятининг барча туманлари, шимолий-шарқий Бадахшондагисининг эса, ярмига яқинини эгаллаб бўлган.
Орада бу туманлар учун жангларда толибларнинг ҳужумидан қочиб, афғон ҳарбийлари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар вакилларининг бир неча бор Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтишга уринишгани ҳам расман хабар берилган.
Худди шунга ўхшаш ҳолат Афғонистоннинг Туркманистон билан чегарасида ҳам юз берганига оид айрим хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Аммо Афғонистонга бевосита чегарадош қолган бирор бир Марказий Осиё давлатининг шу пайтгача мавжуд вазият сабаб, Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинини чақиргани кўрилмаганди.
Чегара назорати

Сурат манбаси, official
Душанбеда кеча, 5 июль куни бўлиб ўтган мазкур йиғин тафсилотларидан маълум бўлишича, Тожикистон чегарадош туманлари хавфсизлигини таъминламоқчи, ўзининг Афғонистон билан давлат чегарасини янада мустаҳкамламоқчи.
Ўзаро чегарага яна заҳирада бўлган 20 минг ҳарбийсини ташламоқчи.
Тожикистон Туркманистон билан бирга минтақанинг Афғонистон билан энг узун чегарага эга иккита давлатидан биттаси бўлади.
Аммо чегарасининг қанчалик мустаҳкамлиги ўтган йиллар давомида энг кўп хавотирга сабаб бўлиб келаётганларидан бири экани кўрилади.
Сўнгги ютуқлари ортидан, Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарасининг катта қисми - 70 фоиздан ортиқроғининг назорати ҳозир толиблар қўлида экани айтилади.
Тожикистон ҳозирча сўнгги воқеалар манзарасида ўз чегарасини янада мустаҳкамлаш қарорига келган Афғонистонга бевосита чегарадош биринчи Марказий Осиё давлати бўлган.
Ўзбекистон эса, бунгача Афғонистон билан давлат чегараси яқинида ҳам ўз қўшинлари шахсий таркибининг жанговар шайлигини қайта синовдан ўтказиб кўрганди.
Мулоқот ва хавотирлар

Сурат манбаси, official
Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, Тожикистон президенти Шавкат Мирзиёев билан телефон мулоқоти чоғида ҳам Афғонистон томонидан чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолларига эътиборни тортган.
Худди шу нуқтаи назардан, томонларнинг чегарадаги вазиятни "ўта кескин", деб баҳолашгани маълум бўлган.
Икковлоннинг 23 июнь кунги телефон мулоқотлари чоғида ҳам "Афғонистонда, айниқса, унинг ўз давлат чегараларига туташ шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида бугун вужудга келаётган хавотирли вазият"ни муҳокама этишгани айтилган.
Ўшанда ҳам президентлар "Афғонистон билан чегарадаги вазиятни жуда кескин", - деб баҳолашгани расман хабар берилганди.
Президент Раҳмон Мирзиёев ва Тоқаев билан телефон мулоқоти ортидан ўтказган Хавфсизлик Кенгаши йиғинида ҳам давлат чегарасини ноқонуний бузиб ўтиш, шу жумладан, трансмиллий жиноятчилик, терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосининг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишга кўрсатма берган.
Ҳали мингдан зиёд ҳарбийси Тожикистон томонига қочиб ўтгани расман хабар берилмаган 4 июль куни эса, Эмомали Раҳмон "қочқинлар" масаласини Афғонистон президенти билан телефон мулоқоти чоғида ҳам муҳокама этиб олгани айтилган.
Афғонистон томонининг расман хабар беришича, Муҳаммад Ашраф Ғани Тожикистон раҳбарига фуқароларига ўзлари масъул эканликлари, бу борада имкон қадар тезликда лозим чора-тадбирлар кўришларини айтиб, жавоб берган.
Афғонистон Қуролли кучлари, Мудофаа, Ички ишлар вазирлиги ёки Миллий Хавфсизлик Кенгашининг бу каби ҳолатларга расман муносабат билдириб чиққани ҳозирча кўрилмаган.
Улар бу каби "қочқинлар"нинг умумий сони ва кейинги тақдирларига ҳали-ҳануз ойдинлик киритишмаган.
Ўзбекистон орада ўз чегарасини бузиб ўтганлар барчасининг лозим расмиятчиликдан сўнг ортга - Афғонистонга юборилганини билдирган.
Тожикистонга қочиб ўтаётганларнинг аниқ қанчаси Афғонистонга қайтиб, қайтмагани ҳозирча маълум эмас.
Ҳамкорлик

Сурат манбаси, official
Расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, сўнгги телефон мулоқотлари чоғида Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари хавфсизлик, айниқса, Афғонистон билан давлат чегараси ҳимоясини кучайтириш масаласида масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришга келишиб олишган.
Тоқаев билан суҳбат тафсилотларидан ҳам томонларнинг худди шунга ўхшаш тўхтамга келишгани маълум бўлган.
Бу уч минтақа давлатлари президентларининг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятни сўнгги икки ҳафта ичида иккинчи бор телефон орқали муҳокама этиб олишлари бўлган.
Россия президенти билан кеча, 5 июль кунги телефон мулоқоти сабаби маълум эмас.
Аммо Тожикистонда Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси - 201-сонли ўқчи дивизияси жойлашган.
Бундан ташқари, жорий пайтда Тожикистон раислик қилувчи ва Ўзбекистон расман аъзоси бўлмаган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти Россия шамсияси остидаги тузилма, деб кўрилади.
Россиянинг ваъдаси

Сурат манбаси, official
5 июль кунги телефон мулоқоти тафсилотларидан маълум бўлишича, Россия президенти Тожикистонга икки томонлама ва КХШТ доирасида ёрдам беришга тайёр эканликларини билдирган.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти жиддий низолар ичида қолган аъзо давлатга кўмакка келиш, у ерга ўзининг тезкор кучларини юбориш ҳуқуқига эга саналади.
Тожикистон ўтган ҳафта мазкур ташкилот Парламент Асссамблеяси Кенгашининг йиғинига ҳам мезбонлик қилган.
Бош котибини шахсан қабул қилиб, у билан ҳам Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасини мустаҳкамлаш зарурлиги борасида бир тўхтамга келишгани маълум бўлган.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков эса, кеча, душанба куни ҳали Россия ўзининг Тожикистонга қўшин юбориш нияти йўқлигини очиқлаб ўтган.
Унинг сўзларидан ҳам, Афғонистон билан чегарасидаги вазият кескинлашса, Тожикистоннинг кўмак олиши англашилганди.
Россия ўзининг Афғонистон билан умумий чегараси йўқ.
Аммо Афғонистонга бевосита чегарадош Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистондаги вазиятнинг беқарорлашуви Россияга ҳам таъсир қилиши мумкинлиги айтилади.
Россия улар билан яқин иқтисодий алоқаларга эга, миллионлаб фуқаролари учун, йилларки, энг йирик меҳнат бозори вазифасини ҳам ўтаб келади.
Маълум бўлишича, Ўзбекистон ва Россия президентларининг кеча, 5 июль кунги телефон мулоқоти чоғида ҳам томонлар Афғонистоннинг шимолий минтақаларидаги вазиятга эътибор қаратишган.
У ердаги аҳволнинг ёмонлашиши муносабати билан Марказий Осиёдаги вазиятнинг ривожига алоҳида тўхталиб ўтишган.
Икковлоннинг Ўзбекистон ва Россиянинг ваколатли идора ва ташкилотлари ўртасидаги мунтазам мулоқотларни давом эттириш ва яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олишгани расман хабар берилган.
Халқаро рейтингларда Ўзбекистон Қуролли Кучлари минтақада энг жанговари, МДҲда эса, энг қудратли тўрттасидан бири сифатида эътироф этилади.
Ўзбекистон 21 июнь куни Афғонистон билан чегарасини вақтинчалик ёпган.
Расмий Тошкент бунинг сабабини ўшанда Афғонистондаги коронавирус билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.
Толибон нима дейди?

Сурат манбаси, AFP
Афғонистон Толибон ҳаракатининг вакили Забиулла Мужоҳид эса, Россиянинг Новости ахборот агентлигига Тожикистон билан чегаранинг хавфсизлиги ва дахлсизлигини кафолатлашларини айтган.
Вакил, шунинг баробарида, ўз назоратлари остидаги ҳудудларнинг бундан-да кенгайиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаган.
Тожикистонни "дўстона давлат", деб атаган, у билан муносабатлари "яхши" бўлишини айтган.
АҚШ ва Нато бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари шу йил май ойидан бошлаб Афғонистондан чиқиб кетишни бошлашган.
Ўтган ҳафта эса, улар пойтахт Кобулдаги ўтган 20 йиллик урушнинг рамзи ва маркази бўлган энг йирик Багром ҳаво базасини ҳам афғонлар ихтиёрига топширишган.
Бу уларнинг Афғонистонни буткул тарк этишлари муқаррар экани ишораси сифатида қабул қилинган.
Афғонистоннинг бундан кейинги тақдирига оид башоратлар эса, ўта бадбин.
Саноқли ойларнинг ўзида афғон ҳукумати қулаши, мамлакатда воқеалар даҳшатли тус олиши ёки фуқаролар уруши бошланиб кетишига оид жиддий хавотирлар бор.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан биридир.
Аммо ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Абдулғани Бародар Ахунд "келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.
АҚШ билан худди ўша йилнинг февраль ойида имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини билдирганди.
Бу битимни жанубий қўшнисидаги тинчлик жараёнига бефарқ бўлмаган Ўзбекистон ҳам расман олқишлаб чиққан.
Толибон сўзчиси кеча, душанба куни Би-би-сига пойтахт Кобулни "қуролли йўл билан босиб олиш ўз сиёсатлари эмас"лигини баён қилган.
Тинчлик музокараларининг энг якуний босқичи деб кўрилган ва ҳали-ҳануз ўз ниҳоясига етмай қолаётган афғонлараро мулоқотлар ҳам толибларнинг янги коалицион ҳукумат таркибида Афғонистонда яна қудратга келишларини кўзда тутади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































