Толибон Ўзбекистонга бевосита чегарадош туманларни босиб олганини айтмоқда, Дўстум тезда Афғонистонга қайтмоқчи (видео) O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Толиблар

Сурат манбаси, BBC/arxiv

Published
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Толибон шу дам олиш кунларида Ўзбекистонга бевосита чегарадош икки туман назоратини кетма-кет қўлга киритганини иддао қилган. Президент Мирзиёев матбуот котиби ҳам сўнгги кунларда Афғонистон томонидан бир неча бор Ўзбекистон чегарасини бузиб ўтишга уринишлар бўлганини расман маълум қилган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Энди Ҳайратон ва Афғонистон шимолидаги бошқа йирик бандаргоҳлар ҳам толиблар таҳдиди остида экани айтилмоқда.

Толибон бунгача Афғонистоннинг Туркманистон ва Тожикистон билан бевосита чегарадош қатор туманларини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлганди.

Толиблар сўнгги бир неча ҳафта ичида Афғонистоннинг, айниқса, Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли ва шимоли-шарқида ўз ҳужумларини шиддатлаштиришган.

Саноқли ҳафталарнинг ўзида бу минтақаларда ўттиздан ортиқ туманни босиб олишган.

Шимолий Балх Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ягона вилояти бўлади.

Минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, вилоятнинг Ўзбекистонга қўшни Шўртепа тумани шу шанба куни толиблар қўлига ўтган.

Жангарилар бунинг ортидан, Балхнинг Ўзбекистон ва Тожикистонга бевосита чегарадош Калдор туманини ҳам олганликларини даъво қилишган.

Аммо, мухбиримизнинг айтишича, маҳаллий масъуллар ҳалича толибларнинг бу иддаоларини расман тасдиқлашмаган.

Шўртепа эса, Афғонистоннинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзининг пайшанба кунги расмий баёнотида номини алоҳида тилга олиб ўтган тумани бўлади.

Вазирлик ўшанда 50 дан ошиқ афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси ва маҳаллий қуролли гуруҳ аъзоларининг Шўртепадан Ўзбекистонга ўтишганини билдирган.

Зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг улар барчасининг яна Афғонистонга қайтарилганини маълум қилганди.

Шанба кунги жанглар чоғида Калдордан ҳам йигирмага яқин Афғонистон фуқаросининг Тожикистон ҳудудига қочиб ўтганига оид қарама-қарши хабарлар бор.

Шерзод Асадов

Сурат манбаси, official

Пойтахт Тошкентдан шу соатларда олинаётган хабарларга кўра, сўнгги кунларда ҳам Афғонистон томонидан Ўзбекистон чегарасини бир неча бор бузиб ўтиш уринишлари бўлган, охиргиси айнан шанба куни кузатилган.

"Биз ўзимизнинг миллий қонунчилигимиз ва халқаро нормалардан келиб чиққан ҳолда улар билан тегишли суриштирув, тергов ишлари олиб бориб, Афғонистон фуқаролари барчасини ўзининг Республикасига қайтариб жўнатиб юбордик", - деб айтган Ўзбекистон президентининг матбуот котиби.

Бу ҳақда ўзининг ҳафталик брифингида маълум қилган Шерзод Асадов бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмаган.

Афғонистоннинг айнан қай бир ҳудуди орқали, қачон, кимлар ва нега бундай қилмоқчи бўлишгани ҳозирча маълум эмас.

Аммо Ўзбекистон президентининг матбуот котиби "бу борада Ўзбекистон чегараси дахлсизлиги ҳеч қандай шубҳа остига қўйилмаслиги"лигини алоҳида таъкидлаган.

Балх вилоятидаги жанглар

Сурат манбаси, official

Толибон сўнгги уч ҳафта ичида Балх вилоятида жами олти туманни босиб олишга муваффақ бўлган.

Орада афғон ҳукумат кучлари Балх туманини ўз назоратлари остига олишганини маълум қилишган.

Аммо минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, толиблар бу туманни яна босиб олишган ва Балхдаги олти туманнинг барчаси ҳали-ҳануз уларнинг назоратлари остида қолмоқда.

Маълум бўлишича, Балхнинг собиқ қудратли ҳокими ва Афғонистон шимолидаги катта таъсирга эга собиқ мужоҳиддин қўмондонларидан бири бўлган Атто Муҳаммад Нур ўтган ҳафта ўрталарида хориждан яна Афғонистонга қайтган.

Шу шанба куни ўзининг юзлаб қуролланган тарафдорлари ва афғон ҳукумат кучлари билан биргаликда айнан Шўртепа туманини толиблардан тозалашга ҳаракат қилган.

Мухбиримизнинг айтишича, жангда танклар ҳам ишга солинган, тумандаги бир неча қишлоқ озод қилинган, аммо минага тўқнаш келиши ортидан, Атто Муҳаммад Нур бир неча қуроллисини бой берган, бунинг ортидан, улар туманни ташлаб чиқишган.

Янги ҳужумлар ва янги таҳдидлар

Андхўй

Сурат манбаси, ulughbekghafuriy/courtesy

Маълум бўлишича, сўнгги уч кун ичида Толибон Афғонистоннинг Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб туманида стратегик жиҳатдан ўта муҳим Андхўй тумани назоратини яна ўз қўлига олган.

Тожикистонга қўшни шимолий Таҳор вилоятининг энг йирик - Рустоқ туманини ҳам эгаллаган.

Таҳор жорий пайтда Афғонистоннинг Толибон энг кўп - ўндан ортиқ туманини босиб олган ягона шимолий вилояти бўлиб турибди.

Минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, толибларнинг сўнгги ютуқлари ортидан, Ҳайратон ва Оқина каби Афғонистон шимолидаги стратегик ва халқаро аҳамиятга молик бошқа йирик бандаргоҳлар ҳам хавф остида қолган.

Толибон бунгача Тожикистонга бевосита чегарадош Таҳор ва Қундуз вилоятларида ҳам Ойхоним ва Шерхон бандаргоҳларини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Бу икки бандаргоҳнинг ҳали-ҳануз толиблар назорати остида экани айтилади.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга эга бу каби бандаргоҳларнинг Толибон қўлига ўтиши аллақачон Афғонистон иқтисодий жиддий зиён етказиши мумкинлигига оид хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, кеча, якшанба куни Ҳайратон бандаргоҳида ваҳима кўтарилган.

Толиблар яқинлашаётганига оид гап-сўзлар ортидан, тожирлар ва давлат идоралари хизматчилари бандаргоҳни ташлаб чиқишган.

Ҳайратон шимолий Балх вилоятининг айнан Шўртепа тумани яқинида жойлашган бандаргоҳ бўлади.

Минтақадаги мухбиримизнинг айтишича, бугунга келиб, бандаргоҳда вазият нисбатан осойишта экани кузатилади.

Ўзбекистон ва Афғонистон шимоли

Ўзбекистон ҳарбийлари

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини 21 июнь куни вақтинчалик ёпган.

Аммо ўшанда бунинг сабабини Афғонистондаги ковид билан боғлиқ кескинлашиб бораётган вазият билан изоҳлаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса, ўзининг Афғонистондаги вазиятга оид 24 июнь кунги расмий баёнотида чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганликларини билдирган.

"Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилиши, давлат чегарасини бузганларга эса, энг кескин чоралар кўрилиши" билан огоҳлантирган.

Бетарафликни сақлаш ва қўшни мамлакат ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий баён қиларкан, вазирлик ўзининг расмий баёнотида Афғонистондаги ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳам чақирган.

Худди ўша куни Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги қўшинлари шахсий таркибининг жанговар шайлигини синовдан ўтказаётганини расман хабар берган.

Аммо расмий хабарда амалий машғулотларнинг режага асосан қилинаётгани айтилганди.

Минтақадаги мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, Афғонистон мудофаа, Ички ишлар вазирлари ва мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондони алмашиши ортидан, афғон хавфсизлик кучлари мамлакат шимоли ва шимоли-шарқида фақат саноқли туманлар назоратинигина яна ўз қўлларига қайтариб олишган.

Бунгача Афғонистон ҳукумати ўзининг уруш стратегияси, мамлакат шимоли ва шимоли-шарқидаги вазиятга эътибори ва кадрлар танловидаги қарори учун жиддий танқидлар остида қолиб келган.

Мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, сўнгги кунларда минтақага қўшимча мадад кучлари ташланмаган.

Қўлларига қурол олган собиқ мужоҳиддин қўмондонлари, кўнгиллилар ва афғон хавфсизлик кучлари эса, жорий пайтда ўзларининг асосий эътиборларини шаҳарлар ҳимоясига қаратишган, дейди у.

Собиқ мужоҳиддин қўмондонлари тарафдорлари ва оддий халқнинг қуроллантирилаётгани эса, аллақачон янги фуқаролар уруши ва амалдаги ҳукуматга қарши яна бир қуролли мухолифатнинг юзага келишига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.

Бугун худди шу масала Афғонистон парламентида кун тартибига ҳам чиққан.

Вакиллар афғон ҳукуматини қўлларига қурол кўтарган кўнгиллилар мақомини қонунийлаштиришга чақиришган.

Аммо сўнгги ҳафталарда Толибонга қарши жанг қилиш истагини билдирган ва бунга даъват этилганларнинг аниқ сонига оид рақамлар ҳозирча имконли эмас.

Яқинлари билан суҳбатдан сўнгги ҳафталарда Туркияда даволанишда экани маълум бўлган маршал Дўстум эса, тез орада Афғонистонга қайтишини маълум қилган.

Маршал Дўстумга яқин манбаларнинг Би-би-сига маълум қилишларича, у шу шанба куни Афғонистон шимолидаги вазиятни Жаузжондаги айрим маҳаллий қўмондонлар билан гаплашиб олган.

Уларни Толибонга қарши бирлашиш ва ўз тарафдорларини сафарбар этишга чақирган.

Маршал Дўстум Афғонистон шимолидаги энг қудратли ўзбек қўмондонларидан бири саналади.

"Кутилмаганда соғлиғи ёмонлашиб", даволаниш учун Туркияга жўнаб кетмасидан аввал маршал Дўстумнинг Афғонистон шимолидаги жангларга шахсан ўзи бошчилик қилгани ҳам кўрилган.

Маршал Дўстум АҚШ бошчилигидаги иттифоқ кучлари 2001 йилда ҳамкорликда Афғонистонда Толибон тузумини қулатган қўмондон ҳам бўлади.

Маршал Абдулрашид Дўстум

Сурат манбаси, Screenshot

Сўнгги вазият

Мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, Толибон сўнгги уч ҳафта ичида Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқида қўлга киритган ўттиздан ортиқ туман аксарияти ҳануз уларнинг ўз назоратлари остида қолмоқда.

Толибон аллақачон бу туманларга ўзининг соя ҳокимларини тайинлашга ҳам улгурган.

Маҳаллий аҳоли толибларнинг зўравонликларидан жиддий шикоятда экани кўрилмаган.

Аммо, мухбиримизга кўра, толиблардан қочиб, ўз йўлларини вилоятлар марказларига солаётган одамларнинг сони минглабдир.

Ўзбекистон минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта давлатидан биттаси бўлади.

Толиблар

Сурат манбаси, Reuters

Ўтган йил Доҳада "Ўзбекистон 24" телевизион каналига берган интервьюсида Толибон ҳаракати сиёсий қанотининг раҳбари Мулла Бародар Ахунд ўзларининг АҚШ билан имзолашга муваффақ бўлишган "тарихий" тинчлик битимига амал қилишларини айтган.

"Худди шу нуқтаи назардан, келгусида Афғонистон томонидан Ўзбекистон ёки Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга хавф ёки таҳдид пайдо бўлишига йўл қўймасликлари"ни айтган.

"Ўзбекистон билан қўшничилик алоқалари янада мустаҳкамланиши, илиқ ва самимий муносабатлар ҳар икки мамлакат барқарорлиги учун хизмат қилишига ишончи комиллиги"ни билдирганди.

Ўзбекистон тинчлик музокаралари доирасида Афғонистон Толибон ҳаракати билан расман ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Афғонистон шимолидаги вазиятни Тожикистон президенти билан муҳокама этиб олгани расман хабар берилган.

Бу мулоқот чоғида ҳам томонларнинг тинчлик жараёнига алоҳида эътибор беришгани англашилган.

Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош, дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ва ўз вақтида айнан Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги сўнгги вазият манзарасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги сўзчисининг Би-би-си Ўзбек хизматига, "Ўзбекистон ўз чегаралари дахлсизлиги ва суверенитетини таъминлаш даражасида қудратга эга" эканлигини билдирганди.

Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги ҳайъат шу кунларда Америка Қўшма Штатларида бўлиб қайтган.

Хабарларга кўра, расмий Вашингтон бу йилги якуний оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, Афғонистонни ҳарбийси илова ҳар томонлама дастаклашга ваъда берган.

Кеча, 27 июнь куни эса, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги ҳайъат Америка Қўшма Штатларига жўнаб кетган.

Ўзбекистон президенти матбуот котибининг бугунги брифинг чоғида маълум қилишича, шу йил 15-16 июль кунлари пойтахт Тошкентда бўлиб ўтиши кутилаётган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар", деб номланувчи яна йирик халқаро анжуман чоғида ҳам Афғонистон масаласига эътибор қаратилади.

"Афғонистоннинг кейинчалик ривожланиши қай йўсин бўлади, унинг савдо, иқтисодий ва транспорт-логистика салоҳиятини қандай ривожлантирса бўлади, умуман олганда, барча ҳаракатларимиз, қандай қилиб Афғонистонга барқарор ҳаёт қайтиб келади, деган мавзуларни Афғонистон, Покистон раҳбарияти ва ҳамкор давлатлардан келадиган бир қатор Ташқи ишлар вазирлари билан муҳокама қилиш режалаштириб қўйилган", - деб маълум қилган Ўзбекистон президентининг матбуот котиби.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг бошқа давлатлари сингари бу жараёнларда бир кўмакчи сифатида иштирок этади.

"Бу, биринчи навбатда, афғон халқи ва афғон давлатининг ички иши. Халқаро нормалардан келиб чиққан ҳолда, барча ҳаракатларимиз шунга асосланиши керак".

"Бунга қанақадир ташқаридан босим ёки афғон халқига ғайри бўлган фикрларни ўтказиш, бу, албатта, нотўғри. Чунки Афғонистонда бўлаётган жараёнлар, бу, албатта, афғон халқининг ўзи ва ҳукумати билан боғлиқ бўлган жараёнлар. Ва, биз умид қиламизки, мана шу бўлаётган ва ривожланаётган зиддиятлар ҳам тез кунларда барҳам топади", - дея баён қилган Шерзод Асадов.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek