Ўзбекистон Афғонистон билан чегарасини ёпди - расмий Тошкент нимадан хавотирда? O‘zbekiston, Afg‘oniston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Screenshot/arxiv
Республика махсус комиссиясининг қарори толиблар Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балх вилоятида жами олти туманни босиб олишганига оид хабарлар ортидан бўй кўрсатди.
Сўнгги янгилик Афғонистоннинг Марказий Осиёга қўшни минтақаларида хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий ёмонлашаётган бир пайтга тўғри келди.
Толиблар сўнгги икки ҳафта ичида бу минтақаларда йигирмадан ортиқ туман назоратини ўз қўлларига киритишган.
Уларнинг ярмидан кўпроғи Тожикистон ва Туркманистонга бевосита чегарадош туманлар экани маълум бўлганди.
Республика Махсус комиссиясининг сўнгги қарори ҳақида кеча, 21 июнь куни маҳаллий вақт билан кечки соатларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расман маълум қилган.

Сурат манбаси, Screenshot/arxiv
Вазирлик ўзлари ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра, комиссия Афғонистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганини инобатга олиб, ўзбек-афғон Давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатишга қарор қилганини билдирган.
Афғонистон жорий пайтда минтақанинг коронавирус билан боғлиқ аҳвол жиддий ёмонлашган Ўзбекистонга бевосита чегарадош ягона давлати бўлади.
Ўтган ҳафта Афғонистонда кундалик коронавирус кўрсаткичлари антирекордни янгилаган.
17 июнь куни мамлакатда 2300 дан зиёд янги коронавирус ҳоллари аниқланган, коронавирусдан вафот этган беморлар сони эса, 100 дан ошган.
Жорий пайтда минтақанинг қолган бирор бир давлатида кузатилмаётган бунга ўхшаш аҳвол сўнгги ҳафталарда Афғонистонда коронавируснинг учинчи тўлқини бош кўтараётганига оид жиддий хавотирларни ҳам пайдо қилмай қўймаган.
Кеча, 21 июнь куни ҳам Афғонистонда қарийб 2 мингга яқин янги коронавирус ҳолати қайд қилинган.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, Республика махсус комиссиясининг қарори билан энди Афғонистон фуқароларига туристик визалар бериш ва туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш ҳам вақтинча тўхтатилади.

Сурат манбаси, Screenshot/arxiv
"Термиз-автойўл" чегара ўтказиш пункти орқали фақат дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари, халқаро ташкилотлар ходимлари, уларнинг оила аъзолари, халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар, ўз юртига қайтаётган Ўзбекистон ва Афғонистон фуқароларининг ҳаракатланишларига рухсат берилади.
Шунингдек:
- "Термиз-автойўл" чегара ўтказиш пункти орқали Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган шахслар томонидан ўтказиш пунктида фаолият юритаётган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилади.
- Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эса тегишли ҳудудда жойлашган махсус клиникаларга даволаш учун юборилади.
- Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритилмайди.
- Бундан ташқари, синов тариқасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Ўзбекистон Республикасига чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келган барча шахслардан, республика ҳудудига кириб келганларидан сўнг 7-кунига қадар коронавирус инфекциясига полимераза занжирли реакция текширувини ўтказиш ва бунда тест харажатларини Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тизими жорий этилади.
Ўзбекистон айнан коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб, ўтган йил март ойида Ҳайратонни бир томонлама ёпганига оид хабарлар олинган.
Афғонистон томонининг айни мазмундаги баёнотларига расмий Тошкентнинг муносабати ноаён қолган.
Аммо орадан саккиз ой ўтиб, муайян эпидемиологик шартлар асосида Ўзбекистон Ҳайратонни қайта очгани маълум бўлганди.
Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси 144 километрга узанган, мамлакатнинг қолган ташқи чегаралари билан қиёсланганда, энг қисқаси саналади.
Аммо Ўзбекистоннинг бу чегараси Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт мобайнида энг кучли қўриқланувчиси бўлган.
Шавкат Мирзиёев ҳали муваққат президент экан, жанубий қўшнилари билан ҳам ҳар томонлама алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш режасини изҳор этаркан, сўнгги тўрт йил ичида Афғонистон билан ҳам борди-келди енгиллашган.

Сурат манбаси, Screenshot/arxiv
Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балх вилоятида бўлган мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, бугун вазият нисбатан тинч.
Кеча, 21 июнь кунининг ўзида вилоятга қўшимча мадад кучлари етиб келган, Балх тумани толиблардан озод қилинган, қайта ҳукумат назорати остига ўтган.
Бу билан толиблар вилоят маркази Мозори Шариф шаҳри дарвозаларидан узоқлаштирилган.
Кеча, душанба куни Балх тумани ўз назоратлари остига ўтаркан, толиблар ижтимоий тармоқларда шаҳарга 15 чақиримча яқинлашганликлари иддао қилинган видеоларни ҳам чоп қилишганди.
Мухбиримизнинг айтишича, Балх вилоятининг қолган беш тумани ҳануз Толибон назорати остида қолмоқда.

Сурат манбаси, official

Сурат манбаси, official
Маълум бўлишича, кеча ўзининг Facebook даги постларидан оиласи билан хорижда даволанаётгани маълум бўлган Балхнинг қудратли собиқ ҳокими Атто Муҳаммад Нур шу кунларда ортга қайтиши, бошқа собиқ мужоҳиддин қўмондонлари ва маҳаллий аҳоли кўмагида бу туманларни толиблардан тозалашини айтган.
Атто Муҳаммад Нур яқинда маршал Абдулрашид Дўстум ва Афғонистон президентининг хавфсизлик масалалари бўйича юқори мартабали маслаҳатчиси Муҳаммад Муҳақиққа Толибонга қарши бирлашиш таклифи билан чиққан.
Афғонистон шимолидаги қудратли ўзбек қўмондони ва мамлакатнинг собиқ биринчи вице-президенти бўлган Дўстум ҳам Атто Муҳаммад Нурнинг бу таклифини хуш қаршилагани айтилганди.
Мухбиримиз Ҳаёт Шайбонга кўра, кеча Афғонистон Мудофаа вазирлиги ҳам худди шу каби режада экани маълум бўлган.
Афғонистон шимоли-шарқидан олинаётган хабарларга кўра, толиблар бугунга келиб Тожикистон билан бевосита чегарадош Қундуз вилоятининг барча туманларини босиб олишга муваффақ бўлишган.
Қундузда жойлашган ва Тожикистон билан икки ўртадаги стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган Шерхон бандаргоҳини ҳам қўлга киритишган.
Шерхон экспорт-импорт юкларини етказиб беришда халқаро аҳамиятга молик порт ҳисобланади.
Кеча, душанба куни уларнинг вилоят маркази - Қундуз шаҳри учун ҳам ўз жангларини бошлаб юборишганига оид хабарлар олинганди.
Туркманистонга бевосита чегарадош Фарёб, Тожикистонга туташ Таҳор ва Қундуз вилоятлари эса, Афғонистоннинг толиблар энг кўп туманларини тасарруф этган вилоятлари бўлиб туришибди.
Афғонистонга бевосита чегарадош Марказий Осиё давлатлари ўз чегаралари яқинида вужудга келган сўнгги вазият борасида ҳалича бирор бир изоҳ ёки муносабат билан чиқишмаган.
Туркманистон ва Тожикистоннинг коронавирус билан боғлиқ кескинлашаётган вазияти сабаб Афғонистон билан ўзаро чегараларини ёпганликларига оид хабарлар ҳам ҳозирча бўй кўрсатмаган.
Афғонистонда жами коронавирус ҳоллари ҳозирга келиб жами 105 мингдан ортган.
Уларнинг 4 мингдан зиёди коронавирус боис, ҳаётдан кўз юмган.
Афғонистонлик масъуллар ҳозирча мамлакатда коронавируснинг "ҳиндистонча - дельта" штамми қайд қилинганини расман тасдиқлашмаган.
Ўзбекистоннинг ўзида эса, кундалик кўрсаткичларнинг сўнгги кунларда 400 га яқин ёки ундан сал ошаётгани кузатилади.
Вақтинчалик ёпилгани айтилган чегара ва чекланган ҳаракатланишнинг аниқ қачон қайта очилиши ва йўлга қўйилиши ҳозирча маълум эмас, Ўзбекистон томонининг расмий хабарида бунинг тафсилотлари ноёан қолган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































