Ўзбекистон: 300 миллиард сўмлик президент сайлови, яна “исён қилган” қўйлар ва Жаҳонгир Отажоновнинг уйлари музлатилдими? O‘zbekiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сайлов шохобчаси

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Published
  • Президент сайлови харжи маълум бўлди
  • Жаҳонгир Отажонов яна босимлар ҳақида гапирди;
  • Наманганда қўйлар нега "намойиш" ўтказди?
  • "Пирамида" ҳам сотувга чиқарилди

300 миллиардлик сайлов

Октябрь ойида ўтиши кутилаётган президент сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун ажратиладиган маблағнинг чекланган миқдори 300 миллиард сўм этиб белгиланди.

Марказий сайлов комиссиясининг хабар беришича, бу миқдорни белгилашда сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказишда маблағ талаб этиладиган барча жиҳатлар ҳисобга олинган.

Хусусан, 14 та округ сайлов комиссиясининг ҳар бирига 56,9 миллион сўмдан ажратилмоқда.

11 мингга яқин участка сайлов комиссиясининг ҳар бирига эса 11,8 миллион сўмдан берилиши режалаштирилгани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, ажратилган маблағнинг 80 фоиздан зиёд қисми ушбу комиссиялар аъзоларининг иш ҳақи, компенсация ва ягона ижтимоий тўловларга сарф этилади.

Шунингдек, сиёсий партияларга ташвиқот ва тарғибот ишлари учун 15 миллиард сўмдан ошиқроқ, ҳар бир номзодга эса 3 миллиард сўм ажратилаётгани маълум қилинган.

Пандемия шароитида ўтаётган сайловда шахсий гигиена ва дезинфекцияловчи воситалар учун 11,5 миллиард сўм ажратилиши ҳам режалаштирилган.

24 октябрь куни ўтиши кутилаётган президент сайловида мамлакатдаги энг олий лавозимга даъвогарлик қилувчи номзодларнинг рўйхати ҳали расман эълон қилинмаган.

Бироқ мамлакатда рўйхатдан ўтиш учун интилаётган саноқли мустақил партиялар ушбу сайловда иштирок этиш мақсадини билдириб келмоқда.

Бундан 3,5 ой аввал Би-би-си билан суҳбатлашган "Ҳақиқат ва Тараққиёт" партияси лидери Хидирназар Аллақулов агар "партиядошлари лозим топса", президентликка ўз номзодини илгари суриши мумкинлигини маълум қилган эди.

"Уйларимни запрет қилишди"

Жаҳонгир Отажонов

Сурат манбаси, Screenshot

Президент сайловига расман тайёргарлик бошланган бир пайтда ушбу сайловда ўз номзодини илгари суришини эълон қилган собиқ хонанда Жаҳонгир Отажонов ўзи ва ҳаммаслакларига нисбатан таъқиблар кетаётганини даъво қилган.

Инстаграм орқали мухлисларига мурожаат қилган Отажонов ўзи яқинда аъзо бўлганини айтган "Эрк" партияси фаоллари ички ишлар органларига сўроққа чақирилаётгани, унга тегишли хонадонларга эса Мажбурий ижро бюроси томонидан тақиқ қўйилганини иддао этган.

Собиқ хонанда мурожаатида май ойи бошида Туркиядан Ўзбекистонга қайтганидан буён кузатувда эканини ҳам даъво қилади.

"Келгандан бери мени ҳали тинч қўймадинглар. Озгина инсоф борми сизларда? Нимаки, биз ёмон иш қиляпмиз? Ё сизлар билан тахт талашяпмизми?" - деган Отажон ижтимоий тармоқда - "Ўзинглар кўрсатган Конституциядан фойдаланган ҳолда, ҳақ-ҳуқуқимиз борлиги учун ҳаракат қиляпмиз!"

26 май куни Отажоновнинг Тошкентдаги хонадонида ўтган "Эрк" партиясининг қурултойига номаълум шахслар келиб, жанжал кўтаргани тўғрисида хабарлар тарқалган эди.

Отажоновнинг иддаосича, ҳуқуқ-тартибот органлари бу шахсларга чора кўриш ўрнига унинг ўзини суҳбатга чақириб, ундан тилхат ёздириб олишган.

Шунингдек, собиқ қўшиқчи пойтахт Тошкентдаги кўчмас мулклари "музлатиб" қўйилганини ҳам даъво қилган.

"Сабаб нима? Олмазор туман МИБ уй-жойларимга запрет қилиб қўйган. Сотолмасин ҳам, бошқа ҳам… Нимага асосланиб? Менинг Олмазор туманига нима алоқам бор?" - деган у ўз мурожаатида.

Отажонов ўзи ва ҳамфикрларига бўлаётган бундай хатти-ҳаракатларни уни "сиёсий фаолиятдан четлаштиришга уриниш" ўлароқ баҳолашини билдирган.

Шу йилнинг баҳорида Жаҳонгир Отажонов "Эрк" партиясига қўшилганини эълон қилган эди.

Ўзбекистондаги фаолияти 1991 йилдан буён расман қайта тикланмаган партия фаоллари 26 май куни қурултой ўтказиб, "Эрк" номидан Жаҳонгир Отажонов номзодини президент сайловида илгари суришга қарор қилгани маълум бўлган эди.

Яна "бош кўтарган" қўйлар

Қўйлар подаси

Сурат манбаси, kun.uz

15 июнь куни Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани ҳокимлиги биноси томон қўйлар подаси ҳайдаб келинган.

Кейинроқ маҳаллий тадбиркорлардан бири ўзига яйлов ажратилмагани юзасидан норозилигини шу тариқа билдиргани маълум бўлган.

Туман ҳокимлигининг изоҳ беришича, қўйларни боқиш учун 30 гектар ер сўраб мурожаат қилган бу тадбиркорга бир неча адирлик ва яйлов ерлари таклиф этилган.

Бироқ ҳокимлик баёнотида "майдонга яқин жойда чиқиндихона мавжудлиги, бошқа майдон эса қўйхонасидан узоқдалиги каби важлар билан" бу таклиф тадбиркор томонидан рад этилгани ҳақида сўз боради.

Туман ҳокимлиги тадбиркор талаб қилаётган ер майдони бошқа бир корхонага тегишли эканини маълум қилган.

"Фуқаронинг ўзбошимчалик билан қилган хатти-ҳаракати, жамоат тартибини бузган ҳолати бўйича тегишли ташкилотлар томонидан ҳуқуқий баҳо бериш бўйича суриштирув ишлари бошланди", дейилади расмий баёнотда.

Апрель ойида Самарқанднинг Нуробод туманида ҳам ўхшаш ҳолат кузатилган эди.

Ўшанда, фермер хўжаликларидан бири ажратилган майдонда белгилангандан кўп чорва моллари боқаётганидан норози маҳаллий аҳоли қарийб 1,500 бош қўйни туман ҳокимлиги биносига ҳайдаб келганди.

Сотувга қўйилган "Пирамида"

"Пирамида" мажмуаси

Сурат манбаси, official

Бўстонлиқ туманидаги "Чорвоқ оромгоҳи" дам олиш маскани сотувга қўйилди.

Пойтахт аҳолиси орасида "Пирамида" номи билан машҳур дам олиш масканининг ҳудуди катталиги сабабли у 8 та алоҳида лотларга бўлинган ҳолда оммавий савдоларга чиқарилиши хабар қилинган.

Давлат активларини бошқариш агентлигининг маълум қилишича, савдолар икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқичда талабгорлар малакаланса, иккинчи босқичда салоҳиятли харидорларнинг тўлов қобилияти ва сотиб олиш нархлари баҳоланади.

Оммавий савдолар ғолибларига ушбу давлат активларидан келгусида меҳмонхона ёки бошқа туризм инфратузилмаси объектини барпо этиш талаби қўйилади.

Ўтган март ойи охирида ҳам "Белдерсой" ва "Сижжак" дам олиш масканлари дохил ўнга яқин йирик давлат активлари оммавий савдоларга чиқарилган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek