Мирзиёев Каримов йўлидан борадими ёки Толибон нима билан таҳдид қилмоқда? Afg‘oniston, O‘zbekiston, Tolibon, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official/arxiv
Толибон ҳаракати Афғонистоннинг қўшниларига мурожаат билан чиқди. Уларни ўз ҳудудларидан Афғонистонга қарши фойдаланилишига изн бермасликка чақирди. Акс-ҳолда бунинг оқибатлари билан огоҳлантирди.
"Агар, шундай қилишса, бунинг оқибатларига ўша давлатларнинг ўзлари масъул" эканликларини айтди.
Афғонистон Толибон ҳаракати минтақадаги энг йирик жангари гуруҳи бўлади.
Ўзбекистон АҚШ ҳарбий базасига яна ўз ҳудудидан жой берадими?
Ўтган ой Ғарбнинг қатор нуфузли нашрларида Афғонистонни тарк этаркан, АҚШ минтақа давлатларида ўз ҳарбий базаларини очиш ниятида эканига оид хабарлар бўй кўрсатган.
АҚШ 20 йиллик ҳарбий ҳозирлигидан сўнг, жорий йилда Афғонистондан ўз қўшинларини буткул олиб чиқиб кетмоқчи ёки уларнинг сонини кескин қисқартирмоқчи.
Мазкур давлатлар сирасида эса, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ҳам тилга олинган.
Орада Ўзбекистон томони бу хусусда расман изоҳ бергандек ҳам кўринган.
Мудофаа вазирлиги вакили, "Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий базалар ва объектлар жойлаштирилишига йўл қўймаслиги"ни айтган.
Ўзбекистоннинг Мудофаа доктринасида бу нарса кўзда тутилмаганини маълум қилган.
Вакилнинг бу муносабати Россиянинг Новости ахборот агентлиги хабарида бўй кўрсатган.
АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини амалга оширишда бундан аввал икки Марказий Осиё давлати - Ўзбекистон ва Қирғизистондаги ҳарбий базадан фойдаланишган.
Аммо ҳар икки давлатдаги базаси ҳам машмашалар ва шахсан президентларининг эътирозлари билан ёпилган.
Воқеаларнинг сўнгги ривожи эса, Марказий Осиёда геосиёсий танглик кучайиб бораётган бир пайтга тўғри келган.
Россия ва Хитой АҚШ билан бирга минтақадаги учта йирик геосиёсий ўйинчидан иккитаси саналади.
Ҳар икковлон ҳам Марказий Осиёда ўз ҳарбий базаларига эга.
Улар АҚШ қўшинларининг ўз чегаралари яқинидаги ҳозирлигидан безовта эканликларини ҳам яширмай келишади.
Россия ҳозирда аксарият минтақа давлатларининг йирик ҳарбий-техник ҳамкори бўлса, Хитой уларнинг энг йирик савдо-иқтисодий шериги, сармоячиси ва кредитори ҳам бўлади.
Афғонистон минтақанинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош ва дунёнинг асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи ўзбек жангари гуруҳлари ҳали-ҳануз бошпана сақлаб келаётган саноқли давлатларидан биридир.
Марказий Осиёда армияси энг жанговар экани айтилувчи Ўзбекистон, бошқа томондан, аксарият минтақа давлатларидан фарқли тарзда, Россия шамсияси остидаги Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига ҳам кирмайди, унга расман аъзо эмас.
Дональд Трамп маъмурияти даврида АҚШ, айниқса, Ўзбекистон ва Қозоғистон билан қайта яқинлашиш ҳаракатида кўринган.
Шавкат Мирзиёевнинг илк ва бир ташрифининг ўзидаёқ Ўзбекистон билан стратегик шерикликнинг "янги даври"ни бошлаганликларини эълон қилган.
АҚШ айнан Дональд Трамр бошқаруви даврида Толибон билан эришилган ва "тарихий" экани айтилган ўтган йилги битим доирасида Афғонистонни тарк этиш ҳаракатида.
Ўзбекистон Афғонистондаги тинчлик жараёнига расман ва фаол бош қўшган ягона минтақа давлати бўлади. Толибон ҳаракатининг ўзи билан ҳам бевосита ва расман мулоқотда.
Тинчлик жараёнининг Афғонистонда толибларни ҳам ўз ичига олувчи коалицион ҳукумат тузилишини мақсад қилган якуний - афғонлараро мулоқотлар босқичи ҳануз ўз поёнига етмаган, аро йўлда қолиб кетган.
Ҳарбий иттифоқ қўшинларининг ортга якуний сафарбарлик режаси бутун Афғонистон бўйлаб зўравонликлар хавотирли тус олган бир пайтга тўғри келмоқда.
Аксарият экспертларнинг бирдек эътироф этишларича, жорий йил Афғонистон учун "ҳал қилувчиси" бўлади.
Толибоннинг сўнгги баёнотига ҳозирча Афғонистондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг расмий муносабати маълум эмас.
Ўзбекистон яна АҚШ ҳарбий базасига жой берадими?
Камолиддин Раббимов
Сиёсий таҳлилчи, Франция

Сурат манбаси, facebook
Савол: Марказий Осиё АҚШга ўз ҳарбий базаларини жойлаштириш учун якуний танлов бўлиши мумкинми? Бу эҳтимол қанчалик ҳақиқатга яқин?
Камолиддин Раббимов: Назаримда, АҚШнинг Марказий Осиё давлатларида янги ҳарбий база учун ҳудуд топиш имконияти, деярли йўқ ҳисоб. Сабаби - геосиёсат.
Россия Федерацияси, қолаверса, Хитой Халқ Республикаси, АҚШнинг Марказий Осиёдаги у ёки бу давлатида ҳарбий база очиб, ўрнашиб қолишини ўз манфаатлари ва минтақадаги иштироки учун таҳдид сифатида кўради.
Табиийки, геосиёсий вазиятни хавфсизлик эҳтиёжлари, тақозоси ўзгартириши мумкин.
Масалан, маълум ойлар ва йиллар ўтиб, Афғонистондаги вазият ўта кескинлашса ва минтақа давлатлари учун хавфсизлик энг асосий масалага айланса, ўшанда геосиёсий ёндашув ва ориентирлардан кўра, ҳарбий ва хавфсизлик тафаккури устунлик қилиб бошлайди.
Лекин, бу ҳолатда ҳам, Россия Федерацияси АҚШнинг минтақа давлатларидан бирида ҳарбий база очишига тўлиқ қарши бўлиб қолаверади.
Назаримда, бугун кунда Марказий Осиёдаги бирон бир давлат АҚШ ҳарбий базаси учун ўз ҳудудида жой беришга тайёр эмас.
Минтақа давлатларининг Москва ва Пекин билан ҳамкорлик ришталари, иқтисодий, геосиёсий ва гуманитар алоқалари, қолаверса, Кремлнинг ғазабидан қўрқиш даражаси жуда юқори.

Сурат манбаси, Reuters
Савол: Айниқса, бир томондан, ҳарбий доктринаси назарда тутилса, бошқа тарафдан, Россия ва Хитойнинг сўнгги йилларда минтақада кучайиб бораётган таъсири инобатга олинса, бу таклифга Ўзбекистоннинг муносабати қандай бўлиши мумкин? Қолган Марказий Осиё давлатлариники-чи?
Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон 2001-05 йилларда АҚШга Қарши/Хонобод ҳудудидаги ҳарбий базани бериб, мисли кўрилмаган сиёсий ва геосиёсий зўриқишни бошидан кечирган эди.
Бир томондан, Россия Федерацияси Ўзбекистонга қарши жиддий лойиҳаларни, давлатнинг ички муаммоларни кўпайтириш учун ҳаракатларни бошлаб юборганди.
Бу лойиҳалар Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий, миллатлараро ва ҳудудий муаммоларни парваришлашни назарда тутган эди. Қолаверса, Ўзбекистонни Россия Федерацияси билан алоқалари анча чигаллашганди.
Лекин ҳокимиятнинг ўзи ҳам маълум муддатдан кейин, АҚШга бу базани берганлигидан афсусда эканлиги билдирилганди.
Натижада, 2005 йилда Ўзбекистон Қаршидан АҚШ чиқиб кетишини таъминлаш учун, ҳаттоки, Шанҳай Ҳамкорлик Ташкилотининг қўшма баёнотини билдиришгача етиб борган.
АҚШ ҳам $250 миллион доллар миқдоридаги кўп йиллик ижара маблағларини 2005 йилнинг охирига бориб, чиқиб кетгач тўлаган эди.
Ўзбекистоннинг Ислом Каримов давридаги ташқи сиёсати, геосиёсий тафаккури "дихотомик" характерга эга эди: бирон-бир қудратли пойтахт билан яқинлашилса, қолган тарафлар билан ҳам ўша давлатга ҳамоҳанг геосиёсий муносабатда бўлишга интиларди.
Масалан, Ўзбекистон Вашингтон билан яқинлашса, Москва ёки бошқа пойтахтлар билан совуқ алоқаларни автоматик тарзда назарда тутарди, ёки тескариси.
Бугун Ўзбекистон том маънодаги кўпвекторли ташқи сиёсатга ўтиб бўлди.
Бир томон билан алоқалар шакллантиришда бошқа муқобил ёки оппонент давлатнинг ички кайфияти - "бу ўша икки давлатнинг ички иши, лекин биз ўз манфаатларимиздан келиб чиқиб муносабатларни ривожлантираверамиз", деган ёндашув устувор.
Айни пайтда, Ўзбекистон олдинги маъмуриятдан фарқли ўлароқ, ташқи дунё билан алоқаларни парваришлашда "ҳеч қандай зўриқишларсиз муносабатлар" шакллантириш йўлини танлагани кўриниб турибди.
Ўзбекистон кейинги йилларда Россия Федерацияси билан алоқаларни жиддий ижобийлаштирди. Лекин, бошқа векторлардаги муносабатлар ҳам пасаймади, аксинча, кучайди.
АҚШ ҳарбий базаси масаласида иккинчи маъмурият, бир қанча омилларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида бундай базага рухсат бермаслиги эҳтимоли юқори.
Биринчидан, Ўзбекистон кўпвекторли геосиёсат ва ташқи муносабатдан воз кечишни истамайди.
Ўзбекистон олдида турган иқтисодий-ижтимоий муаммолар Россия, Хитой, АҚШ ва бошқа давлатлар билан бирдек ишончли ёки ижобий алоқаларда бўлишни назарда тутади.
Ўзбекистон кейинги даврда ривожланиб бораётган АҚШ-Хитой, АҚШ-Россия совуқ муносабатларининг объекти бўлишни, у ёки бу томонни танлашни истамаслиги аниқ.
Иккинчи томондан, Ўзбекистон бугунги Кремлнинг нақадар хавфли ўйинчи эканлигини яхши англайди.
Бугунги Москва постсовет ҳудудини ўз орбитасида ушлаб туриш учун, аниқроғи, Ғарб оғушига яқинлашмаслиги учун ҳар қандай қалтис лойиҳаларга қўл уриш қобилиятини кўрсатган пойтахт ҳисобланади.
Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари Кремлнинг бу тажовузкорлигини инобатга олиб, гарчи хавфсизлик борасида Ғарб билан ҳамкорликни кучайтиришга бўлган эҳтиёжи ошиб борса-да, эҳтиёткорлик билан қарор олишлари тайин.

Сурат манбаси, Reuters
Савол: Афғонистонда вазиятнинг кескин издан чиқиши ва толибларнинг қайта қудратга қайтиши эҳтимоли бу ўринда Ўзбекистон илова қолган Марказий Осиё ҳукуматларининг (ижобий) қарор беришида қанчалик муҳим ва ҳал қилувчи сўзни айтиши мумкин?
Камолиддин Раббимов: Ҳақиқатда, бугунги вазиятда хавфсизликдан кўра, геосиёсат устунроқ.
Яъни, ҳали Афғонистондаги вазият анча барқарор, толиблар қудратга келиш ҳолатидан узоқ, афғон халқи ва давлатчилиги толибларни ўз кучлари доирасида тегиб туриш ниятида.
Лекин, АҚШ қўшинлари чиқиб кетиши натижасида, Афғонистондаги хавфсизлик ва барқарорлик кескин издан чиқиб бошласа, бу Марказий Осиёдаги сиёсий кайфиятни ҳам ўзгартириб бошлаши аниқ.
Ана шунда Марказий Осиё давлатлари пойтахтларида хавфсизлик ва барқарорликкка қаратилган ҳамкорлик йўналишлари қайта кўриб чиқиб бошланишини кутиш мумкин.
Натижада, минтақа давлатларидан баъзилари Москва билан хавфсизлик ҳамкорлигини кучайтиришга шайланса, бошқалари Ғарб билан, НАТО лойиҳалари ва АҚШга ҳарбий база бериш орқали ўз хавфсизлигини кучайтиришга мойил бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.
Лекин бундай вазиятда ҳам расмий Москва ва Пекиннинг Марказий Осиё минтақасида АҚШ ҳарбий базаларига муносабати ўта салбий бўлиб қолаверади.
Сабаби эса, Россия ва Хитой Толибонни ўта салбий куч сифатида кўрса-да, Афғонистон ичидан чиқмайдиган локал куч сифатида кўришга мойил бўлиб қолаверади.
Шу сабаб, бу икки давлат Толибоннинг таҳдини трансмиллий эканлигини бўрттиришса-да, ўзлари бундай, деб ишонишмайди.

Сурат манбаси, official
Савол: Агар, Ўзбекистон алал-оқибат АҚШнинг ҳарбий базасини қайтариш таклифига кўнса, бунга расмий Кремль ва Тошкент расман муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлган толибларнинг муносабати қандай бўлади? Бу каби қарор мунтақа учун қандай янги таҳдид ва хавфларни пайдо қилиши мумкин?
Камолиддин Раббимов: Юқорида айтилганидек, Ўзбекистон ҳудудида АҚШ ҳарбий базасининг жорий хавфсизлик ва геосиёсий муҳитида очилиш эҳтимоли - деярли имконсиз.
Бунга энг аввало Ўзбекистон ҳукуматида реал ҳоҳиш мавжуд эмас. Расмий Тошкент учун шаклланган мувозанат, жуда қулай ва оптимал.
Агар ойлар ва йиллар ўтиб, Афғонистондаги вазият жиддий чигаллашганида, Ўзбекистон Ғарб билан ҳарбий ва хавфсизлик алоқаларини жиддий кучайтириши эҳтимоли мавжуд.
Лекин бу ҳамкорликнинг Ўзбекистон томонидан ҳарбий базага ер ажратилиш даражасига етиб бориш эҳтимоли паст.
Табиий, Москва ҳеч бир шароитда Марказий Осиё давлатларига АҚШ ҳарбий базалари кириб келишига рози бўлмайди, бунга қарши бор ресурсларини ишга солиб, курашади.
Толиблар, бугунги кунда марказлашган куч, ҳаракат эмас. Лекин барча толибларни бирлаштирувчи мафкуравий қарашлар, тасаввурлар мавжуд.
Мана шу тасаввурлардан келиб чиқиб, толиблар у ёки бу давлатга, унинг фуқароларига муносабат шакллантиради.
Кейинги йилларда Ўзбекистон иккинчи маъмурияти Ислом ва мусулмонлар борасида олдинги сиёсатни жиддий бир шаклда кўриб чиқди.
Бугун Ўзбекистон давлатчилиги мусулмон дунёсида Ислом ва мусулмонлар билан яширинча ёки ошкора курашаётган давлат сифатида кўрилмайди.
Давлат Ислом ва мусулмонларнинг кўплаб муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилаётган анча ижобий образда қабул қилинади.
Толиблар ҳам Ўзбекистоннинг бу ҳаракат билан Москва ёки Вашингтондан мустақил равишда олиб бораётган музокара ва мулоқотларини алоҳида эътиборга олса керак.
Лекин, агар Ўзбекистон АҚШ ҳарбий базаси учун ўз ҳудудидан жой берса, толиблар назарида, расмий Тошкент "нейтралликдан мухолифликка ўтган давлат" сифатида баҳоланиши тайин.

Сурат манбаси, EPA
Афғонистондан АҚШ асосий контингенти чиқиб кетиши билан, толиблар фаоллашиб, ҳокимиятни ўз қўлларига олишга интилиши табиий.
Бу - Афғонистонда кучли ижтимоий-гуманитар таранглик пайдо бўлишини, у ердаги миллионлаб этник ўзбеклар ва бошқалар анча таранг аҳволда қолишини англатади.
Бу вазият расмий Тошкент учун Афғонистон ичидаги ва атрофидаги тарафларга бефарқ бўлмасликни, маълум танлов ва фаолликни назарда тутади.
Лекин ҳозирча умид қилиш мумкинки, расмий Кобул ва шаклланаётган Афғонистон давлатчилиги вазиятни ўз қўлида ушлаб қолишга муваффақ бўлади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































