Уйғур эркаги ўз оиласини Хитой Шинжонидаги тутқунликдан қутқарди - Хитой ва мусулмонлар, Xitoy, uyg'urlar, musulmonlar, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, SADAM ABDUSALAM
Уйғур эркаги ўз оиласини Хитой Шинжонидаги тутқунликдан қутқарди - уч йиллик айрилиқдан сўнг уйғур оиласи Австралияда ниҳоят бирлашди.
Уч йил давом этган уринишлардан сўнг австралиялик уйғур эркак турмуш ўртоғи ва боласини Хитойнинг Шинжонидаги тутқунликдан озод қилди.
Пайшанба куни Австралия фуқароси Садам Абдусалом хотини Надила Умайер ва уч яшар ўғли Лутфий билан Сиднейда қайта учрашди.
Димпломатик музокаралардан сўнг уларга Хитойни тарк этишга рухсат берилган.
Хитойнинг мусулмон уйғур озчилиги вакили бўлмиш Умайер хонимнинг айтишича, у аввалига уй қамоғида бўлган.
Бу оила ўзларининг жума куни Сидней аэропортидаги учрашувларидан олинган суратларни бошқаларга ҳам улашди. Абдусалом 2017 йилда туғилган ўғлини биринчи марта кўрди.
"Раҳмат, Австралия. Ҳаммага раҳмат", деб твит қолдирди у.
Уч йиллик айрилиқ ҳикояси
Ўн йилдан буён Австралияда яшаб келган Садам 2016 йили севгилиси Надилага уйланиш учун Хитойга боради.
У 2017 йили Австралияга ишлаш учун қайтади. Надила эса визани кутиб Хитойда қолади.
Ўша йили унинг кўзи ёрди, аммо Хитой ҳукумати Садамга Хитойга келиши учун виза бермади.
Оиланинг айтишича, Надила фарзандини дунёга келтиргач, Хитой расмийлари уни икки ҳафта қамаб қўйган. Сўнг у озод қилингач, паспорти олиб қўйилган ва уйидан чиқишини тақиқлаб қўйишган.

Сурат манбаси, SADAM ABDUSALAM
Ўтган икки йил давомида Австралия Хитойдан уларни чиқариб юбориши учун бир неча марта расман талабнома берган. Гарчи Умайер хоним Австралия фуқароси бўлмаса ҳам, унинг ўғли Садамнинг сўрови билан фуқаро сифатида тан олинган эди.
Феврал ойида Хитой расмийлари уларнинг никоҳи Хитой қонунларига кўра расман тан олинмагани, Надила ҳам Хитойда қолишни истаётгани ҳақида айтган эди.
Аммо Австралия теледастурида Хитой расмийси бу даъволарни қилганидан бир неча соат ўтиб, Садам "Twitter"да хотини ва ўғлининг расмини қўяди. Расмда Надила "Мен бу ердан кетишни ва эрим билан бўлишни истайман" деб ёзиб, вақти кўрсатилган қоғоз ушлаб турган эди.
Жуфтлик ўзлари кутаётган янгиликни эшитишлари учун яна олти ой кутишларига тўғри келди.
"Уларнинг Хитойдан чиқишлари мумкинлиги ҳақида икки уч ой олдин хабар топдик", дейди адвокат Майкл Брэдли Би-би-сига.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 1
Шанхай, Ҳонгконг, Порт Морсби сўнг Брисбен орқали бўлган 48 соатлик парвоздан сўнг унинг оиласи ниҳоят жума куни Сиднейга етиб келгач, Абдусалом Австралия Ташқи ишлар вазирлигига кўрсатган катта ёрдами учун раҳмат айтди, адвокатлар ва ОАВларига миннатдорлик билдирди.
"Бу кун келади деб ҳеч ҳам ўйламагандим ва бизни яна қайта топишишимиз учун қаттиқ ҳаракат қилган барчага катта раҳмат айтаман", деди у.
"Барча уйғур дўстларим ўз оилалари билан яна қайта топишишларини орзу қиламан", деб қўшимча қилди у.
Инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича танқидлар
Ҳуқуқ фаолларининг айтишича, Хитой миллион уйғур ва бошқа мусулмонларни лагерларда тутиб турибди. Аммо Хитой нотўғри иш қилаётганини рад қилиб, терроризм ва диний экстремизмга қарши курашаётгани, лагердагиларни "сиёсий қайта ўқитаётгани"ни айтиб келмоқда.
Октябрь ойида Австралия, Британия, АҚШ ва қатор Европа давлатлари доҳил 39 давлат БМТда ўқиб эшиттирган баёнотда лагерлардаги ва "Шинжондаги инсон ҳуқуқлари аҳволидан қаттиқ хавотирда эканликлари"ни изҳор қилган эди.
"Инсон ҳуқуқлари кенг миқёсда бузилаётгани ҳақидаги хабарларни борган сари кўп эшитяпмиз" дейилади баёнотда.
Айни мақолада X томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз X ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири X пост, 2
Унда хавотир уйғотадиган ҳолатлар сифатида уйғурларнинг дин, кўчиб юриш ва ифода эркинликлари ва ҳудуддаги уйғур маданияти қаттиқ чекланаётгани тилга олинган.
"Кенг қамровли кузатув тизимлари уйғурлар ва бошқа озчиликларни алоҳида нишонга олишда давом этмоқда, мажбурий меҳнат ва туғишни мажбурий чеклаш, жумладан, стерилизация ҳақида кўпроқ хабарлар келмоқда", дейилади баёнотда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































