Ўзбекистон: Ҳоким билан судлашган фермер сирли ўлим топдими? O‘zbekiston, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, Socialmedia/screenshot
Ўзбекистон: Ҳоким билан судлашган фермер сирли ўлим топдими? - Ўзбекистондаги бир неча маҳаллий интернет нашрлари туман ҳокимини судга берган фермернинг жасади топилгани, марҳумнинг яқинлари эса мазкур ҳолат шубҳа билан қараётгани ҳақида ёзганлар.
Маҳаллий сайтлар ижтимоий тармоқда тарқалган бир видеодаги иддаолар ортидан ушбу масалага эътибор қаратган.
9 декабрь куни тармоқда тарқай бошлаган видеода ўзини таништирмаган эркак марҳумнинг акаси экани, Навоий вилояти Хатирчи туманида фермерлик билан шуғулланиб келган укаси Музаффар Муҳаммадиев 5 ноябрь куни сирли ўлим топгани ҳақида сўзлайди.
Эркакнинг маълум қилишича, марҳум укаси туман ҳокимининг ўзига берилган ер майдонига доир ижара шартномасини бекор қилиш ҳақидаги қарори устидан судга мурожаат қилган.
Аммо суд мажлиси белгиланган санадан бир ҳафта бурун тумандаги Полвонота МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи ариқдан фермернинг жасади топилган.
Қолдирилган суд мажлиси

Сурат манбаси, Socialmedia/screenshot
Видеода эркакнинг сўзлашича, Муҳаммадиев 2014 йилдан буён фермерлик билан шуғулланиб келган.
У укасининг туман ҳокими Ғофур Алиевнинг ер билан боғлиқ "қалбаки қарор ва фармойишлари"дан норозилик билдириб, маҳаллий раҳбарни судга берганини таъкидлайди.
"5 ноябрь куни иккаламиз Навоий вилояти маъмурий судига борганимизда, туман ҳокимлиги вакиллари келмагани сабабли суд 12 ноябрга қолдирилди. Шу куни Навоий шаҳридан [Хатирчига] бирга автобусда келдик. Укам уйида қолди, мен уйга кетдим".
"Бу ишлар, жанжалларнинг бўлишига сабаб - туман ҳокими Ғофур Қувватовичнинг қалбаки қарор ва фармойишлари. Укам "ер, ер… бола-чақамни боқаман", деб… 6 ноябрь куни 10.30 да ўлиги юзи сувда ётган ҳолда мана шу ариқдан топилган" сўзлайди эркак марҳумнинг жасади топилган ариқ бўйида турганча.
Ошқозондаги номаълум суюқлик

Сурат манбаси, Socialmedia/screenshot
Видеода эркак қўлида суд-тиббий экспертиза хулосасини тутганча, масъуллар марҳумнинг танасида жароҳат излари топмагани, ўлим ҳолати нафас йўлларининг сув билан беркилиб қолгани оқибатида юзага келган, деган тўхтамга келгани ҳақида гапиради.
Бироқ у экспертиза хулосаларига ишонмаслигини таъкидлайди.
"Хулосада шундай ёзилган: "Ошқозон ости безида 150-200 мл қора-кўкимтир тусли суюқлик бор. Таркиби ноаниқ". Экспертиза шунақа ёзиб беришга ҳаққи борми? "Ноаниқ" деган [хулоса] бўлмаслиги керак-ку?" дея таажжубланади эркак.
Маълумотларга кўра, Хатирчи туман прокуратураси терговчиси ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказиб, натижаларга асосланган ҳолда, 5 декабрь куни жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Бундан норози марҳумнинг қариндошлари турли хил шубҳалар асосида турли инстанцияларга мурожаат қилишгани айтилмоқда.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Gazeta.uz ва Xabar.uz сўровига жавобан бу борада тарқалган хабарларга аниқлик киритган.
Масъул 55 ёшда бўлган Музаффар Муҳаммадиевнинг жасади 6 ноябрь куни соат 10.30 атрофида ўзи истиқомат қилиб келган маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи "Қаҳрамон" ариғидан тан жароҳатларисиз топилганини тасдиқлаган.
Шунингдек, Шамсутдинов марҳумнинг яқинлари илгари сураётган шубҳа ва важларни ҳисобга олган ҳолда, туман прокуратурасининг жиноят иши қўзғатишни рад этиш қарори бекор қилингани, ҳозирда қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилган.
Ҳокимлардан қўрқиш керакми?

Сурат манбаси, Socialmedia/screenshot
Маҳаллий нашрларда эълон қилинган материалларда марҳумнинг яқинлари унинг ўлимига туман ҳокими алоқадорлигини таъкидлаётгани ҳақида сўз боради.
Тарқалган видеода марҳумнинг акаси эканини билдирган эркак фермернинг жасадини 5 ноябрь куни тунда "Дамас" автомашинасида бир неча шахслар ариққа олиб келиб, ташлаб кетгани ҳақида эшитганини иддао қилади.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса ушбу хабарни қизғин муҳокама қилганлар.
Улар, айниқса, туман прокуратурасининг жиноят иши қўзғатишни рад этиш қарорини савол остига олганлар.
"Ҳатто, ўз жонига қасд қилиш ҳолатида ҳам жиноий қўзғатилади, ҳурматли прокурорлар", изоҳ қолдирган Facebook фойдаланувчиларидан бири.
Шунингдек, суд-тиббий экспертизаси хулосасига шубҳа билан қараганлар ҳам топилган.
"Фикримча, судмедэкспертизани Тошкентда, мустақил судмедэкспертлар (агар шундайлар бўлса)ни жалб қилган ҳолда ўтказиш лозим. Маҳаллий расмийлар ҳокимият босими остида бўлиши мумкин", фикр билдирган бошқа бир фойдаланувчи.
Аксар фойдаланувчилар фермернинг ўлимига туман ҳокимининг алоқаси борлигини иддао қилган.
"Ўйнашмагин арбоб билан, дейди. Ҳокимлардан қўрқиш керак. Яхшиси, уларнинг айтганини қилиб юрсанг, тинч бўласан", ёзган тармоқ фойдаланувчиларидан бири ярим киноя оҳангидаа.
Аммо бу фаразни инкор қилганлар ҳам учраган.
"Агар судлашиб юрган бўлса, любой аҳмоқ ҳам билади-ку, подозрениега тушишини. Бу ростдан қотиллик бўлиши мумкин, лекин унда ҳоким буванинг қўли борлигига ишонмайман", фикр билдирган яна бир тармоқ фойдаланувчиси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































