Алишер Қодиров ва “сохта ватанпарварлар”, Суриядан эркаклар ҳам олиб келиниши мумкинми? - Янгиликлар, дунё, Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Сурат манбаси, facebook
Алишер Қодиров ва "сохта ватанпарварлар", Суриядан эркаклар ҳам олиб келиниши мумкинми? - "Миллий тикланиш" демократик партияси раиси UzAutoMotors монополиясидан норозилик билдириб, хориждан автомобиль импорт қилиш тартибини соддалаштиришни таклиф қилаётганларни "сохта ватанпарварлар" дея атади. bbcuzbek.com дайжести.
Алишер Қодиров ва "сохта ватанпарварлар"
"Миллий тикланиш" демократик партияси раиси Алишер Қодиров UzAutoMotors монополиясидан норозилик билдириб, хориждан автомобиль импорт қилиш тартибини соддалаштиришни таклиф қилаётганларни "сохта ватанпарварлар" дея атаган.
Бу ҳақида ЎзА ёзмоқда.
10 декабрь куни сиёсатчи ўзининг Telegram'даги расмий каналида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримовнинг "UzAutoMotors томонидан нархларни асоссиз оширилишига чек қўйишнинг ягона йўли импорт қилинувчи автомобилларга қўйиладиган бож тўловларини пасайтиришдир" мазмунидаги сўзларига муносабат билдирган.
"Бошидан буён такрорланиб келаётган фикр айнан шу. Йўналиш ҳам айнан шу: Ўзбекистонни Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги орқали айнан шу рақобат муҳитини шакллантириш устида ишланмоқда, тайёргарлик кўрилмоқда. Шу фикрга келиш учун шунча шовқин, шунча популизм... Кимлардир машҳурроқ бўлгандир, Ўзбекистон ютмади", ёзган Алишер Қодиров.
ЎзА Қодировдан ушбу фикрларига изоҳ беришини сўраган.
"Минтақада автосаноатни шакллантириш учун озмунча меҳнат қилинмади. Бизнес талаблари ўз вақтида бу лойиҳани фойда келтирмайди, деб ҳисоблаган. Тўлов қобилияти паст бўлган давлатларда автосаноат яшаб кетолмайди. Буни тушунган тушунади. Ўзбекистонда автосаноатни йўқ қилиб, хориждан автомобиль олиб келишни йўлга қўйишни "халқпарвар" таклиф сифатида илгари сурганлар нафақат сиёсатни, балки иқтисодни ҳам тушунмаса керак", дея Алишер Қодировдан иқтибос келтирмоқда ЎзА.
Суриядан эркаклар ҳам олиб келиниши мумкинми?

Сурат манбаси, uzreport.news
Ўзбекистон 8 декабрь куни Суриянинг жанглар давом этаётган ҳудудларидан 98 нафар аёллар ва болалардан иборат фуқароларини олиб келган эди.
Учинчи бор амалга оширилган "Меҳр" инсонпарварлик операцияси доирасида мамлакат ҳукумати 200 нафардан зиёд аёллар ва болаларни Ўзбекистонга қайтарган.
10 декабрь куни ўтган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Комилов "Меҳр" операцияси доирасида эркаклар ҳам Ўзбекистонга қайтарилиши мумкинлиги ҳақида гапирган.
"Ушбу операция давомида биринчи навбатда энг муҳтож бўлган болалар ва аёллар олиб келиняпти".
"Эркаклар борасида ўрганиш керак бўлган жиҳатлар бор. Энди очиқ айтаман. Агарки, уларнинг қўли қон бўлмаса, кимнингдир қотили бўлмаса, вақти келиб, Ватанга албатта қайтади", деган масъул.
Янги йил ва нархлар

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Янги йил байрами арафасида ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг мўътадил сақланишини таъминлашга прокуратура органлари кафолат беради.
Бу ҳақида Бош прокуратура маълум қилган.
Расмий хабарда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини манипуляция қилиш, уларга бўлган сунъий танқисликни вужудга келтиришга қарши курашиш орқали нархларнинг барқарорлигини таъминлаш борасида прокуратура органлари томонидан барча зарурий чоралар кўриб келинаётгани таъкидланади.
"Республика деҳқон бозорларига прокуратура ходимлари бириктирилиб, улар доимий асосда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, ишлаб чиқарувчиларни деҳқон бозорларига тўсқинликсиз кириб келиши ҳамда бу борадаги коррупцияга қарши курашиш тадбирлари амалга оширилмоқда", дейилади хабарда.
Бундан аввал ижтимоий тармоқда яқинлашиб келаётган Янги йил байрами арафасида айрим озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи сезиларли кўтарилиб кетгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.
Хусусан, фойдаланувчилар Янги йил дастурхонининг ажралмас қисми саналмиш мандарин нархи декабрь ойининг биринчи ҳафталигида икки баробарга қимматлаб кетгани ҳақида ёзганлар.
Бюрократик тўсиқлар кескин қисқартирилади
Бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартиришга қаратилган президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган фармон лойиҳасида давлат хизматларини кўрсатишда "бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш" таклиф этилмоқда.
Фармон лойиҳасида 2021 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш каби давлат хизматларини экстерриториал тамойил асосида, яъни фуқароларнинг доимий ёки вақтинча рўйхатдан ўтган жойига боғлиқ бўлмаган ҳолда амалга ошириш ҳақида сўз боради.
Шунингдек, лойиҳада 2021 йил 1 апрелдан бошлаб давлат муассасалари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жисмоний шахслардан судланганлик, солиқдан қарзи борлиги ёки йўқлиги, оилавий шароити тўғрисидаги маълумотномалар ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжат нусхаси, фотосурат, кадастр, меҳнат дафтарчаси ҳужжатлари ва уларнинг нусхаларини талаб қилиш амалиётини бекор қилиш кўзда тутилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































