АҚШ Қирғизистоннинг “ички ишларига аралашди”ми? Қирғизистон, Россия ва АҚШ, Qirg’iziston, O’zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Moskva

Сурат манбаси, DUMA.GOV.RU

Сурат тагсўзи, Талант Мамитов 7 декабрь куни Москвада Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин билан учрашган
Published

АҚШ Қирғизистоннинг "ички ишларига аралашди"ми? - Бу каби савол Қирғизистон парламенти спикери, президент вазифасини бажарувчи Талант Мамитовнинг Москвага ташрифи манзарасида бўй кўрсатди.

Бишкек АҚШ элчихонасини танқид қилишга мажбурми?

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги "АҚШ элчисининг Раим Матраимов ҳақидаги сўзлари терговга босим ўтказиш қатори баҳоланади", дея билдирди. Вазирлик бу давлатнинг ички иш эканини маълум қилди.

Мазкур баёнот парламент спикери, президент вазифасини бажарувчи Талант Мамитовнинг Москвага ташрифи чоғида янгради.

Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда ўзининг Twitter даги саҳифасида маълум қилди.

"АҚШ элчиси Дональд Лунинг яқинда маҳаллий оммавий ахборот воситаларида қилган видеомурожаатида ички ишларларга аралашиш ва терговга босим ўтказиш элементлари мавжуд. Халқаро алоқалар ва миллий қонунларнинг бу тамойиллари бирон бир яхши ният билан ҳам бузилмаслиги керак", дейилади Nашқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Ушбу баёнот Талант Мамитовнинг Москвага ташрифи чоғида ёйинланган. У 7 декабрь куни Москвада Давлат Думаси спикери Вячеслав Володин билан учрашган. Томонлар икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида фикр алмашган.

Володин ўз нутқида Европада ҳеч ким МДҲ давлатлари фуқароларини нон билан қучоқ очиб кутиб олмаслигини урғулади.

"Келажакка умид боғлаганлар, келажак интеграцияда эканлигини тушунишлари керак. Турли хил омилларга қараб, қайси давлатлар билан интеграция яхшироқ эканини англаш керак. Мен ҳеч кимни хафа қилмоқчи эмасман, баъзи мамлакатларда ғарбпараст сиёсатчилар интеграция ҳақида гапирганда дарҳол Ғарб, АҚШ тарафга юзланишади. Қийналишганда эса Россияга мурожаат қилади", деган Вячеслав Володин.

Twitter

Сурат манбаси, Social media

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар учун ташкил этилган ЕвроОсиё Барқарорлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси Қирғизистонга $100 миллион доллар миқдорида кредит ажратмоқчи.

АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу Қирғизистондаги порахўрларга қарши курашишда ёрдам бериш таклифини журналистларни мукофотлаш маросимидаги видеосуҳбатида маълум қилган.

У сўнгги бир ярим йил ичида Қирғизистон учун энг муҳим воқеа пандемия ёки халқ инқилоби эмас, балки Раим Матраимовга қарши журналистик суриштирув ва жамоатчилик муҳокамаси эканини урғулаган.

"Хавфсизлик хизмати 20 октябрда Раим миллионни ҳибсга олди. Улар 22 октябрда Қамчибек Кўлбоевни ҳам ҳибсга олдилар. Суд Раим миллионни ҳукуматга 2 миллиард сўм тўлашни ваъда қилгани учун уй қамоғига чиқаргани ҳақиқат бўлса ҳам, бу қадамлар фақат бошланиши. Аммо бу етарли эмас, бу ҳали бошланиши. Бу "Голливуднинг" мафия ҳақидаги фильмга ўхшайди. Аммо сизлар кино нима билан тугашини билмайсизлар", деган элчи бу ишларни охирига етказиш учун иродали раҳбарлар зарурлигини таъкидлаган.

Elchi

Сурат манбаси, Social meadia

Сурат тагсўзи, АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси Дональд Лу

Шунингдек, Дональд Лу Қирғизистон порахўрликка қарши курашишда халқаро ташкилотлар АҚШ томонидан қўллаб-қувватланишини қўшимча қилган.

Ушбу баёнотлар ва Ташқи ишлар вазирлигининг изоҳига ижтимоий тармоқларда турлича муносабат билдирилмоқда. Баъзи фойдаланувчилар Ташқи ишлар вазирлигининг баёнотини қўллаб-қувватлаб, бошқа мамлакатлар давлатни ички ишига аралашмаслиги кераклигини ёзишса, бошқалари эса элчининг сўзлари тўғри эканлигини таъкидламоқда.

Парламентнинг собиқ депутати ва сиёсатчи Равшан Жээнбеков АҚШ Қирғизистонга ёрдам кўрсатиш учун белги бериб, яқинлашишга ҳаракат қилаётганини айтади.

"Америка одатда ёрдам бермоқчи бўлган давлатларга шундай фикр ва таклифларини айтиб, ўз позициясини билдиради, - дейди Жээнбеков. "Ҳозир Украина ва Грузияга катта ёрдам кўрсатмоқда. У ердаги элчихоналар порахўрликка қарши курашиш, мамлакатни бошқариш ва демократияни ривожлантириш бўйича ижобий фикр билдиришади". "Қирғизистондаги АҚШ элчисининг сўзларига келсак, у Қирғизистонга яқинроқ бўлишни хоҳлаб, ёрдам бергиси келаяпти, деб ўйлайман".

Moskva

Сурат манбаси, DUMA.GOV.RU

Сурат тагсўзи, Қирғизистон ҳайъати Москвада

Жээнбеков ҳар доим Россиянинг орбитаси сифатида яшаб келган Қирғизистон учун мустақил сиёсат юритиш вақти келди, деб ҳисоблайди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, баъзи Россия ҳукумати амалдорларининг янги қирғиз ҳукуматини тан олмагандек имо-ишоралари ва молиявий масалалар мамлакат раҳбарларини қўрқитиб қўяпти.

Сиёсий таҳлилчи Игор Шестаковнинг фикрича, Қирғизистон ташқи сиёсати ташқи иқтисодий алоқаларига боғлиқ бўлади. Қирғизистон Россияга географик жиҳатдан ҳам яқин. Шестаков Россия пандемияни бартараф этиш учун Қирғизистонга $8 миллион доллар берганини таъкидлаб, ҳозирги 100 миллион доллар кредитга ҳам рози бўлганини урғулади.

"Володин бошқа мамлакатларни мисол тариқасида келтирди."Дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида гапирасизлар, муаммо юзага келганда сиз Россияга мурожаат қиласизлар" деди. Пандемия нафақат одамларнинг соғлиuига таъсир қилади, балки Қирғизистон ташқи сиёсатининг йўналишини ҳам белгилайди. Бугунги кунда давлатга инвестиция келмади. Асосий молия муҳожирлардан келаяпти. Айтмоқчиманки, муносабатларнинг устувор йўналишларини аниқлаш нафақат мамлакат раҳбарияти қўлида, балки жамиятда ҳамдир", дейди Шестаков.

Davlat bayroqlari

Сурат манбаси, FORUMDAILY.COM

Парламентнинг собиқ депутати Омурбек Абдраҳманов ҳам Россия билан асосий иқтисодий алоқалар ўрнатилганлигини таъкидлаб, у билан алоқалар яхши бўлиши кераклигини урғулади. АҚШ ёки Европанинг Қирғизистонда манфаати, минтақавий яқинлиги йўқ, аммо Қирғизистон АҚШдан демократияни, тараққиёт йўлларини ўрганиши керак.

"Ички сиёсатимизни ўзимиз олиб бориб, иқтисодий алоқаларни эса ҳамма билан ўрнатишимиз керак. Ҳаттоки АҚШ ҳам "Россияга яқинсизлар, иқтисодий муносабатларни давом эттирсангизлар қарши эмасмиз, демократияни ўрнатсангизлар, инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинади, порахўрлик йўқ бўлади" деб айтган. "Биз ривожланган мамлакатлар билан яхши алоқалар ўрнатамиз, молиявий ва бошқа кўмаклар бўлади. Агар ички сиёсатимизни ислоҳ қилмасак, демократик давлатлар ҳам бизга бефарқ бўлиб қолади", дейди Абдраҳманов.

У Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ элчисининг баёнотига изоҳ беришга мажбур бўлди, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, ушбу баёнот Мамитовнинг ташрифига тўғри келгани бекордан эмас. Бўлмаса, Қирғизистон аллақачон АҚШдан молиявий ёрдам сўраган. Яқиндагина элчи билан Ташқи ишлар вазири гаплашиб, ёрдам сўраганлигини ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари қайд этаяптилар.

Қирғизистон парламенти эса, худди шу манзарада референдум тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлаган.

Агар қонун уч ўқишда ҳам қабул қилинадиган бўлса, Қирғизистон 2021 йилнинг 10 январида референдум ўтказади.

Унда фуқаролар бошқарувнинг икки - президент ва парламент шаклларидан бирини танлашлари керак бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek