Янгиланди, Вена: Франция ортидан, Австрияда ҳужум – ҳужум “исломий террорчилар” ишими? - видео, дунё, янгиликлар, O'zbekiston, Fransiya, Turkiya, Islom dini, dunyo, yangiliklar

Armed policemen search a person near the Schwedenplatz in the centre of Vienna on November 2, 2020

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Полиция йўлдан ўтган, қайтганларни тўхтатиб, гумондорни қидирмоқда
Published
Ўқилиш вақти: 3 дақ

Вена: Франция ортидан, Австрияда ҳужум - ҳужум "исломий террорчилар" ишими? - Қуролли ҳужумлар ортидан, пойтахт Вена бўйлаб аксилтеррор амалиётлари бошланиб кетган. Қурбонлар бор:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Отишмалар тўрт кишининг умрига зомин бўлган, йигирмадан ортиқ киши яраланган. Улардан етти нафарининг аҳволлари оғир экани айтилмоқда.

Қуролли шахслар кеча, душанба куни кечқурун Вена марказидаги олтита турли сатҳни нишонга олишган.

Австриялик масъуллар ҳодисани "исломий террор" ҳужумига нисбат беришган.

Полиция бир ҳужумчини отиб ўлдирган, камида бир гумондорнинг ортидан тушган.

Австрия Ички ишлар вазири ўлдирилган ҳужумчини "исломий террорчи", деб атаган.

Унинг фақат ёши 20 да экани ва декабр ойида муддатидан илгари қамоқдан озод қилинган шахс бўлгани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, бу шахс ўтган йил апрелида урушлар ичидаги Сурияга бориб, ИШИД сафларига қўшилишга урингани учун 22 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Аммо ёш маҳкумлар учун кўзда тутилган енгилликлар боис, эрта қамоқдан чиқарилган бўлган.

Vienna crime scene - police, 3 Nov 20

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Отишмалар кузатилган қатор марказий кўчаларда полиция ходимлари тиқилиб кетган

Тўрт қурбондан икки нафарининг аёл, яна қолган шунчасининг эркак киши экани айтилмоқда.

Улар кекса ёшли аёл ва эркак, бир официант қиз ва эркак йўловчи бўлишган.

Kекса ёшли аёл олган жароҳатларидан ўтган тунда касалхонада вафот этган.

Тўрттовлон ўққа учган пайтларида Вена марказий синагогаси яқинидаги одамлар билан гавжум бар ва ресторaнларда бўлишган.

Аммо ҳужумдан нишон синагога бўлгани ёки йўқлиги маълум эмас.

Австрия Ички ишлар вазири орада матбуот анжумани ҳам берган.

Карл Неҳаммер полиция томонидан ўлдирилган кучли қуролланган шахс ИШИД хайрихоҳларидан бўлганини айтган.

Ички ишлар вазирига кўра, унинг уйи тинтилган ва у ердан видеоматериаллар топилган, мусодара этилган.

Полициянинг твитидан маълум бўлишича, бу шахсда сохта портловчи моддали белбоғ бўлган.

Armed policemen stand out of their car near the State Opera in the center of Vienna on November 2, 2020

Сурат манбаси, Getty Images

Карл Неҳаммерга кўра, яна камида бир нафар "кучли қуролланган ва хавфли" ҳужумчи очиқда бўлиши мумкин.

Мулозимлардан келтирилаётган иқтибосларда ҳужумчиларнинг сони тўрт нафар экани тахмин этилади.

Ҳужумчиларнинг айнан ким эканликлари ва ҳужумдан мақсадлари аниқ нима бўлгани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.

Ҳужумларга масъулиятни ҳам ҳалича бирор бир гуруҳ ўз зиммасига олиб чиқмаган.

Австрия Ички ишлар вазири одамларни Вена марказидан узоқроқ туриш, уйда ўтиришга ундаган.

Ота-оналарни бугун, сешанба куни болаларини кўчага чиқармасликка чақирган.

Полиция баъзи кўчаларни ўраб олган ва қўшимча мадад кучлари ташланган. Шунингдек, уларга Австрия армияси ҳам ёрдам бераётгани айтилмоқда.

Opera guests leave the state opera under the supervision of armed policemen, in the centre of Vienna on November 2, 2020

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Венадаги давлат Опера театрини одамлар қуролли полиция ходимлари ҳамроҳлигида тарк этишган

Австрия канцлери буни "жирканч террорчилик ҳужуми", деб атаган.

"Бу ҳужумга бизнинг ҳаёт тарзимиз, демократиямизга бўлган нафрат сабаб бўлган", - деб айтган у.

Австрия канцлерига кўра, ўзлари гувоҳ бўлиб турган бу ҳолат "насронийлар ва мусулмонлар эмас, тамаддун ва варварлик ўртасидаги курашдир".

Ҳужум Австрия ортиб бораётган коронавирус ҳолларини жиловлаш учун бутун мамлакат бўйлаб янги чеклов чораларини жорий этишига саноқли соатлар қолган бир пайтда кузатилган.

Кўпчилик тунги комендантлик соати киришидан аввал кўчада еб-ичиб қолиш истагида бўлган.

Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, ҳозир шаҳардаги дўконларнинг 90 фоизи ёпиб қўйилган.

Қатор Европа давлатлари лидерлари, АҚШ президентлигига номзодлар - Трамп ва Байден Венадаги ҳужумларни кескин қоралаб чиқишган.

Жумладан, Британия Бош вазири "даҳшатли ҳужумлардан қаттиқ ларзага тушгани"ни айтган.

Венадан аввал Франция устма-уст ҳужумларнинг нишонига айланган.

Сўнггиси ўтган ҳафта Ниццада юз берган, пичоқ билан қуролланган ҳужумчи уч кишини ўлдирган ва яна бир неча нафарини яралаган.

Ниццадаги ҳужумчининг яқинда Тунисдан Европага келган муҳожир экани айтилганди.

Armed police stand guard outside the Interior Ministry in the centre of Vienna on November 2, 2020

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Ҳужумлар ортидан, Австрия Ички ишлар вазирлиги биноси атрофида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek