Қирғизистон номи дунёга чиққан “қонундаги ўғри”ни озод қиладими? - Qirg’iziston, O‘zbekiston, Mirziyoyev, dunyo, yangiliklar

Сурат манбаси, official
- Author, Шоҳруҳ Соипов,
- Role, Мустақил журналист, Қирғизистон
- Published
Қирғизистон номи дунёга чиққан "қонундаги ўғри"ни озод қиладими? - Янги Бишкек Қамчибек Колбоевни яқинда қўлга олган. АҚШ зудлик билан буни олқишлаган. Унинг "жавобгарликка тортилиши ва ҳибсда сақланишига умид қилиб қолган"ди. Бишкек нима қилмоқчи?
Қамчибек Колбоев 22 октябрь куни Давлат хавфсизлик хизмати тарафидан Бишкекда жиноий гуруҳ тузганлик гумони билан қўлга олинган.
АҚШ расмий Бишкекнинг халқаро "уюшган жиноятчиликнинг йирик вакили" Қамчибек Колбаевни ҳибсга олиш бўйича ҳаракатларини мамнуният билан қабул қилишини айтган.
"Колбаевнинг жиноий тармоғи Марказий Осиёда жойлашган бўлиб, гиёҳванд моддалар савдоси, қурол, одам савдоси, товламачилик ва бошқа жиноий фаолият турлари билан шуғулланади. Колбоевнинг жиноий тармоғи бир нечта Евроосиё жиноий гуруҳлари раҳбарлари ва аъзоларидан ташкил топган "Братва" ёки "Brothers' Circle" деб номланган трансмиллий жиноий тармоғининг бир қисмидир. Колбаев 2012 йили феврал ойида АҚШнинг Хорижий активларни бошқариш департаментининг (ОFАC) 13581-сонли буйруғига биноан "Brothers' Circle" учун ёки унинг номидан иш юритувчи сифатида тан олинган", дейилганди АҚШ томони расмий баёнотида.
Қамчибек Колбоев АҚШ Давлат департаменти унинг жиноий тармоғи молиявий механизмларини йўқ қилишга олиб келган маълумот учун 1 миллион долларгача мукофот пули таклиф қилган шахс бўлади.
"Халқ инқиболидан" сўнг иқтидорга келган Бош вазир ва муваққат президент Садир Жапаровнинг яқин дўсти, Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари этиб тайинланган Қамчибек Ташиев уюшган жиноий гуруҳни таслим бўлиш ёки давлатни тарк этишга чақирган эди.
Қирғизистон Хавфсизлик Кенгашининг собиқ котиби Кенешбек Дуйшебаев куни-кеча Бишкекдаги матбуот анжуманида мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий вазият ҳақида гапирар экан, суд, қўлга олинган "қонундаги ўғри" Қамчибек Колбаевни бир-икки кун ичида озод қилиши мумкинлигини айтган.
"Биздаги, тезкор маълумотга кўра, Қамчи Колбаевни озод қилишади. Акс ҳолда, жиноят олами янги ҳукуматга инқилобдан кейин мажбуриятларини бажармаганлиги учун ўз талабларини қўя бошлайди", деган у.

Сурат манбаси, official
Дуйшебаевнинг сўзларига кўра, "жиноий гуруҳ ва янги ҳукумат ўртасида, таъбир жоиз, келишув мавжуд, жиноятчиларга қарши курашиш эса театрлаштирилган шоуга айланган".
Бунга Божхона бошқармаси раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг бир неча соат давомида ҳибсга олинишини мисол келтиради у.
«Раимбек Матраимов қандай жиноят иши бўйича ҳибсга олинган? Терговни ким олиб бораяпти, унга ким раҳбарлик қилди? 2 миллиард сўмлик зарар қаердан келиб чиққан? Нега Жапаров уни қўйиб юборишга қарор қилди? У терговчими?", - дея савол остига олган Хавфсизлик кенгашининг собиқ раҳбари Кенешбек Дуйшебаев.
Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков 15 октябрда истеъфо беришидан аввал Кенешбек Дуйшебаевни Хавфсизлик Кенгаши котиби этиб тайинлаш тўғрисида фармон имзолаган.
27 октябрда эса, Бош вазир ва муваққат президент Садир Жапаров Дуйшебаевни лавозимидан озод этиб, ўрнига Рискелди Мусаевни Хавфсизлик Кенгашининг котиби этиб тайинланган.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат хизматининг маълумотига кўра, Бишкекда қўлга олинган "қонундаги ўғри" мақомига эга Қамчибек Kолбаев тергов ишлари якунлагунича ҳибсхонада сақланади.
Суд унга 23 октябрь куни Қирғизистон Жиноят Кодексининг "Жиноий ташкилот тузиш ёки унда иштирок этиш" моддаси билан айблов эълон қилган ва қамоқда қолдириш қарорини чиқарган.
Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши собиқ котибининг Колбоев билан боғлиқ қилган баёнотига ҳозирча расмий Бишкек муносабати маълум эмас.
Матраимовлар оиласи

Сурат манбаси, EPA
22 октбярь куни Бош вазир ва муваққат президент Садир Жапаров Би-би-сининг Қирғиз хизматига берган интервьюсида икки кун аввал қўлга олинган Божхона раисининг собиқ ўринбосари Раимбек Матраимовнинг ҳибсга олиниши ва озод этилишини изохлар экан, жумладан, "Раимбек Матраимов бўйича қарорни мен қабул қилдим. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари уни "ҳибсга оламан", деб айтди. Раимбек Матраимов исм-шарифини ўзгартириб, бошқа паспорт билан Дубайга кетишга ҳозирланаётган экан. У ҳибсга олингандан кейин, менга қўнғироқ қилиб, хабардор қилишди. Тўхтаб туринглар, етти ўлчаб бир кесайлик, дедим. Чунки ўтган йили Алмазбек Атамбаевни қамадинглар. Раимбек Матраимовдан уч баробар бой, миллиардлари бор, бир тийин тўламади? Бир йилдан буён давлат ҳисобидан боқаяпмиз", деб айтган.
У аввалги давлат раҳбарларидан фарқли равишда "порахўрларни қусдириш" орқали давлат хазинсини тўлдириш мақсадида эканини таъкидлаган.
"Менинг иш услубим бошқача. Биз буни етти ўлчаб, бир кесаяпмиз. Нафақат Раимбек Матраимов, балки барча порахўрлар қусишини истайман. Биз қусдириш йўл билан борамиз. Агар у бундай қилмаса, ҳибсга олинади. Кеча ҳибсга олингандан сўнг дарҳол у 80 миллион сўм тўлади. Тергов идоралари билан ҳамкорлик қиладиган бўлди. Ноябрь охиригача 2 млрд сўм тўкади", дея урғулаган Бош вазир ва муваққат давлат раҳбари.
Раимбек Матраимовнинг укаси, Қирғизистондаги энг катта Қорасув туманини сўнги 8 йил давомида бошқариб келган Тилек Матраимов 6 октябрь куни юз берган "ҳокимият алмашинуви" ортидан истъефога чиққан ва 7 октябрь куни Ўзбекистон чегарачилари тарафидан қўлга олинган эди.
Тилек Матраимов тансоқчиси ва жияни - акаси Искендер Матраимовнинг ўғли билан дарё орқали Ўзбекистонга ўтаётгани айтилган. Қайси дарё экани очиқланмаган.
Орадан икки кун ўтиб, 9 октябрь куни Ўзбекистон Тилек Матраимовни Қирғизистон талаби билан ортга қайтарган.
Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси собиқ ҳокимга нисбатан "чегарани қонуний кесиб ўтиш бўйича" жиноий иш қўзғаган ва Ўш шаҳар суди, гумонланувчини бир ой тергов изоляторида 9 ноябргача сақлаш тўғрисида қарор чиқарган.
Бироқ 15 октябрь куни Тилек Матраимов Ўш вилоят суди қарори асосида уй қамоғига чиқарилган.
Алмазбек Атамбаев кўчирилди

Сурат манбаси, SOCHI. MIKHAIL METZEL/TASS
Бир неча кунлик очлик амалиёти ортидан, қамоқдаги собиқ президент Алмазбек Атамбаев очлигини тўхтатган ва ўтган ҳафта Бишкекдаги 47-сон aхлоқ тузатиш муассасасига ўтказилган.
Унинг адвокати Замир Жоошевнинг маҳаллий матбуотга маълум қилишича, ҳимоясидаги инсон Жазони ижро этиш хизмати раҳбарияти илтимосига биноан очликни тўхтатган.
"Алмазбек Атамбаев даволанишга муҳтож. У ўзини биринчи сон тергов ҳибсхонасидан 47-сон қамоқхонасига ўтказишни талаб қилди", дейди адвокат.
Собиқ давлат раҳбари ўтган йилнинг августида ҳибсга олинганидан бери Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитасининг тергов ҳибсхонасида сақланаётган эди.
У 26 октябрь куни Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторига кўчирилган.
Адвокатга кўра, "Атамбаев ўлимга маҳкум этилганлар сақланган ертўла камерасига ташланган".
Унинг айтишича, "Камерада узоқ вақтдан бери ҳеч ким сақланмаган, фақат ўша куни иситиш ёқилган".
"Канализация тизими ишламаяпти, камеранинг эшиклари доимо очиқ. Шу сабабдан Алмазбек Атамбаев норозилик сифатида очлик эълон қилди", деган унинг адвокати Замир Жоошев.
Қирғизистон Жазони ижро этиш хизмати адвокатнинг сўзларини рад этиб, Атамбаев ўтирган камерада барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлаган.
Маҳбус тергов ҳибсхонасига келгандан сўнг, профилактик ишлар олиб борилиб, умумий режимдаги камерага жойлаштирилганини айтган.
"Биринчи сон тергов ҳибсхонаси марказлаштирилган иситиш тизимига, канализацияга уланган бўлиб, барча камералар ёпилган ва муассаса ходимлари назоратида. Камералар ўрнатилган видеокамералар ёрдамида марказий идорадан 24 соат давомида онлайн кузатиб турилади", дейилганди идора баёнотида.
Жорий йилнинг июнь ойида Бишкек шаҳрининг Первомайский туман суди Алмазбек Атамбаевни "қонундаги ўғри" Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний озод қилиниши бўйича айбдор, деб топиб, уни 11 йилу икки ойлик қамоқ жазоси ҳукм қилган. Шунингдек, мол-мулки мусодара қилиниб, давлат мукофотларидан ҳам маҳрум қилинган.
Август ойида Бишкек шаҳар суди ҳукмни ўз кучида қолдирган.
Жорий йилнинг 6 октабрга ўтар кечаси Бишкекда юз берган тартибсизликлар пайтида намойишчилар томонидан қамоқдаги қатор сиёсатчилар билан биргаликда собиқ президент Алмазбек Атамбаев ҳам озод қилинган. Бироқ орадан икки кун ўтиб, у Қўй -Тошдаги уйида ҳибсга олинган ва қамоққа қайтарилган.
Қамоққа қайтинглар

Сурат манбаси, .
Қирғизистон Миллий Хавфсизлик Давлат Қўмитаси намойишчилар қамоқдан озод этганларни ихтиёрий равишда ортга қайтиш, акс ҳолда қатъий чораларга юз тутишлари билан огоҳлантириб келади.
5 октябрь куни намойишчилар ҳукумат биносини эгаллаб олиб, қамоқдан озод этганлар орасида порахўрликда айбланган собиқ Бош вазир Сапар Исақов ва Бишкек шаҳрининг собиқ ҳокими Албек Ибраимовлар ҳам бор.
Ҳозир икковлоннинг қаердалиги номаълум. Уларга қидирув эълон қилиниб, қўлга олиш ишлари давом этмоқда.
Хавфсизлик идорасининг маълумотига кўра, қамоқдан озод қилинган "Электр станциялари" очиқ хиссадорлик ташкилотининг раҳбари Салайдин Авазов 11 октябрь куни қайта қўлга олинган.
Собиқ раҳбар Бишкекдаги иссиқлик электр марказидаги порахўрлик бўйича судланиб, 11 йилу уч ойга қамоқ жазосига ҳукм этилган.
Шунингдек, айни шу электр марказидаги порахўрлик иши бўйича 14 йилга ҳукм қилиниб, бироқ 6 октябрь куни қамоқдан намойишчилар озод қилган "Миллий энергохолдинг" компаниясининг собиқ раҳбари Ойбек Қалиев 12 октябрь куни қамоқхонага ўз ихтиёри билан қайтиб келган.
Порахўрликда айбланиб, 15 ярим йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган собиқ Бош вазир Жанторо Сатибалдиев ҳам 12 октябрь куни колонияга қайтиб келган ва юрак хасталиги сабаб, касалхонага ётқизилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































