Ўзбекистон: Миллиардер Алишер Усмонов билан ҳамкорлик, ўпка томографиясининг қимматлашгани асослими? - Mirziyoyev, O'zbekiston, yangiliklar

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Published

Ўзбекистон: Миллиардер Алишер Усмонов билан ҳамкорлик, ўпка томографиясининг қимматлашгани "асосли" ва пахта-йиғим теримида ҳали ҳам мажбурий меҳнат борми? - bbcuzbek.com дайжестида.

Табрик

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон телефонда суҳбатлашдилар.

Бу ҳақида Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хабарда президент Мирзиёев Тожикистон етакчисини куни кеча бўлиб ўтган президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклагани маълум қилинган.

Шунингдек, президентлар Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон раҳбарларининг Қирғизистондаги вазият юзасидан қўшма баёнот қабул қилганини мамнуният билан қайд этгани ҳам қўшимча қилинган.

11 октябрь куни Тожикистонда навбатдаги президентлик сайлови бўлиб ўтиб, унда амалдаги давлат раҳбари Эмомали Раҳмон ғолиб чиққан ва бешинчи бор мамлакат президентига айланган эди.

Раҳмон овозларнинг 90 фоиздан кўпроғини қўлга киритган, аммо сайловда бирор бир мухолиф партия вакили иштирок этмаган.

Қорақалпоғистон раҳбари сенатор бўлди

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

2 октябрь куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига сайланган Мурат Камалов Олий Мажлис Сенати аъзосига айланган, дея хабар берган ЎзА.

Хабарга кўра, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг бўшаб қолган ўринларга Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтган.

Мажлисда Жўқорғи Кенгес депутати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси У. Жалменов ва Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Камалов номзоди муҳокама қилинган.

«Очиқлик, ошкоралик билан ўтган муҳокама давомида депутатлар номзодларнинг фаолияти, ҳаёт тажрибаси, ишчанлик, ташаббускорлик, ташкилотчилик фазилатлари тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Очиқ овоз бериш орқали маслаҳат кенгаши томонидан тақдим этилган номзодларни ёпиқ яширин сайлов бюллетенига киритиш бўйича қарор қабул қилинди», дейилади хабарда.

Овоз бериш жараёнидан сўнг Жалменов ва Камалов Сенат аъзолари этиб сайланган.

Вазирлик миллиардер Усмонов билан ҳамкорлик бошлади

Alisher Usmonov

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги Россия Маориф вазирлиги ва Алишер Усмоновнинг «Санъат, фан ва спорт» хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда рус тили ва умумий фанларини рус тилида ўқитиш сифатини оширишга қаратилган «Зўр!» («Класс») лойиҳасини бошлаётганини эълон қилган.

11 октябрь куни томонлар қўшма лойиҳани амалга ошириш бўйича Тошкентда меморандум имзолаган.

«Зўр!» лойиҳасининг илк босқичида 32 нафар рус методистлари маҳаллий мактаблар ўқитувчилари ва ўқувчилари ўртасида рус тилини билиш даражасини назорат қилиш учун Ўзбекистонга етиб келган.

Россиялик мутахассислар Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш сифатини баҳолаши ҳамда ҳамкасбларига тилни ўқитиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши хабар қилинган.

«2021 йилда 100 нафар россиялик мутахассис республикага мамлакатимизга келиши режалаштирилган. Ўзбекистонга йўналтирилган мутахассислар сони ҳар йили 100 нафарга кўпаяди. Дастурнинг барча босқичлари 30 мингга яқин ўзбекистонлик ўқитувчиларни қамраб олади», дейилади вазирлик хабарида.

«Мажбурий меҳнатга қарши кураш давом этмоқда»

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича ҳудудлардаги ўрганишларнинг янги тафсилотларини очиқлаган.

Вазирлик тақдим этган маълумотларга кўра, республика бўйича 10 октябрга қадар мажбурий меҳнатдан азият чеккан 652 дан ортиқ фуқаролар аниқланиб, 18 та мансабдор шахсга нисбатан мажбурий меҳнатга жалб қилганлиги учун 205 миллион 160 минг сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган.

Вазирлик Сурхондарё вилояти Бойсун тумани ҳамда Тошкент вилояти Бўка тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиқлари 30 дан ортиқ ходимларини пахта йиғим-теримига мажбурий равишда жалб қилганлиги учун маъмурий жаримага тортилганини мисол қилган.

«МСКТ нархларининг ошиши — асосли»

Монополияга қарши курашиш қўмитаси шошилинч тиббиёт муассасаларидаги ўпканинг Мультиспирал компьютер томографияси (МСКТ) нархлари ўрганилганини маълум қилган.

Коронавирус пандемияси сабаб аҳоли орасида МСКТга талаб ошиб, ижтимоий тармоқларда ушбу хизмат нархлари асоссиз қимматлаб кетгани борасида шикоятлар кўпайган эди.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси июль-август ойларида хусусий клиникалардан олинган маълумотларга асосланиб ўрганиш ўтказилгани, унга кўра, МСКТ хизмати пойтахт бўйлаб 18 та тиббиёт муассасаси томонидан кўрсатилгани, ушбу хизматнинг умумий қиймати 185 миллиард сўмни ташкил этгани ҳамда якка тартибдаги хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи бозорда устун мавқеи мавжудлиги аниқланмаганини билдирган.

Қўмита ўз маълумотларига асосланиб, хизмат нархи 195 мингдан 400 минг оралиғида белгиланганини қўшимча қилган.

Шунингдек, хизматнинг нархлари республикадаги эпидемиологик вазиятга қадар 90 мингдан 150 минг сўм оралиғида бўлганлиги аниқланган.

Қўмита айрим тиббиёт муассасаларининг ҳисоб-китобларини ўрганиш натижалари МСКТ нархларининг ошиши хизматнинг ўзига хос хусусиятлари ва индивидуал ёндашувидан келиб чиққан ҳолда шаклланишининг тўғрилигини кўрсатганини маълум қилган.

«Тиббий муассасалардан олинган маълумотларга кўра, тақдим этилаётган хизмат нархларининг ўсишига МСКТ хизматларига бўлган талабнинг кескин ортиши, касалланганлар сони кўпайиши билан боғлиқ бўлиб, шу сабабли кўплаб тиббиёт муассасалари 24 соатлик иш режимига ўтганлар, бу эса ускуналарга ортиқча юклама тушишига, уларнинг тез бузилишига, қайта тиклаш учун бутловчи ва эҳтиёт қисмларни доимий равишда сотиб олишга тўғри келаётгани кўрсатилган.Тиббиёт муассасаларнинг 24 соатлик режимга ўтганлиги эса, муассаса ходимларига қўшимча ҳақ тўлашга олиб келган. Бу ҳам ўз навбатида хизмат нархларининг кўтарилишига таъсир кўрсатган» дейилади қўмита хабарида.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek