Янгиланди, Тожикистон ва сайлов: Бешинчи бор Эмомали Раҳмон ютди - Шавкат Мирзиёев табриклади, Mirziyoyev, O'zbekiston, Tojikiston, yangiliklar видео

Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Тожикистон ва сайлов: Бешинчи бор Эмомали Раҳмон ютди - Шавкат Мирзиёев табриклади, президент сайлови тинч ўтди, "бўлиб ўтди".

Тожикистондаги президент сайлови Беларусь ва Қирғизистондаги сайловорти нотинчликлари манзарасида кечди.

Худди шуниси билан четда кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортди, хос аҳамият касб этди.

Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонга сим қоққан, уни сайловдаги ғалабаси билан расман қутлаган илк минтақа президентларидан бири бўлган.

Президент Раҳмон эса икки йилда Қозоғистон собиқ давлат раҳбари Нурсултон Назарбоевни ортда қолдириши эҳтимоли ортмоқда.

Қандай қилиб ва қайси соҳада Тожикистон Қозоғистонни ортда қолдиради? Видео:

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон президенти Тожикистон раҳбарини якшанба кунги президент сайловидаги ишончли ғалабаси билан табриклаган.

Унга биродар тожик ҳалқи фаровонлиги ва равнақи йўлидаги фаолиятида катта муваффақиятлар тилаган.

Президентлар Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон давлат раҳбарларининг Қирғизистондаги вазият юзасидан қўшма баёнот қабул қилишганини яна бир бор хотирлашган, буни мамнуният билан қайд этишган.

Тожикистон минтақанинг Ислом Каримов Ўзбекистони сув юзасидан "уруш ёқасигача бориб қолган" давлати бўлади.

Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, таъбир жоиз, "орадаги музлар буткул эриган", бу янги Ўзбекистон президенти минтақавий сиёсати, дипломатиясининг улкан ютуғи сифатида ҳам эътироф этилган.

Тожикистондан олинаётган хабарларга кўра, президент сайлови тинч кечган, "бўлиб ўтди", деб топилган.

Дастлабки сайлов натижаларига кўра, Тожикистоннинг амалдаги президенти овозларнинг 90 фоиздан ортиқроғини қўлга киритган.

Бу ҳақда Тожикистон Марказий Сайлов комиссияси хулосасига таяниб, мамлакатдаги етакчи Asia-Plus интернет нашри ёзмоқда.

Россиянинг қатор етакчи ахборот агентликлари ҳам бу ҳақда хабар бериб бўлган.

Сайлов якуний натижаларининг келаси 10 кун ичида эълон қилиниши айтилаётир.

Президент сайловида беллашган қолган тўрт номзоднинг бу янгиликка муносабатлари ҳозирча имконсиз.

Сайловда бирор бир мухолиф партия вакили қатнашмаган.

Xалқаро кузатувчилар наздларида, бунгача Тожикистонда ўтказилган бирор бир сайлов демократик, шаффоф ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлган эмас.

Тожикистон қонунчилигида экзит-полл ташкил этилиши кўзда тутилмаган. Сайлов участкаларида видеокамералар ҳам ўрнатилмаган.

Аммо сайловларни МДҲ, ШҲТ, КХШТ, Россия Давлат Думаси ва ЭХҲТ кузатувчилари кузатишлари айтилган.

Tojikiston prezidenti

Сурат манбаси, official

Президент сайловида беш миллионга яқин сайловчининг 80 фоиздан кўпроғи овоз берган.

Сайлов "бўлиб ўтди", деб топилиши учун сайловчилар ярмидан кўпининг овоз бериши тақозо этилади.

Ғолиб чиққан номзод ҳам худди шунча фоиздаги овозларни қўлга киритиши лозим бўлади.

Маҳаллий вақт билан эрталаб соат 06:00 да очилган сайлов шохобчалари кечки 20:00 да ёпилган, овозларни санаш жараёни бошланган.

Бу галги сайловда ҳам мамлакатнинг амалдаги президенти Эмомали Раҳмоннинг қўли баланд келиши кутилган.

Эмомали Раҳмон бу галгиси билан кетма-кет бешинчи бор Тожикистон президентлиги учун беллашган, энди у мамлакатни яна етти йил бошқара олади.

68 ёшли Эмомали Раҳмон аллақачон Марказий Осиёнинг энг узоқ қудратда қолаётган президенти бўлади.

Tojikiston

Сурат манбаси, BBCUZBEK

Тожикистон Россиянинг минтақадаги энг яқин иттифоқчиларидан бири саналади.

Йилларки, Россияда меҳнат муҳожирлигида банд миллионлаб фуқаролари ортга юбориб келаётган маблағлар мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келади.

Тожикистон Россиянинг четдаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган давлати ҳисобланади.

Яқин иттифоқчиси саналган Беларусь ва Қирғизистондаги сайловлар ортидан келиб чиққан нотинчликлар эса, Россиянинг жиддий безовталигига сабаб бўлмай қолмаган.

Қирғизистондаги зиддиятли парламент сайлови ортидан кузатилган вазият расмий баёнот билан чиқишига сабаб бўлган Хитой эса, Тожикистоннинг энг йирик сармоядори ва қарз берувчиси.

Тожикистон Қирғизистон билан бирга минтақанинг нисбатан камбағал иккита давлатидан биттаси саналади.

Марказий Осиёнинг узоқ йиллик фуқаролар урушини бошидан кечирган ягона давлати бўлади.

Мамлакат яқин-яқингача ҳам масъуллар турли жангари гуруҳларга нисбат бериб келаётган ҳужумларга саҳна бўлиб келади.

Тожикистон Ўзбекистон ва Туркманистон билан бирга минтақанинг Афғонистонга бевосита чегарадош учта мамлакатидан биттаси бўлади.

Афғонистон эса, дунёнинг узоқ йиллик урушлар ичидаги саноқли давлатларидан бири саналади.

Бунгача мустақил Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев Марказий Осиёнинг қудратда энг узоқ қолган птрезиденти бўлган.

Назарбоев ўтган йил 78 ёшида ўз ихтиёри билан истеъфога чиққан, бундай қарорга келган биринчи минтақа президенти сифатида тарихга кирган.

11 октябрь

Тожикистонда сайлов: Эмомали Раҳмон яна етти йил қудратда қоладими?

Tojikiston

Сурат манбаси, Official

Сурат тагсўзи, Эмомали Раҳмон ўз овозини бериб бўлди

Тожикистонда сайлов: Эмомали Раҳмон яна етти йил қудратда қоладими? - Кетма-кет бешинчи бор президентликка ўз номзодини илгари сурган Эмомали Раҳмон ўз овозини бериб бўлди.

Эмомали Раҳмон Тожикистонни 1992 йилдан буён бошқариб келади. Жорий пайтда Марказий Осиёнинг энг узоқ қудратда қолаётган президенти бўлади.

Бу гал Тожикистон президентлиги учун расман 5 номзод беллашмоқда. Ягона мустақил номзод рўйхатга олинмаган.

Мамлакатнинг янгиланган Конституциясига кўра, Эмомали Раҳмон ўз номзодини президентликка истаганча кўрсатиши мумкин, муҳлати чекланмаган.

Тожикистон Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Ўзбекистон ўзаро муносабатларида янгича даврни бошлаган минтақа давлати бўлади.

Tojikiston

Сурат манбаси, official

Президент Эмомали Раҳмон ҳозир 68 ёшда. Агар, бу йилги сайловда ҳам ғолиб чиқса, ваколати яна етти йилга узаяди.

Кўпчилик амалдаги президент қудратни тўнғич ўғли - Сенат раиси ва Душанбе шаҳар ҳокими Рустам Эмомалига "топширишини кутган".

Аммо 27 август куни Тожикистон Мустақил Касаба уюшмалари федерацияси барча гап-сўзларга якун ясаган.

Амалдаги президентнинг номзодини яна илгари суриб чиққан.

Президентлик учун ўғли Рустам Раҳмон эмас, яна отаси Эмомали Раҳмон беллашиши маълум бўлганди.

Президент Эмомали Раҳмон бундан аввалги ҳар тўрт президент сайловида бирдек ғалаба қозонган.

Айрим минтақавий экспертларга кўра, буниси ҳам фақат " Эмомали Раҳмоннинг қандай фарқ билан ютиб чиқиши" билан ўзгачалик касб этиши мумкин, холос.

Тожикистон, сайлов ва мухолифат

Tojikiston

Сурат манбаси, BBC WORLD SERVICE

Мамлакатдаги ягона мухолиф Тожикистон Ислом уйғониш партияси эса, беш йилдирки, мамлакатда фаолиятда эмас.

Тожикистон расмийлари 2015 йилги қонли ҳодисаларда Ислом уйғониш партиясини айблаган, партия фаолиятини тақиқлаб, аъзоларини ҳибсга олган.

Исломий партия зўравонликларга алоқадорлигини рад этган, босимларни президент Эмомали Раҳмоннинг мухолифларини сиёсий саҳнадан сиқиб чиқариш ҳаракатлари, деб баҳолаган.

Ислом Уйғониш партияси раҳбари Муҳиддин Кабирий ва партия фаоллари ватанини тарк этишга мажбур бўлишган.

Тожикистон Ислом уйғониш партияси собиқ СССР ҳудудидаги ягона исломий сиёсий ва Тожикистон парламентида ўринга эга бўлган партия эди.

Президент сайловида Тожикистонда фаолиятда бўлган 7 сиёсий партиядан бештаси ўз номзодини илгари сурган.

Нисбатан мухолиф, деб кўрилган ягона Тожикистон Социал-демократик партияси эса, президентлик сайловида умуман қатнашмаслигини эълон қилган.

Сайлов

Emomali Rahmon

Сурат манбаси, official

Тожикистонда президент сайлови, одатда, 6 ноябрь куни ўтказиб келинган.

Айрим хабарларга кўра, мулозимлар коронавирус яна ўз забтига олган бир пайтга тўғри келишининг олдини олиш учун бу гал сайлов санасини олдинга суришган.

Тожикистон жорий пайтда минтақанинг коронавирус энг кам тарқалган давлати бўлиб турибди.

Агар, расмий статистикага таянилса, жорий пайтда мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг жами сони 10 мингдан сал ошади.

Аммо мустақил манбалар ҳақиқий рақамларнинг расмийсидан анча кўп эканини даъво қилиб келишади.

Президентлар

Сурат манбаси, President.uz

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek