Ўзбекистон: Жўқорғи Кенгесда янги раис ва Ғаниевга Фарғона “торлик қилиб” қолганмиди? O'zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Yangi rais

Сурат манбаси, official

Published

Ўзбекистон: Жўқорғи Кенгесда янги раис ва Ғаниевга Фарғона "торлик қилиб" қолганмиди? - Хайрулло Бозоров Сўхга борди, Италияда яна бир ўзбекистонлик футболчи ва $724 миллионли ҳамкорлик. bbcuzbek.com дайжести.

Президент матбуот хизмати Шавкат Мирзиёев иштирокида Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессияси иш бошлагани ва йиғилиш давомида Жўқорғи Кенгес раиси лавозимига Камалов Мурат Қаллибекович номзоди тавсия этилганини хабар қилмоқда.

31 июль куни Жўқорғи Кенгеснинг собиқ раиси Муса Ерниязов коронавирус юқтириб олиши ортидан бир ойдан зиёд давом этган хасталик туфайли вафот этган ва шу вақтга қадар унинг ўрни бўш қолиб келаётган эди.

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Давлат раҳбари йиғилишда коронавирус пандемияси Ўзбекистонга ҳам йўқотишлар олиб келгани, лекин ҳаёт давом этиши, шу шароитга муносиб бўлиб, тўғри йўл топиш зарурлигини таъкидлаган.

"Мурат Камаловни кўп йиллардан бери танийман. У аввало ҳалол одам, ватанпарвар одам. Қаерда ишлаган бўлмасин, қорақалпоқ элининг дарди билан яшаганига гувоҳман. Энг асосийси шу. Бошқаси тажриба билан келади. У отаси Қаллибек Камалов, марҳум Муса Ерниязов ишларини давом эттириб, халқни рози қилади, деб ишонаман", деган президент.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг 80-моддасига мувофиқ, Жўқорғи Кенгеснинг раиси Қорақалпоғистон Республикаси раҳбари ва энг юқори лавозимли шахсидир.

Жўқорғи Кенгес Раиси айни орган томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг розилиги билан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутатлари орасидан яширин овоз бериш йўли билан Жўқорғи Кенгеснинг ваколати муддатига сайланади.

Италияда яна бир ўзбекистонлик футболчи

Rossiya

Сурат манбаси, Rostovfc

Россиянинг "Ростов" футбол клуби ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов Италиянинг "Женоа" клубига ўтганини хабар қилган.

Хабарда "Ростов" Шомуродовга клубдаги фаолияти учун миннатдорчилик билдирган.

25 яшар ўзбекистонлик футболчи 2017 йилда "Ростов" таркибига қўшилган эди.

У ўтган уч йил давомида клуб таркибида 91 бор майдонга тушиб, 18 марта рақиб дарвозасини ишғол этган.

Бир вақтнинг ўзида расмий хабарда трансфер баҳоси очиқланмаган.

Спорт янгиликларини бериб борувчи таниқли chempionat.asia сайти Шомуродов Италия тупроғида майдонга тушажак иккинчи ўзбекистонлик футболчи эканини қайд этган.

Сайтнинг ёзишича, бунга қадар Италиянинг "Ювентус" ва "Женоа" клублари таркибида бошқа бир ўзбекистонлик футболчи - Илёс Зейтуллаев тўп сурган.

Кўмир қазиб олиш камайди

Shavkat Mirziyoyev

Сурат манбаси, official

Давлат статистика қўмитаси жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда йирик корхоналар томонидан 2,2 миллион тонна кўмир ишлаб чиқарилгани, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, 158 минг тоннага кам эканини маълум қилган.

Қўмита 2019 йил - 4,1 миллион тонна, 2018 йил - 4,2 миллион тонна, 2017 йил - 4,0 миллион тонна кўмир ишлаб чиқарилганини қўшимча қилган.

Хайрулло Бозоров Сўхга борди

Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати янги ҳоким Сўх туманига бориб, аҳоли билан учрашганини хабар қилган.

Хабарда Бозоров аҳолининг муаммоларига қулоқ тутгани, ҳудудда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан танишгани, маҳаллий ишлаб чиқариш цехига ташриф буюргани маълум қилинган.

Ҳоким Бозоров ташрифи давомида эндиги бор куч туманда тадбиркорликни ривожлантиришга сарфланишини билдирган.

Май ойида туманда юз берган тартибсизликлар ортидан сўхликлар маҳаллий ҳокимлик вакиллари фаолиятидан кескин норозилик билдириб, уларнинг истеъфосини сўраган эди.

"Ғаниевга Фарғона торлик қилиб қолган эди"

Shuhrat G'aniyev

Сурат манбаси, official

Gazeta.uz нашри Бош вазир ўринбосарига айланган Шуҳрат Ғаниевнинг Фарғона вилоятида ҳоким ўлароқ олиб борган фаолиятига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилган.

2011 йилдан буён вилоятни бошқариб келган Ғаниев 25 сентябрь куни Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган эди.

Gazeta.uz Ғаниев борасида вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати собиқ раҳбари Муҳаммаджон Обидов билан ҳам суҳбатлашган.

Ғаниевнинг мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги соҳасини юқори даражага кўтара олишига ишонч билдирган Обидов Фарғона вилояти унинг дунёқараши, режалари ва ғоялари учун "торлик қилиб қолгани"ни билдирган.

"Шу сабабдан президентнинг қарори жуда тўғри", Обидов сўзларидан иқтибос келтиради Gazeta.uz

$724 миллионли ҳамкорлик

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ориповнинг Тожикистонга ташрифи давомида икки давлат ўртасида умумий қиймати $724 миллионга тенг 308 та инвестициявий ва савдо битимлари имзоланганини маълум қилган.

2020 йил 29 сентябрь куни Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода ҳамраислигида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Тожикистон Ҳукуматлараро комиссиясининг еттинчи йиғилиши бўлиб ўтган эди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek