Қозоғистон: Ўзбек уламоси Маъмуржон домла озодликка чиқди- O'zbekiston, Qozog'iston

Сурат манбаси, Screenshot
Қозоғистон: Ўзбек уламоси Маъмуржон домла озодликка чиқди - Маъмуржон Хайтметов имом-ноиб сифатида қилган маърузалар ва дарслари билан ўзбекзабон интернетда машҳур бўлган.
Ҳибси минтақада катта шов-шувга сабаб бўлган ўзбек уламоси Қозоғистоннинг Сайрам туманидан.
12 август куни Жиноят ишлари бўйича Сайрам тумани суди Маъмуржон Хайтметовга икки йил шартли қамоқ жазоси белгилади. Онлайн равишда бўлган маҳкама жараёни якунлангач, уламо озод бўлиб яқинлари билан уйига кетган.
Маъмуржон Хайтметов ўзига қўйилган айбловларни қисман тан олган.
Хайтметов 17 июнь куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) томонидан ҳибсга олинганди.
Би-би-си манбасининг айтишича, Хайтметовга бундан 6 йил олдин насронийлар дини ҳақида қилган маърузаси бўйича, «диний адоват қўзғаш» айби қўйилган.
44 ёшли Маъмуржон домла Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 174-моддаси 2-банди билан тергов қилинган.
Ушбу модда ижтимоий, миллий, уруғга оид, ирқий, табақавий ёки диний адоват қўзғашни назарда тутади.
2014 йилда Сайрам туманидаги «Жалол ота» масжидида ўтган дарси бўйича Маъмуржон Хайтметовга «ўз хизмат мансабидан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг миллий шаънини таҳқирлаб, диний адоват қўзғаш» айби қўйилган.
Ушбу модда 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазосини кўзда тутган.
Ўшанда Хайтметовни яқиндан билганлар Би-би-сига "унга қўйилаётган айбловларда асос йўқ"лигини даъво қилишган.
Би-би-си ўшанда Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармасидан бу борада изоҳ ололмаган.
Маъмуржон Хайтметов 2015 йилнинг охири ва 2016 йилнинг бошларида имом-ноибликдан кетган ва маъруза қилишни тўхтатган.
Би-би-си манбаси унинг ҳибси манзарасида Маъмуржон Хайтметовнинг соғлиғида жиддий муаммолар борлигини ҳам айтган.
Ўзбек уламоси ўзининг озод этилиши билан боғлиқ воқеаларнинг сўнгги ривожига ҳозирча бирор бир муносабат билдирмаган.
Тарихча ўрнида - ўзбек уламоси ҳибси

Сурат манбаси, Social media
Маъмуржон домла ҳибсга олиниши арафасида Манкент қишлоғи ва атрофдаги қишлоқларда яшаган яна 3-4 ёш йигит қўлга олинган.
Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан тасвирга туширилган уларни қўлга олиш жараёни акс этган видео ҳам ижтимоий тармоқларга сиздирилган.
Маъмуржон домлани яқиндан таниган ва дарсларида иштирок этган бошқа мусулмонлар ҳам гувоҳ сифатида сўроққа чақирилган.
Яқинлари Маъмуржон Хайтметовни ҳимоя қилиш учун адвокат ёллаганди.
1976 йилда туғилган ва Маъмуржон домла номи билан машҳур бўлиб кетган «Жалол ота» масжиди собиқ имом-ноиби Хайтметов Мадина Ислом Университетида таҳсил олган.
Унинг маърузалари ижтимоий тармоқларда 100 минглаб марта кўрилган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek

































