Ўзбекистон Россия босими остида қолаяптими? - O’zbekiston, Rossiya

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Published
Ўқилиш вақти: 8 дақ

Ўзбекистон Россия босими остида қолаяптими? - Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Сенат олтинчи ялпи мажлисида айтган сўзлари худди шу каби фикру муносабатларга замин яратган. Россия ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолик масаласида мигрантлар воситасида Ўзбекистонга босим ўтказаётганига оид тасаввурларни пайдо қилган:

Ўзбекистон Россия босими остида қолаяптими? - Таҳлилчи муносабати, видео

Абдулазиз Комилов 7 август куни Сенатда ярим йиллик фаолиятлари юзасидан ҳисоб берган. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида гапирган.

Сенат аъзоларининг Россиядаги мигрантлар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги саволларига ҳам аниқлик киритган.

Худди шу манзарада вазир Ўзбекистон фуқаролари тақдирини енгиллаштиришга қаратилган қатор ҳужжатлар тайёрлангани, бироқ улар Россия томонидан рад этилганини айтган.

Бунинг ортидан берган изоҳида эса, бунинг сабаби айнан Россия шамсияси остидаги ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолик билан боғлиқ экани англашилган.

"Россия билан бир-иккита ҳужжатларни имзоламоқчи бўлдик, лекин улар қабул қилмади. Жуда кўп нозик томонлари бор, буниям, ўйлайманки, сенаторларимиз билиши керак", деркан, вазир бунинг тафсилотларига тўхталиб ўтган.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, Россия томони "шартноманинг тўғри ёзилгани, яхши" эканини айтаркан, "Шартномани нима қиласиз? Мана, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзо бўлиб киринглар. Ҳеч қанақа шартнома керак бўлмайди. Ана шунда ҳамма муаммолар ўз йўли билан ҳал бўлиб кетади", деган.

Россия босими?..

Kamoliddin Rabbimov

Сурат манбаси, facebook

Вазирнинг Сенатдаги чиқишига ўз баҳосини бераркан, Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов, "Абдулазиз Комилов Россия Федерацияси томонидан Ўзбекистонга ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик масаласида дипломатик, сиёсий босимлар борлигини тан олаётгани"ни айтади.

Аммо нега айнан бугун ва ошкора экани саволига жавоб бераркан, таҳлилчи, "бугунги кунда ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар ўртасидаги сиёсий ва ўзаро ишонч муҳити ниҳоятда салбий бир даражада" эканига тўхталади.

"Бугунги кунда Россия Федрациясининг Қозоғистон, Беларусь ва қолган аъзо давлатлар билан ташкилот доирасидаги кўп томонлама муносабати тўлиқ ижобий динамикага эга эмас. Яъни, ташкилотнинг глобал репутацияси, ҳатто, постсовет ҳудудининг ўзида ҳам жуда зиддиятли бўлиб бораяпти".

"Ўзбекистон эса, шу вазиятдан келиб чиқиб, ўзининг истиқболини бу ташкилот билан боғламаётган бир тасаввур пайдо бўлаяпти", - дейди.

Суҳбатдошимиз бунинг ортидан, вазир баёнотининг оҳангига алоҳида эътибор бериш кераклигини ҳам таъкидлайди.

Унга кўра, бу алоҳида қилинган баёнот эмас, саволларга жавоб бўлган, гапиришдаги оҳанг ва суръат эса, Россия ва Ўзбекистон муносабатларига салбий тус бермаслик даражасида ўта эҳтиёткорлик борлигини кўрсатади.

"Яъни, Ўзбекистон бир томондан ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ ишонч ҳосил қила олмади. Фақатгина кузатувчи бўлиб кирди. Лекин, айни пайтда, Россия Ўзбекистоннинг энг муҳим бўлган иқтисодий, сиёсий ва бошқа бир соҳалардаги ҳамкори ҳисобланади", - дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, "Мана шу вазиятдан келиб чиқиб, Ташқи ишлар вазири Ўзбекистон-Россия билан ўзаро муносабатларига салбий тус бермасликка интилаяпти. Лекин, айни пайтда, Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига бўлган эҳтиёткорлигини ҳам очиб бераяпти, дейишимиз мумкин".

"Ўзбекистон бу ташкилотга кирадими-йўқми, Ўзбекистоннинг Ғарб ва қолган геосиёсий векторлар билан муносабатига Россия рашк билан қараб қолаверади", деркан, таҳлилчи, расмий Москва Ўзбекистонни бу иттифоққа олиб кириш ғоясидан воз кечмаслиги эҳтимолини ҳам назардан соқит этмайди.

"Чунки ҳокимиятда Путин бўлар экан, унинг энг катта, глобал геосиёсий ва тарихий миссияси сифатида ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи ва ундан кейинги кўзланган интеграцион лойиҳалар турганлиги ҳаммага маълум. Демак, шуни хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонга Россия томонидан ман шу иттифоққа кириш лобби ҳаракатлари, маълум бир у ёки бу кўринишдаги босимлар тўхтамайди".

Унга кўра, "Россиянинг бугунги кундаги асосий пировард мақсади - Ўзбекистонни ўз геосиёсати орбитасида ушлаб туриш ва унинг Россия геосиёсатига мойиллигини парваришлаб бориш бўлиб қолаверади".

Таҳлилчи, ўз ўрнида, кейинги йилларда ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи доирасида маълум бир зиддиятлар шаклланиб улгургани омилига яна ўзининг диққатини қаратади.

"Коронавирус пандемияси ҳал бўлиб, иттифоққа аъзо давлатлар лидерлари учрашганда ҳам, улар ўртасидаги норасмий совуққонлик йўқолмаслиги, ижобий бир динамика шаклланадиган бўлса, бунинг учун камида икки йил ёки ундан кўпроқ муддат кетиши"ни айтаркан, "Ўзбекистон мана шу даврда асосий урғуни икки тарафлама ҳамкорлик ва икки томонлама муносабатларга қаратиши"ни таъкидлайди.

Мувозанат

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Расмий Вашингтон эса, Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши эҳтимолидан ўз хавотирларини аллақачон расман ва ошкора изҳор этиб бўлган.

Дастлаб АҚШ Савдо вазири Ўзбекистонни бунинг оқибатларидан огоҳлантириб чиққан.

Бу - Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига киришини ортга суриб юбориши мумкинлигини айтган.

Бунинг ортидан, шахсан АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистонга сафар қилган.

Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини яна бир бор қўллаб-қувватлаш - унинг кун тартибидаги асосий масалалардан бири бўлган.

Бу каби расмий кун тартиби ҳам ўшанда аксарият минтақавий сиёсий экспертларнинг диққат-эътиборларини ўзига тортмай қўймаганди.

Ўтган ой бошида эса, Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича учрашувларни қайта бошлаши расман маълум қилинган.

Помпео ташрифидан икки ойча ўтиб, Ўзбекистон президенти глобал коронавирус пандемиясига қарамай, Россияга амалий ташриф билан борган.

Аммо Ўзбекистон Сенати қароридан кейин илк учрашувлари эса-да, унинг Россия президенти билан Москвадаги музокаралари чоғида ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кузатувчилик масаласининг муҳокама қилгани ёки йўқлиги тафсилотлари ноаён қолганди.

Ўзбекистон ва Россия

O'zbekistonliklar

Сурат манбаси, Getty Images

Россия Ўзбекистоннинг минтақадаги энг йирик иккита савдо-иқтисодий ҳамкоридан биттаси, энг муҳим ҳарбий-техник шериги саналади.

Россия дунёнинг энг катта - миллионлаб сондаги Ўзбекистон фуқаролари турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Глобал коронавирус пандемиясидан аввал уларнинг сони биргина расмий рақамларда икки миллиондан ортиқроққа нисбат берилган.

Аммо нейтрал Туркманистон назарда тутилмаганда, Ўзбекистон Тожикистон билан бирга минтақанинг ҳали-ҳануз бу иттифоққа тўлиқ аъзо бўлиб кирмаган иккита давлати бўлади.

Мустақил Ўзбекистоннинг ҳозирда марҳум биринчи президенти Ислом Каримов бунга ўхшаш иқтисодий иттифоққа киришга расман ва ошкора рўйхушлик бермай келган.

Буни бир мамлакат сиёсий мустақиллигига таҳдид сифатида кўрган.

Аммо Шавкат Мирзиёев қудратга келган тўрт йилнинг ичида янги Ўзбекистон бу масалани кўриб чиққани маълум бўлган.

Пировардида, шу йил бошида ҳукумат Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолиги эмас, кузатувчи мақомидаги иштирокини маъқуллаб, ўз таклифини кўриб чиқиши учун парламентга юборган.

Бунинг ортидан Ўзбекистон парламентининг ҳар икки палатаси ҳам ҳукуматнинг таклифини маъқуллаган.

Бунга глобал коронавирус пандемияси ҳам тўсқинлик қила олмаган.

Аммо Сенатнинг май ойидаги қарори Ўзбекистон президенти томонидан расман маъқулланганига оид хабар ҳалича олинмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг 7 август кунги сўзлари эса, худди шу каби бир фонда янграган.

Абдулазиз Комилов ўз чиқишига, "Энди ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи сингари институтларнинг кўплаб салбий, ижобий тарафлари бор, ўрганиб қадам ташлаш керак. Лекин шунақа муаммолар кун тартибида бор", дея якун ясаган.

Ўзбекистон ва ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқи

O'zbekiston

Сурат манбаси, BBCuzbek

Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириши сўнгги йилларда аксарият ўзбекистонликларни бефарқ қолдирмаган энг ҳассос масалалардан бири экани кўрилган.

Кибер фазода ҳам энг кўп муҳокама этилаётган ва этилувчи мавзулардан бирига айланган.

Орада иттифоққа аъзолик масаласидаги якуний қарор ҳатто референдум орқали берилиши керак, деган фикрларгача кўзга ташланган.

Бунга мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг муҳим қарорлардан бири, дея баҳо берувчилар ҳам бўлган.

Ўзбекистон парламенти ҳар икки палатасининг ҳали кузатувчилик масаласида берган ижобий қарорининг ўзиёқ мамлакат аҳолиси томонидан бир хилда қарши олинмаган.

Бу ҳам яна қизғин баҳсу мунозараларга замин яратган, фикр билдирган кўпчиликнинг Ўзбекистон сиёсий мустақиллигидан хавотирда экани англашилган.

Ижобий қарор берилган кунларни мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг машъумларига қиёс берганлар ҳам топилган.

Аммо айрим минтақавий экспертлар эса, буни расмий Тошкентнинг "дипломатик ютуғи"га йўйишган. Ўзбекистоннинг ҳалиям "Россиянинг босимларига ён бермасликнинг уддасидан чиқаётгани"ни айтишган.

Ўзбекистоннинг кузатувчилик қарори ортидан ҳам, ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолиги масаласида, таъбир жоиз, "Россиянинг босимига учраётгани" эса, айнан Ташқи ишлар вазирининг 7 август кунги чиқишидан англашилган.

Янги Ўзбекистоннинг "ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига кириш масаласини ҳар томонлама ўрганаётган ва парламенти кузатувчилик мақомини ёқлаши билан кечган ўтган тўрт йилча вақт ичида ҳам бунақаси кузатилмаган.

Ўзбекистон ҳукуматининг бирор бир мулозими, таъбир жоиз, бу каби ошкора чиқиш қилмаган.

Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги масаласини парламент кўриб чиқиши керак, деган тўхтамга келаркан, мамлакат ҳукумати буни энг аввало айнан мигрантлар масаласи билан боғлаб изоҳлаш ва асослашга ҳаракат қилгани кўрилган.

Аммо ўшанда иттифоққа тўлиқ аъзо Қирғизистон мисолида бу каби мантиққа қарши чиққанлар ҳам оз бўлмаган.

ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига тўлиқ аъзолик эса, ўша давлат фуқароларининг Россия ҳудудида патентсиз ишлашларига изн беради.

Айнан патент Россиядаги аксарият ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг энг оғриқли муаммоларидан бири экани кўрилади.

Парламенти кузатувчилик мақоми борасида расман бир тўхтамга келмасдан аввал - ўтган йил охирида Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолиги ва ташқаридан босим масаласига Сенат раисининг биринчи ўринбосари тўхталиб ўтган.

Содиқ Сафоев ўшанда "Ўзбекистон бу масалани уч йилдан буён ўрганаётгани, ташқаридан ҳеч қандай босим бўлгани йўқ"лигини айтган.

Журналистлардан бирининг иттифоққа қўшилиш масаласида босим ўтказилиши эҳтимоли мумкинлиги ҳақидаги саволга жвоб бераркан, Сенат раисининг биринчи ўринбосари, "Ўзбекистон Республикасига босим бўлганми, деган саволни ҳатто қўйманг ҳам. Ўзбекистон - унга босим ўтказиш мумкин бўлган мамлакат эмас", - дея жавоб берган.

"Шавкат Мирзиёев бошқаларнинг босими остида эгиладиган сиёсатчи эмас"лигини таъкидлаганди.

Ташқи ишлар вазирининг сўнгги чиқиши эса, Сенат Ўзбекистоннинг ЕвроОсиё Иқтисодий Иттифоқида кузатувчилик мақомини ёқлаб овоз беришидан қарийб уч ой ўтган бир пайтга тўғри келди.

Россия ва ўзбекистонлик мигрантлар

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади.

Аҳолисининг сони ҳозир расман 34 миллион кишидан ортади.

Уларнинг аксарияти мамлакатнинг камбағаллик ва ишсизлик муаммоси чуқур илдиз отган чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг катта сондаги фуқаролари четда меҳнат муҳожирлигида банд давлати бўлади.

Айнан четда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ортга юбориб келган миллиардлаб долларлик маблағлар эса, Ўзбекистон ҳукумати учун ижтимоий хавфсизлик камари вазифасини ўтаб берган - жамиятдаги ижтимоий хавфсизлик камари вазифасини ўтаб келган.

Ўзбекистон мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида мамлакат иқтисодини тутиб, юритиб келаётган молиявий манбалардан бири сифатида кўрилган.

Аммо глобал коронавирус пандемияси ҳаммадан ҳам кўп айнан шу каби инсонларнинг тақдирида салбий акс этган.

Карантин боис, орада уларнинг аксарияти оғир аҳволда қолишган, ўз ишларини йўқотишган. Даромадларидан айрилишган. Йиққан-терганлари ҳам қолмаган - бор жамғармаларидан айрилишган.

Сўнгги ойларда, қандай бўлмасин, ортга - Ўзбекистонга қайтиш ҳаракатига тушиб қолишган.

Уларнинг орасида коронавирус юқтирганларининг ҳам озмунча эмаслиги англашилган.

Аммо рисоладагидек тиббий муолажага имконсиз аҳволлари эса, маҳаллий фаолларнинг жиддий хавотирларига молик воқеъликка ҳам айланган.

Устига устак, Россия ҳукумати ўтган ой бошида коронавирус аниқланган ўзга давлат фуқароларини мамлакатда яшаш ва ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилган.

Хориж фуқароларининг Россияда патент ёки рухсатнома олиш, вақтинча рўйхатдан ўтишга ариза беришдан аввал биринчи навбатда коронавирусга текширувдан ўтишларини ҳам шарт қилиб қўйган.

Россия ҳозир ҳам дунёнинг коронавирус энг кўп тарқалган тўртта давлатидан биттаси бўлади.

Мамлакатдаги жами коронавирус ҳолларининг ҳозир расман бир миллионга яқинлашгани кўрилади.

Айнан пандемия боис, апрель ойида Давлат думаси чет эл фуқароларининг Россиядан чиқиб кетмасдан патентларини узайтириш ҳуқуқини қонунийлаштирган.

Аммо июнь ойида Россия президенти янги бир фармон билан чиққан, мигрантларга берилган енгилликларни яна уч ойга узайтирган, аммо улардан энг асосийларини бекор қилган.

Президент Путиннинг фармонида мигрантлар ишга қайтиши баробарида Россияда ишлаш учун рухсат берувчи ҳужжат - патентни расмийлаштиришлари лозимлиги айтилган.

Патенти бор муҳожирларнинг эса, унинг ойлик солиқ тўловларини давом этдиришлари шарт экани кўзда тутилган.

Россияда ҳам катта сондаги фуқаролари танг аҳволда қоларкан, Ўзбекистон орада уларнинг минглабини қайтаришга муваффақ бўлган.

Пандемия боис, ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ вазият ноаён қоларкан, уларни Ўзбекистоннинг ўзида ишли қилиш ҳаракатида экандек ҳам кўрилган.

Аммо, шунда ҳам, ҳали-ҳануз Россияда қолаётган фуқароларининг озмунча эмаслиги воқеълиги ҳам бор гап.

Парламент сўрови

Rossiya

Сурат манбаси, Getty Images

Сенаторлар эса, 7 август кунги ялпи мажлис ортидан, Россиядаги меҳнат муҳожирлари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юборишга қарор қилган.

Маълум бўлишича, ушбу парламент сўрови фуқароларнинг турли давлат ташкилотларига юборган мурожаатлари асосида шакллантирилган.

Сенаторлар икки томонлама битимлар борлигига қарамай, фуқароларни ишга ташкилий тарзда жойлаштириш кўрсаткичлари пастлигича қолаётганини таъкидлашган.

Худди шу парламент сўровига оид хабар тафсилотларидан Россияда меҳнат қилаётган барча мигрантларнинг чорак фоиздан ортиқроғи тегишли патентни расмийлаштирмай ишлашаётгани, Россия қонунчилигига кўра, ноқонуний фаолият олиб боришаётгани маълум бўлган.

Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг эса, бу каби муаммоларни ҳал қилишда парламент билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, шунингдек, мигрантларга ёрдам бериш бўйича кенг кўламли давлат дастури бўлиши кераклигига ҳам алоҳида эътибор қаратгани англашилган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 11 август куни имзолаган қарори ортидан, энди Россияга ишлашга кетаётган мигрантларнинг касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам маълум бўлган.

Ўзбекистон янги раҳбарининг қарори эса, "Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида", деб номланади.

Айрим минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, ҳозир Ўзбекистондаги қудрат алмашинувини Россия бўладими, АҚШ ёки Хитой - барча геосиёсий қудратлар бирдек қулай фурсат, деб билишмоқда.

Ҳокимият бошқаруви билан боғлиқ Россия сиёсий ҳаётидаги сўнгги ўзгаришларни назарда тутаркан, улар Россиянинг ички ва ташқи сиёсатда борган сари янада агрессив давлатга айланиши эҳтимолини юқори баҳолашади.

Аксарият минтақавий сиёсий таҳлилчилар эса, айнан мустақиллиги, суверенитети ва жўғрофий яхлитлигини назарда тутиб, Ўзбекистоннинг минтақадаги ўзаро геосиёсий рақобатда бўлган глобал қудратлар барчаси билан мувозанатли ташқи сиёсат олиб боришининг муҳимлигини урғулашади.

Марказий Осиё эса, айниқса, сўнгги йилларда дунёнинг уч глобал ядровий қудрат - Россия, Хитой ва АҚШ ўз манфаатларини парваришлаш, таъсир доираларини янада кенгайтириш ҳаракатига тушиб қолган минтақаларидан биттаси бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek