Россия: Халқаро парвозлар тикланди, фуқаролик енгиллаштирилди ва ўзбекистонликни дўппослаган полициячи O'zbekiston

Сурат манбаси, TASS
Россия: Халқаро парвозлар тикланди, йилига 20 минг ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олади, ўзбекистонлик икки муҳожир Россияда ёш болани қутқариб қолди, ўзбекистонликни урган полициячига жиноий иш очилди - дайжест:
Россия 1 августдан бошлаб халқаро парвозларни амалга оширишни бошлайди, дея маълум қилди Бош вазир Михаил Мишустин"1 августдан бошлаб Москва шаҳри ва вилояти, Петербург ва Ростов-на-Дону аэропортларидан халқаро парвозлар амалга оширилади. Бу қарор хорижда қолаётган фуқароларнинг тезроқ қайтиши имконини ҳам беради", - деди Мишустин "России 24" эфирида.
1 августдан бошлаб Буюк Британия, Туркия ва Танзанияга мунтазам рейслар тикланади, аниқлаштирди вазир ўринбосари Татьяна Голикова. У коронавирусга қарши тезкор штабга ҳам раҳбарлик қилади.
Штаб рейслар учун мамлакатлар рўйхатлари кенгайтириш устида ишламоқда, қўшимча қилди Голикова.
Россия пандемия тарқалиши хавфи ортидан 27 мартдан бошлаб барча халқаро рейсларни тўхтатган эди. Бу чартер ва юк ташиш рейсларига таллуқли эмасди.
Енгиллаштирилган фуқаролик

Сурат манбаси, Tass
Россияда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фуқаролик олишини соддалаштирувчи федерал қонун кучга кирди.
Ҳужжат, хусусан, мавжуд фуқароликдан воз кечиш талабини истисно қилади ва фуқароликни олиш учун Россияда бўлиш вақтини қисқартиради.
Тегишли федерал қонун президент Владимир Путин томонидан 2020 йил апрел ойида имзолаган эди.
Илгари, қонунчиликка мувофиқ, фуқаролик учун мурожаат этувчи бир вақтнинг ўзида хорижий давлатнинг ваколатли органига бошқа фуқароликдан воз кечиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишга мажбур эди.
Янги қонунга кўра, фуқароликни олиш учун мурожаат қиладиган балоғат ёшига етган фуқаролиги бўлмаган шахсларга, СССР фуқаролигига эга бўлган, собиқ СССР га аъзо мамлакатларда яшаган ва яшаб келаётган, лекин ушбу давлатлар фуқаролигини олмаган фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Россияда уч йил яшашга ва яшаш манбаи мавжудлигини тасдиқлашга бўлган талабни истисно этади.
Ушбу меъёр Россияда яшайдиган, Россия фуқароси билан никоҳда бўлган, Россияда истиқомат қиладиган ва бу никоҳда фарзандлари бўлган чет эл фуқароларига, шунингдек, ота-онасидан бири Россияда яшаб, Россия фуқаролигига эга бўлган чет элликларга нисбатан ҳам қўлланилади.
Бундан ташқари, Молдова, Украина, Беларусь ва Қозоғистон фуқароларига Россия фуқаролигини олишда ариза топшириш жараёни соддалаштирилади: улар амалдаги яшаш рухсатномаси (вид на жительство)га эга бўлган тақдирда Россияда яшаш муддатига амал қилмасдан ушбу аризани топширишлари мумкин.
Шунингдек, Россия ОТМларини тугатган шахслар учун Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини амалга ошириш муддати 3 йилдан 1 йилгача қисқартирилади.
Йилига 20 минг ўзбекистонлик Россия фуқаролигини олади
Шу хабар арафасида ўн нафар ўзбекистонликнинг Россия фуқаролигига қабул қилингани ҳақидаги маълумот ҳам эълон қилинди.
Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 23 июль куни "Россия Федерациясининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисида"ги фармонини имзолади.
Унга кўра, умумий тартибда (яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) асосида Россия ҳудудида 5 йил яшаган) 57 нафар киши Россия Федерацияси фуқаролигига қабул қилинди. Улар орасида Президент фармони билан Ўзбекистон ҳудудида туғилган 10 киши ҳам бор.
Шу билан бирга, Афғонистон, Озарбайжон, Молдова, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Украина, Австрия, Вьетнам ва Черногорияда туғилган кишилар Россия фуқаролигига қабул қилинган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳар йили 20 мингга яқин ўзбекистонликлар Россия фуқаролигини олади.

Сурат манбаси, Getty Images
Болакайни қутқарган мигрантлар
Ўзбекистонлик икки муҳожир Россияда ёш болани қутқариб қолди.
Москва вилоятининг Подолск шаҳридаги 1-сонли уй-жойларни таъмирлаш корхонаси ишчилари Бекмурод Турдалиев ва Шербек Солиев тўртинчи қават балконидан йиқилиб тушган икки ёшли болани қутқариб қолишди.
Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, бола балкондан ташқарига чиқиб, 20 дақиқа давомида осилиб турган. Кейин эса қўлларини қўйиб юбориб пастга қулаган. Полициянинг аниқлашича, бу пайтда 21 ёшли онаси уйда ухлаётган, маст ҳолатда бўлган.
"Йигитлар майсаларни ўраётган эди. Кейин улар менга қўнғироқ қилишди ва 4-қаватдаги балкон ташқарисида ёш бола осилиб қолиб, қичқираётганини айтишди. У баланд овозда йиғлаб, онасини чақираётган бўлган. Учинчи қаватдаги бир аёл бизга чойшаб олиб келди. Биз адёлни пастки қаватга ёйдик ва яна 20 дақиқа кутдик. Кейин у чарчаган қўлларини очиб юборди ва тўғри адёлнинг устига тушди, - деди Бекмурод Турдалиев МК нашрига, - Бешовимиз адёлни ушлаб турдик, ўша уйдаги маҳаллий йигитлар бизга ёрдам беришди".
Маълум бўлишича, Бекмурод 10 йилдан бери Подолскда яшайди ва шу вақтгача у округ ҳудудини ривожлантириш бўйича бригадада ишлаб келяпти. У кўп боланинг отаси: олти ўғил ва учта қизчаси бор, улардан иккитаси эгизак. Оиласи бир муддат Подолскда яшаган ва январда Андижонга қайтишган.
Ўзбекистонликни урган полициячига жиноий иш очилди
Россиянинг Самара вилоятида ўзбекистонликни дўппослаган полициячиларга нисбатан жиноий иш очилди
Россия Тергов қўмитасининг Приволжский транспорт тергов бўлими Самарадаги темирйўл вокзалида икки нафар полициячининг Ўзбекистон фуқаросини калтаклагани юзасидан жиноий иш очди. Бу ҳақда ҳудуд транспорт порокуратурасининг ахборотига таяниб "Интерфакс" нашри хабар қилган.
Ҳодиса 2020 йил 15 июлда содир бўлган. Полиция ходимларига айблов эълон қилинган ва вақтинчалик қамоққа олиш, яшаш ҳудудидан чиқармаслик тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Жиноят иши Россия Жиноят кодексининг 286-моддаси 3-қисми "а" банди (Мансаб ваколатларини куч ишлатиш ва зўравонлик йўли билан суиистеъмол қилиш) билан очилган. Россия ИИВ Средноволжск транспорт тармоғи бошқармаси ходимлари гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилинган.
Транспорт полицияси раҳбариятига ходимларнинг ишига идоравий назоратни кучайтириш бўйича кўрсатма юборилиши кутилмоқда.
Айни вақтда иккала полиция ходими ҳам ишдан ҳайдалган. Уларнинг бевосита раҳбарларига маъмурий жазо чоралари кўрилган.
Жиноят ишини тергов қилиш Россия Тергов қўмитасининг назоратига олинган.
Вазият билан яқиндан таниш манбанинг нашрга хабар қилишича, низо полициячиларнинг фуқародан ҳужжат талаб қилиши оқибатида келиб чиққан.
"Транспорт полицияси ходимлари Ўзбекистон фуқаросидан ҳужжатларини кўрсатишни сўраган. Улардан бири номаълум сабабга кўра фуқарони урган", — дейди "Интерфакс" манбаси.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek































