Коронавирус ва Ўзбекистон: Фавқулодда саммит, хатми Қуръон ва энди Шаҳрисабз ҳам ёпиладими? Koronavirus

Prezidentlar

Сурат манбаси, Getty Images

Published
Ўқилиш вақти: 6 дақ

Коронавирус ва Ўзбекистон: Фавқулодда саммит, хатми Қуръон ва Шаҳрисабз ҳам ёпиладими? Энди коронавирусга қарши кураш янада кучаядими - bbcuzbek.com дайжестида.

Ўзбекистон:

BBC

Расмий Тошкент Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштирокини расман тасдиқлади:

Туркий Кенгаш фавқулодда саммитга сиртдан йиғилмоқчи - коронавирус пандемиясини муҳокама этиб олмоқчи.

Аъзо президентлар иштирокида видеоанжуман ўтказмоқчи.

Саммит кенгашнинг амалдаги раиси Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев томонидан чақирилган. Бугун, 10 апрел кунига режаланган.

COVID -19 пандемиясига қарши курашда ҳамкорлик ва бирдамлик, деб номланган.

Ўзбекистон бу кенгашга ўтган йил кирган.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий пайтда минтақада коронавирусга қарши ҳамкорликда курашиш саъй-ҳаракатида экани кўрилади.

Ўзининг бу каби амаллари билан халқаро миқёсда эътиборга тушган туркий тилли давлат президенти ҳам бўлади.

Куни-кеча бу мавзуга Ғарбнинг нуфузли "The Diplomat" нашри ўз диққатини қаратган. Алоҳида мақола нашр этган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг минтақа давлатлари раҳбарларига қилган телефон қўнғироқларини ҳатто санама-сана келтирган.

Ўзбекистон туркий тилли аҳоли сони бўйича дунёда иккинчи давлат бўлади.

Ўзбекистон ва Озарбайжондан ташқари бу кенгашга яна Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳам киради.

Коронавирус ўтган уч ярим ойча вақтнинг ичида бу давлатларнинг барчасига кириб бориб бўлган.

Озарбайжон Президентининг нега фавқулодда саммит чақириш қарорига келгани сабаби маълум эмас.

Аммо Озарбайжон Туркия билан бирга Туркий Кенгашнинг коронавирус билан боғлиқ энг ёмон аҳвол қайд этиб турилган иккита давлатидан биттаси бўлади.

Туркия эса, ҳозир дунёнинг коронавирус жадаллик билан тарқалиб бораётган давлатларидан бири бўлади.

Бугун, 10 апрелга келиб Туркияда коронавирусга чалинганлар сони 42 минг кишидан ортган. Улардан 900 дан ортиқроғи вафот этган.

Istanbul

Сурат манбаси, Getty Images

Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган саноқли давлатларидан биттаси бўлади.

Биргина расмий рақамларга таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.

Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.

Туркиянинг ўзида қанча сондаги Ўзбекистон фуқаросининг коронавирусга чалинганига оид расмий маълумотлар ҳозирча бўй кўрсатмаган.

Аммо Ўзбекистон томони яқинда эълон қилган расмий рақамларда мамлакатнинг ўзида коронавирус аниқланганлар орасида Туркиядан қайтган фуқароларнинг сони ўнлаб экани кўрилган. Улар катта кўчиликни ташкил этиб туришгани англашилганди.

Озарбайжонда эса, коронавирус ҳоллари қарийб мингтага яқинлашган - 926 тага етган. 9 киши ҳаётдан кўз юмган.

Кенгашга аъзо давлатлар орасида жаъми коронавирус ҳоллари қарийб 45 мингтага яқинлашган - 44650 тага етган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

BBC
Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Ўзбекистоннинг минтақадаги туркий тилли қўшнилар ва Туркия билан муносабатлари Шавкат Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан илиқлаша бошлаган.

Шавкат Мирзиёев бошқарувининг дастлабки йиллариданоқ ўзининг яхши қўшничиликка асосланган янгича минтақавий ташқи сиёсати билан халқаро миқёсда эътибор, эътироф топишга муваффақ бўлган.

Ўзбекистоннинг Туркий кенгашга кириш қарори ҳам қўшнилар билан бошланган минтақавий интеграциянинг мантиқий давоми сифатида кўрилган.

Бугунги фавқулодда саммитнинг коронавирусга қарши курашдаги амалий самараси қандай бўлиши ҳозирча маълум эмас.

Туркий кенгашнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасида ишонч ва алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўлади.

Коронавирус, Ўзбекистон ва минтақа

BBC
Toshkent

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони расман 600 кишидан ортган - бугун, 10 апрелга келиб, 624 кишига чиққан.

Худди шу манзарада Ўзбекистонга Ислом тараққиёт банки ҳам кўмак бериши маълум бўлган.

Молиявий кўмак миқдори $17 миллион АҚШ доллари экани ва маблағ Ўзбекистондаги янги шифохоналарни жиҳозлашга йўналтирилиши айтилган.

Соғлиқни сақлаш ва бизнесни қўллаб-қувватлашга қўшимча 140 млн доллар ажратиш масаласи кўриб чиқилиши ҳам маълум қилинган.

Бундан аввал USAID, Осиё Тараққиёт банки ва Жаҳон банклари ҳам коронавирусга қарши курашида Ўзбекистонга ёрдам бериш истаги ва ҳаракатида эканликлари хабар берилган.

Хитой эса, кеча, 9 апрел куни Ўзбекистонга коронавирусга қарши дори-дармон юборган. Яна кўмак берган. Бундан аввал Ўзбекистон ҳам Хитойга ёрдам берганди.

Ўзбекистон жаъми коронавирус ҳоллари бўйича жорий пайтда Қозоғистондан кейин иккинчи минтақа давлати бўлиб турибди.

Ўзбекистон аҳолиси сони бўйича минтақадаги энг йирик мамлакат ҳам бўлади.

Расмий рақамларда ҳозир Ўзбекистон фуқароларининг сони 34 миллион кишидан ортади.

Жорий пайтда ҳам Ўзбекистонда карантин остида сақланаётганларнинг сони қарийб 90 минг кишини ташкил этади.

Бу каби рақам коронавирус кириб борган қолган бирор бир минтақа давлатида кузатилмайди.

Худди шу манзарада расмий Тошкент эътибор қаратаётган энг муҳим масалалардан бири ҳам айнан жадаллик билан махус шифохоналар ва карантин марказлари қуриш экани кўрилади.

Уладан дастлабкилари саноқли кунларнинг ичида қуриб битказилган ва Тошкент вилоятида ишга ҳам тушган.

Бу масалага ўзининг сўнгги - 8 апрель кунги видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам эътибор қаратган.

Ўзбекистонда коронавирус расман шу йилнинг 15 март куни аниқланган бўлса, бугун, 10 апрел куни яна 4 та бемор коронавирусдан соғайган. Жаъми рақамлар 42 тага чиққан. Кеча, 9 апрель куни яна 8 бемор касалхонадан чиқарилган.

Бугун, 10 апрел куни яна 4 та бемор коронавирусдан соғайган. Жаъми рақамлар 42 тага чиққан.

Қозоғистонда бу рақамлар 61, Қирғизистонда эса, 39 кишини ташкил этган.

Қозоғистонда яна бир бемор ҳаётдан кўз юмган - жаъми ўлим ҳоллари 9 тага етган.

Ўзбекистоннинг ўзи ва ташқарисида жаъми 6 бемор ҳаётдан кўз юмган.

Қирғизистонда эса, бу рақам ҳозирча тўрттани ташкил этиб турибди.

Минтақавий дипломатия давом этади

BBC
Prezidentlar

Сурат манбаси, official

Эмомали Раҳмон Шавкат Мирзиёев билан яна коронавирус мавзусини гаплашиб олган - икковлон ўтган бир ҳафтанинг ичида иккинчи бор бир-бирларига сим қоқишган.

Бу галги мулоқот Ўзбекистон коронавирус пандемияси боис Тожикистонга 18 вагон инсонпарварлик ёрдами жўнатган бир кунга тўғри келган.

Тожикистон Туркманистон билан бирга ҳозирча Марказий Осиёнинг коронавирус расман қайд этилмаган иккита давлатидан биттаси бўлиб турибди.

Аммо, расмий хабарларга кўра, Эмомали Раҳмон худди ўша куннинг ўзида Қозоистон Президенти билан ҳам сўзлашган. Ўзлари ва минтақадаги эпидемиологик вазиятни муҳокама этиб олган. Икковлон коронавирусга қарши кўраётган чора-тадбирлари ва қилаётган ишлари юзасидан ҳам фикр алмашишган.

Эмомали Раҳмон Қозоғистон Президентига ёрдам тариқасида юборган 5 тонна ун ва яна бошқа қўлловлари учун раҳмат айтган. Расмий Тошкентнинг Тожикистон Президенти билан телефон мулоқотига оид хабари эса, фақат коронавирус мавзуси билан чекланган.

Эмомали Раҳмон коронавирус масаласида Марказий Осиё давлатлари орасидан биринчи бўлиб Қирғизистон Президенти билан гаплашган. Шунда ҳам Жээнбековнинг ўзи унга сим қоққан.

28 март кунги мулоқоти чоғида бу борада барча минтақавий давлатлар билан баҳамжиҳат иш олиб боришга тайёр эканини айтганди.

Шавкат Мирзиёев эса, Раҳмон бу хусусда гаплашган иккинчи Марказий Осиё давлати президенти бўлган.

Мирзиёевнинг ўзи бунгача Ўзбекистонга бевосита чегарадош қолган барча минтақа давлатлари президентлари билан гаплашишга улгурган. Айримларига бир эмас, такроран сим қоққан. Аксариятига инсонпарварлик ёрдамлари ҳам юборган.

Жорий пайтда жаъми 624 та коронавирус ҳолати қайд этилиб турган Ўзбекистон ҳам минтақадаги қолган қўшнилари каби пандемия боис, ўзаро чегараларини ёпган.

Тожикистон коронавирус ўчоғи бўлган Хитойга бевосита чегарадош учта Марказий Осиё давлатидан биттаси бўлади.

Президент Эмомали Раҳмоннинг фақат сўнгги кунларга келиб бу масалага минтақавий миқёсда фаол эътибор қаратаётгани кузатилади.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири эса, куни-кеча ҳам ўзларида "коронавирус йўқ"лигини айтиб, расман баёнот берган.

Хатми Қуръон ва Шаҳрисабз ҳам ёпиладими?

BBC
Qashqadaryo

Сурат манбаси, official

Кеча, 9 апрель куни буюк саркарда, соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган сана Қашқадарё вилоятида хотирланган.

Яккабоғ ва Шаҳрисабзда жонлиқ сўйилиб, хатми Қуръон қилинган.

Ўзбекистон халқи илова дунёдаги барчани каронавирус балосидан асраш сўралган.

Қурбон қилинган жонлиқ гўштлари хайрия қилинган.

Кам таъминланган оилалар, ёрдамга муҳтож кишилар, дуоси мустажоб инсонлар ва меҳрибонлик уйларига тарқатилган.

Қашқадарё ҳокимининг Шаҳрисабзга ташрифи ортидан масъуллар ҳайфсан олгани, бугун, 10 апрелдан бошлаб, шаҳарга кириш-чиқиш тақиқлангани хабар қилинган.

Маълум бўлишича, Яккабоғ ва Шаҳрисабзда экан, вилоят ҳокими у ердаги карантин қоидаларининг ижроси билан бевосита танишган. Қатор камчиликлар аниқланган.

Пандемия боис, ҳозирча пойтахт Тошкент, вилоят марказлари ва бугунга келиб, Тошкент вилоятининг тўрт шаҳрида карантин қоидалари жорий қилинган.

Бутун Ўзбекистон бўйлаб эса, 24 мартдан бошлаб кучайтирилган тартиб амалда.

Qashqadaryo

Сурат манбаси, official

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият манзарасида ғайриодатий об-ҳаво Ўзбекистон ва қолган минтақа давлатларида ҳам кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортган масалалардан бирига айланган.

8 апрель куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида қалин қор ёғиб берган бўлса, бугун мамлакат бўйлаб ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши башорат қилинган.

Апрель ойида кузатилган ғайриодатий об-ҳаво деярли барча вилоятларда ноқулайликларга сабаб бўлган.

Дарахтлар қулаган. Электр таъминотида узилишлар кузатилган. Айрим маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ўн минглаб оилалар электр таъминотисиз қолган.

Кутилмаган қор ва электр таъминотидаги узилишлар Ўзбекистонда коронавирус пандемияси боис пойтахт Тошкент ва вилоят марказларида, учинчи кундирки, кучайтирилган ўз-ўзини иҳоталаш тартиби амалда бўлган бир пайтга тўғри келган.

Коронавирус пандемияси фонида кузатилган табиатнинг бу каби аномалияси ҳам оддий ўзбекистонликлар орасида иқтисодий вазиятнинг янада оғирлашиши мумкинлигига оид хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.

Орада бу хусусда ўзбекистонлик масъулларнинг вазиятга ўз баҳолари билан чиқишгани маълум бўлган.

Улар қордан кўрилажак зиённинг кўлами бирор ҳафталарда маълум бўлишини тахмин этишган.

Агар, ўтган тунда ер музлаган бўлса, қишлоқ хўжалиги экинларига катта талофат келтириши мумкинлигини айтишган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

BBC

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek