Ҳамма ҳужжати жойида ўзбекларни ҳам Россия депорт қиладими? Ўзбекистон - O`zbekiston

Россияда қонуний ишлаб ва яшаб келган ўзбекистонлик муҳожирлар ҳам депортацияга юз тутишаётгани ҳақида айтишмоқда.
Баҳодир Турсунов 2013 йилдан бери Москва вилоятида қонуний яшаб келганини айтади.
У доимо ҳужжат ишларига эътиборли бўлганини, патенти, миграция қайди ва меҳнат шартномалари жойида эканлигини айтади.
"Касбим электрогаз пайвандчиси. Шу пайтгача яхши ишлаб келдим. Фирмамиз ҳам яхши эди, ойликлари ўз вақтида, ётоқхона беришарди" - дейди Баҳодир.
Унда қандай қилиб ўзбекистонлик пайвандчи бугун депортацияга юз тутмоқда?
Москвадан Би-би-си Ўзбек мухбири Соҳиба Ҳаёт видео лавҳасида кўринг:
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Баҳодир орада Ўзбекистонга боради ва қайтгач, яна патентга ҳужжат топширади.
Икки ҳафтда патентни олиши керак бўлиб турганда, уни ишга чақиришганини айтади. У янги жойга бориши билан, ҳали 10 дақиқа ўтмай, ишхонани полиция босади.
Суҳбатдошимиз сумкасини очиб, ҳужжатларини кўрсата бошлади.
"Мана, бир сумка бўлган: патентлар, чеклар, ҳаммасини йиғиб борганман. Уларни кўрсатсам, полиция ходими "бунақасини 20талаб ясаб оламан" - деб устимдан кулаяпти.
"Электр пайвандчиман, ҳамма вақт хужжат билан юрганман, десам, кўп гапираверсанг спецприёмникка жўнатиб юбораман, деб таҳдид қилди" - дейди Баҳодир.
Рейд пайтида савдо марказида ишлаётган муҳожирларнинг хужжатлари текширилгач, полиция идоралари машиналарида судга олиб борилган.
"15 одам устидан маҳкама жараёни 2 дақиқа давом этди. Бунақа судни умуман кўрмаганман" - дейди суҳбатдошимиз.
"Бизни ҳатто эшитишгани ҳам йўқ. Сизларга таржимон керакми, деди. Таржимон ҳам келиб қаердадир ўтирибди. Биз тарафга қарагани ҳам йўқ".
"Машинага сиққан 7 та одам боргандик, қолганлар савдо марказида қолди. Ўша келмаганларни ҳам қўшиб ёзиб, депортация қилиш ҳақида қарор чиқаришди".
У ўзининг депортация қилинишини ноҳақлик деб билади.
Баҳодир депортация қилинган бўлса-да, Россиядан кетмоқчи эмас.
Юристлар кўмагида судга мурожаат қилиб, ўзига чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқиш бўйича даъво аризаси йўллаган.
"Ҳозирча курашаяпмиз. Ҳаёт учун кураш, дейди-ку. Бадарға қилинган бўлсам ҳам, ҳар ой патент пулларини тўлаб бораяпман, чунки умид қилаяпман..."
Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларнинг расмий сони 2,5 млн лиги айтилса, норасмий маълумотларда бу рақам икки баробар кўплиги билдирилади.
Айнан ҳужжатсиз ёки сохта ҳужжатлар билан Россия ҳудудида яшаб ишлаётган ўзбекистонликлар сони борасида аниқ маълумот йўқ.
Кузатувчи ва таҳлилчилар улар тахминий ҳисобда 1 миллионга яқинлигини билдиришади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek





























