Ўзбекистон: Би-би-сига айтаман: Россия қамоғида ётган ўзбек маҳкум тақдири ёки Би-би-си атир шишаси ишлаб чиқарадими?

Суратнинг мақоладаги шахсларга алоқаси йўқ
Сурат тагсўзи, Суратнинг мақоладаги шахсларга алоқаси йўқ
Published

Би-би-си Ўзбек хизматига ҳар куни турли муаммолар билан ўнлаб одамлар мурожаат қилади. Уларнинг орасида атир шишаси ишлаб чиқариш талаби каби Би-би-сига алоқаси бўлмаган мавзулардан тортиб, Россия қамоқхонасида ноҳақ ётганлигини айтаётган мактублар ҳам бор.

Ушбу мурожаатларнинг барчасини ўрганиш ва ёритишнинг имкони йўқ.

Шундай бўлса-да Би-би-си Ўзбек хизмати мурожаатларни эътиборсиз қолдирмасликка ҳаракат қилади.

10 йилдан бери Туркияда кичик бизнес билан шуғулланувчи Севда Би-би-сидан атир шиша идишларини ишлаб чиқариб беришни сўраган.

Хориж давлатига ишга кетиш борасида мазмуни бир хил, аммо манзил давлати ҳар хил бўлган ўнлаб саволлар келади.

"Америкада ишлаш ниятим бор. Нима қилишим керак", дейди мухлисларимиздан бири.

Жанубий Корея ёки Чехияга виза олишда маслаҳат сўраганлар ҳам кўп бўлади.

Янгийўлдан ёзган Юлдуз Бабарахимова 1,5 йилдан бери Зангиотадан сотиб олган уйига кира олмаётганини айтади. Суд қарори бўлса ҳам уйда яшаётганларни чиқаришнинг имкони бўлмаяпти, деб ёзади у.

Россия қамоқхоналаридаги ўзбеклар тақдири ҳукуматга қизиқ эмасми?

Би-би-сига шунингдек, 14 йилу 6 ойга Россияда қамоққа ташланган Яккабоғлик Нурбек Тўраев тақдири борасида ҳам мактуб ёзишган.

Ундан маълум бўлишича, ҳозир 36 га кирган Нурбекка 2015 йилнинг ноябр ойида героин савдоси билан шуғулланган деган айб қўйишган.

Мактубда айтилишича, Москва шаҳрида ишлаб юрган Нурбек Тўраев орган ходимлари томонидан қаттиқ қийноққа тутилган.

Уни икки сутка оёқларидан осиб қўйиб калтаклашган. Тирноқлари орасига игна тиқишган. Қовурғалари синган ва боши ёрилган.

Россия жазони ижро этиш федерал хизмати 2017 йил 23 мартда берилган ҳужжатда Тўраев 2015 йили вақтинчалик сақлаш изоляторига олиб келинганда баданида юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши, бош қисмини шилиниши ва ўнг тизза бўғимининг шилиниши каби жароҳатларни қайд қилган.

Судда унга қўйилган айблар ўз исботини топмаган бўлса ҳам 14 йил 6 ой қаттиқ режимда жазони ўташ белгилангани айтилмоқда.

Икки фарзанднинг отаси Нурбек Тўраев айбсизлигини исботлашда ёрдам сўраб Ўзбекистон давлат идораларига мурожаат қилган.

Бироқ айтилишича, мутасаддилар Тўраев Россияга давлат томонидан эмас, балки ўз ихтиёри билан кетгани учун ёрдам беролмаслигини маълум қилишган.

Нурбек Тўраев оқланиб озодликка чиқишдан умидвор эканлиги айтилади мактубда.

Би-би-си Ўзбекистон ҳукумат идораларидан изоҳ олиб Тўраев мавзусига яна қайтади.

Azamat Arzimov номли мухлисимиз Ўзбекистонда сифатсиз маҳсулотлар ва сервис хизматлари учун истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади, деб сўраган.

Ўзбекистонда бу масалада ечимини топмаган саволлар кўп, дейди у.

Мухлисимизга ўхшаб хабари йўқларга айтмоқчимизки, Ўзбекистонда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси мавжуд. Ушбу федерация раҳбарияти 2018 йилнинг июл ойида Лондонга келиб Халқаро истеъмолчилар ташкилоти - Consumers Internationalнинг тўлақонли аъзоси бўлди.

"Assalamu aleykum siz judayam sahovat pesha inson ekansiz. Sizdan Alloh uchun yordam berishingizni sóriman", дейди яна бир мухлисимиз.

Унинг айтишича, 3 сотихли ҳовлида 18 киши яшашади. Отаси инфаркт бўлиб жисмоний меҳнатга лаёқатсиз. У Би-би-сидан уй топишда ёрдам сўраган.

Тошкентдаги Кореянинг Ёжду институти талабаси бизга институт маъмурияти шартномада кўрсатилмаган кўшимча пул талаб қилаётганини ёзган.

"Bizga shartnomada ko'rsatilmagan holida, qayta o'qish uchun pul to'lattirishmoqda. Qayta o'qilmasa diplom berilmasligi bilan qo'rqitilmoqda. Bu kabi qayta o'qiluvchi fanlar soni, talabalar umumining 60% ini tashkil qiladi.. o'tgan yil qo'rqqan narsamiz amalga oshmoqda", дейди у.

Би-би-си Ёджу институтидаги муаммоларни шу йилнинг 29 январ куни ёритган эди.

Яна бир ўқувчимиз уни таъқиб қилишаётганини ёзган.

"Salom hurmatli bbc muhbirlari oхirgi marta men bn bog'laniglar. Iltimos meni dardimni hech kim eshitmayapti. Meni yana taqib qilishyapti", дейди у.

Бироқ кейинчалик ушбу профил Facebookдан ўчиб кетди.

Профилига Туркия байроғини қўйиб олган Ercan Gökçebük "ўзбекларга савол беринг, уларга қайси давлат кўпроқ яқин экан", дея қизиқади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek