Ўзбекистон: Буйрак ва жигар трансплантацияси ўтказилган беморларнинг дори таъминотида хавотирга ўрин йўқ - ССВ

Minzdrav.uz

Сурат манбаси, Minzdrav.uz

Published

Мазкур ойнинг илк кунларида Ўзбекистон маҳаллий матбуоти буйрак кўчириб ўтказилган ўнлаб беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бепул тарзда берилувчи ҳаётий муҳим дори воситалари ўрнига бошқа препаратлар берила бошлагани ва бу беморларнинг аҳволига салбий таъсир кўрсатгани ҳақида ёзган эди.

Хусусан, бундан бир неча кун аввал ўз фаолиятини тўхтатган Togri.uz нашрининг ёзишича, 3 октябрь куни 20 нафардан ортиқ буйрак трансплантациясини бошдан ўтказган беморлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига шикоят билан борган.

Улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан текинга берилаётган Панграф ва Майсепт препаратлари ўрнига берила бошланган Ролиграф ва Аллосепт номли дорилар касалларни аҳволини яхшилашдан кўра, оғирлаштираётганини таъкидлаган.

Беморлар нима дейди?

Жорий йилнинг март ойида жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганини айтган самарқандлик Далер Бахриддинов ўзи бепул тартибда қабул қилиб келаётган Майсепт препаратининг берилиши тўхтатиб қўйилгани, унинг ўрнига Аллосепт дори воситаси берила бошлангани ҳақида гапиради.

Бироқ Аллосепт препаратини қабул қилгандан сўнг аҳволи жиддий ёмонлашгани, ич кетиш ва чуқур ҳолсизликка учраганини айтади.

"Шундан кейин бир ойдан зиёд отравление бўлиб ётдим, ичим кетди. Ишонасизми, йўқми - ҳалигача ичим оғрийди. Кечқурунлари яхши ухлолмайман", дейди у Би-би-си билан суҳбатда.

У бепул дори воситаларининг нега қўққисдан ўзгартирилганини на Соғлиқни сақлаш вазирлиги, на маҳаллий соғлиқни сақлаш бошқармалари изоҳламаганини таъкидлайди.

«Давлат нимани бераётган бўлса, биз ҳам шуни сизларга берамиз, дейишяпти. Баҳона шу. Ўртада биз қанақа азоб тортиб ётганимизни ҳеч ким билмайди».

У Аллосепт қабул қилиб, аҳволи ёмонлашгандан сўнг ўз ҳисобидан Майфортек препаратини олиб ичишга мажбур бўлгани ва шундан сўнггина бироз ўзини яхши ҳис қилганини маълум қилади.

«500 минг сўм пенсия оламан - бу пул бир ойлик доримга етмайди. Камига дорини Тошкентга бориб олиб келишим керак. Нега аввал бизга берилган дориларнинг йўқолиб қолганини изоҳлайдиган одам йўқ», сўзлайди Бахриддинов.

Ҳаёт учун зарур номаълум дори

Германияда меҳнат қилувчи асли ўзбекистонлик тиббиёт вакилининг тушунтиришича, буйрак трансплантациясини бошдан кечирган беморлар учун Панграф ва Майсепт каби препаратларни доимий равишда қабул қилиб бориш ҳаётий муҳим масаладир.

«Бундай дориларни ичишдан мақсад - трансплантациядан кейин иммунитетни сусайтириш. Агар улар ичилмаса, иммунитет янги кўчириб ўтказилган буйрак бўладими ёки жигар бўлаги - уларни бегона, деб қабул қилади ва янги органлар танага бирика олмайди. Шунинг учун ҳам беморларнинг иммунитети атайин сунъий равишда пасайтирилади», дейди у.

Бошқа бир ўзбекистонлик шифокор Панграф ва Майсепт ўрнига берила бошланган Ролиграф ҳамда Аллосепт препаратлари ҳақида биринчи марта эшитиб тургани, уларни ўзига маълум дори воситаларининг халқаро реестрларидан ҳам топа олмаганини билдирди.

У бу ҳолатни Ролиграф ва Аллосепт препаратлари лицензиясиз асосда тайёрланган ёки Ўзбекистон ҳудудига контрабанда усулида олиб кирилган бўлиши мумкинлиги билан изоҳлади.

Самарқандлик Далер Бахриддинов ҳам ўзига буйрак кўчириб ўтказган шифокорга мурожаат қилганда, у Аллосепт препаратини ичишни тавсия қилмаганини айтади.

«Мени операция қилган Фазлиддин акага дорини кўрсатдим. У ҳаммасини кўриб, ўқиб чиқди. Кейин бунақа компанияни энди кўришим, ичишни маслаҳат бермайман, деди».

"Майсепт дорисини беш ой ичдим. Ҳаммаси яхши эди. Иштаҳам ҳам, юриш-туришим яхши эди. Дори алмашгандан кейин бирдан мазам қочди - ҳозиргача ўзимга кела олмаяпман. Билишимча, Самарқанднинг ўзида 15-20 киши бепул берилаётган бу дорини ичмай қўйган", давом этади у.

Яна бир бемор - хоразмлик Олтиной Маҳмудованинг ўзи ҳам, унинг отаси ҳам Далер Бахриддиновнинг сўзларини такрорладилар.

Қизига буйрагини берган отанинг айтишича, Олтиной Маҳмудова ҳам Аллосепт препаратини қабул қила бошлагач, ичи кетиб, ҳолсизланиб қолган.

Маҳмудова август ойи бошида Панграф препарати ўрнига Аллосепт берилгани, бу туфайли аҳволи оғирлашиб қолгач, Панграф дорисини қидириб топиб, ўз пулига сотиб ола бошлаганини айтади.

"Бир неча кун олдин вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасидан яна Панграф топиб беришди", сўзлайди Маҳмудованинг отаси.

Номаълум дориларни мамлакатга ким олиб кирмоқда?

Бироқ 8 октябрь куни ўз сайтида расмий хабарнома эълон қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги алмаштирилган бепул дори воситаларининг таркиби ва таъсир этувчи моддаси бир хил эканини ёзади.

"Маълумки, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ, дори воситаларининг сифати, самарадорлиги ва безарарлиги тегишли экспертизадан ўтказилиб, ўрнатилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилгандан сўнггина тиббиёт амалиётида қўлланилишига рухсат этилади. Бундан ташқари, юртимизда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган ҳар бир дори воситасининг ҳар бир церияси сифат назоратидан ўтказилиб, мувофиқлик сертификати ҳам расмийлаштирилади", дейилади хабарномада.

Аммо мазкур муаммони яқиндан кузатиб келаётган маҳаллий журналистлардан бирининг Би-би-сига айтишича, Панграф савдо номи остидаги препаратни Ўзбекистонга олиб кирган фирмадан ушбу ҳуқуқ асоссиз тарзда олиб қўйилган ва тендерда ютиб чиққан бошқа бир фирма (PharmHealth МЧЖ), Би-би-си билан суҳбатлашган шифокорларнинг таъкиди бўйича, дори воситаларининг халқаро реестрларида мавжуд бўлмаган Аллосепт ва Ролиграф каби препаратларни мамлакатга олиб кира бошлаган.

Журналист уринишларга қарамай, бу фирманинг на контактлари, на манзилини топа олмаганини билдиради.

«Тушунишимча, беморларга бепул тарқатилиши керак бўлган аввалги дорилар қимматлик қилган, шунинг учун ҳам сохта фирма орқали самараси синаб кўрилмаган арзон дориларни мажбуран тарқатишмоқда», тахмин қилади у.

Германияда яшаб келаётган асли ўзбекистонлик шифокор шундай фаразни илгари суради:

"Панграф ва Ролиграф каби дориларнинг таркиби бир хил бўлиши мумкин, лекин кустар (қўлбола) ишлаб чиқаришда, кўпинча, дорининг дозасига эътибор қаратилмайди. Шу сабабли ҳам беморларнинг аҳволи ёмонлашган бўлиши мумкин".

Би-би-си буйрак транплантациясини бошдан кечирган беморлар учун ўта муҳим дориларнинг нега тўсатдан алмаштирилгани, нега шифокорлар учун номаълум дори воситалари ҳаёти қил устида бўлган одамларга тарқатилаётгани ва номаълум дориларни Ўзбекистонга олиб кириш нима учун фаолияти шаффоф бўлмаган фирмага ишониб топширилганини сўраб, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёзма мурожаат йўллади.

Вазирлик жавоби

Мурожаатдан 9 кун ўтиб келган жавобда Соғлиқни сақлаш вазирлиги дори воситалари юзасидан келиб тушган барча мурожаатлар мутахассислар томонидан атрофлича ўрганилганини баён этади.

Вазирликка кўра, буйрак трансплантациясини бошдан кечирган беморларга берилаётган янги дорилар Ўзбекистон қонунчилигига асосан «ҳар томонлама чуқур синовдан ўтказилган».

"Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган 664 нафар бемор рўйхатда бўлиб, улардан 590 нафар бемор такролимус ва микофенолат мофетил препаратлари билан давлат томонидан бепул таъминланмоқда. Дори воситаларининг ўз вақтида беморларга етказиб берилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, қатъий назоратга олинган", дейилади вазирлик жавобида.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйрак трансплантацияси ўтказилган беморлар учун зарур дориларни етказиб беришда маълум узилишлар юзага келгани, дори захираси камайиб кетганини тан олади.

"Шу боис, 2019 йил июль ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги иммуносупрессор дори воситаларини етказиб бериш бўйича танлов ўтказди. Беморларни ушбу зарур дори воситалари билан таъминлаш «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга асосан очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширилди. Бунинг натижасида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «PharmHealth» МЧЖ ўртасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган "Ролиграф", "Аллосепт" иммуносупрессор дори воситаларини харид қилиш бўйича шартнома тузилди. Ҳозирги пайтда буйрак ва жигар трансплантация қилинган беморларнинг иммуносупрессор дори воситаларига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланди", маълум қилади вазирлик.

Жавоб хатида, бундан ташқари, Ролиграф ва Аллосепт дориларининг таркиби беморларга бериб келинган аввалги препаратларники билан бир хил экани яна бир бор таъкидланади.

Беморлар янги препаратларни ичишни бошлаганидан сўнг ҳолдан тойиш, ич кетиш ва кўнгил айниш ҳолатларини бошдан кечиргани борасида «бирор расмий мурожаат келиб тушмагани»ни билдирган вазирлик Аллосепт препаратини дори воситаларининг халқаро реестрларидан нега топиб бўлмаганини шундай изоҳлайди:

"Интернет тармоғида, шунингдек, ҳозирда Ўзбекистонда истеъмолда бўлган "Аллосепт" доривоситаси қадоғини халқаро реестрлардан топа олмаганликлари ҳақида ҳам фикр билдирилган. Бунинг сабаби шуки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 27 октябрдаги «Дори воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ, дори воситасини мамлакатимизда рўйхатдан ўтказиш жараёнида унинг Ўзбекистондаги истеъмолчига мўлжалланган ўрамининг макети тасдиқланади. Шунинг учун ушбу макет бошқа давлатлар реестрига киритилиши талаб этилмайди. Ҳар бир мамлакатда мазкур давлат талабларига мувофиқ дори воситаси ўрамининг макети тасдиқланади".

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар қандай дори воситасининг ножўя таъсирлари бўлиши мумкинлигини эслатиб, ҳатто, бемор томонидан аввал қабул қилинган Майсепт ва Панграф препаратлари билан ҳам шундай ҳолатлар кузатилганини таъкидлайди.

"Агар ножўя таъсир айнан шу дори воситасидан бўлаётгани аниқланса, дорининг дозасини вақтинча камайтириш ёки зарур бўлса бошқа зарур даво муолажалари тавсия этилади. Бундай тактик тавсиялар бутун дунё трансплантолог шифокорлари томонидан деярли бир хилда олиб борилади.

Шу ўринда бу дорилар ҳақидаги маълумотларни дуч келган шифокордан эмас, иммуносупрессант дорилар билан ишлашни биладиган, бу борада тажрибаси, энг муҳими, бундай дориларни ишлатишга юридик ҳуқуқи бўлган шифокорлардан сўрашингизни илтимос қилган бўлардик. Акс ҳолда, бу дорилар «ноқонуний цехларда тайёрланган» каби исбот қилинмаган тахминлар юзага келаверади", дейилади вазирлик жавобида.

Ўз жавоб хати якунида Соғлиқни сақлаш вазирлиги «бугунги кунда буйрак ва жигар трансплантация ўтказилган беморларнинг дори таъминотида хавотирга ўрин йўқлиги» ва «бу борада барча жараёнлар, жумладан, дориларнинг сифати, ўз вақтида етказилиши ва беморларнинг кузатуви Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қатъий назоратида» эканини маълум қилади.

Ҳуқуқшунос :— Бу дорининг заводи 1965 йилдан бери фаолият юритади. Хорижда бу дорини билишмаётгани сабаби «Ролиграф» номи фақат Ўзбекистон учун қўлланган. Таркиби «Панграф» каби айнан такролимус моддаси. Бу ном билан фақат Ўзбекистонда чиққанлигига сабаб инсулин билан бўлгани сингари бепул берилган дори воситасининг четга сотувга чиқариб юборилишининг олдини олиш. Нега «Панграф»нинг ўзи олиб келинмагани сабаби бизнинг фирма тендерда ютган ҳамда «Ролиграф»ни уч баробар арзон нархда етказиб бермоқда. Мана, завод, фирмамиз ҳақида, дори ҳақида ҳужжатларни тақдим этаман.Берилган ҳужжатларга кўра айни заводнинг маҳсулотлари Кения, Нигерия, Филиппин, Шри-Ланка, Кувайт, Катар, Бутан, Лесото, Замбия каби қатор давлатларнинг Соғлиқни сақлаш вазирликлари томонидан маъқуллангани кўрсатилган.

kun.uz

Сурат манбаси, kun.uz

Ўзбекистонда яқин қариндошлар орасида буйрак ва (ёки) жигар бўлагини трансплантация қилишга 2017 йилнинг октябрь ойида рухсат берилган. Бундай жарроҳлик амалиётлари давлат ҳисобидан амалга оширилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek