Ўзбекистон: Ислом академиясида рўмоли билан ўқий олмаган Луиза Мўминжонова Туркияга ўқишга кирди

Сурат манбаси, Courtesy
Тошкентдаги халқаро Ислом академиясига 2018 йили ҳижоби билан ўқишга қўйилмаган, сўнгра ундан ҳайдалган Луиза Мўминжонова Истанбулдаги Мармара университети "Илоҳиёт" факультетига ўқишга қабул қилинди.
Ўзбекистондаги судлар Мўминжонованинг рўмол билан таълим олиш ҳуқуқини тан олмаган.
У Туркия грантини ютиб олган ва 6 йил давомида Истанбулда турк, араб тилларини ўрганиш билан бирга диний билимларни эгаллайди.
"Илм учун амални қурбон қилиш талаб қилинмайдиган, ҳам дунёвий ҳам диний юксак мавқеларни забт этган Туркия илм учун энг яхши вариант деб топдим", деди у Би-би-си Ўзбек хизматига.
Луиза Ўзбекистондаги олийгоҳларда рўмол ўрашга қўйилган оғзаки тақиқ ҳамон амал қилаётгани ва шунга қарамасдан рўмол билан ўқишга ҳаракат қилаётган ёшлар борлигини айтади.
"Бизнинг ҳозирги ўқув системамиз катта ислоҳотларга муҳтож, Жаҳон стандартлари билан солиштирилса, ривожланган давлатлардан анча ортда. Олийгоҳларда ҳам рўмол ўраш ҳуқуқини талаб қилиб, ўқиётган дугоналарим бор, Алҳамдулиллаҳ, қоғозда бўлмаган оғзаки, ноқонуний буйруқни амалга ошишига тўсқинлик қилаётганлар бор. Уларнинг шижоатига шижоат, илмига илм қўшилишини тилайман.
Ўқишни тарк қилишга мажбур бўладиган даражага борилса, бу ўқиш сизнинг эътиқодингиз қурбонига арзимайди деб биламан", дейди у.
Ўзбекистонда у халқаро Ислом академиясида туризм соҳасида ўқишни танлаган эди.
Ўзбек, инглиз ва рус тилларида равон гаплашадиган Луиза шу йўл билан мамлакатда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшишини мақсад қилганди.
Бироқ диний эътиқодига тўсқинлик бўлиб, рўмоли билан ўқишга боролмагач ва судларнинг бу ҳуқуқни тикламаганлиги ортидан унда туризм бўйича илм олиш қизиқиши сўнган.
"Қизиқишим сўнди. Ҳозирги дамда Мусулмонларга, асосан муслималарга соф дин муҳимроқлигини бошимдан ўтгазган нарсалардан сўнг тушуниб етдим.
Суд масаласи бўйича эса, айтар гапим шуки, бизнинг айни дамдаги малакасизлигимиз ва ибодатда сустлигимиз сабабли суддан биз кутган ижобий натижа чиқмагандир", дея фикрлайди у.
Мўминжонованинг Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда халқаро Ислом академиясини судга бериши Ўзбекистонда анча шоу-шув кўтарганди.
Суд жараёнини ўнлаб одамбевосита кузатган.
Шу йилнинг 25 март куни Маъмурий ишлар бўйича Тошкент шаҳар суди Ўзбекистон халқаро Ислом академиясига давлат бюджети асосида ўқишга кирган ва рўмол билан ўқишга қўйилмагач ундан ҳайдалган Луиза Мўминжонованинг аризасини рад қилди.
Судья Холмамат Ҳасанов Мўминжонова адвокатларининг барча илтимосларини рад қилган.
Олий суд ушбу ишни кўриб чиқмаган. Бу идорага ёзилган аризага, "ариза қониқтирилмади", деган жавоб келган.
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси суд тугаганидан сўнг ўзининг веб саҳифасида ушбу мавзуга бағишлаб учта мақола чоп қилди.
Унда Луизани қўллаб қувватлаган ёки ушбу мавзуни ёритганлар "фитначига" чиқарилганини кўриш мумкин.
"Фитначиларнинг тўхташ ниятлари йўқ. Улар Мўминжонова баҳонасида Ўзбекистонда олиб борилаётган одилона ва халқпарвар сиёсатга шубҳа уйғотмоқчилар. Юртдаги юксалишга раҳна солмоқчилар. Жаҳон ҳамжамияти олдида Ўзбекистоннинг нуфузига доғ туширмоқчилар. Луиза Мўминжонова улар ёқмоқчи бўлган гулхан олдида бир учқун холос. Аммо, мана шу оддий ҳақиқатни айрим кимсалар тушунишни истамаяптилар. Бўлдида, етар энди!", дейилади мурожаатда.
Академия маъмурияти номидан ёзилган яна бир мақолада адвокат Абдувоҳид Яқубов ҳеч қачон даъвосининг қонунийлигини исботлай олмаслигини айтган ва бунинг учун антиқа асос келтирган.
"Чунки, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўз фаолиятини амалдаги давлат қонунларига таянган ҳолда ташкил этади. Қонунан ишлаётган ташкилотни қонун олдида жавобгарликка тортишга уринишнинг ўзи мантиқсизлик-ку", деб ёзади Ўзбекистон халқаро ислом академияси маъмурияти.
Академия икки мақоласида рўмолга эмас, балки уни "ниқоб" шаклида ўрашга қарши эканлигини айтган.
"Яланғоч келишни талаб қилдими? Инсоф қилингда ахир! Қачонгача Ўзбекистон душманларининг ноғорасига ўйнайсиз? Академия талаб қилган форма ҳам кийим-ку? Фақат рўмолни ниқоб шаклида эмас, ўзга маданиятларидан экспорт қилинган шаклига зид ва ўзбек халқининг миллий анъаналарига мос тарзда ўраш талаб қилинди холос? Шунга шунчами", - дея савол беради академия.
Кейинчалик, ушбу мақолалар академия веб саҳифасидан олиб ташланди.
Би-би-сига маълум бўлгани шуки, халқаро Ислом академияси 2018 йилнинг август ойи охири ва сентябр ойларида талаба қизларнинг умумуман рўмол ўрашига қаршилик қилган.
Талабалар бошига парик соч тақишга мажбур бўлган.
Рўмолнинг ниқоб шаклидаги ўралиши Ўзбекистонда деярли учрамайди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek





























