Ўзбекистон, Россия ва доллар: Уйдагилар, Ўзбекистондагиларга қийин бўлди...

Сурат манбаси, Getty Images
Статистик маълумотларда Россия пойтахтида ўзбекистонлик меҳнат муҳожириларнинг ўртача иш ҳақи 30000 рубль (500 АҚШ доллари атрофида) эканлиги билдирилади.
Россия Ўзбекистон учун визасиз давлатлиги ва тил борасида тўсиқлар нисбатан камлиги боис, ўзбекистонликлар четга ишлаш учун энг кўп бориладиган давлат ҳисобланади.
Устига устак, Ўзбекистонда доллар курси эркин қўйилиб, нарх-наволар кескин кўтариларкан, экспертлар Россияга ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари оқими янада ортишини башорат қилишмоқда.
Ҳатто, бу каби башоратлар сўнгги ҳафталарда Россия оммавий-ахборот воситилари нигоҳини тортган мавзулардан бирига ҳам айланган.
Расмий ҳисоботларда ўтган ярим йил ичида Ўзбекистондан Россияга шундоқ ҳам қарийб 1 миллионга яқин ўзбекистонликлар ишлаш учун кириб келишгани айтилди.
Уларнинг 70 фоиздан зиёди эркаклар бўлиб, асосан қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига ишга жойлашаётгани маълум.

Сурат манбаси, BBCUzbek
Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар ўзларининг сонлари бўйича МДҲ давлатлари орасида яна пешқадам мавқеъга чиқиб олишди.
Ўзбекистоннинг мустақиллиги билан кечган чорак асрдан ортиқроқ вақт давомида улар ортга миллиардлаб доллар маблағ юбориб келишди ва юборишмоқда.
Бу пуллар нафақат уларнинг ўз оилалари, балки-да Ўзбекистоннинг ижтимоий, иқтисодий барқарорлиги учун муҳим ўрин тутиб келади.
Шундай экан, Ўзбекистондаги доллар билан боғлиқ сўнгги ўзгаришлар борасида улар қандай фикрда? Бу янгилик миллионлаб сондаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун нимани англатади?
Би-би-си Ўзбек Хизмати мухбири Соҳиба Ҳаёт бу ҳақдаги фикрларини билиш учун улардан айримларига микрофон тутган.
- Бир ойда қанча пул топасиз, қанчасини уйга қанча юбора оласиз?
- Сиз юбораётган пуллар асосан нималарга ишлатилади?
- Ўзбекистонда доллар курсининг нархларнинг ўзгариши сизга қандай таъсир қилади?
деган саволлар билан мурожаат қилган:
Аббосбек:
1. Бир ойда 50-55 минг рубль пул топаман. Уйга 500 доллар юбораман. Бу ерда мени ўзимни харажатларим бор: асосан еб-ичиш, у ёқ-бу ёққа боришимга кетади. Патент тўламайман, менда ВНЖ (вақтинчалик яшаш гувоҳномаси) бор. Мен ишлайдиган фирма ётоқ жойи билан таъминлайди.
2. Мен юбораётган пуллар уй қуриш, машина олиш ва мени уйланишим учун сарфланади.
3. Менимча, бизга таъсир кўрсатмайди, чунки уйда фақат онам билан синглим қолган. Дадам билан укам ҳам шу ерда (Москвада) яшашади.
Нилуфар:
1. Бир ойда 45-50 минг рубль топаман. Топишим яхши, аммо шунга яраша харажат ҳам кўп. Озиқ-овқатдан ташқари, патент 5000 + квартира 10000 + қизимнинг мактабига ҳам кетади. Хуллас, уйга юбора олсам, 200 доллар юбораман.
2. Мен юборган пулларга ҳеч ким тегмайди, боргунимча доллар бўлиб йиғилиб туради. Бу ерда ишлаб юборган пулларим менга роса асқотди. Шу пулларга уй олганман, таъмирладим, қизимни паспортини алмаштирдим. Топган пулим баракали бўлди.
3. Ўзбекистонда доллар курси ўзгариши яхшию, лекин нархлар жуда қиммат. Масалан, 100 долларга дастурхонингиз ҳам тўлмайди. Озиқ-овқат маҳсулотларини нархи ошган.
Бахтиёр:
1. Московга келганимга олти йилдан ошди, бу йилгидек кўп иш чиқмаган эди менга. Уйга кетаман, бошқа иш олмайман, десам ҳам, ўзлари илтимос қилиб иш беришаяпти. Бу жойда чиқимларимни камайтирдим, патент қилмай қўйдим. Квартирага турмасдан, ўзимиз ремонт қилаётган уйда яшаяпман. Ҳар уч ойда "кирди-чиқди" қилиб келаяпман. Еб-ичишимизга 3 ярим минг рубль атрофида кетади. Ёзги мавсум иш қайнайди, ички ремонт билан шуғулланамиз, ойига 600, баъзида 700 долларгача юборамиз.
2. Юбораётган пулимиздан рўзғорга ишлатилади. Ойига 200 долларга яқини оила аъзоларимизнинг еб-ичишларига ва бошқа харажатларига ишлатилади. Янгидан иморат солаяпман, асосий пул шу иморатга ишлатилаяпти. Бир халта ун (50 кг) 200 минг сўм-ку, бир ойига икки халта ун кетади. Айниқса, ҳозир уйда усталар ишлаяпти, 8 киши. Ойига 4 халта ун ҳам етмаяпти.
3. Нарх-наво кўтарилишда долларни ортда қолдираяпти-ку, баъзида ҳайрон қоламан .Аввал нарх-наво кўтарилиб, кейин доллар кўтарилаяптими ёки аксинчами? Тўғриси, доллар курси кўтарилиши биз четда ишлаётганларга фойдалироқ бўларди, агар нарх-наво долларни қувиб ўтиб кетмаса.
Мадина:
Мен ишламайман, эрим ишлайдилар. 1 ойда 30 минг рубль топадилар, 10 мингини квартирамиз ижарасига берамиз. Қолганини рўзғорга ва фарзандимнинг даволанишига ишлатамиз. Биз уйга пул юбора олмаймиз.
Анвар:
1. Бир ойда 30 минг рубль ойлик оламан. Питердаман, ҳар ой 3800 рубль патентга, 1000 рубль регистрацияга, 3500 рубль квартира ва 1000 рубль телефонимга тўлайман... Уйга 250-300 $ атрофида пул чиқараман.
2. Мен юбораётган пуллар асосан оиламни ейиш-ичиши, кийим-кечаги ва қизларимни ўқишига сарфланади.
3. Ўзбекистонда доллар курси ўзгаришининг аҳамияти йўқ, менимча. Чунки бу ердан жўнатишимиз қиммат бўлгани сари, Ўзбекистонда курс кўтарилади. Бу ердан арзон кетса, у ерда ҳам курс тушади.
Қундуз:
1. "Сиделка"ман, 30 минг рубль ойлик оламан. Ейиш-ичишимни ва патентимни "хозяйкам" тўлайди. Уйга 400$ жўнатаман.
2. Уйда коммуналныйларга 100$, 100$ продуктага кетади, қолганини уйимни таъмирлаш учун тўплаяпман.
3. Ўзбекистонда доллар ошгани манга плюс бўлди.

Сурат манбаси, BBCuzbek
Мухтор:
1. Бригадирман, мен билан 14-15 та бола ишлайди, ўзим ҳам бирга ишлайман. Ҳафтада 1 кун дам олиш куни, қолган кунлар иш. Иш ҳаққим 60-70 минг рубль атрофида, йигитлар ҳам қўлига оладигани 60 000 рубль.
2. Бир ойда 20-25 минг рубль ўзимнинг чиқимим бор: ҳужжат, озиқ-овқат, шунга ўхшаган. Ўртача 40 минг рубли уйга кетади.
3. Ўзбекистонда курс ошиши у ердагилар учун қийин ҳолат, лекин Россия ишлаб пул топаётганлар учун катта фойда келтираяпти. Олдин 100 долларимиз 700-800 минг сўм бўлаётган бўлса, ҳозир қарийб 1 млн сўмга тенг бўлиб бораяпти. Шуни ҳисобига ҳам жўнатган пулимизга қўшимча даромад келаяпти.
Зулфия:
1. Мен 1 ойда 30000 рубль ойлик оламан. Уйга фақат 200$ юбора оламан, холос. Асосий харажатимиз квартира ва патенту регистрацияга кетади.
2. Уйга юбораетган пулим болаларимнинг ўқиши учун сарфланади.
3. Менга доллар ўзгариши қизиқмас, асосийси, она Ватанимнинг ўз пули йўқолмасин.
Нодира:
1. Бир ойда ўртача 70 минг ойлик оламан. Уйга юбормайман ҳисоби, фақат ўғлимга 100 доллар юбораман. Яна репетиторларини 2-3 ойда битта қилиб тўлайман, унга алоҳида қилиб жўнатаман. Бу ерда ер олдим, уй қураяпман. Тиним билмай ҳаракат қилаяпман.
2. Ўзбекистонда ҳам уй-жой қилишга.
3. Тўғрисини айтсам, долларни ошгани бизга яхши бўлди.
Шаҳноза:
1. Ойлигим 45000 рубль, квартира, патент, регистрация учун 12-15 минггача харажат қиламиз. Ҳар ой орттириб, уйга 350-400 $ жунатамиз.
2. Асосан уй-жой қуриш учун сарфланаяпти.
3. Доллар ошса, биз учун яхши дейману лекин Ўзбекистондагиларни ўйласам, қийин бўлади, дейман.
Рабби:
1. Ойига 90-100 минг рубль пул топаман. Харажатим эса 25000 рубль. Қолгани даромад.
2. Мен уйга юборадиган 200 долларни уй-рўзғорга ишлатишади.
3. Доллар жўнатмайман, рублда кетади. Аммо таъсири бор. Бозорга борсангиз, нарх ошганини айтишади, дарров доллар кўтарилган дейишади.
Камол:
1. Бир ойда 35 минг рубль ишлаб топаман. Асосий чиқимлар - ҳужжат, турар-жой ва озиқ-овқат. Уйга ўртача 300-350 доллар юбораман.
2. Мен юборадиган пуллар асосан рўзғорга кетади. Ўртача 100 доллар орттиришади ва мен уни машина олишга тўплаяпман.
3. Ўзбекистонда доллар курсининг ўсиши уйдагиларим ва бутун Ўзбекистон халқига ёмон таъсир қилди, деб ўйлайман. Чунки озиқ-овқат нархлари ошган, йўл ҳаққи ҳам анча кўтарилган. Долларни кўтариб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва гўшт нархларини ҳам туширишса яхши бўларди, дейди.
Ҳозир Россия бўладими ёки бошқа, дунёнинг қай бир давлатида бўлманг, доллар билан боғлиқ Ўзбекистондаги сўнгги ўзгаришлар, янгиликлар сиз учун нимани англатади?
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: @bbcuzbek





























