UzWebiston: Хорижга чиқсамми ё уй олсамми?

Сурат манбаси, Internet
Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида энг кўп баҳс бўлаётган мавзулар яна ҳукуматнинг халққа тақдим қилаётган, тошкентлик журналистлардан бири айтмиш, "эҳтимолий ўзгаришлар"га алоқадор.
Ана шу мавзулардан бири ички ва ташқи паспортлар чиқариш эҳтимоли билан боғлиқ.
Иккинчиси эса, Тошкентдан пропискасиз уй сотиб олиш имконияти туғилаётгани ҳақида...
Паспортлар
Sof.uz янгиликлар портали Ўзбекистон Адлия вазири ўринбосари Нодир Жўраевга таянган ҳолда хабар беришича, хорижга чиқиш паспортлари келаси йилдан бошлаб амалга киритилиши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, хорижга чиқиш паспортлари мамлакатда амалда бўлган (ОВИР) стикерларга нисбатан устунликларга эга эканлиги барчага аён бўлди.
"Хорижга чиқиш паспорти, қоида бўйича 10 йил муддатга берилади, стикер эса икки йилга берилади. Яъни фуқаро хорижга чиқиш учун керакли ҳужжатларни тақдим этувчи органларга ҳозиргига нисбатан беш марта камроқ мурожаат қилади. Ҳозирда экспертлар ва жамоатчилик бўлажак ўзгаришларнинг барча жиҳатларини муҳокама қилмоқда, ҳозирча якуний қарор ва механизмлари қандай бўлиши аниқ эмас. Шу йилнинг охиригача барча зарур амалиётлар кўрсатилган ҳужжатни тайёрлашни режалаштирганмиз, хорижга чиқиш паспортлари эса келаси йилдан жорий этилиши мумкин," деган Жўраев.
Ўзбекистонлик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари эса бу чиқиш ва мавзуни осонгина "хазм" қилишмаган.
Rustam шундай дейди: "Хозирги биометрик паспорт аслида загран паспорт. Ичкарида Қозоғистон каби биометрик ID (Identity card - Шахсни аниқловчи хужжат) шаклида ички паспорт қилишса бўлади. Овир орқасидан нон еб келган бутун бошли порахўр система бунга йўл бермайди шекилли."
"А бу битта одамга саккизта паспорт нимага керак экан? Областга чикишга битта, шахарда юришга битта,чет элга чикишга битта, колганлари запасга... йўқолса сейфдан олиб ишлатвурамиз шекилли! Хали шу паспортни можароси тугагани йўқ олмаганлар ҳам бор," деган Tolibbek Jumaev.
Бахтиёр Умеркаев: "Аҳмоқгарчилик! Стикер 2 йиллик эмишде пассорт 10 йил муддатга берилармиш! Шу стикерни 10 йиллик қилиб қояқолинглар! Қўлимиздаги паспорт билан барча мамлакатларга бориш имконияти турганда, иккинчи паспортни нима кераги бор ахир?"
нелли кислова: "Ҳалқдан пул ундириб олишнинг навбатдаги усули".
Inga Kaminskaya: "Хорижга чиқиш учун биометрик паспортларимиз қолдирилса мантиқга яқинрон бўлар эди, унда бармоқ излари ва бошқа керакли маълумот мужассам, шу ОВИР стикер бекор қилинса бас. Агарда шу даражада муҳим бўлса, ички фойдаланув учун ID карталарни амалга киритиш керак. Бунчалик мураккаблаштиришни нима кераги бор?"
Пропискасиз ҳам уй оласиз, аммо...

Сурат манбаси, Anons.uz
23-27 Январь кунлари "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси" лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган медиаҳафталик бўлиб ўтмоқда, дея хабар қилади Kun.uz
Медиаҳафтанинг иккинчи куни кўпчиликни қизиқтирадиган масала - вилоятлардан келган аҳолининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида уй сотиб олиш ва уни расмийлаштириш борасида сўз юритилди.
Яна бир янгиликлар портали Дарё.уз таъкидлашича, айни дамда муҳокамада бўлган "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Президентининг фармони лойиҳасида қуйидагилар битилган.
Демак, Ўзбекистон резидентларига Тошкент шаҳри ва вилоятидан қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг 2 минг бараваридан кам бўлмаган, норезидентларга эса қиймати 100 минг доллардан кам бўлмаган янги қурилган кўчмас мулкни эркин сотиб олиш ва эгалик қилиш имконини берувчи қоидани жорий этиш таклиф қилинган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятидан янги қурилган кўчмас мулкни сотиб олаётгани учун резидентлар ва норезидентлар, кўчмас мулкнинг қийматидан келиб чиққан ҳолда, 5—10 фоиз миқдорда давлат божи тўлаши ҳам керак бўлади.
Бу янгилик ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини том маънода "икки фронтга" бўлиб қўйди. Бир гуруҳ фойдаланувчилар хабарни олқишлар билан кутиб олса, иккинчи гуруҳ фойдаланувчилар бундан хурсанд эмас.
Shokir Banda: "Тошкент инфраструктураси кўтаролмай қолади-ку, Тошкентда қанча аҳоли нормал яшай олиши мумкинлигини ҳисоб-китоб қилиб кўриш керак "
Азизова Дилечка: "Албатта новостройкаларни (Янги қуриб битказилган турар жойлар) хеч ким омагандан кейин шунака киладиде."
Nargiza Urunbayeva: "Гап хаммаси, оркасидан мингта конун билан чегаралаб куйилади, иштахаси очилиб кеганлаям кайтиб кетади."
Nozim Axunjonov: "Уйни нархи 2000 баробардан кам бомаслиги керегакан энг кам иш хаққини. 300 000 000 оддий квартира ололмасаканда."
Umid Umid: "Урраа зор булардиде.Ман дарров сотип олардим."
Dildora Rakhmonova: "Азалий орзулар ушаладиган бўлибди."
Farida Charif: "Бу фармон ҳеч нарсани ўзгартирмайди деган фикрдаман. Фақат янги қурилган уйларни сотиб олиш мумкин экан, бу жудда катта пулга дегани. Бунақа пули бор одамлар ҳеч қандай муаммосиз ўзларига пропискани нақд қилишга улгуришган."
(Аксарият изоҳлар таҳрирсиз берилмоқда - таҳ.)
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
Instagram - BBC UZBEK
Twitter - BBC UZBEK
Odnoklassniki - BBC UZBEK
Facebook- BBC UZBEK
Google+ BBC UZBEK
YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
Skype - bbcuzbekradio
bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.





























