Нега Кашмир ёшлари жангариликни танламоқда? Hindiston Kashmir Musulmonlar

Сурат манбаси, Mukhtar Zahoor
- Author, Амир Пирзода
- Role, BBC News, Ҳиндистон
- Published
Башир Аҳмад Бҳатнинг назари ҳар гал девордаги қон доғларига тушганда Кашмирнинг Ҳиндистон назоратидаги қисмида полициячи бўлиб ишлаган акаси ўлдирилган тун эсига келаверади.
Июнь эди. Жаноб Башир энди уйқуга ётганда қўшни эшикдан ўқ овозларини эшитилди. Хавотир билан ўрнидан сапчип туриб, нима бўлганини текширгани кетди.
Юракни пора қиладиган манзара уни кутиб турарди - акаси дарвозаси олдида ўлиб ётарди. Унинг хотини ва қизи оғриқдан инграб, қонга беланиб унинг ёнида ётарди. Улар ҳам кейинроқ вафот этди.
"Бу ўқлар гул тўла боғни бир зумда расво қилди, - дейди Башир. - Уларнинг айби нима эди? Ҳеч нарса."
Полиция бу оилани жангарилар отган дейди. Жаноб Баширнинг акаси Фаёз Аҳмад каби полициячилар маҳаллий хавфсизлик кучларига қарши жангарилик одатий тусга кирган Кашмир водийсида доимий нишонга олиниб келади.
"Бу одамларни нариги тараф полиция хуфялари ва ҳамкорлари деб атайди, - дейди Деҳлида жойлашган мудофаа масалалари бўйича ақл маркази - Конфликт бошқаруви бўйича институт ижрочи директори Ажай Саҳни.
Ва уларнинг оилалари, қўшимча қилади у, "доимий хавфда ва нишонда".
2019 йил 5 августида Ҳиндистон конституциясидаги 370 моддага ўзгартириш киритиб, Жамму ва Кашмирни мухторият мақомидан маҳрум қилди. Ўша вақтда Бош вазир Нарендра Модининг ҳинду миллатчи партияси - БЖП бошқарувидаги ҳукумат бу ўзгариш барқарорликни таъминлаш, ҳудудга иқтисодий равнақ олиб кириш учун зарурлигини таъкидлаган эди.
Аммо икки йил ўтиб, водийда вазият ҳамон таранг, расмийларнинг айтишича, кўпроқ маҳаллий ёшлар жангариларга қўшилмоқда.

Сурат манбаси, Mukhtar Zahoor
Бу ҳудудда 1989 йилдан буён Ҳиндистон бошқарувига қарши исён кўтарилиб келади.
Аммо экспертлар таъкидлашича, қаршилик борган сари кўпроқ маҳаллий аҳоли орасидан ўсиб чиқмоқда, бу эса геополитик жиҳатдан жуда нозик ҳудуддаги хавотирли ўзгаришдир.
Кашмир ўн йиллардан бери зиддият ва тартибсизлик ичида қолган.
Покистон ва Ҳиндистон бу ҳудудни тўлиқ ўзиники деб билади, бунинг учун ядро қуролига эга бу икки қўшни икки марта урушгача борди.
Йиллар давомида Ҳиндистон Покистонни Кашмирнинг ўз назоратидаги қисмига минглаб жангариларни юбораётганликда айблаб келади. Исломобод эса бу айбловларни рад этади.
Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар доим таранг бўлиб келган ва 2019 йили Деҳли бу ҳудудни алоҳида мақомдан маҳрум қилган, муносабатлар янада ёмонлашди.
Нарендра Моди чиқарилган қарорни Кашмирнинг муҳторият мақоми жангариликни кучайтирди дея асосламоқчи бўлди.
БЖП партиясидан вазирлар унинг гапларини маъқуллади. Айримлар Кашмирнинг мақомини "тарихий хато" деб атаса, бошқалари Кашмир ҳозир "аввал кўрилмаган" даражада тинч деб таъкидлади.
Аммо хавфсизлик кучларининг исёнчиларга қарши операциялари кўпайган бўлса ҳам, жангариларнинг ҳужумлари давом этиб келмоқда.
2019 йилда ҳукумат маҳаллий аҳолининг мулк ҳуқуқи ўзгартиришлар киритиб, одамлар орасида турли шубҳа гумонларни орттирди. Маҳаллий аҳоли янги қонунлар Ҳиндистоннинг мусулмон кўпчилик бўлган ягона ҳудудида демографик вазиятни ўзгартириб юборишидан қўрқмоқда.
Кашмир тарихан Ҳиндистон бошқарувига қарши исёнкор ҳудуд бўлиб келган ва охирги сиёсий ўзгаришлар ғазабни янада алангалатди.
Номи сир қолишини истаган бир бош хавфсизлик офицерининг Би би сига айтишича, ҳозирда фаол 200 чоғли жангарининг 80 нафари Покистондан келгани ишонилади, қолганлари эса маҳаллий аҳоли орасидан чиққан.
"Шу йилнинг январи ва июли оралиғида 76 нафар кашмирлик қўлига қурол олган ва бу рақам ўсиб бориши тахмин қилинмоқда", дейди расмий.
Унинг айтишича, Кашмирда бу йил бирорта ҳам янги хорижлик жангари рўйхатга олинмаган.
"Аммо маҳаллий аҳолидан чиққанлар ҳар куни пайдо бўлмоқда."

Сурат манбаси, Mukhtar Zahoor
Қўлига қурол олган жангариларнинг ҳаммаси ҳам маълум жангари гуруҳларга алоқадор эмас. Айримлари яхши қуролланмаган ва махсус ўргатилмаган ва кўпинча Ҳиндистон кучлари билан отишмада ўлиб кетади.
Ҳукумат маълумотича, шу йил январидан буён Кашмирдаги отишмаларда 90 нафарча жангари деб кўрилганлар шахслар ўлдирилган. Уларнинг деярли бари маҳаллий аҳолидан, орасида 14 ёшли болалар ҳам бор.
Жаноб Саҳнининг айтишича, ҳукумат сиёсати одамлар ғазабини оширар экан, маҳаллий аҳоли орасидан жангариларга қўшилиш суръати ошмоқда, чунки Покистон "ҳозир Кашмирдаги ўша жангарилар ерлик аҳолидан чиқишини истамоқда".
Аммо, қўшимча қилади у, жангариликдаги "умумий тренд" пастлаб бормоқда.
Хавфсизлик экспертлари бу ҳолатни феврал ойида кучга кирган оташкесимдан сўнг исёнчиларга қарши операциялар кўпайгани, чегара назоратлари кучайгани ва назорат линияси (Ҳиндистон Покистон ўртасидаги де факто чегара) орқали ўтишларга жавоб оқибати деб ҳисобламоқда.
Хавфсизлик агентликларига кўра, чегара оша бўлаётган отишмалар жангариларни водийга сиқиб бориш учун амалга оширилмоқда.
Ҳиндистон армияси сўзчиси айтишича, оташкесим шартлари у февралда эълон қилингандан бери бузилгани йўқ, чунки "чегарадан ўтишлар кескин камайган".
Аммо жаноб Башир кабилар учун тинчлик жуда омонат нарса бўлиб қолган.
"Ҳиндистон ҳам, Покистон ҳам бизнинг ҳаётимиз билан ўйнашмоқда, - дейди у. - Кашмирликлар ўлмаслиги учун доимий бир қарор бўлиши лозим."
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

































