Тожикистон-Қирғизистон: "Биз тинч-тотув яшаб келганмиз" - O‘zbekiston Qirg‘iziston Tojikiston mintaqa dunyo yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Мустақил журналист
- Role, Тожикистон
- Published
Тожикистон ва Қирғизистоннинг фуқаролик жамиятлари ва фаоллари икки мамлакат чегарасидаги зиддиятни тинч йўлда ҳал этиш учун бирлашишди. Улар фуқаролик жамиятларига мурожаат билан чиқишди.
Онлайн учрашув натижасида қабул қилинган баёнотда бу мурожаатнинг икки халқ орасидаги кўп асрлик дўстлик бузиб бўлмасликка асослангани таъкидланган, Марказий Осиёнинг тинч ва осойишта ривожланишига умид билдирилган.
"Биз ҳар икки мамлакат ҳукуматларининг ўт очишни зудлик билан тўхтатиш сиёсатини, Суғд ва Боткен вилоятларида тожик-қирғиз чегарасидаги зиддиятни дипломатия ва конструктив музокаралар, жараёнлар йўли билан ечишни қатъий ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимизни тасдиқлаймиз, биз бу жараёнда фуқаролик жамияти вакиллари сифатида иштирок этишга тайёрмиз", дейилган баёнотда.
Фуқаролик жамияти фаоллари зиддиятни кучайтиришга қаратилган ёлғон қўшилган хабарлар, шунингдек, Қирғизистон ва Тожикистон халқларига нисбатан аёвсиз мақсадда сафарбар этишга оид нафратга тўлиқ чақириқларни қоралаймиз, дейишган.
Ваҳимадан ким манфаатдор эди?

Сурат манбаси, Asia-Plus
Худди ана шундай ёлғон хабар тарқатганлар 1 май оқшоми ва 2 май тунида Тожикистоннинг Бобожон Ғафуров туманидаги Хистеварз қишлоғининг минглаб одамларни ваҳима ичида уй-жойларини ташлаб хатарсиз жой излаб қочишга мажбур қилган.
Хистеварзликларнинг қишлоқларидаги йўллардан тинимсиз ўтиб бораётганликларини кўрган қўшни қишлоқлар аҳолиси ҳам ваҳимага тушиб, уйларини ташлаб кета бошлашган.
"Хистеварздан қочиб бораётган одамлар қирғизлар ҳужум қилиб келаётган экан", дейишди. Болалар, аёллар ҳатто енгил машиналар устидаги юклагичларга ҳам ўтириб олишганди. Кесишган йўлда турган машиналар катта йўлга чиқмай тиқилиб кетишди. Катта йўлдаги машиналар тўхтовсиз Гулистон шаҳри томон борарди", деди қўшни Исписор қишлоғида яшайдиган Шавкат исмли йигит.
Хистеварзда яшайдиган кишиларнинг айтишларича, эгасиз қолган уйларга номаълум кишилар кириб, ўғрилик қилишган. Ваҳима тарқатганлар айни шу ўғрилар бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Тожикистондаги энг йирик, 60 минг нафардан ортиқ одам яшайдиган Хистеварз қишлоғини Қирғизистоннинг Лайлак тумани билан битта йўл ажратиб туради.
Бу йўл пандемиягача қўриқланмаган. Тожик ва қирғиз фуқаролари ҳар икки томондаги қишлоқ ва овулга ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан бориб-келишган.
Хистеварз қишлоқ жамоати раиси Ўктам Жўраев ҳамқишлоқларини бузғунчилар ёлғонига учмасликка чақирган.
"Тожикистон Республикаси мудом минтақада тинчлик ва устуворлик бўлиши учун интилиб келган. Ҳозирда қўшма ишчи гуруҳ ишлаяпти. Ҳукумат ўт очмаслик режимига амал қилмоқда", деган Ўктам Жўраев.
Бир дарёдан сув ичганлар

Сурат манбаси, courtesy
Жўраевга кўра, хистеварзликлар қирғизистонликлар билан доим тинч-тотув яшаб келишган.
"Улар доим бизнинг бозоримизда харид қилишган, беморхонамизда даволанишган. Пандемиягача қишлоғимиз марказидан қўшни қирғиз қишлоқларига "маршрутка" қатнарди. Улар бизнинг байрамларимизда, биз уларнинг тантаналарида қатнашганмиз. Яхши қўшничилик олдингидай давом этишига ишонаман. Биз - тожиклар тинчлик истаймиз", деган Ўктам Жўраев.
"Қирғизистон томондан отишма бошлангач, чегарадаги кўчалар ва маҳаллалардаги аҳолини хавфсиз жойга кўчирдик. Жумладан, яхши эшитмайдиган, кар-соқов болалар ўқийдиган мактаб-интернат ўқувчиларини ҳам. Бу мактабда қирғиз болалар ҳам таълим олишади. Биз энг яхши қўшничилик муносабатларига риоя қилиб келганмиз ва буёғига ҳам шундай бўлиб қолиши учун интиламиз", деди Хистеварз қишлоқ жамоати раиси муовини Матлуба Жўрабойзода.
Қирғизистон билан чегарадош бошқа бир қишлоқ - Овчиқалъачада яшайдиган журналист Бихалича Аҳмедова фикрича, тўсатдан бошланган зиддият қадим-қадимдан дўст бўлиб келган икки халқ ўртасига нифоқ солишни истаган ички ва ташқи душманларнинг иши.
"Биз ҳаммамиз Одам Ато ва Момо Ҳаво авлодларимиз. Қирғизлар билан бир дарё - Хўжабақирғондан сув ичамиз. Улардан бизга келин бўлиб тушганлар бор, биз ҳам Қирғизистонга қиз узатганмиз. У ерда менинг опам, жиянларим яшашади. Уруш бўлса, мен жигарларимдан, жигарларим мендан хавотирланишмайдими? Чегаранинг икки тарафида яшаётган бошқа қариндошлар ҳам менинг аҳволимга тушишади, деб ўйлайман. Рамазон ойида қанча-қанча одамларни уйидан бош олиб қочишга мажбур қилган, тинч яшаётган одамларни яралаган, ўлдирган ёмон ниятлиларга инсоф тилаймиз. Аввалгиларидай борди-келди қиламиз, тотув яшаймиз, дея ишонаман", дейди Бихалича Аҳмедова.
Бобожон Ғафуров туманида нашр этиладиган "Хўжанд" газетаси муҳаррири Ўғилой Қоситова Facebook даги саҳифасига Қирғизистоннинг Лайлак тумани журналистлари билан ҳамкорлик, дўстлик муносабатлари ҳақида ҳикоя қилувчи суратларни жойлаган.
"Газетамизнинг 85-йиллиги нишонланганда Лайлакдаги "Ата-Журт" газетаси бош муҳаррири Абдикаат Дооров бошчилигидаги журналистлар меҳмон бўлиб келиб, қувончимизга шерик бўлишганди", дейди Ўғилой Қоситова.
"Биз Қирғизистоннинг Оқсой қишлоғида дўстлик Наврўзида қатнашганмиз. Фақат Исфарадан эмас, Хўжанддан ҳам меҳмонлар келишганди. Биз тожик халқ қўшиқларини айтдик. Эсимда, ўн бир-ўн икки яшар қизалоқ халқининг машҳур эпоси -"Манас"дан куйлади. Бирга ўйнаб, бирга кулгандик. Менимча, мана шундай биргаликда ўтказилган байрамлар ўзаро тушунишга ёрдам беради, дўстликни мустаҳкамлайди", дейди исфаралик Акмалхўжа Муталлибов. Унинг фикрича, аввалги йиллардагидек, оқсоқоллар, кўпчилик ҳурмат қиладиган кишилар иштирокидаги халқ дипломатиясини йўлга қўйиш, нодавлат ташкилотлар фаолиятини кучайтириш зарур.
"Ўн беш йилча олдин "Иттифоқ", деб аталган нодавлат ташкилоти тузган лойиҳалар бўйича можарога сабаб бўлувчи кўп муаммолар ҳал этилганди", дейди Акмалхўжа.
"Мен аслида Тожикистонданман. Лайлакнинг Сулукта шаҳрида олий ўқув юртида дарс берганман. Эсимда, Боткен университетида Ўрта Осиёдан Россияга мардикор олишга қарши норозилик, исёнларнинг 100 йиллигига бағишлаб халқаро конференция ўтказилди. Унда Тожикистондан келган олимлар, журналистлар ҳам қатнашишганди", деди исмини ошкор этишни истамаган олим.
"Қирғизистондан чегаралароша ўтадиган дарёлар сувидан экинзорларимиз суғорилади. Исфарасойдан эса, Қирғизистон билан Тожикистон ва Ўзбекистоннинг Бешариқ тумани ерлари сув ичади. Бизнинг Қайроққум сув омборимиздан Қирғизистоннинг Лайлак туманига сув тортиб берилади. Қирғиз томони ҳозир Хўжабақирғон сойини тўсиб, сув омбори қилмоқчи. Бу янги келишмовчиликлар келтириб чиқариши мумкин». Бу фикрни билдирган тожикистонлик сув соҳаси мутахассиси ҳам ўз исмини билдирмасликни сўради.
Нима юз берган бўлса-да, ўтиб кетди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Роза Отунбаева ўз мамлакати фуқароларига мурожаат қилар экан, жумладан, "Агар ким минг йиллар давомида елкама-елка яшаган биз ва қўшниларимиз орасидаги бугунги вазиятни учинчи кучлар бир кунда ҳал этади, деб ўйласа, адашади. Масалани фақат қирғиз ва тожик халқлари орасида ҳиссиётларга берилмасдан ва бизнинг абадий дўстлигимиз ҳисобга олинган ҳолда тинч сўзлашувлар билан ечиш мумкин", деган Роза Отунбаева.
Айни бир пайтда Исфаранинг Ворух қишлоғида бўлган Тожикистон ДМХҚ бошлиғи Саймўмин Ятимов, мамлакат нақлиёт вазири Азим Иброҳим ва Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода аҳоли билан учрашар эканлар, ворухликларни қўшнилар билан тинч-тотув яшашга чақиришган.
"Бизнинг асосий мақсадимиз- одамларни тинч-тотув яшашга чақириш. Нима юз берган бўлса-да, ўтиб кетди. Энди биз одамлар тинч-тотув ва бир-бирларини тушуниб яшашлари учун интилишимиз зарур. Биз қўшинларимизни чегарадан олиб кетдик. Чегарада қуролли зиддият тугади. Ҳозир биз битимнинг барча нуқталари босқичма-босқич бажарилиши ва Тожикистон ҳамда Қирғизистон ўртасида чегара масаласига нуқта қўйиш учун интиляпмиз", деган Саймўмин Ятимов.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қирғиз-тожик чегарасида вазиятнинг барқарорлашиши муносабати билан қирғизистонликларга мурожаат қилиб чиқкан.
У биз ҳеч қачон Қуролли кучларимизнинг қўшни давлатга бостириб кириб, тинч аҳолига ҳужум қилишига ва уларнинг уйларини вайрон этишларига йўл қўймаймиз, деган.
Садир Жапаров, "Ҳар икки томон қуролли тўқнашувнинг давом этишига йўл қўймаслиги зарур. Чунки биз абадий қўшнилармиз. Биз аждодларимиздан мерос қолган ерларимизни ташлаб кета олмаймиз ва бошқа ерга кўчмаймиз", деган.
Қирғизистон президенти бўлиши мумкин зиддиятлар олдини олиш мақсадида ҳар икки томоннинг қўшни ё аралаш қишлоқларда яшаётган оқсоқолларидан иборат тинчликни сақловчи комиссия тузиш зарур, дея таклиф этган.
Мақсад - зиддиятлар олдини олиш

Айни бир пайтда фуқаролик жамиятлари ва фаоллари можаролар олдини олиш учун бир қатор таклифларни олдинга суришган.
Улар келажакда зиддиятлар келиб чиқмаслиги учун мониторинг олиб бориш мақсадида ҳар икки томоннинг фуқаролик жамиятлари вакиллари, таҳлилчилар, журналистлар, фаоллардан иборат эксперт гуруҳи тузиш фикрини илгари суришади.
Нафратга йўғрилган душманона чорловлар, бузғунчи, ёлғон хабар, тасвирларга йўл қўймаслик учун ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб бориб, таҳлил этиш ҳам таклиф этилади.
Шунингдек, чегараолди муаммоларини холис ёритиш мақсадида Тожикистон ва Қирғизистон ОАВ кучларини бирлаштириш ғояси илгари сурилади.
Тожикистон ва Қирғизистонда тинч-тотув яшаш учун чорловлар кучаяётган бир пайтда Марказий Осиёнинг бу икки мамлакатида келишувга эришилганидан мамнунлик билдираётган ва муаммоларни ҳал этишга кўмаклашишга тайёргарлигини изҳор этаётган мамлакатлар сафи кенгаймокда.
Ўзбекистон ва Қозоғистондан сўнг Туркия, Россия, Эрон, Афғонистон Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги низога эътибор қаратди.
Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги икки қўшни мамлакат орасидаги қуролли тўқнашувдан ташвиш билдирар экан, бу зиддият минтақадаги барқарорликка ҳам таъсир этиши мумкинлигини билдирган.
Айни бир пайтда Тожикистон ва Қирғизистон ДХМҚлари бошлиқлари Саймўмин Ятимов ва Қамчибек Ташиевлар бошчилигида тожик-қирғиз чегарасини аниқлаш ва белгилаш борасидаги комиссия учрашувида тегишли ҳужжат қабул қилинган.
Бир неча мавзелар бўйича келишувга эришилган. 9 майгача икки ўртадаги чегаранинг 112 километрини аниқлаб чиқишга қарор қилинган. Шундан сўнг чегарада белгилаш бошланади.
Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара 970 километрга чўзилган. Шу пайтгача бунинг 500 километридан кўпроғи аниқланиб, белгиланганлиги айтиб келинган.
Саймўмин Ятимов учрашув самарали ўтганини баён қилар экан, чегара ҳудудларида юз берган фожиа бошқа ҳеч қачон такрорланмаслигини таъкидлаган.
"Чунки бу ерда узоқ тарихий даврдан буён икки халқ дўстона яшайди, бир-биридан муҳим шикояти йўқ. Биз, сиёсатчилар, барча масалаларни қонуний асосда ҳал этишимиз ва халқларимизга анъанавий равишда тинчлик ва дўстликда яшаш имкониятини беришимиз зарур", деган у.

Сурат манбаси, official/arxiv
Қамчибек Ташиев ҳар икки мамлакат манфаатларини акс эттирувчи тўрт бобдан иборат ҳужжат қабул қилишганини айтган.
"Бизда фожиа, икки мамлакат фожиаси юз берди. Бу пайтда учрашиш ва ишлаш биз учун жуда оғир бўлди, лекин давлатларимиз раҳбарларининг топшириқларига кўра биз бу тадбирни ўтказдик. Натижада биз ўт очишни тўлиқ тўхтатиш ва чегара яқинида турган барча жанговар куч ва тузилмаларни доимий қароргоҳларига олиб кетишга қарор қилдик", деган у.
28 апрелда қўшни тожик ва қирғиз қишлоқлари аҳолисининг сувтақсимлагич ёнида бошланган айтишувлари аввал тош отишга, 29 апрелда эса, қуролли тўқнашувга айланиб кетган.
Икки кун давом этган отишмалар натижасида 300 нафарга яқин инсон жабрланган.
Жумладан, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра бу мамлакатнинг 149 нафар фуқароси жабрланган, 36 киши ҳалок бўлган.
Расман тасдиқланмаган маълумотларга кўра Тожикистон томонидан 100 нафарга яқин киши жабрланиб, 16 киши ҳалок бўлган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
































