Биринчи масжид нега баҳсларга сабаб бўлди? Япон шаҳарчаси ўзлигини изламоқда

    • Author, Куруми Мори
    • Role, Токиодаги мухбир, Фужисава
  • Published
  • Ўқилиш вақти: 5 дақ

Бугун бу ер шунчаки майсазор. Аммо яқин орада у Япониянинг ушбу шаҳарчасидаги биринчи масжид қуриладиган жойга айланади.

"Бу жамиятимиз қандай ўзгариши мумкинлиги ҳақида хавотирга солади", дейди бу ерда узоқ йиллардан бери яшаб келаётган Норико Изумизава.

Токиодан жанубда, автомобилда тахминан бир соатлик масофада жойлашган сокин соҳилбўйи шаҳарчаси Фужисавада масжид қуриш режалари турли муносабатларни уйғотди.

Бу ҳолат ғазаб ва қўрқувни, шунингдек умид ва қабул қилиш кайфиятини ҳам юзага чиқарди. Бу Японияда аҳоли сонининг қисқариши ва қариши натижасида юзага келган ишчи кучига эҳтиёж шароитида иммиграция ва ижтимоий ўзгаришлар ҳақидаги хавотирлар ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Иммиграция ҳали ҳам сиёсий жиҳатдан нозик ва чекланган масала бўлиб қолса-да, Япония бўш иш ўринларини тўлдириш учун тобора кўпроқ чет эллик ишчиларга таянмоқда. Бу эса турли маданиятлар, тиллар, динлар ва ҳаёт тарзига эга муҳожирларнинг келишига сабаб бўлмоқда.

Шу боис бугун Фужисава каби шаҳарчаларда кечаётган баҳс Япониянинг ўзини қандай кўриши ҳақидаги муҳим саволга бориб тақалади.

Изумизава бу каби хавотирларни билдирган ягона киши эмас. У тобора кўзга кўринаётган мусулмон жамоасидан хавотирда бўлган Фужисава аҳолиси гуруҳига киради. Унинг айтишича, АҚШ ва Европада иммиграция атрофидаги кескин баҳслар ҳам унинг хавотирларини кучайтирган.

Жорий йил бошида маҳаллий темирйўл бекати ёнида масжидга қарши норозилик намойишлари авж олди. Янги масжид қурилишига қарши чиқиш учун минглаб одамлар кўчаларга чиқди. Айримларнинг фикрича, яқин атрофдаги япон синто ибодатгоҳидан анча катта бўлган масжид қурилиши ҳурматсизлик ҳисобланади.

Шунингдек, Япония ижтимоий тармоқларида нафратли чиқишлар ва ёлғон маълумотлар тарқалаётгани ҳақида хабарлар ҳам бўлган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, масжидларга ҳақоратомуз қўнғироқлар ва электрон хатлар юборилмоқда. Уларнинг баъзилари нафратга қарши гуруҳларни «Нафратга ўрин йўқ» деган чақириқ билан қарши намойишлар ташкил этишга ундаган.

Фужисава масжиди қурилиши режалаштирилган кўчанинг рўпарасидаги қаҳвахонани бошқарувчи Ҳироки Сузука ўзаро тушуниш ва мулоқотни кучайтиришга чақирмоқда.

"Мен бунга қатъий қарши эмасман, аммо кучли қўллаб-қувватлайман ҳам дея олмайман", деди Сузука.

"Менимча, биринчи қадам - улар ҳақида, ислом нима экани, улар қандай одамлар экани, қандай қадриятлар ва қарашларга эга эканини ўрганишдир. Ҳаммаси очиқ фикрлаш ва бир-биримизни тушуниш истагидан бошланади".

Японияда мусулмонлар қандай яшайди?

Ишбилармон Муҳаммад Моҳидин сўнгги 39 йилдан буён Осакада яшаб келмоқда. У иқтисодий юксалиш даврида яхшироқ иш имкониятларини излаб, 1987 йилда ватани Шри-Ланкадан Японияга кўчиб келган.

У аввал қимматбаҳо тошлар савдоси билан шуғулланган, кейинчалик эса савдо соҳасида ишлаб, ишлатилган автомобилларни Шри-Ланка ва Покистон каби мамлакатларга экспорт қилган.

Унинг айтишича, ўша пайтларда Японияда чет эллик аҳоли анча кам эди.

Бироқ Моҳидиннинг фикрича, ўша давр билан таққослаганда, маҳаллий аҳоли чет элликларга нисбатан анча салбийроқ муносабатда бўла бошлаган ва мусулмонларга нисбатан, ҳам интернетда, ҳам шахсан мулоқотларда ҳақоратли гапларни айтмоқда.

"Ижтимоий тармоқларда "Японияни тарк этинг" ёки "Ўз мамлакатарингизга қайтинг" каби саноқсиз изоҳлар бор", деди Моҳидин. "Одамлар ҳатто масжидга келиб, ҳақоратли гапларни ҳам айта бошлади".

Моҳидин маҳаллий ислом жамоаси аъзоси сифатида ҳар куни намоз ва бошқа вазифалар учун Осака масжидига боради. Унинг айтишича, ҳеч қачон ҳаёти хавф остида деб ҳис қилмаган.

Қўшнилари билан узоқ йиллар давомида яхши муносабатда бўлиб келганига қарамай, Моҳидин сўнгги вақтларда мусулмонларга нисбатан муносабат ўзгарганини сезган.

«Энди мен одамлар биздан қўрқаётгандек ҳис қиламан».

Оғзаки ҳақоратлар кейинги йилларда кучайган. Унинг эслашича, мусулмон жамоаси аъзоларини террорист деб аташган, уларни бомба ясашда айблашган ва Япониядан чиқиб кетишни айтишган.

"Шундай бўлганда, бизнинг қўлимиздан келадиган ягона нарса - сабр қилиш. Улар жанжал чиқаришга ёки тўқнашув келтириб чиқаришга уринмоқда. Улар бизнинг қанча вақт чидай олишимизни кўрмоқчи", деди Моҳидин.

"Шунинг учун биз хотиржам қоламиз, мулойим гапирамиз ва уларга яхши муносабатда бўламиз. Чунки японлар, умуман олганда, ислом ҳақида кўп нарса билмайди".

Шунга қарамай, у юзага келган узилиш учун маълум маънода ўзаро масъулият ҳам бор, деб ҳисоблайди.

"Биз фақат ишимизга эътибор қаратдик ва узоқ вақт давомида одамларга кимлигимизни тушунтириш учун етарлича ҳаракат қилмадик. Шунингдек, жамиятнинг бир қисмига айланиш учун ҳам етарлича ҳаракат қилмадик", деди у.

"Бундан буён мулоқотни кўпайтириш ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш учун янада кўпроқ ҳаракат қилишни истайман".

Шакил Муҳаммад, 61 ёшда, сўнгги ўн йилдан буён Сайтама префектурасидаги Яшио масжиди номидан фаолият юритиб келмоқда. У Покистондан Японияга кўчиб келгач, 26 йил давомида қурилиш майдонида назоратчи бўлиб ишлаган ва япон тилида равон сўзлашади.

Муҳаммаднинг айтишича, энг муҳими Япония қоидаларига амал қилишдир. Бунга чиқиндиларни тўғри саралаш, автотураргоҳ қоидаларига риоя қилиш ва велосипед ҳайдаганда дубулға кийиш кабилар киради.

"Биз Японияда қабул қилинган тартиб-қоидаларни ҳурмат қилиш ва уларга амал қилиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз", деди у. "Муомала маданияти ҳам муҳим. Ҳатто одамлар билан саломлашишдек оддий нарсанинг ўзи ҳам аҳамиятга эга".

Унинг айтишича, Яшиодаги япон аҳолиси ҳудуддаги покистонликлар жамоасини "Яшио-стон" деб атайди.

"Албатта, ўзини ёмон тутадиган айрим покистонликлар ҳам бор. Аммо улар жуда кичик озчиликни ташкил этади. Худди шундай ҳолат японларда ҳам учрайди", деди у.

Иммиграция ва ўзлик масаласи

Япония улкан демографик ўзгаришлар шароитида ўзлигини англаш масаласи билан юзлашмоқда.

Япониядаги мусулмонлар сони, жумладан чет эллик аҳоли ва япон мусулмонлари 2024 йил охирига келиб тахминан 420 минг кишини ташкил этган. Бу кўрсаткич 2019 йилда 230 минг нафар эди. Бу ҳақда Японияда ислом динини ўрганувчи Васэда университети фахрий профессори Хирофуми Танада маълумот берган.

Мамлакатда мусулмонлар сонининг ўсиши янада кенгроқ миллий тенденцияни ҳам акс эттиради. Асосан Хитой, Ветнам, Жанубий Корея ва Филиппиндан келган чет эллик аҳоли сони 2025 йилда 4 миллиондан ошди. Ҳукумат маълумотларига кўра, уларнинг рекорд даражадаги 2,57 миллиони Японияда ишлайди. Худди шу йилнинг ўзида Япония аҳолиси қарийб 1 миллион кишига камайган.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Ҳукумат вакиллари узоқ йиллар давомида мамлакатни иммиграция мамлакати деб аташдан қочиб келган, аммо кўпроқ доимий эмас, вақтинчалик деб ҳисобланадиган визаларни илгари суриб келмоқда. Танқидчилар буни "яширин" иммиграция тизими деб атайди.

Шу билан бирга, бош вазир Санаэ Такаичи кенг кўламли иммиграцияга қарши ўта консерватив позицияни эгаллаган. 2026 йил июн ойида Япония ҳукумати қарийб 50 йил давомида оширилмаган чет элликлар учун виза тўловларини беш бараварга оширишга қарор қилди.

Айни пайтда ҳукумат мамлакатда ноқонуний қолиб кетаётган чет элликларга қарши назоратни кучайтириш мақсадида Иммиграция хизматлари агентлиги ходимлари сонини тахминан 230 нафарга кўпайтиришни режалаштирмоқда. Шунингдек, расмийлар мамлакатдаги чет эллик аҳоли сонини бошқариш учун муайян чекловлар жорий этиши ҳам мумкин.

Муҳожирлар жамоалари тобора кўзга кўрина бошлар экан, мамлакат узоқ вақт давомида четлаб ўтишга уринган савол билан юзлашишга мажбур бўлмоқда: Япония ўзи қадрлайдиган миллий ўзига хослик ва жамият бирдамлигини сақлаб қолган ҳолда, янада турли миллат ва маданиятлар яшайдиган мамлакатга айлана оладими?

Фужисавага қайтадиган бўлсак, Изумизава мусулмон қўшнилари билан ҳеч қачон салбий тажрибага дуч келмаганини тан олади.

"Ростини айтсам, эҳтимол мен фақат ўзимга нотаниш бўлган нарсадан қўрқаётгандирман", дейди у елка қисиб.

Мақолани тайёрлашда Чие Кобаяши ҳам иштирок этди.